ТОҲИР ХАЙДАРОВ — ГИЛДА ЖОН УФУРИШИНИ БИЛГАН УСТА КУЛОЛ
Тоҳир Хайдаров — гилни тинч ётган қалбига қулоқ сола оладиган, унинг сир-саноатини, тилини англайдиган, қўллари билан лойга ҳаёт бағишлайдиган уста ҳунарманд бўлибгина қолмай, балки юксак тафаккур соҳиби ҳамдир.
Унинг қўлига тушган гил ўз йўлини топади, ўз тақдирини англайди ва ўз муҳитини яратади…
Чунки ҳар бир ҳаракат — нафақат ҳунар, балки ҳаёт фалсафасининг идрокидир…
Гил унинг қўлида аввал сукутга чўмади, сўнг ечими топилмаган саволга айланади, кейин эса инсон қалбидаги қувонч, оғриқлар, яширин сирли ҳотиралар шакллана бошлайди.
Шу боис Тоҳир Хайдаров яратган ҳар бир кўзасида- бир ҳаёт қиссаси, ҳар бир косасида- қалбнинг доно ҳикмати, ҳар бир лалисида- миллий қадрятнинг муҳим хотираси гавдаланади…
Уста учун кулоллик — нафақат ҳунар бу — тилсиз фикр, дид билан ёзилган ноёб шеър, лой ила дилдан ва меҳр билан суҳбатлашиш.
Унингча гилга тегиш — инсоннинг ,,мен»ига тегишдир.
Гилнинг қаттиқ жойларини юмшатиш, гил таркибидаги беовоз дардларини ҳис этиш демакдир.
Гил одамни сабр қилишга, қулоқ солишга ўргатади. Бу эса ҳаёт мусиқасини энг майин товушларини юракка етказиб беради, устани руҳлантиради, уста ўзидаги бор маҳоратини ишга солади…
Шунингдек Тоҳир Хайдаров асарларида табиат ва миллий руҳнинг тўлиқ нафаси, замонавий эстетиканинг туйғули силкинишлари яққол кўриниб туради.
У ясанган ҳар бир кўзада одамларнинг қарашлари,
косада эса қўл меҳнати билан топилган жиллоланиб турган нур, лаганларда-бутун олам гўзаллиги акс этиб туради.
Ҳар бир гил парчасида — минг йиллик орзу умидлар, минг йиллик изтироблар, туркий халқлар анъаналари ва покиза руҳи ётади…
Тоҳир Хайдаров гилни эмас, инсонни шакллантиради. У шундай инсонки, уни қўлига тушган лой бўлагига ҳаётни қайтариб беради, ,,оддий» деб аталган ҳар бир нарсага маъно бағишлайди. Чунки унинг ишида битта ҳақиқат яшайди: у ҳам бўлса, лойга эмас, дунёқарашларга жон киритади…
Кулолнинг қўлидаги гил — бу шунчаки лой эмас, балки инсон табиатига ўхшаш бир сирли тилсимдир.
Лой қандай қўлда бўлса, шундай шакл олади.
Инсон ҳам шундай: унинг қалбида қандай ният, муҳит қандай қўл билан тутилса, ўша қиёфага киради…
Уста Тоҳир Хайдаров бунинг энг гўзал исботидир. Унинг лойга берган ҳар бир ҳаракати билан бизга шундай маъно берадики — одам ўзини англагунча лой ҳам сукутда ётади. Одам ўзини англагандан кейин эса, бутун олам жонлана бошлайди…
Гилнинг сиртида уста бармоқларининг изи қолади.
Одамнинг тақдирида эса, унинг танловлари.
Гил қанчалик юмшоқ бўлса, инсоннинг шунчалик қалби очиқ бўлади.
Гил қанчалик пишиб мустаҳкамланса, инсон шунчалик тажриба натижасида етук ва бақувват бўлади.
Шу боис Тоҳир Хайдаров асарлари бизга ҳақиқатни эслатади:
инсон ҳам гил каби — қалби яхшининг қўлига тушса — шаклланади;
қалби покнинг қўлига тушса — нурланади;
маърифатли инсон қўлига тушса — ўз моҳиятини англайди.
Гилгина эмас, ҳаёт ҳам шундай:
ким бизни қандай тутса, биз шундай шаклланамиз…
Гил уста қўлида шакл топади.
Инсон қалби эса тажриба ва ҳохишлар орқали шакл топади.
Қўлдан келмаган ҳар бир нарса яъни гилда ҳам, ҳаётда ҳам сукутда қолади.
Уста гилга ҳаёт берса, инсонга маъно беради.
Шу боис инсон ҳам гил кабидир;
кимнинг қўлига тушса, шундай шакл топади.
Кимнинг қалбига кира олса, шундай нурланади.
Ҳаёт ҳам ҳудди шундай;
ҳар бир ҳаракат — шакл,
ҳар бир ният — маъно,
ҳар бир инсон — илоҳий санъат.
Умида Мелибоева
Филолог