TAРИХ ТАҲЛИЛИ ВА ТАДҚИҚИГА ЯНГИЧА НАЗАР
Бугунги кунда ахборот олиш ва етказиш тезлиги шунчалик ривожланганки, инсон бир пайтнинг ўзида муайян воқеликка оид турли ёндашувларда талқин қилинган ўнлаб хабарларни симиради. Натижада, инсон онги бир-бирини инкор этувчи бир неча маълумотлар билан тўлиб бориб, аста-секинлик билан унинг ўз қатъиятидан чекинишига, кейинчалик эса қандайдир ахборот тарқатувчи кучлар таъсирига тушиб қолишига олиб келади. Бундайлар сонининг ортиб бориши эса, жамиятнинг ичдан емирилишига, инсонлар ғоявий курашувчанлигининг сўнишига, ишончсизлик ва мутаассиблик кайфиятининг пайдо бўлишига хизмат қилади. Оқибатда, миллат ва давлат мустақиллиги ҳам хавф остида қолади.
Келажакда бундай хавфга дучор бўлмаслик мақсадида, албатта олдиндан режали чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ҳамда керакли ишлар амалга оширилиши керак. Бундай чора-тадбирлардан энг муҳимларидан бири барча бўлажак мутахассисларга тарихнинг ўқитилишидир. Бу талабалар, яъни бўлғуси мутахассислар дунёқарашини, уларнинг жамиятда содир бўлган ва бўлаётган вазиятларга холис баҳо бериб, уни қиёсий таҳлил қила олиш, ғоявий ҳужумларга қарши тура олиш, ёритилган хабарлар ва улар талқинини теран мушоҳада эта олиш, ўрни келганда ўз сўзини асосли айта олиш маҳоратларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Қисқа қилиб айтганда, жамиятда курашувчан, ҳақгўй ва ватанпарвар йирик қатлам шаклланади. Шуни инобатга олган ҳолда, олий таълимнинг барча йўналишларида тарих фанининг ўқитилишининг муҳим эканлигини кўрсатувчи бир қатор сабаблар мавжуд.
Аввало, бой тарихимиз ва унинг асосида ривожланган тажрибаларга разм солинса, биз кимнингдир андозаларига кўр-кўрона мослашадиган, улар қандайдир йўлдан юриб, бирор ютуққа эришса, ўйламай-нетмай буни тўлиқ жорий қилиб, унга эргашиб кетадиган эмас, балки унинг устун жиҳатларини осон ва қулай тарзда ривожлантириб, халқимиз манфаатларига мослаб, янгича янада бойроқ андоза ва тажриба шакллантиришимиз керак. Аждодларимиз буни уддалай олган экан,биз ҳам буни қила оламиз,бунинг учун манқуртлашишга қарши курашиш керак.
Иккинчидан, агар илм-фанда улкан ютуқларга эришган аждодларимиз мероси ва фаолияти диққат билан ўрганилса, уларнинг тарихдан билимлари нақадар бой бўлгани ўз тасдиғини топади. Чунончи, буюк боболаримиз – қомусий олим Муҳаммад Хоразмийнинг этнография ва тақвимларга оид асари, тенгсиз Абу Райҳон Берунийнинг география, минерология ва бошқа соҳалардан ташқари “Ўтмиш халқлардан қолган ёдгорликлар«и ва »Ҳиндистон”и, улуғ астроном Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» ва бошқа намуналар дунё илм-фанида катта илмий мерос қолдирган аждодларимизнинг ўз бирламчи тадқиқот соҳалари билан бирга, тарихни ҳам яхши билганларига далолат қилади. Жумладан, дунё таниган боболаримиздан Алишер Навоий тарихнинг аҳамиятини қуйидагича баён этган эди: «Ҳукмдорлардан қай бири зулм отини сурдию, қай бири адолат билан донг таратди ва охири бундан нима ҳосил бўлганин тарихдан биламиз. Ўлкада нима обод бўлди, мамлакат нимадан тинчликка юз тутди? Ҳар бир шахснинг сифатида нимаю, нуқсонлари нима, ҳаммаси тарихда битилган». Аслида буни билиш учун ҳам тарихни ўқиш керакда.
Учинчидан, бугун биз дунёда етакчи ва тараққий топган деб таъриф берадиган мамлакатларда қайсидир маънода маълум йўналишлар номутахассис фанлар сифатида олий таълимда ўқитилмайди. Аммо бунинг натижасида шаклланаётган туйнуклар борган сари кенгайиб, жамиятни қорайтириб, ижтимоий муносабатларга, инсонийлик қадрияти ва омилларига кескин путур етказмоқда. Натижада, жамиятларда моддиятга интилиш кучайиб бормоқда. Бу эса, мутаносибликнинг издан чиқишига сабаб бўлмоқда.
Тўртинчидан, ижтимоий соҳаларни,хусусан, тарих ва адабиётни тўғри талқин қилиб ўргатиш келгуси авлоднинг нафақат тарих, балки мантиқ,фалсафа, сиёсатшунослик, жамиятшунослик, ижтимоий соҳалар, маданий жараёнлар,шаҳарсозлик,аҳоли турмуш тарзини енгиллаштириш ва бошқа соҳалар бўйича кенг дунёқарашга эга бўлиш ва маълумотлар эгаллаш имконини беради. Натижада, тайёр мутахассис ўз ҳамда ижтимоий соҳа муаммоларига тўғри ёндашиш, уларни англаш ва муаммоларни бартараф эта олиш салоҳиятига эга бўлади.
Бешинчидан, тарих фанининг тўғри ўқитилиши ватанпарвар қатламни шакллантириш ва улар сонининг ортишига, тажрибали ҳамда сергак мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади. Ўз тарихини билган мутахассис бирор юқори лавозимни эгаллаб, ҳамкорлик алоқаларида иштирокчи бўлса, у турли ўйинлар,алдамчи ҳаракат ва қадамларни англай олиш, ўз вақтида чоралар кўриш имконига ҳам эга бўлади. Чунки тарих тажрибани намоён этади.
Олтинчидан, ОТМ нинг номутахассис соҳаларида ҳам тарихни дахлдорлиги мавжуд. Яъни талабага ўзи эгаллайдиган ва унга ёндош соҳалар тарихи ўргатилса, бу унинг эгаллайдиган соҳадаги ютуқ ва муаммолар, уларнинг эврилиши, келгусидаги ютуқ ва хатарларни сеза олиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, солиқ соҳасида бўлажак мутахассисга солиқ ва иқтисод тарихи ўқитилса, унда бу соҳада кўникмалар бойишида, солиққа оид лойиҳа ва ҳужжатлар тайёрлаганда, у масалага тарихий тажрибадан келиб чиқиб, халқ розилиги ва давлат манфаатига мос таклифлар билдиради. Ёки, суғориш, деҳқончилик соҳасида таҳсил оладиган талабаларга шу тармоқ тарихи ва анъанавий тажрибалар шаклланиш босқичлари ўқитилса, тоғ-кон, кимё ва биология йўналишлари талабаларига соҳа тарихи, унинг энг қадимдан ҳозиргача ўзгариб келиши, тажрибалар, қадимги халқларнинг қандай табиий ва илмий омиллар асосида конларни ўзлаштириши, сув чиқариши, ҳосил, унумдорликни ошириши ўқитилса, бу уларнинг ортиқча куч сарфламай тажрибаларни ўзлаштириши, меҳнат унумдорлигининг ўсишига хизмат қилади. Бунинг учун,юқоридаги мазмунда содда ва изчил ёзилган дарсликлар талаб қилинади. Зеро, Исъҳоқхон Ибрат таъкидлаганидек, «…инсон анча-мунча бақадри илми башарият таворихидан билмак лабудда ўлмоқи маълумдир. Лоақал, киши ўз муваттин ерини билмак заруриётдандур».
Еттинчидан,аниқ ва табиий фан соҳалари иқтисодий тараққиёт ва рақобатбардошлик устуни бўлса, ақлу фаросат ўзаги тарихдир.Буларнинг бирини бошқасидан устун қўйиш бир кун жамиятни парокандаликка олиб келиши муқаррарлиги тарихда кўп бора ўз исботини топган. Зеро, «Тарих миллатимизнинг, ўтмишимизнинг тараққиётини ҳамда таназзулининг сабабларини ўрганадиган фандир» деган эди Абдурауф Фитрат.
Демак, олий таълимда тарих фанини ўқитиш юрт ва миллат борлиғи, тараққиёти учун курашга тайёрларни етказиб беришда тенгсиз омилдир. Қолаверса, менга тарих керак эмас, деб ҳар йили туғилган кун нишонлайдиганлар ҳам ўзи хоҳламасада, тарихга мурожаат қилади.
Воҳид ХОЛОВ,
Тарих институти катта илмий ходими