Гуллола ИСАКОВА. ТИЛ – ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ
Она тилида фикрлашга тоза гапиришга, нутқингизни ҳар хил ёт унсурлардан сақлашга ҳаракат қилинг. Қаерда ва ким бўлмасин, она тили камситилишига йўл қуймасин. Тил мавсумий либос эмаски, об-ҳавонинг ўзгаришига қараб алмаштирилса, Онаизор, Ватан, миллат ҳар бири биттадан, Она тили ҳам битта. Агар ўз халқингиз орасида гунгалак-соқов ва ёт бўлишни истамасангиз, она тилини пухта ўрганинг. Бошингизга кўтаринг. Киши бошқа тилда билимли бўла олади, аммо фақат ўз тилида бекаму-кўст бўлиши мумкин.
Ғайбулла ас-Салом
Тил – муқаддас ва эъзозланган тушунча, ҳар бир инсон учун ўз онаси каби азиз ва мўътабар.
Тил – ҳаётнинг бошланиши. Инсон ўз она тили ёрдамида янги тушунчалар ва муносабатларни англай бошлайди. Она тили бизга она сути билан сингдирилади. Инсон улғайган сайин атрофидагилар билан мулоқот қилиш, бадиий китоблар ўқиш орқали сўз бойлигини ошириб боради.
Ота-боболаримиз тарихи, миллий ва маънавий қадриятларимиз бизга она тилимиз ёрдамида мерос бўлиб қолди. Халқлар тарихи – бу улар тилининг тарихи. Давлат ривожланиши билан давлат тили ҳам ривожланади. Халқ мустақиллигининг асосий белгиси – бу она тили ва миллий маданияти. Дунёнинг барча давлатлари ўз она тилларини асраб-авайлашга интилишади, шунинг учун ҳар қандай давлат ўзининг маданий мероси ва она тилини алоҳида ҳурмат қилади.
Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгиларидан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обруйи, нуфузи ошади. Тил тарихини, унинг меъёрий нуқтаи назардан шаклланиш жараёнини, ривожланишини миллат тарихидан айри ҳолда ўрганиб бўлмайди.
Юқори ривожланган давлатлар даражасига эришиш ва рақобатдош бўлиш учун Ўзбекистон фуқаролари халқаро тилларни билишлари муҳим, албатта. Чунки биз глобал ривожланиш тенденцияларидан орқада қола олмаймиз, лекин шуни унутмаслик керакки, ўзбек тили дунёдаги барча расмий тиллар қатори суверен тил мақомини олган экан, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилини билиши шарт.
Ҳеч ким ҳеч қачон ўз она тилига бўлган ҳурматни йўқотмаслиги керак. Тилга ҳурмат – бу халққа ҳурмат. Ўз она тилига эга бўлмаган халқ мамлакат бўлолмайди. Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам миллий тил софлигига путур етади. Тил давлат тимсоли, мулки ҳисобланади. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли, бу улкан ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, она тилига бўлган муҳаббат ва садоқатини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Бинобарин, ўзини ўзбек миллатининг фарзандиман, деб билган ҳар бир шахс она тилимизга эътиборли бўлиши, унинг софлигини асраб-авайлашни муқаддас бурчи деб билиши шарт.
Ўзбек тилининг Ватанимизда давлат тили сифатида амал қилинишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни уч тамойилга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Дарҳақиқат, давлат тилининг мустаҳкам ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилгани тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга етарлича замин яратиб, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши баробарида ўзбек тилининг эркин муомалада бўлиши учун зарур шарт-шароитни яратиб берди. Дунёда таниқли мамлакат бўлиш учун биз давлат тилининг мақомини кўтаришга эришишимиз лозим.
Сўнгги йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўйи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир.
Шунингдек, куни кеча Ички ишлар вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамалари порталига жойлаштирилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ҳам давлат тилининг ҳуқуқий мақоми, амалий аҳамиятини ошириш борасида навбатдаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди. Зеро, юртда яшовчи ҳар бир фуқаро, миллати ва динидан қатъий назар, давлат тилига алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатишга бирдек масъулдир. Бутун мамлакат аҳли давлат тилини бирдек севса ва қадрласагина, у ўз мақомида мустаҳкам бўлади, ривожланиш сари дадил одимлаб бораверади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини ошириш борасида ҳар бир соҳада ниҳоятда муҳим ўзгаришлар, янгиланишлар амал оширилмоқда. Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида ҳам ушбу йўналишда жадал ислоҳотлар йўлга қўйилиб, тизимда ҳужжат алмашинув ишлари тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда. Вазирликка қарашли барча ҳудудий бош бошқармалар ва тасарруфий ташкилотларнинг пешлавҳалари, бинонинг ички ва ташқи ёзувлари тўлиқ лотин алифбосида бўлиши, ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифалар, интернет сайтларида ҳам давлат тилидаги қонун ҳужжатларига амал қилиниши таъминланмоқда.
Шу билан бир қаторда, тизимда давлат тили тарғиботга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар олиб борилмоқда. Соҳа ходимларининг давлат тилида иш юритиш бўйича малакасини мунтазам ошириб бориш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида ташкил этилган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази билан икки томонлама ҳамкорлик шартномалари имзоланиб, зарурий чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги кўпгина халқаро ташкилотлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Ташқи миграция агентликлари билан бевосита ҳамкорликда фаолият кўрсатиши боис бу йўналишлардаги ишлар халқаро меъёрларда белгиланган тартиб асосида олиб борилиши таъминланган.
Хуллас, тил – жамиятнинг асосий таянчи, инсоний мулоқот-муносабатларнинг бирламчи воситаси, миллат руҳи ва давлатчилик тақдиридир. Ҳар бир халқ ва миллат, давлат ва жамиятнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини, унинг мавжудлигини биргина омил – она тили билдириб туради. Тил – мулоқот зарурати туфайли яралган, мулоқот жараёнида инсоният яратган барча янгиликларни, тафаккур меваларини англатиб, авлоддан-авлодга етказиб, авайлаб-асраб келади.
Шундай экан, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшиш ҳар биримиздан миллий тилга чуқур ҳурмат билан ёндашишни талаб этади. Зеро, тил бор экан миллат барҳаётдир.