9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

ОНА ТИЛИ ТАЪЛИМИ МАЗМУНИДА ГРАММАТИЗМ

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > ОНА ТИЛИ ТАЪЛИМИ МАЗМУНИДА ГРАММАТИЗМ

ОНА ТИЛИ ТАЪЛИМИ МАЗМУНИДА ГРАММАТИЗМ

Р.А.Йўлдошев, п.ф.н., Ўзбекистон

Республикасида хизмат кўрсатган

халқ таълими ходими, пенсионер

Методист-олимлар ва амалиётчилар кўпдан бери мактаб она тили таълимида грамматикани ўрганишга нисбатан бир-бирига яқин ёки бутунлай қарама-қарши фикрлар билдириб келадилар. Бундай фикрлар ушбу масаланинг ягона ечими топилмаётганидан, унинг маълум даражада чигал эканлигидан далолат беради. Методика илмида ҳам, давлат ҳужжатларида ҳам (ўқув фани давлат таълим стандарти, ўқув дастури) грамматикани қай даражада ва ҳажмда ўргатиш кераклиги борасида турли тавсиялар баён қилинади. Масалан она тили таълими мазмуни ўзбек тилшунослигининг умумий асосларини ўргатиш устуворлигида белгиланадими ёки грамматика нутқ ўстиришга бўйсундириладими, деган саволга жавоб топиш билан боғлиқ.

Баъзи манбаларда[1] тилшунослик фанининг умумий асосларини ёшларга ўргатиш она тили таълими мазмунини белгиловчи омил сифатида кўрилади, ўқувчиларнинг грамматикага оид билимларини ривожлантириш  кераклиги,  баъзан лингвистик асослар билан нутқ ўстиришнинг иккаласи бирдай зарурлиги таъкидланади. Методист олим А.Ғуломов 60-йиллардан бошлаб «Фан ютуқлари – мактабга» шиорига катъий амал килиш она тилидан таъ­лим мазмунининг ўта назарийлашишига, грамматизмнинг ҳокимлиги, имло ва иутқ масалаларининг унинг соясида қолиб кетишига сабаб бўлганига[2] алоҳида эътибор қаратади. Бу фикр «она тили ўқитишдаги ортиқча грамматизмнинг олдини олиш»[3] ифодасининг нечоғлик ўйлаб айтилганини билдиради.

Методист олима Д.Йўлдошева шундай ёзади: «1957-йилдан бошлаб амалиётда қўлланилган А.Боровков, А.Ғуломов, З.Маърупов, Т.Шермуҳаммедов, Й.Абдуллаевларнинг «Ўзбек тили дарслиги»да − номланишда «грамматика» сўзи «дарслик» сўзи билан алмаштирилганлигига қарамай, амалий татбиқдан анча узоқ грамматик материал (хусусан, синтаксис қисмида) миқдори ошди; ўзбек тили таълимида 1980-1990-йиллар матбуотида ва тадқиқотларида кескин қораланган грамматизм ва академизм куртаклари пайдо бўла бошлади»[4].

[1] «Ўзбек тили»дан программа лойиҳалари – «Ўқитувчи»: «Ўзбек тили» доимий конференциясида муҳокама учун материаллар. Тошкент: РЎММ, 1990. – 40-бет ; Roziqov O., Mahmudov M., Adizov B., Hamroyev A. Ona tili oʻqitish didaktikasi. Toshkent: «Yangi asr avlodi», 2005. – 23 bet; Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари бўйича малака талаблари // Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами, 2017. – Б. 140–141.

[2] Ғуломов А.Қ., Неъматов Ҳ. Она тили таълими мазмуни. Ўқи-тувчилар учун методик қўлланма. — Тошкент: Ўқитувчи, 1995. —  12-б.

[3] Ғуломов А.Қ., Неъматов Ҳ. Номи кўрсатилган методик қўлланма,  6-б.

[4] Yoʻldosheva D.. Ona tili ta’limi maqsadining tadrijiy taraqqiyoti. – Toshkent: «Oʻzberiston milliy ensiklopediyasi» Davlat ilmiy nashriyoti, 2013. – 133-б.

Бир қатор манбаларда[1] тилшуносликнинг умумий асослари устувор қилиб қўйилмаслиги, аксинча, нутқ ўстириш бош мақсадга айланиши лозимлиги қайд этилди. Чунончи, 1999 йили тасдиқланган ўқув дастурида масалага нутқ ўстириш йўналиши фойдасига ойдинлик киритадиган талаб илгари сурилди: «Она тили таълимининг бош мақсади – оғзаки ва ёзма нутқ кўникмасини, тўғри ва ифодали фикрлаш малакасини таркиб топтиришдан иборат. Анъанадаги «грамматика грамматика учун» қолипидан воз кечиб, энди она тили таълимида «грамматика фикрнинг аниқ ва лўнда ифодаси учун» шиорини асос қилиб олмоғимиз керак[2].  Бу ердаги «грамматика грамматика учун» ифодаси тилшунослик асосларини кўзда тутади.

Маълум бўладики, она тилини ўқитиш соҳасидаги кескин бурилиш кузатилган ўқув дастурида фан асосларини ўқитиш – «грамматика грамматика учун» деб таърифланган, нутқ ўстириш мақсадида «грамматика фикрнинг аниқ ва лўнда ифодаси учун» шиорини танлаш маъқул топилган. Анъанадаги «грамматика грамматика учун» қолипи ифодасидаги анъанадаги сўзи яқин ўтмишда ҳукм сурган грамматизмга ишорадир.

2017 йилги «Она тили» ўқув фани ўқув дастурида тил фанининг асосларини ўргатишга зид тавсия ўз аксини топди. Унинг кириш қисмида шундай изоҳ берилди: «5-9-синфларда она тили фонетикаси, лексикаси, морфология ва синтаксисини тизимли ва амалий самарали ўрганиш натижасида таълим олувчига тилшунослик фани асосларини бериш эмас, балки айни бир нарса-ҳодисани аташ, фикрни ифодалаш учун она тилида ўнлаб имкониятлар борлигини, хилма-хил шакл ва кўринишларга эга бўлган бундай ранг-баранг имкониятларнинг ҳар бирининг ўз ифода ва таъсир хусусиятини ўқувчига етказиш, унда мана шу жиҳатларни илғай олиш, бунда ахборот ресурсларига мурожаат қилиш маданиятини шакллантириш, ҳар бир шакл ва имкониятдан ўз ўрнида фойдалана олиш малакаларини ривожлантиришдир»[3]. Бироқ ушбу тавсиялар шунчаки айтилганга ўхшайди, чунки синфлар бўйича таълим мазмунини ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, тилшунослик бўлимларини (фонетика, морфология, синтаксис ва бошқалар) «тизимли» ўрганиш устуворлик қилади, айрим жиҳатлари билан грамматизмга ўрин қолдиради.

А.Ғуломов, Ҳ.Неъматовлар тавсифлаган она тили таълими мазмунидаги «ўта назарийлаштириш», яъни грамматизм назарий маълумотларни илмий услубда кенг баён қилиш деб ҳисоблаган бўлишса керак. Лекин бундай тушуниш грамматизмнинг ноаниқ бир хусусиятидан

[1] Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти ва ўқув дастури. Умумий ўрта таълим ўқув дастури: Она тили. «Таълим тараққиёти» // Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ахборотномаси. 1-махсус сон. – Тошкент: «Шарқ» нашриёт-матбаа концерни, 1999. – 55-бет; Umumiy oʻrta ta’limning davlat ta’lim standarti va oʻquv dadturi. Ona tili. Adabiyot (5–9-sinf). Oʻzbek tili (2–9-sinf). – Toshkent, RTM, 2017. B. 19-20.

[2] Ўша жойда..

[3] Umumiy oʻrta ta’limning davlat ta’lim standarti va oʻquv dadturi. Ona tili. Adabiyot (5–9-sinf). Oʻzbek tili (2–9-sinf). – Toshkent, RTM, 2017. B. 19-20.

келиб чиқади, холос. Аслида масалага яна ҳам аниқроқ ёндашиш, таълим мазмунидаги қайси билимлар грамматизмнинг асл илдизларини аниқлаш, ажратиш қийин. Бунинг аниқ ўлчовлари йўқ даражада.

Бизнингча, 5–9-синфлар учун она тилидан нашр қилинган истеъмолдаги дарсликларда  грамматизмни келтириб чиқарадиган муайян ҳолатлар мавжуд бўлиб, улар назарий маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосидагина аён бўлади. Ортиқча назарийлаштиришдан ташқари, грамматизмни тўрт хил ҳолат келтириб чиқармоқда:

1) мавзу доирасида нутқ ўстириш билан боғланмайдиган билимлар;

2) мавзуларни айтарлик ривожлантирмаган ҳолда ортиқча такрорлаш;

3) ўқувчилар нутқига кириб бўлган тил ҳодисалари билан боғлиқ мавзулар учун бутун бир дарс ажратиш;

4) матн таркибидагина аниқлик касб этадиган тил ҳодисалари билан боғлиқ мавзуларни ундан йироқ ҳолда ўрганиш.

  1. Она тили дарсликларига киритилган мавзулар сирасида бевосита нутқ ўстириш билан боғланмайдиган, шу мақсад учун хизмат қилмайдиган билимлар борки, уларни ислоҳ қилиш зарур. Масалан, «Нутқ аъзолари», «Лаб товушлари» ва бошқалар (5-синф, 111–115-дарслар); «Сифатларнинг маъно турлари», «Хусусият, ҳажм ўлчов, макон-замон сифатлари», «Ранг-тус, маза-таъм ва ҳид сифатлари» ва бошқалар (6-синф).
  2. Дарсликларда таълим мазмунида илгари ўрганилган мавзуларни, ундаги назарий тушунчаларни айтарлик ривожлантирмаган ҳолда ортиқча такрорлаш ҳолатлари кўп учрайди. Масалан, маънодош сўзлар, шаклдош сўзлар, зид маъноли сўзлар, гапларнинг ифода мақсадига кўра турлари, унли ва ундош товушлар, унлилар талаффузи ва имлоси, айрим ундошлар талаффузи ва имлоси (5-синф); унли ва ундош товушлар (6-синф); эгалик қўшимчалари (7-синф); нутқ товушлари, нутқ услублари (9-синф).

Қуйидаги таърифлар бир-бирига жуда яқин: «Бирор нарса-воқеа хабарни билдирган гап дарак гап дейилади. Дарака гап охирида овоз пасаяди. Дарак гапнинг охирида нуқта (.) қшйилади» (3-синф дарслигида[1]); «Дарак, хабар маъносини билдирувчи гаплар дарак гаплар дейилади. Дарак гаплар охирига доимо нуқта қўйилади» (5-синф дарслигида[2]).

5-синфда «Морфология» бўлимида берилган бир қатор янги мавзулар аслида бошланғич синфларда ўрганилган мавзулар саналади.. Чунончи:  «Сўз туркумлари. Мустақил ва ёрдамчи сўзлар», «От», «Турдош ва атоқли отлар», «Келишик қўшимчалари», «Эгалик қўшимчалари», «Сифат», «Сон»,  «Феъл», «Феъл замонлари», «Шахс-сон қўшимчалари».

III. Ўқувчиларнинг нутқида кенг ишлатиладиган тил ҳодисаларига доир мавзулар учун махсус дарслар ажратилаётганлиги ҳам грамматизмдан далолат беради. Бу каби ҳолатларни аниқлаш учун ҳар бир мавзуни

[1] Fuzailov S. Ona tili: umumiy o‘rta ta’lim maktablarining 3- sinfi uchun darslik / S. Fuzailov, M. Xudoyberganova, Sh. Yo‘ldosheva. — 14- nashri. —T.:„O‘qituvchi“ NMIU, 2016. —32-bet.

[2] Ona tili: Umumta’lim maktablarining 5-sinfi uchun darslik / Mual. N. Mahmudov, A. Nurmonov, A. Sobirov, V. Qodirov va boshq. — T.: «Ma’naviyat», 2011. — 224 b.

ўқувчиларнинг нутқ савиясига нисбатлаб чиқиш зарур. Масалан, 5-синфда «Сўроқ гап» мавзуси ўрганилади. Бу ерда сўроқ гапларнинг сўроқ олмошлари ва сўроқ юкламалари ёрдамида ҳосил қилиниши ҳақидаги билимлар нутқ ўстириш учун жуда кераклидай туюлади. Аслида бундай эмас: ўқувчиларнинг ҳаммаси сўроқ сўзлар ва сўроқ юкламаларидан фойдаланиб савол бера олади. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқат. 5-синфда улар сўроқ олмошлари ва сўроқ юкламалари тушунчаларини назарий англайдилар, холос. Бу энди аниқ грамматизм.

Ҳатто айрим келишиклар (хусусан, ўрин-пайт келишиги  ҳақидаги маълумотларда шундай ҳолат кузатилиши мумкин: Улар турли сўзларга қўшилганда бериладиган сўроқлар[1] билан кенгайган, холос. Ўйлаб кўрайлик: ўқувчиларнинг нутқ малакаларига нисбатан ушбу билимларнинг нимаси янги, сўзларни ушбу келишикларда қўллай оладиган ёшлар нимани билиб оладилар? Афсуски, назарий билим оладилар.

  1. Матн таркибидагина бор жиҳатлари билан аниқлик касб этадиган тил ҳодисалари билан боғлиқ мавзулар ундан йироқ ҳолда ўрганилаётганлиги ҳам маълум даражада грамматизмга сабаб бўлади. Масалан, 8-синфда «Эгали ва эгасиз гап» мавзуси ўтилади[2]. Шахси (эгаси) маълум гаплар, шахси (эгаси) номаълум гаплар, шахси умумлашган гаплар, атов гаплар шунчаки тузилмайди: улар фикр предмети ва субъекти долзарблашадиган, гапни гапга боғлаш воситалари сифатида матн талаб этган зарурият билан юзага келади. Бунда кўпинча биринчи гапда ишлатилган эга иккинчи гапда тушириб қолдирилади ёки иккинчи гапда олмош билан алмаштирилиб, учинчи ва кейинги гапларда тушириб қолдирилади. Фикр предмети номаълум бўлса, биринчи гапда ҳам, кейинги гапларда ҳам ўша номаълум эгага нисбат берган ҳолда гаплар тузилади.

Тилшунос олимлар (С.Боймирзаева) қўшма гапларни ҳам матн билан боғлаб ўрганиш лозим деган фикрни эътироф этганлар.

Юқорида биз она тили таълими мазмунида грамматизмни келтириб чиқараётган ҳолатларни чегаралай олиш имконини бериши мумкин бўлган тўрт хил омил ҳақида бир-икки мисол билан сўз юритдик. Ўқитувчи ҳар бир мавзуни диққат билан мушоҳададан ўтказса, нутқ ўстириш эҳтиёжи билан муқояса қилса, шу тўрт хил ҳолатдан бирига мос келадиганини ажрата олади. Шу аснодагина мактаб она тили таълими мазмунини ундаги грамматизмни бартараф этган ҳолда нутқ ўстиришга қарата такомиллаштириш мумкин.

[1] Ona tili: Umum oʻrta ta’lim maktablarining 7-sinfi uchun darslik / Mual. N. Mahmudov, A.Nurmonov, A. Sobirov, D.Nabiyeva, A.Mirzaahmedov. — Toshkent: «Ma’naviyat», 2017. – 66-bet

[2] Qodirov M., Ne’matov H., Abduraimova M., Sayfullayeva R., Mengliyev B. Ona tili. Vmumiy o ‘rta ta ‘lim maktablarining 8-sinfi uchun darslik. 4-nashr. – T.: Choʻlpon nomidagi NMIU,  2019. – 65-bet.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.