9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

НОТИҚЛИК — ҒОЯ БАЙРОҒИ, НУТҚ  — МАФКУРА МАЁҒИ  

notiq.uz > Турли мавзуда  > НОТИҚЛИК — ҒОЯ БАЙРОҒИ, НУТҚ  — МАФКУРА МАЁҒИ  

НОТИҚЛИК — ҒОЯ БАЙРОҒИ, НУТҚ  — МАФКУРА МАЁҒИ  

Суҳбатдошимиз ҳақида:

Раҳимбой Жуманиёзов — Ўзбекистoн Республикaси Фaнлaр aкaдемияси мукoфoтининг лaуреaти вa “Энг яxши вoиз” Республикa кўрик-тaнлoвининг сoвриндoри, филoлoгия фaнлaри нoмзoди, доцент, Xaлқaрo Antique world — “Aнтик дунё”  ва  «Турон» фанлар aкaдемияларининг aкaдемиги.

“Xaлқ дaҳoсининг кўзгуси”, “Эски ўзбек ёзуви”, “Xaлқ ижoди – ҳaқ ижoд”, “Ҳaрфлaр тилгa киргaндa”, “Aлифбo”, “Дoнг қoзoнгaн дoстoн”, “Туркий сaвoд”, “Ҳaрфлaр гулшaни”, “Янги aлифбoдaн сaбoқлaр”, “Ғoявий тaрбиядa нoтиқлик сaнъaти”, “Кoмилжoн Oтaниёзoв зaмoндoшлaри xoтирaсидa”, “Янгиликлaр ёзиш вa тaҳрир қилиш”, “Эли эъзoзлaгaн бaxшининг бaxти”, “Нутқий мaҳoрaт”, “Мaънaвият тaрғибoтчиси”, “Тaълим, тaрбия, тaфaккур, тaрaққиёт”, “Муoмaлa мaдaнияти”, “Дил – қулф, тил – кaлит”, «Тошкентдан гапирамиз»(туркий қирoaт қирoли), «Тарғиботчи маҳорати», «Сиз нотиқ бўлмоқчимисиз» нoмли китoблaри чoп этилгaн.

“Қoрa илoн” ҳaмдa “Бегoнa” вa “Oтa” нoмли бaдиий фильмлaрнинг прoдюсери вa ҳaммуaллифи.

 Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбонига ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20 май куни “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз”, — деган эдилар. Дарҳаққат, адабиётнинг таъсирчан кучисиз миллий маънавий юксалишга эришиб бўлмайди.  Шу маънода нотиқлик санъати билимдони – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти доценти, Матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов билан кечган самимий суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 — Раҳимбой оға, Сизни нафақат таниқли журналист, моҳир педагог сифатида балки, замонамизнинг нотиқ зиёлиларидан бири, нотиқликка оид қатор китоблар муаллифи деб биламиз. Дастлаб нотиқликка қизиқишингизга нима туртки берган? 

— Туртки ва таъсир инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ким бўлиб етишишингизга нимадир сабаб бўлади. Болалик пайтларимни хотирлайман. Мактабда “Алифбе” байрами бўлаяпти. Ўқувчи болаларга биттадан ҳарф берилган. Мен 5 синфгача “р” товушини тўғри талаффуз қилолмайдиган чучук тил бўлганман. Менга “р” ҳарфи тушган, катта ҳарфни қўлимга ушлаб олганман. Охиратлари обод бўлсин, онаизорим она тили ва адабиёти фанидан 55 йил дарс берган зоти шарифа эдилар. Буни кўриб, ўғлим “р” ҳарфини айтолмайдику, ҳаммани олдида шарманда бўпқолади деб, ўқитувчига нолийди. Биринчи ўқитувчим Бибижон опа “Эбий, эсим қурсин, исми Раҳимбой бўлгани учун “Р”ни берибман”,- деб, шартта бориб “В” ҳарфида турган бола билан мени алмаштирганлар. “Р” ҳарфида “ракеталар учар осмонга” деган мисрада биттагина “р” бор эди, холос. “В” ҳарфи бўлгани билан унпнг ичи тўла “р” экан. “Валибойда зўр ит бор, Бўйнида тасмаси бор. Кўриниб қолса бирон ов, олиб келади дарров”. Шеърдаги “р” ҳарфларини “й” деб талафуз қилганман. Биринчи қаторда Қадамбой оға деган ўқитувчимиз ўтирарди, “Амалладинг, Йейимбой”, — дегани ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳамма бирваракайига қаҳқаҳ отиб кулишган. Шу ҳолат менга қаттиқ таъсир қилган. Албатта, нотиқлик машқ билан боғлиқ жараён, устимда кўп ишлашга тўғри келди. Сўнгра англаб етганим шу бўлдики, ўз устида ишлаш сўз устида ишлашдан бошланаркан.

Кейинчалик билдимки, ҳатто машҳур файласуф ва нотиқлар Марк Тулий Цицерон, Демосфенлар ҳам “р”ни тўғри талаффуз қилолмаган экан. Булар менга таскин берди. 

— Келинг, нотиқлик санъатининг тарихи, бугуни ва эртаси тўғрисида гаплашсак.

— Нотиқлик санъатининг вужудга келиши қадимги Рим ва Грецияга бориб тақалса ҳам Ўрта Осиёда бу санъат кенг тараққий топди. IX-XV асрларни Шарқ мамлакатларида “Ренессанс” (уйғониш) даври деб аташади. Бу даврда бошқа фанлар қатори адабиёт, шеърият, нотиқлик санъати ҳам ривожланди. Имом Бухорий, Форобий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Амир Темур, Ҳусайн Воиз Кошифий каби кўплаб буюк аллома ва саркардалар юксак нутқий маҳоратга эга бўлганлар. Улар қисқа ирод этиб оммани ўз орқасидан эргаштира олганлар. “Ал-Муаллим ас-соний” – “Иккинчи муаллим” дея улуғланган бобомиз Форобий 70 та тилни билган, Ўрта Осиёлик мутафаккирлардан бири Мирза Абдулқодир Бедилга “Шарқ Гегели” деган унвон, тавсиф берилганки, бу унинг замонасининг ҳамда Шарқнинг буюк ва юксак маънавият-маърифат эгаси бўлганини кўрсатади.

Бугунги кунда нотиқлик кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Фақат сиёсатчилар, олим ва журналистлар нотиқ бўлиши керак деган тушунча йўқ. Нотиқликнинг айниқса, бозор иқтисоди шароитида ўрни беқиёс. Баъзан дўконга кирганингизда баъзи сотувчилар чиройли муомаласи билан маҳсулотни шу қадар таърифлайдики, қандай сотиб олганинингизни билмай қоласиз. Бухорода 10 ёшлар атрофидаги қизчаларнинг хорижликларга инглиз тилида бийрон сўзлаб, миллий ҳунармандлик маҳсулотларини сотаётганига гувоҳ бўлганман. Албатта, буни профессионал нотиқлик демоқчи эмасман.

Жамият тараққий этган сари нотиқлик ва сўз санъати ҳам ривожланиб боради, бир-бирига туртки беради. Замон ривожи, инсонлар дунёқараши жадал ривожланган ва юксак тараққий этган технологиялар даврида нотиқликнинг ўрни беқиёс. Жаҳон миқёсида халқ қалби ва онги учун кескин ва шафқатсиз кураш кетаётган бир пайтда бу жараёнга қарши чуқур билим ва маърифат билан жавоб бера олиш, воизлик маҳорати орқали фикр етказиш санъатини эгаллашни даврнинг ўзи талаб қилиб турибди.

Барча жабҳада бутун жамоани олдинга бошлаш, ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш ва инсондаги айрим иллатларни йўқотишда нотиқликнинг самараси бебаҳодир.

— Партия ходимларининг нотиқлик маҳоратини оширишлари учун қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

— Демократик жамиятда партиялар кўп бўлади, ғояси ва мафкураси билан бир биридан фарқ қилса ҳам, лекин ҳаммасининг мақсади битта –  мамлакатнинг тараққиёти ва ривожига хизмат қилиш. Партиянинг ғоя ва мафкураси қачон ҳаракатлантирувчи кучга айланади? Қачонки, партия ходими бу ғояларни тушунарли қилиб оммага етказа олса, моҳиятини тушунтира билса.

Тарғиботда керакли ва фойдали ахборотни етказиш мақсадида нутқни чиройли ва ишонарли ифодалаш муҳим. Нутқнинг таъсирчанлиги бугунги кун нотиғидан замонавий воқеа ҳодисалар, илм фан янгиликларидан, мамлакатдаги сиёсий жараёнлардан хабардорлигига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Тингловчиларга ҳақиқатни етказиш ва уларни у ёки бу фикрнинг тўғрилигига ишонтириш билан боғлиқ ҳар қандай ахборот узатиш жараёни ўзаро боғлиқ 3 унсурдан ташкил топади.

Биринчи унсур – исботланиши керак бўлган фикр. Иккинчиси – фикрнинг тўғрилигини исботловчи асос ва далиллар. Учинчиси – намойиши, яъни фикр ва асос, далиллар ўртасидаги алоқани кўрсатувчи мантиқий боғланиш.

Нотиқ нутқида маъносига ҳамоҳанг тарихдан, адабиёт, санъат ва ҳаётдан мисоллар келтира билиши керак. Нотиқ бир кунда шаклланиб қолмайди. Нотиқлик кўп ўқиш, халқ мақол ва ибораларини, ҳикматли сўзларни, таъсирли шеърларни ёддан билишни талаб этади.

Партиялар кучли бўлиши учун моҳир нотиқлардан иборат тарғиботчиларга эга бўлиши, партия ходими нутқ ирод эта билиши ва ёза олиши керак. Ҳар бир нарасанинг ўзининг мос хос калити бор. Дил – қулф, сўз – калит. Кўпинча одамлар кўнглига йўл тополмасдан қийналиб юрамиз. Учрашувда партиямиз нуқтаи назаридан мулоҳазангизни айтасиз. Албатта, нотиқ бирор аудиторияга кириб борганда уларнинг ярмидан кўпроғи инкор кўзи билан қарайди. Сиз айтган фикр ва мулоҳазадан кейин ана шу инкорни тасдиқ ва меҳр кўзларига айлантириб кетолсангиз ютуқ сизники. Демак, сиз яхши нотиқ ва моҳир воизсиз.

Шу ўринда партияларга сўз ва амал бирлиги муҳимлиги айтиб ўтишим керак. Ғоянгизни чиройли қилиб тушунтирдингиз, ваъдалар бердингиз. Марҳамат қилиб энди бажариб қўйинг. Амалий иш бўлмаса, маълум бир ғояга одамларни ишонтириб бўлмайди. Шарқ донишмандларидан бири айтганларидек:

“Фақат билим билан баландмас одам,

Аҳду вафо билан баланд-паст одам.

Сўзи билан иши бир бўлса агар,

Ҳар нарсадан азиз, муқаддас одам”.

 

— Бугун техника асрида раҳбарлар учун нотиқлик керакми?

Қайси соҳа, қайси жабҳада бўлмасин, қайси фандан дарс берилмасин, барчасининг ибтидоси, тадбиркорнинг ҳам, инноваторнинг ҳам, фермернинг ҳам, инженернинг ҳам, физик-у химикнинг ҳам алифбоси нутқ маданияти, нотиқлик санъати билан.

Шу боис таълимнинг калити нутқ билан, тарбиянинг калити хулқ билан бўлганидек мулоқот ва муомаланинг очқичи ҳам шулар билан. Нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлмаган инсонни комил инсон десак, адашамиз. Кимдир қопиб айтади, кимдир топиб айтади. Нутқинг хулқингнинг ойнаси, хулқинг нутқингнинг кўзгуси. Инсоннинг тийнатида миллатга, маънавиятга, маърифатга эътибори кучли бўлса, у шайдойи, фидойи ва фаол бўлади.

Ҳар қандай касаллик руҳиятдан танага кўчади. Тиббиёт кўпинча танани даволайди. Ваҳоланки, руҳиятнинг озиғи ва қозиғи, ёзиғи бу сўз, нутқ. Ана шуни ким қандай қандай қўллашига қараб туриб, унинг ўзлиги намоён бўлади. Шунинг учун инсоннинг ўзлиги учун кўзгу унинг сўзи. Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар, деган гап ҳам ҳуда-беҳуда эмас. Демак, кишининг икки оғиз сўзидан кейин унинг маънавияти, билими, характери, даражаси ойнадек равшан бўлади.

Бугун оммавий ахборот воситаларидан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Айтган сўзи учун тана ва дашномларга қолиб кетаётган раҳбарларни кўраябмиз. Раҳбарнинг бир оғиз сўзи, қўпол муомаласидан халқни кўнгли қолиши мумкин. Ундан кейин минг бор кечирим сўраманг, ўрнига тушмайди, уларни ўзингизга иситолмайсиз. Юзта афв битта хавфни енга олмаслиги мумкин.

Инсон қалбига нутқ орқали йўл топамиз. Ҳазрати Навоийнинг:

Тилга кучи ета олган – донишманддир,

Сўзга эрк берган – пасткаш нодондир

деган буюк ибораси асрлар оша халқимиз маънавиятининг юксак намунаси сифатида ҳар бир инсонга муносибдир. Халқ мақолида айтилади:  Яхши сўз – жон озиғи, ёмон сўз бош қозиғи.

Ободлик ҳам сўз билан, барбодлик ҳам сўз билан. Омонлик ҳам сўз билан ёмонлик ҳам сўз билан. Сўз ўлдиради, сўз кулдиради. Бунёдкор ва вайронкор ғоялар ҳам сўз билан. Нотиқлик жамоага муайян  фикрни, ғояни таъсирчан етказа олиш билан шуғулланувчи касб-ҳунар, фан, санъат, энг тўғриси, тақдир бу. Тарихга назар ташлайдиган бўлсангиз, шунинг учун ҳам воизларга осон бўлмаганининг гувоҳи бўласиз. Чунки, улар ўзим ва сўзим деб тузим ва тизим душманлари билан олишадиган одамлардир. Нотиқлик норозиликдан бошланади. Цицерон ва Демосфен тақдирида ҳам шундай бўлган. Айниқса, раҳбарлар нотиқ  бўлишлари зарур. Чунки, уларда етакчилик, эргаштирувчилик, бошқача айтганда, лидерлик, стратеглик қобиияти зарур бўлган. Шундагина ўз мақсадига, ғоясига ишонтира олишган. Нотиқлик — ишонтириш санъати. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир раҳбар ёки оддий мутахассис аҳоли билан бошқаларнинг иззат нафсига тегмасдан муомала қилишлари зарур. Муҳтарам Президентимиз бежиз адабиёт аҳлини, олим ва ёш ижодкорларни қўллаб қувватлаётгани, китобхонликка кенг урғу бераётганлари йўқ.  Бундан кейин ҳам ҳар қандай даврда ҳам инсонни ҳаракатга келтирувчи куч сўз бўлиб қолаверади. Нотиқлик ва сўз бу тарғиботчининг ноёб, шахсий қуроли. Ана шу қуролни фақат эзгулик мақсадида ишлатайлик.

  • Домла, фурсатдан фойдаланиб Сизни 60 ёшга тўлганингиз муносабати билан яна бир бор муборакбод этамиз. Самимий суҳбат учун ташаккур.
  • Раҳмат, миннатдорман. Ғоянинг байроғи, мафкуранинг маёғи, тажрибанинг таёғи, турмушнинг сабоғи, ақлнинг қайроғи бўлган нутқ маҳорати ва нотиқлик санъатига меҳри, уқуви устувор бўлган партия аъзолари доимо лидер ва етакчи бўла олади. Шу йўлда сизларга ҳам омад тилайман.

  Шуҳрат НАСИМОВ суҳбатлашди.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.