9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

СОҲИР ОВОЗ СОҲИБИ   

notiq.uz > Турли мавзуда  > СОҲИР ОВОЗ СОҲИБИ   

СОҲИР ОВОЗ СОҲИБИ   

                                                                            Таваллудининг

                                                                             100 йиллигига      

     Уҳақда кўплаб афсоналар юрарди. Немис раҳбарияти боши учун 250 минг марка ваъда қилган, жанговар ҳаракатларда иштирок этмаса-да, биринчилардан бўлиб Ғалаба орденини олган – шу киши. Гитлер билан Геббельснинг шахсий душмани, собиқ Совет Иттифоқининг биринчи хизмат кўрсатган сухандони, кейинчалик эса халқ артисти бўлган киши ҳам – шу. Уруш бошланганлиги тўғрисида бутун мамлакатга у эълон қилди ва тўрт йил давомида  «Совет информбюроси»дан  мунтазам эшиттиришлар олиб борди. Бугун бутун дунёга маълуму машҳур «Совет халқининг немис босқинчиларига қарши олиб борган Улуғ Ватан уруши ғолибона якунланди» деган сўзлар унинг лабларидан учган эди. Ҳа, Юрий Левитан – даврининг буюк овози эди.

Юра (асл исми Юдка) 1914 йил 19 сентябрда (янги ҳисоб билан 2 октябрда) Россиянинг Владимир шаҳрида еврей оиласида дунёга келди. Отаси Борис Семенович (Бер) Левитан артелда тикувчи, онаси уй бекаси эди. Отаси ўғлининг инженер бўлишини хоҳларди. Юрий эса опера қўшиқчиси бўлишни орзу қиларди. Болалигидан жарангдор товуши учун уни  ўртоқлари  «Юрка труба» деб чақиришарди. Айтишларича, ўйинқароқ болалар ўйинга берилиб, сал хаяллаб қолгудек бўлишса, уларнинг оналари Юркадан болаларининг исмини айтиб чақириб беришини илтимос қилишаркан. Юрка, масалан, «Ва-а-ся! (Миша, Толя ва ҳоказо) Уйга-а!» дея бақирганида овози гўё микрофондан чиққандай гумбурлаб  чиқар ва узоқ-узоқларга эшитиларди.

Юра мактаб бадиий тўгаракларида қатнашар, хор таркибида куйлар, ҳаваскорлар томонидан қўйиладиган саҳна асарларида роллар ўйнарди.

1931 йилда 9-синфни битирганидан кейин Юрий Москвага келиб кинематография институтига кирмоқчи бўлди, лекин кўриниши кўзга яқин эмаслиги ҳамда ҳадеб владимирликларча «ў»лайвергани учун уни ўқишга қабул қилишмади. Уйга қуруқ қайтиш – уят, у бир неча муддат Москва бўйлаб саргардон кезди, тирикчилик ўтказиш учун вагонлардан юк туширди. Энди ҳаммасидан умидини узиб турганида, кўзи тасодифан радиодикторлар танлови ҳақидаги эълонга тушиб қолди. У бу касб ҳақида ҳеч нарса билмасди, бироқ кимдир «бу ҳам артистга ўхшаган гап-да» дегач, Юрий танловга боришга қарор қилади. Бу ерда ҳам котиба: «Тилинг волгаликларники, шевада  гапирар экансан, Москва услубидан йироқ», дея «велосипед» кўзойнак таққан ва оёғига резина тапочка, устига эса ранги ўнгиган майка кийган бу болани ниятидан қайтармоқчи бўлади-ю, лекин барибир рўйхатга тиркаб қўяди. Унинг фамилияси рўйхатда… тўққиз юзинчи эди…

Машҳур МХАТ артисти Василий Качалов аъзолигидаги қабул комиссияси нутқидаги нуқсонига қарамасдан, уни Радиокомитет амалиётчилари гуруҳига қабул қилди. Амалиётчи талаба нафақат ўқир, ўқиш билан бирга, ҳар хил юмушларни ҳам бажариши  лозим эди. Юра ҳам электрик ёрдамчиси бўлиб ҳисобланар ва дастлабки кунлари ҳар хил пластинкалар билан тўла мусиқа хоначасида истиқомат қиларди.

Энг асосийси, Юрий талаффузи устида тинимсиз ишлагани туфайли (у сўзларни аниқ талаффуз қилиш мақсадида ерда боши билан турганча машқ қиларди) ўз нутқидаги камчиликни бартараф эта билди. Тез орада Юрага унча катта бўлмаган хабарларни ўқиб эшитиришни ҳамда граммофон ёзувидаги концертларни олиб боришни топшира бошлашди. Бироқ бу эшиттиришлар дикторнинг нутқини ҳисобга олган ҳолда тунги вақтларда эфирга узатиларди.

Табиат ҳар қанча истеъдод ато этган бўлмасин, агар Сталин бўлмаганида, ёш Юрийнинг тақдири бутунлай ўзгача кечган бўларди. Кўпинча кечалари ишлайдиган Сталин бир куни тунда нотаниш диктор тилидан «Правда» газетаси бош мақоласини эшитиб қолади ва дарҳол Радиокомитетга сим қоқиб, партиянинг эртага очиладиган XVII съездида ўқиши лозим бўлган маърузасининг матнини «мана шу овоз» ўқиши лозимлигини айтади.

Вазифа жуда шарафли, шунинг билан бирга, ўта хавфли ҳам эди: арзимаган нуқсон учун, дейлик, ўн йиллик лагерь тайин эди. Аммо Худо раҳм-шафқат қилди: беш соатлик маъруза матни Левитан томонидан ҳеч қандай хато ва камчиликсиз ўқиб эшиттирилди. Бунинг натижаси эса тезда аён бўлди: ўн тўққиз яшар Юрий Левитан совет радиосининг бош диктори бўлиб қолди.

1934 йилдан бошлаб Сталиннинг барча маърузалари эфирда айнан Левитан тилидан жаранглай бошлади. Кейинроқ эса Никита Хрушев ҳам халқ билан Левитанннинг овози орқали «мулоқотда» бўлди. Бир марта қайсидир партия пленумида у шундай дейди: «Мен, албатта, Левитан сингари машҳур нотиқ эмасман, бироқ бугун маърузани менинг ижромда тинглашингизга тўғри келади».

Собиқ Совет Иттифоқида миллионлаб кишилар учун урушнинг ҳар бир куни Совинформбюро маълумоти билан, демак, Левитаннинг овози билан бошланарди. Дастлабки йиллари булар қувончсиз ва ҳеч қандай ҳис-ҳаяжонсиз ахборотлар  эди:  ҳар  куни  чекинишлар,  минглаб жангчиларнинг асирга тушгани, ташлаб чиқилган шаҳарлар… Булар ҳақда гапириш қанчалар оғир ва қийин эди. Ҳа, биринчи ғалаба ҳақидаги хабар, биринчи салют барча учун жуда орзиқиб кутилган воқеа бўлди!

Тез кунда халқ Левитан номини Салютан деб ўзгартирди, у шошиб ишга бораркан, болалар орқасидан: «Салют қачон?!» дея бақириб қолишарди. Халқ орасида ҳатто латифалар ҳам пайдо бўла бошлади. Гўё Сталиндан сўрашибди: «Ғалаба қачон?». «Доҳий» бирпас ўйланиб тургач, дебди: «Левитан айтган куни – ғалаба».

Урушнинг биринчи куниданоқ Юрий Левитан Германия душманига, Гитлернинг эса шахсий рақибига айланди. Уни тириклайин Берлинга олиб келган кишига 250 минг марка ваъда қилинган эди. Уруш бошида Германиянинг ғалаба қозонишига шубҳа қилмаган Гитлер ўз ғалабаси ҳақида дунё аҳли айнан Левитаннинг тилидан эшитишини жуда-жуда хоҳларди. Фашистлар Совет Иттифоқининг №1-рақамли сухандонини ўғирлашнинг иложи йўқлигини фаҳмлагач, уни йўқотиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 1941 йил ёзда Радиокомитет ҳовлисига ярим тонналик бомба келиб тушди ва немис радиоси шоша-пиша «Большевиклар радиомаркази йўқ қилинди! Левитан ўлдирилди!» дея ахборот тарқатди. Бироқ гитлерчилар подадан олдин чанг чиқаришган эди: бомба тасодиф туфайли канализация қудуғига келиб тушган ва портламасдан қолган эди. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас эфирда яна Левитаннинг овози жаранглай бошлади.

Фронтнинг олдинги линияларида радиокарнайлар ўрнатиларди. Улардан Левитаннинг овози «ҳар етти секундда битта немис аскари ҳалок бўлмоқда» дея эълон қилиб турарди. Хабардан сўнг эса окоплар узра танго мусиқаси чалинар ва  жангчиларимиз қайта ҳужумга ўтишарди. Левитан фронтдан хатлар ола бошлади. Уларда жангчилар: «Олға босяпмиз. Товушингизни асранг, ҳали сизга иш роса кўпаяди!» деб ёзишарди. Левитаннинг баритонини (тенор билан бас оралиғидаги эркаклар товуши  ‒  тарж.) афсонавий «катюша» залпига ёки бахмалга ўралган темирга ўхшатишар, овоз-бонг деб аташарди…

1941 йилнинг кузида Левитан диктор О.С.Висоцкая билан бирга Свердловск (ҳозирги Екатеринбург) шаҳрига эвакуация қилинди. Бу пайтга келиб пойтахтдан хабар тарқатиш техник жиҳатдан  имконсиз – барча радиоминоралар душман самолётлари учун нишон бўлмаслиги учун бузиб олинган эди.

Урал студияси ертўладаги бинода жойлашган бўлиб, дикторнинг ўзи шу атрофдаги баракда тўлиқ яширин ҳолатда истиқомат қиларди. Радиочиқишлар ҳақдаги маълумотлар телефон орқали келар, сигналлар мамлакат бўйлаб ўнларча радиостанциялардан  тарқатилгани  боис  душман  бош радиотармоқни аниқлай олмасди. Диктор ўз ишидан ташқари, ушбу студияда монтаж қилинаётган ҳужжатли фильмларга ҳам овоз берарди.

Левитанни  давлат  даражасида  қўриқлашар,  «мамлакатнинг бош овози» куну тун НКВД ходимлари назорати остида бўлиб, бирон-бир хавф туғилганда қўриқчилар огоҳлантиришсиз  ўт очиш ҳуқуқига эга эдилар. Нацистлар катта пул тиккан кишининг  ташқи  кўриниши қандайлигини билиб қолмасликлари учун бу ҳақда матбуотда ёлғон маълумотлар тарқатиларди. 1943  йил мартда Левитанни яширин равишда Радиокомитет жойлашган Куйбишев шаҳрига олиб ўтишди. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам орадан чорак аср ўтгачгина ошкор этилди.

1945  йил майда рейхстаг устида ғалаба байроғи ҳилпиради. Табиийки, ғалаба ҳақидаги хабарни Левитан ўқиши лозим эди. Мана унинг бу ҳаяжонли тарихий воқеа ҳақидаги хотиралари:

«1945 йил 9 майда менга Германиянинг сўзсиз таслим бўлганлиги ҳақидаги актни ўқиш бахти муяссар этди. Бир кун олдин кечқурун Радиокомитет раиси Алексей Александрович Пузин билан иккаламизни Кремлга чақиришди ва Олий бош қўмондоннинг фашистлар Германияси устидан ғалаба тўғрисидаги буйруғини топширишди. Уни 35 минутдан кейин ўқиш лозим эди. Бундай хабарлар ўқиладиган радиостанция Кремль яқинида, ГУМ биносининг орқасида жойлашган эди. У ерга бориш учун Қизил Майдонни кесиб ўтиш лозим бўларди. Бироқ қаршимизда сон-саноқсиз одамлар оқими. Милиция ҳамда аскарлар ёрдамида бир амаллаб беш қадамча силжий олдик, холос. Бундан нарёғига ўтишнинг ҳеч бир имкони йўқ эди.

– Ўртоқлар, – дея қичқираман, – ўтказиб юборинг, биз иш билан кетяпмиз!

Бизга жавобан дейишади: «Қанақа иш бўлиши мумкин! Ҳозир радиодан Левитан ғалаба ҳақидаги буйруқни ўқийди, салют бўлади. Ҳамма қатори тек туриб эшитинг ва томоша қилинг!». Жуда ўринли маслаҳат…

Лекин нима қилиш керак? Агар тағин бир амаллаб илгарилайдиган бўлсак, одамларнинг қалин даврасига тушиб қоламиз ва у ердан чиқиб кетишнинг мутлақо имкони бўлмайди. Шу пайт бир нарса жонимизга оро кирди: ахир Кремлда ҳам радиостанция бор-ку! Матнни ўша ердан ўқиса ҳам бўлади!

Орқага қараб чопдик ва шоша-пиша комендантга вазиятни тушунтирдик. У қўриқчиларга Кремль йўлаклари бўйлаб чопиб бораётган икки кишини тўхтатмаслик тўғрисида буйруқ берди. Ниҳоят, мана радиостанция. Пакетларнинг сургучли муҳрларини бузамиз ва матнларни оламиз. Соат 21 дан 55 дақиқа  ўтмоқда.  «Москвадан  гапирамиз. Фашистлар  Германияси яксон қилинди»…

      Урушдан кейин Левитан бутун дунёга маълуму машҳур бўлиб кетди. Ахир Ернинг биринчи сунъий йўлдоши ‒ космик эранинг бошланиши тўғрисида у хабар берди. Жаҳонда биринчи «Ленин» атом музёрарининг сувга туширилгани   ҳақида ҳам дунё аҳли Левитан тилидан эшитди. Шунингдек, Левитан давлат хабарларини ўқиди, Қизил майдондан, Съездлар саройидан репортажлар олиб борди, фильмларга овоз беришда иштирок этди. Иттифоқ радиосида «Фахрийлар гапирадилар ва ёзадилар» («Говорят и пишут ветераны») эшиттиришига бошловчилик қилди. Мутахассисларнинг ҳисоблашларича, у бир минутда 108 сўз сўзлаган. Ва бутун умри мобайнида 60 мингдан ортиқ радиоэшиттиришлар олиб борган.

Мамлакатда оммавий телекўрсатувлар берила бошлагач, халқ ўзи севган дикторининг нафақат овозини эшитиш, балки ўзини кўриш бахтига ҳам муяссар бўлди. Левитан 1965 йилдан то умрининг охиригача «Бир дақиқалик сукут» («Минута молчания») телекўрсатувида матнлар ўқиди. Юрий Левитан иштирокидаги сўнгги кўрсатув 1983 йилнинг июлида ёзиб олинди. Бу «Эсингдами, ўртоқ?» («Ты помнишь, товарищ?») кўрсатувининг навбатдаги қисми эди.

ЮрБорнинг (уни ҳамкасблари ва яқин дўстлари шу ндай деб чақиришарди) шахсий ҳаёти эса изга тушмади. У 1936 йилда уйланди. Бироқ хотини Раиса ўн бир йилдан кейин қизи Натальяни эрига қолдириб, ўзи ҳарбий академиянинг офицерига тегиб кетди ва у билан Германиядаги совет қўшинлари гуруҳига йўл олди. Левитан кичкина қизчаси ҳамда қайнонаси билан Горький кўчасидаги икки хоналик квартирада шу кўйи истиқомат қилди. У бошқа уйланмади, лекин биринчи хотини билан яқин алоқасини то умрининг охиригача узмади. Қизи Наташа катта бўлгач, турмушга чиқди ва бахтиёр ҳаётидан ўғил кўриб, отини катта бувасиникига ўхшатиб Борис қўйди. Левитан невараси Борисни жуда яхши кўрар ҳамда у билан доим фахрланарди.

Афсуски, буюк кишиларнинг фожиаси ҳам буюк бўлади, деганлари рост экан. Нотиқнинг қизи Наталья Сударикова 2006 йилда квартирасида ўз ўғли томонидан ўлдирилди. Борис руҳий хаста деб топилди ва мажбурий даволаниш учун жўнатилди. У 6 йиллик даволанишдан сўнг озодликка чиқди. Орадан бир неча йил ўтгач, 2013 йилнинг 19 апрелида унинг жасади Серебряний Бордан топилди. Юрий Левитаннинг эвараси Артур Судариков эса таниқли дастурчи ва веб-дизайнер бўлиб етишди…

Ю. Левитан биринчи ғалаба салюти хотирасига ҳар йили қачонлардир Курск жанги кечган Прохоревск даласига келар, уруш фахрийлари билан учрашиб, тантанали митинг ва концертларда чиқишлар қиларди.

У 1983 йил 4 августда Белгород ва Орел шаҳарлари озод қилинганининг 40 йиллигига бағишланган маросимда нутқ сўзлаётиб, юраги тўхтаб қолиши натижасида вафот этди. У ҳақиқий жангчилардек олдинги линияда ҳалок бўлди, умрининг сўнгги нафасигача ўз овози билан жангга бошлаганлар ёнида қолди.

Афсонавий диктор Москвадаги Новодевичье қабристонига дафн этилди. Бироқ Юрий Левитан овози миллионлаб инсонлар учун бутун бир давр тимсоли сифатида ҳамон яшаб келмоқда.

Сухандоннинг буюк хизматлари давлат томонидан муносиб баҳоланди. Унга сухандонлар ичида биринчи бўлиб хизмат кўрсатган, кейинроқ эса халқ артисти унвонлари берилди (1980), бир қанча орден ва медаллар билан тақдирланди. 1985 йилда, Ғалабанинг 40 йиллиги арафасида Владимир шаҳридаги ўзи туғилиб ўсган кўчага Диктор Левитан номи қўйилиб, мемориал лавҳа ўрнатилди.

Рус матбуоти асосида

Карим ҚЎЧҚОР тайёрлади.

                                                                                          2014. 

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.