ЎҚУВЧИЛАРНИ ОНА ТИЛИ ТЎГАРАКЛАРИГА ҚИЗИҚТИРИШ СИРЛАРИ
Умурзоқова Наргиза Абдурашид қизи
Тошкент вилояти Тошкент тумани
5-умумтаълим мактаби
Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси
Аннотация. Ушбу мақоламизда ўқувчиларни она тили тўгаракларига жалб қилиш, уларни она тилига ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш сирлари ҳусусида бир қанча ҳаётий тажрибаларимиз ҳусусида сўз юритилади.
Калит сўзлар: мактаб, тўгарак, ўқувчи, метод, қобилят, ютуқ, нутқ, кўргазма, тарқатма, машғулот, она тили, ўзлаштириш, ижод, имконият.
Инсоннинг илмга бўлган чанқоқлигини қондирувчи биринчи зиё чашмаси бу албатта умумтаълим мактабларидир. Мактабда ўқувчи шахс сифатида шакллана бошлайди. Ундаги барча иқтидор ва қобилятлар барқ уриб, ўзини намоён қилади. Шу боис ҳам биз устозлардан нафақат дарсларни, балки тўгаракларни ҳам катта эътибор ва масъулият билан ташкил этиш талаб этилади.
Республикамиз мустақилликка эришгандан кейинги йилларда таълимни ислоҳ қилиш бўйича кўпгина қарор ва қонунлар қабул қилинди. Уларда ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиш вазифалари ҳам етарлича ўз ифодасини топмоқда. Бунга Халқ таълими вазирлигининг 2002 – йил 10– октябрдаги 153–сонли буйруғи асосида ўқувчиларни тўгарак ишлари орқали касб–ҳунарга йўналтириш тизимининг такомиллаштиришнинг янги консепсияси ишлаб чиқилди. Бу эса ўз навбатида боланинг айни шаклланаётган даври, мактаб чоғларида турли касблар билан таништириб бориш ва боланинг қизиқишлари асосида касбга йўналтиришни тақазо этади. Бизнинг она тили тўгарагимизда ўқувчиларда суҳандонлик, нотиқлик, актёрлик, журналистика касбларига қизиқиши бор болаларга ўзлари ёқтирган соҳа бўйича қобилятларини тарбиялаб бориш имкони беқиёсдир. Эътиборга молик жиҳати шундакаи, она тили ва адабиёт тўгаракларида боланинг қизиқишларидан ташқари унинг руҳияти етуклик сари интилади ва ватанпарварлик, инсонпарварлик руҳида тарбияланади.
Бизга маълумки, юқори синф ўқувчилари фанлар доирасида ташкил қилинган тўгаракларга иҳтиёрий тарзда иштирок этадилар. Қайси тўгаракда кўпроқ ўқувчи иштирок этишни истаса шу тўгарак ташкилий жиҳатдан мукаммал ва қизиқарли ҳисобланади. Сабаби бола бир-биридан кўрган ва эшитган нарсасига албатта қизиқиш билдирмай қолмайди. Шу боис бугун сиз билан она тили ва адабиёт тўгаракларига қандай қилиб ўқувчиларнинг қизиқишлари ошишига эришиш сирлари билан ўртоқлашамиз.
Ҳар бир ўқитувчи ўз фани доирасида ташкил этаётган тўгарагада кўплаб аълочи ўқувчилар билан бир қаторда ўзлаштириши бироз орқада қолаётган ўқувчилар билан ҳам бирдек иш олиб боришга мажбур. Сабаби биз тўгаракларни икки турга ажратиб ўз навбатида бироз хатога йўл қўйдикми деб ўйлаб қоламан. 1993-1995-йиллар чамаси таълим соҳасида янгилик сифатида аълочилар, ўртача ўзлаштирувчилар ва паст ўзлаштирувчилар синфлари ташкил қилинган. Бу иш ўзини оқламагани таълим тарихида кўрга ҳасса каби намоён бўлиб турибди. Ўқувчи зоти борки ҳеч қачон ўзи ривожланиб қолмайди. Унинг ривожланишига ўқитувчининг маҳорати ҳам кор қилмаслиги мумкин. Ахир тасаввур қилинг бир хонага бўш ўзлаштирувчиларни йиғиб олиб замонавий усулда тўгарак ташкил қилдик дейлик. Гуруҳимиздаги барча болаларда бўшлиқлар кўплиги боис бир –бирига шу тариқа таъсир кўрсатади. Агар шу гуруҳимизда айтайлик 20 фоиз бола иқтидорли бўлса, иқтидорли болаларнинг иқтидори, ижод маҳсули ўз –ўзидан бўш ўзлвштирувчиларда ҳавас уйғотади ва болада интилиш, ижод қилишга иштиёқ намоён бўла бошлайди. Ҳамма ривожланишларнинг отаси рақобатдир. Рақобат бор жойда албатта ривожланиш ҳам бўлади. Шундай экан мен сараланмаган гуруҳларда ишлашни афзал кўраман. Ҳазратим Мир Алишер Навоий ҳам “Некин ўз қошингда эрур нораво, Улусқа они кўрма асло раво”, -деб бежиз айтмаганлар. Биз бўш ўзлаштирувчиларни бир гуруҳ қилиб, улар билан босқичма босқич иш олиб борган ҳолда сифат – самарадорликни ошишига умид қиламиз. Лекин мана икки йилдирки тажрибамдан маълум бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар учун ташкил этилган тўгарагимда фақат турғунликни кўряпман. Қанча замонавий таълим усулларидан фойдаланмай барибир болаларда онқадар юксалиш сезилмайди. Авваллари эса аралаш гуруҳларда ишлаш жуда қизиқ эди. Нима учун дейсизми, ўқитувчига бўш ўзлаштираётган ўқувчисини кундан кунга юксала боришини кўришданда ортиқроқ бахт борми ўзи.
Аълочи ўқувчига дейлик ватан ҳақида кичик матн туздирдик. Бу матнни албатта кўнгилдагидек матн бўлишига шубҳа йўқ. Сабаби унинг муаллифи иқтидорли, аълочи ўқувчи. Бу матнни эшитиб ўтирган шу хонадаги бўш ўзлаштирувчи ўқувчида ҳам ўз –ўзидан ҳавас ва рақобат туйғулари жўш уради ва у аввалги матндан ҳам сермазмун матн тузишга интилади. Шу тариқа бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларни иқтидорли ўқувчилар билан бирга гуруҳлаш жоиз деб биламан.
Мана яна бир мисол. Замона зайли билан онлайн дарслар ташкил қилинди. Бу дарсларни ташкил қилиб, минглаб ўқувчини сабоқлардан баҳраманд қилиш қайсидир маънода осон бўлгани йўқ. Лекин албатта ўқитувчи билан жонли мулоқотнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмаслиги қайсидир маънода намоён бўлди. Бу жараёнлларда бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларда бироз ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдим. Телеграм тармоғида синф доирасида ташкил қилинган гуруҳларга барча фан вазиқалари расм кўринишида ўқувчилар томонидан ташланди ва ўқитувчилар ҳар бир ўқувчининг вазифасини дарс бўлган куни текшириб баҳолаб беришлари керак эди. Иқтидорли ўқувчилар вазифа ташлаганидан сўнг бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар қандай бўлса шундайлигича кўчириб олишни одат қилдилар. Устозлар томонидан эътирозга учраган бу уринишлари бироз ўтмай ижобий тус олди. Бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар вазифаларни айни кўчириб олмай ўз фикрлари билан бойитишни, ишга ижодий ёндошишни ўргандилар. Бу эса ўз навбатида ўқувчида ижодий фикрллашга туртки бўлди. Шу билан бир қаторда ёзма нурқнинг ўсиши, тафаккурнинг кенгайишига замин яратилди деб ўйлайман. Албатти бўндай ижобий ўзгаришларга жонкуяр устозларимизнинг мақтовлари моя бўлди деб ўйлайман. Нафақат синфдоши балки шу синфда ўқийдиган ҳар бир боланинг ота –онаси кириб танишиб чиқиши мумкин бўлган гуруҳда мақтовларга сазовор бўлишни ким истамайди дейсиз. Кун келиб, вазият яхшиланиб, яна ҳаёт изга тушганида ҳам мана шу телеграм тармоғи орқали ташкил қилинган гуруҳлар фаолиятини сақлаб қолган ҳолда, барча фан ўқитувчилари томонидан ўқувчиларнинг олган баҳолари, дарсда ўзини тутишидан тортиб билим олиш даражаси юксалаётгани ёки пасаяётгани ҳақида ота –оналарга маълумотлар етказиб турилса ўйлайманки паст ўзлаштирувчи ўқувчилар гуруҳига барҳам берган бўлар эдик.
Ўз тажрибамдан келиб чиқиб шуни айта оламанки, юқори синф ўқувчиларини тўгаракларга жалб қилишда албатта уларнинг ёш жиҳатларини инобатга олганимиз мақсадга мувофиқ. Сабаби 5–7– синф ўқувчиларининг қизиқишлари бир–бирига монанд бўлса, 8–11 синф ўқувчиларини кўпроқ олий ўқув юртларига кириш қизиқтиради. Шу боис уларни тестларга қизиқарли тарзда йўналтирган маъқулроқ.
Келинг аввал 5–7– синф ўқувчиларини она тили тўггарак мағулотларига қизиқтириш усулларини кўриб чиқамиз. Энг аввал йиллик режада замонавий технологиялардан моҳирона фойдаланишни йўлга қўйиш ва бу усуллар ҳақида ўқувчиларни бироз хабардор қилган маъқул. Бу ёшдаги ўқувчилар учун мусобақа дарсларини тез–тез ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Албатта ҳар бир мусобақа дарсларидан сўнг ўзига яраша рағбатлантириш усулларидан фойдаланиш зарур. Масалан тўгарак учун алоҳида кундалик ташкил қилиб, шу кундаликка тўгаракда қўлга киритилган баҳоларни мунтазам қўйиб бориш, баракалла, ота–онангга раҳмат усулларидан фойдаланиш рағбатлантиришнинг энг яхши усулларидан бири ҳисобланади. Ҳар чорак якунида тўгарак аъзолари ўртасида 5 баҳоларни санаб, кимнинг 5 баҳоси кўп бўлса ўша ўқувчига ташаккурнома тақдим этиш эса йил давомида тўгарак аъзоларининг узлуксиз тўгаракда иштирок этишларини таъминлаб беради. Йил оҳирида 4та ташаккурнома йиғган ўқувчининг ота–онасига тўгарак раҳбари томонидан ташаккурнома йўллаш ва ўқувчига фаҳрий ёрлиқ билан бир қаторда бадиий адабиёт яъни китоб ҳадя этилиши ўйлайманки барча ўқувчилар учун қизиқарлидир. Гап китобда эмас, гап китобни ким қўлга кирита олишида десак болалар янада фаоллашадилар. Сабаби китоб олиш бугунги кун ўқувчилари учун муаммо эмас. Қайси асарни ўқишни истаса албатта ота–онаси олиб беради. Аммо гуруҳда ҳаммадан эпчил, чаққон ва зукколигини исботлаш ўқувчиларда кўпроқ қизиқиш уйғотади.
Йил бошида тўгарак доирасида мусобақа дарсларидан “Ким кўп сўз айта олади”, “Алфабит сўзлар занжири”, “Ким маънодош сўзлардан унумли фойдалана олади”, “Шаклдош сўзлар занжири”, “Зид маъноли сўзлар макони”, “Ким қўшма сўзлардан унумли фойдалана олади”, “Жуфт сўзлар жонланганда”, “Синтактик эртак ёзамиз”, “Тиниш белгилари оиласида” кичик матн тузиш мусобақаси, “Гап аканинг оиласи” кичик ҳикоя тузиш мусобақаси, “Гап бўлаклари бирлашганда”, “Сўз туркумлари сулоласига мурожаат”, “Қувноқ қўшимчалар” каби бир қатор мусобақа машғулотлари тўгарак аъзоларида катта қизиқиш уйғотиши табиий. Айниқса ўқув йили оҳирида ёки ҳар чоракда бир маротаба “Қоидалар марафони”ни ташкил қилиш ва унда ҳар сафар шартларнинг ўзгариб бориши ўқувчиларни ипсиз тўгаракка боғлаб қўйишига ўз тажрибамда кўп бора гувоҳ бўлганман.
Энди ҳар бир мусобақа машғулотларига алоҳида тўхталиб ўтамиз. “Ким кўп сўз айта олади” мусобақасида тўгарак ўқувчиларига тарқатмалар орқали турли тўпламлар номи танлаб олиш имконияти орқали тақдим этилади. Ҳар бир ўқувчи танлаб олган тўпламига оид сўзларни тўхтаб қолмасдан айтиши керак бўлади. Ким тўхтаб қолса ўйиндан чиқади. Қолганлар эса яна тўпламлардан бирини танлаб олиб, яна сўз айтишда давом этадилар. Мусобақа шу тариқа давом этади. Машғулот оҳирида қайси ўқувчи кўпроқ тўпламларга оид сўзларни топган бўлса муносиб рағбатлантирилади.
“Алфабит сўзлар занжири” мусобақа дарсида ўқувчилар ўтирган жойларида алфабит тартибида сўзлар айтиб кетаверадилар. Ким сўз топа олмаса мусобақа майдонини тарк этади. Қолганлар сўз айтишда давом этадилар. Бу жараён жуда узоқ давом этиши мумкин. Агар машғулот учун ажратилган вақт ниҳоясига етадиган бўлса тўгарак раҳбари томонидан мусобақага якун ясалади ва сўз айтишда давом этаётган ўқувчиларнинг бари ғолиб деб эълон қилинади.
“Ким маънодош сўзлардан унумли фойдалана олади” мусобақа дарси аввалида тўгарак раҳбари маънодош сўзлар ҳақида хабар бериб ўтади. Сўнг биргаликда маънодош сўзларга мисоллар айтилади. Тўгарак аъзолари 3 ёки 4 гуруҳга бўлиб олинади ва бир сўзнинг маънодошлари билан номланадилар. Гуруҳларни номлаш албатта ўқувчилар иштирокида амалга оширилади. Сўнг ҳар бир гуруҳ танлаб олинган сарлавҳа асосида кичик матн, ҳикоя ёки эртак тузишлари ва унда маънодош сўзлардан унумли фойдалана олишлари зарур. Гуруҳлар албатта маънодош сўзларни қўллай олиш маҳоратлари асосида баҳоланадилар. Машғулот сўнгида ҳар–бир гуруҳ иши таҳлил қилиб олинади ва гуруҳлар баҳоланадлар.
“Шаклдош сўзлар занжири” мусобақа машғулоти ҳам “Алфабит сўзлар занжири” мусобақа машғулотлари сингари ташкил қилинади. Фақат энди алфабит ҳарфлари билан бошланадиган сўзлар ўрнига шаклдош сўзлар айтилади. Бу жараёнда ҳам ким сўз топа олмаса мусобақа майдонини тарк этади. Қолганлар сўз айтишда давом этадилар. Бу жараён жуда узоқ давом этиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда тўгарак раҳбари томонидан мусобақага якун ясалади ва сўз айтишда давом этаётган ўқувчиларнинг бари ғолиб деб эълон қилинади.
“Зид маъноли сўзлар макони” мусобақа машғулоти бошқа машғулотлардан фарқли ўлароқ тарқатмали воситаларга таянади. Тўгарак хонаси “Зид маъноли сўзлар макони” деб олинади. Турли тарафларга зид маъноли сўзлар ёзилган тарқатмалар яшириб қўйилади. Тўгарак раҳбари машғулотни эртак тарзида бошлаб беради. Тўгарак аъзолари бирма- бир зид маъноли сўзлар ёзилган тарқатмаларни топадилар ва эртакни келган жойидан ўзлари топган зид маъноли сўзларни мазмунан мослаб қўллаган ҳолда давом эттиришлари керак бўлади. Бу жуда қизиқарли жараён. Ким зид маъноли сўзни мазмунан мослаб гап туза олмаса ўйиндан чиқади. Машғулот шу тариқа давом этади. Ғолиблар албатта рағбатлантириладилар.
“Ким қўшма сўзлардан унумли фойдалана олади” мусобақа машғулоти ҳам турли кўринишда ташкил қилиниши мумкин. Масалан эртак, ҳикоя ёки матн тузиш шаклида ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Бунда тўгарак аъзоларини гуруҳларга бўлиб олиш ҳам, якка тартибда беллаштириш ҳам мумкин. Беллашув аввалида албатта тўгарак раҳбари томонидан қўшма сўзлар ва уларнинг имлоси ҳақидаги маълумотлар эслатиб ўтилади.
“Жуфт сўзлар жонланганда” мусобақа машғулотида тўгарак аъзолари жуфт сўзлар ва уларнинг имлоси ҳақидаги маълумотларга эга бўлганидан сўнг, келишилган ҳолда иккита–иккитадан жуфтлашиб жуфт сўзларни ҳосил қилиб оладилар. Сўнг ўзлари ҳақида маълумотлар берадилар. Масалан катта–кичик жуфт сўзини олайлик. Ушбу жуфт сўзни ташкил қилган икки тўгарак аъзоси ўртага чиқиб биз катта–кичикмиз. Биз барча деган маънони билдирамиз. Биздан нутқда жуда кўп фойдаланадилар. Мажлисга нима бўлар экан деб катта–кичик аста секин кириб кела бошлади. Бу гапда биз бошлиқлар ҳам, оддий ишчилар ҳам деган маънони билдириб келяпмиз… мусобақа шу тариқа барча жуфт сўзларнинг таснифи орқали давом этади. Машғулот сўнгида қайси жуфт сўзлари чиройли нутқ сўзлаган бўлсалар ғолиб деб топиладилар.
“Синтактик эртак ёзамиз” мусобақа машғулотида синтаксис ҳақида маълумотга эга бўлган ўқувчилар ўзлари тенг кишилик гуруҳларга бўлиниб олган ҳолда эртак ёзадилар. Эртакда албатта синтаксис бўлимининг таркиби ҳисобланган атамалар эртак қаҳрамонлар жамоасини ташкил этишлари лозим. Кимнинг эртаги қизиқарли ва сермазмун чиқса ўша гуруҳ ғолиб деб топилади.
“Тиниш белгилари оиласида” кичик матн тузиш мусобақасида тиниш белгилари оиласига саёҳат уюштирилади. Бунда тўгарак аъзолари икки гуруҳга бўлинадилар. Биринчи гуруҳ тиниш белгилари оиласи аъзолари бўлса, иккинчи гуруҳ сайёҳлар гуруҳи ҳисобланади. Улар тиниш белгилари оиласига меҳмонга борган ҳолда кичик саёҳат ташкил қиладилар. Саёҳат давомида сайёҳлар саволлар билан мурожаат қилишлари, тиниш белгилари оиласи аъзолари эса жавоб бериш орқали ўзларини намоён қилишлари жиоздир. Бу машғулотда тўгарак аъзоларининг нутқий қобилятлари алоҳида эътиборга олинади.
“Гап аканинг оиласи” кичик ҳикоя тузиш мусобақасида тўгарак раҳбари гап ва унинг ифода мақсадига кўра турлари ҳақида маълумот бериб ўтади. Сўнг гап ака ва унинг фарзандлари яъни ифода мақсадига кўра турлари танлаб олинади. Ҳикоя гап аканинг оиласи таркибига кирмаган тўгарак аъзолари томонидан мазмунан боғланган гаплар орқали давом эттирилади. Машғулот сўнгида тўгарак аъзолари машғулот юзасидан ўз фикр–мулоҳазаларини билдириб ўтишлари машғулотни янада қизиқарли якун топишига муносиб ҳисса қўша олади.
Бундай усулларни интернет тармоқлари ёки китобларни қидириб, излаб юришнинг ҳожати йўқ. Ҳар ким истаса шу каби интерфаол усулларни баён этилиши зарур бўлган мавзуга мослаб ярата олади. Шундай экан ҳар бир тўгарак раҳбари изланишдан тўхтамаслиги лозим.
Яна шуни айтиб ўтишни жоиз деб билдимки, тўгаракларда мавзуга оид кўргазмалар ва тарқатмалар ясаш мусобақа машғулотларини ташкил қилиш ҳам нур устига аъло нур. Бола қизиқувчан ёшда қўл меҳнати орқали қизиқарли нарсаларни ясашга одатланса, келажакда ўзи истаган йўналишда маҳоратини ошириш қобиляти шаклланиб боради.
Она тили тўгаракларини шу каби қизиқарли лавҳаларга бойита олсак, нафақат тўгаракларимиз сифатини оширишга балки, ўқувчилар орасида дарсдан ташқари ташкил қилинадиган тўгаракларимизга ҳурмат ҳиссини жўш уришига эришамиз, энг катта ютуғимиз фарзандларимиз қалбида она тилимизга бўлган меҳр–муҳаббатни сўнмас тилсимга айланишига, ўз тилига содиқ инсонларни тарбиялашга муваффақ бўламиз.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Шавкат Мирзиёев. Эркин ва фаровон демократик Ўзбекистон давлатини биргаликда барпо этамиз. –.: Т 2016
- Б. Тўхлиев ва бошқалар. Ўзбек тили ўқитиш методикаси. – .: Т 2006
- Д. Усмонова. Тўгарак илҳомлари. –.: 2015
- adti.uz
- //www.pinterest.ru