9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Юксак минбардаги муҳим сабоқ

notiq.uz > Турли мавзуда  > Юксак минбардаги муҳим сабоқ

Юксак минбардаги муҳим сабоқ

(Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқи ҳақидаги ўйлар)

Маълумки, Ўзбекистон БМТ аъзолигига 1992 йилнинг 2 мартида қабул қилиниб, мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ ташкилотнинг асосий маслаҳат органи – Бош Ассамблеясида минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш сингари долзарб масалаларда ўз сўзини  айтган эди.

Мамлакатимиз ҳукуматининг БМТ мажлиси кун тартибига қўяётган таклифларининг залвори сусайгани йўқ. Бинобарин, 23 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илк марта давлат тилимиз — ўзбек тилимизда нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёевнинг маърузасида ҳам бугунги пандемик вазият ва унинг мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий фаровонлигига етказаётган салбий таъсири, Оролбўйида юзага келаётган экологик вазият ва унинг аянчли оқибатлари, Жаҳон ва мамлакат миқёсида коронавирус асоратларини бартараф этиш, Афғонистон ҳамда минтақада тинч ва барқарор муҳитни ривожлантириш сингари долзарб муаммоларнинг самарадор ечимларига доир таклифлар  илгари сурилди.

Мазкур нутқ ўзининг илк бора ўзбек тилида жаранг топгани билан юртдошларимизнинг миллий ғурур ва ифтихорини жунбушга келтирди. Бу чиқиши билан давлатимиз раҳбари нафақат Жаҳон ҳамжамиятида ўзбекнинг ўз муносиб ўрни борлигига нозик ишора берди, балки бутун ўзбек халқига ўз она тилига садоқат, унга ўзга миллатлар доирасида муносиб эҳтиром кўрсатиш қандай бўлиши лозимлигини қайта бор исботлади. Зотан, ҳар бир ватанпарвар инсон учун миллий тилнинг бебаҳо маънавий неъмат, халқ руҳияти, дунёқараши, тарихи ва ўтмишига доир бебаҳо бойлик эканини англаш чуқур қадрият даражасига кўтарилмоғи лозим. Гарчи бундай юксалишга ҳали узоқ фурсатлар борлиги тилимизга эътибор кўрсатиш дамларида хориж тилларига устун мақомларни беришга интилишимизда, ҳақиқий маънавият тил билишда эмас, илдизларимиз чуқур ботган миллий тилимизга ҳурматимиз билан белгиланишини англамаслигимизда билиняпти.

Гарчи бундай юксалишга ҳали узоқ фурсатлар борлиги тилимизга эътибор кўрсатиш дамларида хориж тилларига устун мақомларни беришга интилишимизда, ҳақиқий маънавият тил билишда эмас, илдизларимиз чуқур ботган миллий тилимизга ҳурматимиз билан белгиланишини англамаслигимизда билиняпти. Токи, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майдаги ПФ-4997-сон  «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигини  нишонлаш тўғрисида”ги 2019 йил 4 октябрдаги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармони (21.10.2019 й. N ПФ-5850)  ва  2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг ижросида кўп ҳам шошилмаётганлигимиз – бунга исбот. Бинобарин, миллатнинг бу дунёдаги борлиғига даҳлдор ушбу ҳужжатларни қабул қилишдан пировард мақсад – уюм-уюм ҳисоботларни тахлаш, сўнг уларни жозибадор тарзда омма олдида, ОАВлари орқали кўз-кўз қилишда англанмайди. Мазкур ҳужжатлар нафақат ижрочи, масъул ва манфаатдор ташкилотлар, балки жамиятнинг барча аъзоларига ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ҳақиқий мақомини англатишга хизмат қилиши лозим.

Баски, Юртбошимиз БМТ Ассамблеясида сўзлаган ўзбекча нутқи билан жамият маънавиятини белгиловчи тил сиёсатининг туб моҳиятини чуқур англатиш, қолаверса, “сўз исботи билан” тамойилининг гўзал далили учун  муҳим қадамни ташлаб бўлди: бундан керакли сабоқни олиш навбати энди сизу-бизга қолади.

 

Обид Шофиев,

Термиз давлат университети

Ўзбек филологияси факультети декани, PhD

Шоҳиста Махмараимова,

Термиз давлат университети

Ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти, PhD

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.