9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Депутат: Ички ишлар — ичимиздаги ишкалми ёхуд хиёнат?

notiq.uz > Турли мавзуда  > Депутат: Ички ишлар — ичимиздаги ишкалми ёхуд хиёнат?

Депутат: Ички ишлар — ичимиздаги ишкалми ёхуд хиёнат?

2005 йилдаги Андижон воқеаси мени қанчалик ларзага солиб йиғлатган бўлса, куни кеча яна шу ҳудудда содир бўлган хунрезлик мени нафратлантирди. Биринчисида Ватанни асрашга отланган халқ, бугун ўз фарзанди ўлимига сабабчи бўлиб турибди.
2005 йилдаги Андижон воқеаси сабабчиларини “Ватан хоинлари” деб атадик. Кечаги ҳолатда ёшгина аёлини тул қолдириб, 3 та норасидани етим қилганларни ким ёки нима деб атаймиз?! Пандемияда даврида шифокорлардан кейин қаҳрамонликка даъвогарлар шулар эмасмиди?!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида “ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантириш масаласи устувор этиб белгиланган эди. Афсуски, айнан “белгиланганича” қоғозда қолиб кетганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Баъзи ҳамкасбларим вазирнинг истеъфосини талаб қилмоқдалар. Бир кишининг истеъфоси билан ҳеч нарса ўзгармайди. Тизимда бир нафар бўлса ҳам “психологик бузилган” ходим бўлар экан, бу тузилма охир оқибат барибир таназзулга учрайди. Ўзику пароканда бўлса майли-куя, неча инсонлар ҳаётига зомин бўлиши кишини даҳшатга солади.
Кўп ўйландим. Ички ишлар органи дегани бу бизнинг ички организмимиз, қўл билан ушлаб бўлмас, кўз илғамас виждонимиз, қалбимиз бўлиши керак. Лекин бу орган ишламаса, хиёнат қилса – мен бундай организмни вужудимдан юлиб ташлайман. Токи янги, ҳаётбахш тўқима пайдо бўлмас экан, нобуд бўлган ватандошимнинг аёли ва фарзандларининг кўзига тик қаролмайман.

Гулруҳ АГЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.