14
Ноябрь
0
Comments
Muzaffar Muhammadnazar: OILAMIZ VIJDONI VA QALBI
in IJODIYOT
ОИЛАМИЗ ВИЖДОНИ ВА ҚАЛБИ
Ота-Онам ҳақида ўйлаганимда, кўз олдимда уларнинг олийжаноб ИНСОНЛАР бўлгани намоён бўлади. Ҳар бир инсон учун ўз Ота-Онаси азиз бўлиши мумкин, аммо уларнинг сўздагина эмас, амалдаги ибратомуз ҳаётлари, масъулияти, ўзлари касалликка чалинишса-да, биз фарзандларини аяб, билдирмаганликларини ўйлаганимда, фарзанд бўлиб улар учун ҳеч нарса қила олмаганимдан ўкинаман... Ахир, болалигимда сал касал бўлсам, жон куйдиришган шу Ота-Онам эди-ку. Афсус...
Иккови ҳам гўё ҳар бир кунини биз фарзандларига, ишларига, одамларга эзгулик қилишга бағишлашар, энг муҳими, виждон амри билан яшашарди.
Падари Бузрукворим – Муҳаммадназар Умар ўғли ҳуқуқшунос бўлгани сабаблидир, қаттиққўл, аммо адолатли, ҳақиқатпарвар, масъулиятли ва оилапарвар, зиёли ИНСОН эди.
Отам ҳақиқатни айтишдан ҳеч қўрқмасди. Ўзидан мансаби юқори кишиларга ялтоқланмас, хушомаддан мутлақо йироқ, ўзлари ҳам хушомад, ортиқча мақтов ва лаганбардорларни ёқтирмасди. Отамни таниш-билишлари ва қариндошларимиз лавозими учун эмас, балки тўғрисўзлиги, унвон, мансаб ва пул билан ҳам сотиб олиб бўлмайдиган инсоний фазилатлари, ҳалоллиги учун ҳурмат қилишарди.
Отам касби юзасидан уйга кўпинча ҳориб, кеч қайтарди, лекин хотиржам эди. Дам олиш кунлари ё тайинли иш вақти йўқ эди. Исталган пайтда ишга чақириб қолишлари мумкин эди. Байрам кунлари ичкилик ичиб, жиноят содир этадиганлар борлигини ҳисобга олсак, байрамларда ҳам тузук яйраб дам ололмас эдилар. Отажоним жуда камгап эди. Унда виқор, салобат бор эди.
Онам – Малоҳат Мирзомуҳаммад журналист эди. Унинг майин овозида сўзлар қуш каби жонланиб, парвоз этарди гўё. Ойижоним одамларни тинглашни, уларнинг дардини ҳис қилишни ва кези келса эшитганларини сатрларга айлантиришни биларди.
Онам айтарди: "Ёзиш – тушуниш, тушуниш эса севиш демакдир".
Улар баайни бир танганинг икки томонидек эди.
Отам – оиламиз қонуни, виждони бўлса, Онажоним – оиламизнинг қалби ва сўзи эди.
Отам барвақт, эллик саккиз ёшда инфаркт сабабли дунёни тарк этди.
Онам узоқроқ – олтмиш тўрт йил яшади. Саратон... руҳни эмас, вужуднинг куч-қувватини сўриб оладиган, аста-секин ўлдирадиган касаллик...
Охирги дақиқагача у очиқ чеҳра билан кулиб юрарди. Ҳатто лаънати саратон танасини емирганда ҳам оғриқларни табассум ортига яширганча жилмайишга ҳаракат қиларди.
Йиллар ўтди... лекин ҳар куни уйғонганимда уларнинг овозини, сиймоларини эслайман. Мени тонгда уйғотишгани ёдимга тушади. Уларнинг хотираси ҳар лаҳза мен билан яшайди.
Нимадир ёзаётганимда, Онам ёнимда туриб, сўзларимни тузатаётгандек, фикрларимни тўғрилаётгандек туюлади.
Отам эса диққат билан ўқиб: "Фақат ёлғон ёзма, ҳамиша ҳақиқатни ёз", – деётганини ҳис қиламан.
Агар менда ҳали ҳам заррача ҳалоллик, раҳм-шафқат, ваъдага вафо ва одамийлик бўлса, демак, Ота-Онамнинг тарбияси зое кетмабди.
Падари Бузрукворим ва Волидаи Меҳрибоним қонимга, жонимга, хотирамга, нафасимга айланиб яшашмоқда..

