9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

ЭРКИН АЪЗАМ АСАРЛАРИ ЛЕКСИКАСИДАГИ БАЪЗИ СЎЗЛАРНИНГ АДАБИЙЛАШУВИ ХУСУСИДА

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > ЭРКИН АЪЗАМ АСАРЛАРИ ЛЕКСИКАСИДАГИ БАЪЗИ СЎЗЛАРНИНГ АДАБИЙЛАШУВИ ХУСУСИДА

ЭРКИН АЪЗАМ АСАРЛАРИ ЛЕКСИКАСИДАГИ БАЪЗИ СЎЗЛАРНИНГ АДАБИЙЛАШУВИ ХУСУСИДА

Ҳасанов Абдуманнон Мажидович,

ТошДЎТАУ таянч докторанти.

abdumannon293167@mail.ru, +99894 416 88 04

 

      Аннотатсия. Бу мақолада Эркин Аъзамнинг “Ёзувчи” ва “Аралашқўрғон” ҳикояларидаги адабий тилда оммалашмаган баъзи сўзлар таҳлилга тортилган. Мазкур сўзларнинг тил лексикасини бойитишдаги имкониятлари ҳақида мулоҳазалар билдирилган. Адиб ижодининг лингвистик жиҳатдан ўрганилишига доир тавсиялар берилган.

      Калит сўзлар: диалектизм, лексика, лексик бойиш, сўз қўллаш, тилнинг ривожланиши, бадиий асар тили, меъёрлашув, ифода имконияти.

 

Ҳар бир тилнинг тараққиёти кўп жиҳатдан унинг яратувчиси ва истеъмолчиси бўлган миллатнинг маънавий, маданий, адабий, ижтимоий, тарихий, сиёсий фаолиятига боғлиқ[1]. Айниқса тилнинг лексик сатҳи халқ ҳаётидаги ҳар бир ўзгаришни ўзида акс эттирувчи кўзгу каби ижтимоий-тарихий аҳамиятга эга. Ҳозирги замон ўзбек адабий тилининг ривожланишида ички ва ташқи имкониятлардан ташқари, ўзбек бадиий адабиётининг ҳам таъсири катта эканлиги кўпгина адабиётларда қайд этилади[2].

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, тил лексикасининг барқарорлашуви ва меъёрлашуви сўз усталари шоир ва адиблар хизматларисиз содир бўлмайди[3].  Ўзбек тилининг адабийлашуви ва меъёрлашуви ҳам атоқли адибларимизнинг улкан меҳнатлари натижаси ва самарасидир. Бу жараёнда атоқли адиб Эркин Аъзамнинг ҳам алоҳида хизматлари бор.

Ёзувчи ва ижодкорларнинг таржимайи ҳолида, ўзлари томонидан ёзилган  автобиография ва эсдаликларида ижтимоий ҳаёт ва ижод ўртасидаги мутаносиблик бот-бот такрорланиши бежиз эмас. Зеро, бу жараёнда ижодкор нафақат халққа нафи тегади, балки шу орқали халқ билан бир қозонда қайнайди. Халқнинг дардини, ички кечинмаларини, орзу-истакларини, қувонч-у ташвишларини ҳис қилади, татийди. Айни замонда халқ тилининг бетакрор жозибасини ўрганади. Ўз асарларида халқнинг қадимий ва навқирон, сеҳрли ва бетакрор, сеҳрли ва сирли, айни дамда мафтункор сўзларини қўллаш орқали она тилининг жозибасини, тароватини номойиш қилади. Мана шу омиллар сабаб адабиётнинг халқчиллиги, миллийлиги, ҳаётийлиги янада кучаяверади. Эркин Аъзамнинг ижтимоий фаолиятида ҳам мана шу жиҳатлар ўзинииг чинакам аҳамияти билан асарлари оммалашувига хизмат қилган.

Маълумки, кўпгина ижодкорлар адабий тилда ҳали қўлланмаган ёки кам қўлланаётган баъзи сўзларни ўз асарларига жойлаб, уларнинг ифода имкониятларидан  унумли фойдаланиш борасида ўзига хос ибрат намунасини кўрсатади. Бу эса тилнинг муттасил яшариб, янгиланиб, бойиб боришини таъминлайди. Эркин Аъзам ижодида ҳам халқона сўзларга мурожаат қилиш, уларнинг бетакрор  ифода имкониятларидан унумли фойдаланиш борасида каттагина тажриба мактаби шаклланган. Ёзувчининг таржимайи ҳолидан билиш мумкинки, ижтимоий-маданий фаолият жараёнида кўплаб ҳудудларда бўлган ва бу ҳудудларнинг шевасини, одатларини, ҳаёт тарзини синчиклаб кузатган ижодкор тилимиздаги қадимий ва соф туркона оҳангларга эга бўлган кўпгина сўзларни ўз яратиқларида қўллаб, тилимизнинг етук жонкуяри сифатида миллат олдидидаги  фарзандлик бурчини аъло даражада адо этган. Адибнинг “Ёзувчи” ҳамда “Аралашқўрғон”ҳикояларида қўлланган жуфтгар, дўнмоқ, биратўла, тийилмоқ, зарил, бўлатуриб, қайишмоқ, қоқбош, даҳмаза, олашовур, ўртамиёна, лодон, кўтарасига, баҳаво, чортанг, ғайирлик, меҳмоннавоз, тонглай, сипо, кепата, қиттак, эркакшода, зипилламоқ, қимтимоқ, қақилдоқ, таталамоқ, симтўр, ошиғич, қисталанг, соҳибкор, кечмишнома, тиркалмоқ, далавой, эррайим, ушак, баҳарнав, суроб, чандимоқ, дилғаш, холисан, шипшитмоқ, уннамоқ, шалоп-шулуп, туйнук, мужмал, елимхалта, бурушиқ, ҳемири, ҳангоматалаб, узрхоҳлик, пўпанак, жилги, сидра, карилламоқ, тихирлик, қаҳат[4], ҳовуридан тушмоқ, кор-хол, бозортўрва, ясан-тусан, ғиппа, қопқа, доримоқ, мирқуруқ, олақуроқ, нимхез, тўлғамоқ, вакилламоқ, жимитдек, пешинлик, бўғишмоқ, қўққаймоқ, аллатовур, ёқавайрон, ҳўнгилламоқ, зорманда, буклама, тилқисиқ, серсаҳифа, имзобозлик, эсар, зувилламоқ, дапқир, матраб, бағридарё, тутал-тутал, машмаша[5] каби сўзлар адиб ижодининг халқчиллигини таъминлаш билан бирга адабий тил лексикасининг бойитишда ҳам муайян аҳамият касб этиши аниқ. Бу сўзларнинг аксарияти бугунги кунда сўзлашув нутқида фаол қўлланилади. Уларнинг айримлари фақат шевалардагина мавжуд бўлсада, ўз аҳамияти ва ифода имкониятининг кенглиги билан адабий тил лекикасидан жой олишга муносиб.  Айнан адабий тилда оммалашиш имкониятига эга бўлган баъзи сўзларни қуйида изоҳлашга ҳаракат қиламиз:

Буклама – қоғоз, картон ва шу кабиларни ишлатиш ёки олиб юришга қулай бўлиши учун букланган шакли. ЎТИЛда букламоқ[6] феъли изоҳланган. Лекин бугунги кунда турли қоғоз маҳсулотлари, хусусан, қоғоз қутиларнинг осон букланиш (ва ёзилиш) хусусиятидан унумли фойдаланиш тадбиркорлар ва сотувчилар фаолиятида анча оммалашди. Шу боис ҳам мазкур сўзни оммалаштириш тил истеъмолчилари бўлган кишиларнинг нутқий имкониятларини кенгайтиради.

Дапқир сўзи марта (маротаба) маъносида қўлланади. ЎТИЛда бу сўз алоҳида берилмаган. Аксинча ундан ясалган “Дапқир-дапқин”[7] сўзи берилган ва изоҳланган. Аслида шевага мансуб бўлган дапқир-дапқир сўзидан олдин дапқир сўзига изоҳ бериш мақсадга мувофиқ.

Жимитдек сўзи ҳам шеваларда фаол қўлланади. ЎТИЛда жимит сўзининг “жуда кичкина, кичкинтой, жажжи, митти” маънода қўлланилиши таъкидланган[8]. Бизнингча, жимитдек сўзини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Зеро, сўзлашув нутқида жимит сўзига қараганда жимитдек сўзи анча фаол қўлланилади.

Имзобозлик – ҳақ-ҳуқуқлари ёки фаолликларини ошириб кўрсатишга ва шу орқали муайян манфаатга эга бўлишни кўзлаб ёзилган мурожаат хати, ариза ва шу кабилардаги фикрларини ўзгаларга маъқуллатиш ҳамда уларнинг имзосини олиш. Бугунги кунда жамиятнинг баъзи “зиёли”лари ўзларининг “ёзув-чизув”лари билан “қаҳрамонлик” кўрсатишга тиришаётган ҳолатлар учраб турибди. Шундай жараёндаги элементар ҳолатни изоҳлашга хизмат қилувчи мазкур тушунча ҳам муайян ижтимоий аҳамият касб этиши аниқ.

Нимхез – меҳмоннинг (ёки бирор улуғ кишининг) ташрифи боис унинг иззат-ҳурмати учун қўзғалиб қўйиш. Шунда ҳамма бирдан сергак тортади, кимдир жойидан нимхез бўлиб, кимдир қўлини беихтиёр кўксига юбориб эҳтиром кўрсатади – катта одам-да![9]

Ҳар икки қисми форсча бўлган бу сўз тилимизда кам қўлланилади. Лекин кундалик фаолиятда бот-бот учрайдиган юқоридаги ҳолатни ифодалайдиган бу сўзга лисоний эҳтиёж мавжуд. Шу сабаб бу сўзнинг оммалашишига имконият яратиш лозим.

Тонглай – эрталабдан, тонгдан. Раис бува ҳар эрта тонглай идорасига келиб, бир қўлида дастрўмол, пешонаю бағбақаларини арта-арта, икки бет қоғоз қораламаса, кўнгли жойига тушмас экан[10].

Ушбу сўз муаллифнинг индивидуал сўз ясаш имкониятининг маҳсули сифатида адабий тил учун унчалик оммабоп бўлмаслиги мумкин. Чунки саҳар, саҳармардонлаб, эрталабдан каби мазкур сўзнинг маънодошлари нутқ жараёнида фаол қўлланади. Лекин ўз маънодошлари қаторида тонглай сўзининг ҳам шундай имкониятлари борки, бу хусусият бошқа сўзларда аксланмайди.

Узрхоҳлик – муайян хато ёки гуноҳининг ўзга томонидан кечирилиши учун тиришиш. Хабар ололмаганини айтиб, хижолатомуз узрхоҳлик қилди[11]. Таъкидлаш керакки, ЎТИЛда узр сўзи атрофлича изоҳланган[12].   Бизнингча, хайрихоҳ сўзига ўхшаш узрхоҳ сўзи ҳам луғатлардан жой олишга муносиб. Негаки узр сўраш ҳамда кечирилишини ўз ҳаракатлари билан ифодалаш орасида муайян тафовутлар бор. Айни шу фарқлар сўзларда ҳам аксланиши лозим.

Холисан – холислик билан, холисона. Холисан айтганда шунинг шарофати билан … кечаси чироқ ўчиб қолмайдиган бўлди[13].

Холисона маъносида қўлланувчи холисанлилло(ҳ)[14] сўзи қайд этилган луғатга бу сўзнинг ҳам киритилиши холислик касб этиши шубҳасиз.

Албатта, ҳар қандай диалектал сўзни адабий тилда оммалаштиришга уриниш ярамайди. Тилда оммалаштирилишга муносиб кўрилган сўз, энг аввало, тил эгалари учун кенг тушунишли, оммабоп, адабий нормаларга жавоб берадиган ва албатта ижтимоий аҳамиятли бўлиши керак[15]. Юқорида таҳлил этилган сўзлар ана шу талабларга жавоб бера олиши мумкин, назаримизда.

Эркин Аъзам асарлари лексикасида ҳам янги сўз ижод қилиш ва уни бадиий асар тили имкониятларидан келиб чиқиб самарали қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам талайгина. Адибнинг “Ёзувчи” ҳамда “Аралашқўрғон” ҳикояларида қўлланган бозортўрва, мирқуроқ, олақуроқ, аллатовур, бағридарё, жуфтгар, бўлатуриб, эркакшода, лодон, олашовур, чортанг, ошиғич, кечмишнома, далавой, элимхалта каби сўзлар ўзининг окказионал қўлланилиш хусусиятлари билан алоҳида бадиий қимматга эга. Бу сўзлар қўлланилиши жиҳатидан тилда барқарорлашмаган бўлса-да, бетакрор ифода имкониятлари билан оммалашиш имкониятларига эга.

Албатта бу жараёнда сўзларнинг янги тушунчанинг номи сифатида оммалашиши ва тилда барқарорлашиши учун ҳам муайян вақт ва шароит зарур. “Бу каби сўзларнинг меъёрийлик даражасини аниқлашда ҳам тилимиздаги меъёрийлик ҳолатларини белгилашнинг мавжуд қоидаларига таяниб иш кўрилади. Башарти бу бирликлар неологизм ёки окказионализм сифатида эътироф этилдими, демак улар ҳали тилимизнинг ҳақиқий луғат бирлигига айланиб кетмаган. Фақатгина ўзлари қўлланилаётган матнда нарса ва тушунчани аниқроқ, тўлароқ, балки образлироқ ифода этиш ҳамда бошқа бадиий-эстетик мақсадларни кўзда тутиб қўлланилган. Уларнинг адабий тилимизда меъёр ҳолатига келиши учун маълум вақт ва халқнинг истеъмолда қўллай бошлаши билан боғлиқ бўлган эътирофи лозим бўлади”[16].

Бадиий яратиқлар тилнинг яшаш шакли сифатида тил лексикасининг бойиши ва барқарорлашишига хизмат қилади[17]. Бу каби янги сўзларнинг яшовчанлиги, оммалашуви ва барқарорлашуви лисоний ва нутқий эҳтиёж, ижтимоий аҳамиятлилик каби бир қанча омилларга боғлиқ бўлади.  А.Э.Маматов тўғри қайд этганидек, қачонки “улар бадиий асар тилида, матбуотда ва оғзаки нутқда кўп қўлланилса, лексикографик манбаларда ва луғатларда акс этса, у ҳолда окказионал сўзлар жумласидан чиқиб, нормалашган лексик қатламга айланади”[18].

Эркин Аъзамнинг ўзбек адабий тилини халқона сўзлар билан бойитиш борасидаги ҳаракатлари анча кенг қамровга эга. Биз буни унинг бадиий ижод жараёнида кундалик мулоқотда фаол қўлланувчи сўзлардан унумли фойдаланишга интилганлигидан ҳам сезишимиз мумкин. Гарчи у қўллаган сўзларнинг айримлари адабий тилда барқарорлашмаган бўлса-да, аксарият қисми бугунги тилимизда фаол қўлланилади. Бу эса адиб асарлари лексикасини чуқур ўрганиш тил лексикасини бойитишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.

Биз юқорида адибнинг икки ҳикоясида қўлланган сўзларнигина таҳлилга тортдик. Агар бу каби таҳлилда адибнинг барча асарлари қамраб олинса, адабий тилни бойитишда адиб асарлари лексикасининг қандай аҳамиятга молик эканлиги янада равшанлашади.

Юқоридаги таҳлиллардан билиш мумкинки, адиб асарларида қўлланилган сўзлар муайян бадиий эҳтиёжни қондириш билан бирга адабий тилни бойитишда ҳам катта ижтимоий-лисоний аҳамиятга эга.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Бегматов Э. Адабий норма нaзaрияcи. – Тошкент, Ўзбекиcтон. 1997.
  2. Каримов С. Тил таълимида меъёр. Ўқув қўлланма. – Тошкент : Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2002.
  3. Маматов А.Э. Окказионал сўзлар ва тил нормаси // “Ўзбек нутқи маданиятининг долзарб муаммолари” тўплами. – Тошкент,1990.
  4. Маҳмуд Қошғарий. Девону луғотит турк. 3 томлик. (Таржимон ва нашрга тайёрловчи: Муталлибов С.) – Тошкент, 1963.
  5. Решетов В., Шоабдурахмонов Ш. Ўзбек диалектологияси. – Тошкент. 1962.
  6. Совет даври ўзбек адабий тилининг тараққиёти. III том. – Тoшкeнт, 1991.
  7. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. – Тошкент, Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2006.
  8. Ўзбек халқ шевалари луғати. (Масъул муҳаррир: Шоабдурахмонов Ш.) – Тошкент, Фан. 1971.
  9. Шоабдурахмонов Ш. Ўзбек адабий тили ва халқ шевалари. – Тошкент. 1960.
  10. Эркин Аъзам. Жаннат ўзи қайдадир.Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, 2007.

 

[1] Совет даври ўзбек адабий тилининг тараққиёти. III том. – Тoшкeнт, 1991. 76-бет

[2] Решетов В.,  Шоабдурахмонов Ш. Ўзбек диалектологияси. – Тошкент. 1962. 83-бет

[3] Бегматов Э. Адабий норма нaзaрияcи. – Тошкент, Ўзбекиcтон. 1997. 47-бет.

 

[4] Мазкур сўзлар “Ёзувчи” ҳикоясида қўлланган.

[5] Мазкур сўзлар “Аралашқўрғон” ҳикоясида қўлланган.

[6] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. 1-жилд. –Тошкент, Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2006.  368-бет

[7] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. 1-жилд. –Тошкент, Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2006.  556-бет

[8] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. 2-жилд. –Тошкент, Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2006.  90-бет

[9] Эркин Аъзам. Жаннат ўзи қайдадир.Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, 2007. 16-бет.

 

[10] Эркин Аъзам. Жаннат ўзи қайдадир.Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, 2007. 3-бет.

[11] Эркин Аъзам. Жаннат ўзи қайдадир.Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, 2007. 11-бет.

[12] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. 4-жилд. –Тошкент, Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2006.  269-бет

[13] Эркин Аъзам. Жаннат ўзи қайдадир.Тошкент: “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти, 2007. 8-бет.

[14] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдли. 4-жилд. –Тошкент, Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2006.  407-бет

[15] Ўзбек халқ шевалари луғати. (Масъул муҳаррир: Шоабдурахмонов Ш.)  – Тошкент, Фан. 1971. 48-бет

[16] Каримов С. Тил таълимида меъёр. Ўқув қўлланма. – Тошкент : Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2002.    67-бет

[17] Бегматов Э. Адабий норма нaзaрияcи. – Тошкент, Ўзбекиcтон. 1997. 54-бет

18  Маматов А.Э.Окказионал сўзлар ва тил нормаси // “Ўзбек нутқи маданиятининг долзарб муаммолари” тўплами. – Тошкент,1990, 69-бет.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.