Илм ва ақл фаолият мезони
Баъзи масалаларни ҳал этишда ҳис-туйғу билан ақл келиша олмай қолади. Ҳис-туйғуга эрк бериб, ақл ожиз қолган ҳолда, қилинган хулосада холислик бўлмайди, бир томонлама ҳукм бўлади. Шунинг учун ҳам ақл чиғириғидан ва қалб призмасидан ўтказиб айтилган фикр жўяли ва асосли бўлади. Тил масаласида интернет тармоқлари ва оммавий-ахборот воситаларидаги чиқишлар, эътироф ва эътирозлар ана шу мезонга қурилгани билан характерланади. Кўпинча, аёл кишилар ҳис-туйғу жиловига асосланиб фикр билдиришга мойил бўлса, эркакларда ақл тизгини устунлик қилади, дейишади. Буни мен ҳаётда кўп кузатганман. Шундай масалалар борки, уларга жиддий ёндашиб, умуманфанфаатлардан келиб чиққан ҳолда, мулоҳаза билдириш жўялидир. Давлат тили масаласи ана шундай муаммолардан биридир. Бир пайтлари ЎзМУнинг журналистика факультетида сабоқ берганим, диплом иши раҳбари бўлганим Фирузахон Мухамеджонова масалага, аввало, илм кўзи билан боқиб, сўнгра ақл ва қалб тарозисига тортиб фикр билдирадиганлардан. Сўзимнинг исботи ўрнида унинг ушбу мақоласини бир ўқиб чиқсангиз фикримизнинг вобаста бўлишига имоним комил. Марҳамат, ўқиб кўринг.
Менга Пушкин бир жаҳону…
“Вести.уз” сайтида эълон қилинган “Ўзбекистонда Пушкин тили учун жарима қўллашмоқчи” номли чалғитувчи хабар очиғини айтганда қип-қизил бўҳтон, замонавий тилда айтган эса провокациядан бошқа нарса эмас.
Зеро мен, агар Россия Федерацияси Адлия вазирлигига Навоий тилида хат ёзсам менга қайси тилда жавоб йўллашларини ҳам биламан. Хизмат юзасидан борганимизда, бунга кўп гувоҳ бўлганмиз. Гарчи Россия қонунчилигида Ўзбекистон қонунчилиги сингари давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига исталган тилда мурожаат қилиш ҳуқуқи, ўз навбатида ушбу органларнинг фуқарога мурожаат тилида жавоб бериш мажбурияти қайд этилган.
(“Россия Федерацияси халқларининг тиллари тўғрисида”ги Қонунининг 15-моддаси, 4-5 қисмлари, “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси)
Инсонпарварлик тамойилларга амал қиладиган баъзи мамлакатларда ҳам шундай. Яъни, Навоий тилида мурожаат қилиш мумкин ва давлат тили билан бир қаторда, ўша давлатдаги халқлар тилида имкон қадар фуқарога жавоб берилиши белгиланган. Демак, ҳар иккала давлат қонунларида толерантлик масаласи фуқаро мурожаатида кўзда тутилган.
Лекин, ўзини ҳурмат қилган кишилар бошқа давлатга ишга борганда ўша давлат тилини билиши, мулоқот ва мурожаат қилишни ўзлаштириши тўғри бўлади. Ахир ўзбек меҳнат муҳожиридан рус тили ва рус тарихи, ҳатто, қонунчилиги бўйича имтиҳон олиняптику?! Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларнинг сони эса 2 миллиондан ортиқ.
Бизнинг юртда эса 1 миллионга яқин рус миллатига мансуб фуқароларимизга ўзбек тилини ўрганиш бўйича ҳеч қандай талаблар йўқ. Ўзбекистонда нафақат рус, балки барча халқларнинг тилини ривожлантиришга етарли шароит яратилган. Мамлакатимизда таълим соҳаси ҳам бағрикенглик қадриятидан келиб чиқиб, яна 7 та тилда ташкил этилган. Бироқ, яқин-яқингача қонун тили, иш юритув тили, кундалик ҳаётимизда рус тилига устуворлик берилгани янгилик эмас. Иккита ўзбек бирга ўтирса ҳам рус тилида гаплашиши одатий ҳолга айланганини тан олишдан бошқа иложимиз йўқ. Чунки мамлакатимизда Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда “ўзбекча саломга ўзбекча алик” 30 йил давомида пайсалга солинган.
Шу маънода ҳали давлат тилида иш юритилмаганлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкинлиги тўғрисидаги таклиф адолатдан назаримда. РФда қонун ҳужжатлари аввало давлат тилида, яъни рус тилида юритилади ва бу нормал ҳолат ҳисобланади.
Бас шундай экан ҳақли бир савол туғилади. Нега Ўзбекистон бутун дунёда бемалол қўлланилаётган ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланиш учун кимдандир рухсат сўраши керак?
Демак, агар ҳужжат давлат тилида бўлмаса, ӯзга тил — Пушкин, Данте, Гёте… ёинки Черчилль… – қайси тилда бўлишидан қатъи назар, муҳокама этилмайди.
Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистонда 30 йилда биринчи марта давлат қонун ҳужжатларида агарда бирорта давлат ташкилоти иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаса, ўша ташкилотнинг мансабдор шахсига маъмурий жарима солиниши ҳақидаги таклифи давлатнинг тил сиёсатидаги муҳим қадамидир.
Кези келганда “Вести уз”даги хато фикрларни тўтиқушдек қайтараётган айрим ҳамкасбларимга XVIII-XIX асрда одамлар рус бўлишини бахтсизлик деб ҳисоблаган давридаги Россия зиёлиларнинг нафақат француз тилида ёзишга, балки ўйлашга мажбур бўлгани ва тили учун курашган зиёлиларининг бир қарашда кескин, бироқ адолатли фикрларни эслатмоқчиман.
“Худойим, раҳм қил! Буни охири борми? Қачонгача маймун бўламиз? Тушунишни вақти келмадими? Ақлимизни йиғиштириб, ибодат қилиб, тупуриб, французга: “Ириб кет, иблисона обрў! Дўзахга кет ёки келган жойингга, фарқи йуқ – фақат Россияда бўлма”, деб айтишга”. Ф. В. Ростопчин. (эркин таржима)
(“Господи помилуй! да будет ли этому конец? долго ли нам быть обезьянами? Не пора ли опомниться, приняться за ум, сотворив молитву и, плюнув, сказать французу: „Сгинь ты, дьявольское наваждение! ступай в ад или восвояси, все равно, — только не будь на Руси””)
Дарҳақиқат, Пушкин ҳам ўзининг илк поэтик тажрибаларини бекорга ФРАНЦУЗ ТИЛИДА ёзишга мажбур бўлмаган. Гарчи рус тили Пушкинга жондек азиз бўлса ҳам… Бугун эса унинг номи билан давлат мавқеи белгиланса ҳам… Бироқ, менга, оддий ўзбек фарзандига атоқли шоиримиз айтган ҳақиқатлари яқинроқ,ёқимлироқ шубҳасиз:
Менга Пушкин бир жаҳону,
Менга Байрон бир жаҳон.
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўкси осмон, ЎЗБЕГИМ.
Шундай экан, тил бойлигимиз эканини, унинг ривожи учун биринчи чора уни ривожлантириш билан боғлиқ янгиликни тўғри тушуниш ва талқин этишдан бошланишини ёддан чиқармайлик.
Хулоса эса ўзгартирилиши керак: Бизда жарима Пушкин тилига эмас, балки ахборотни нотўғри талқин этаётганларга бор. Жавоб.
Фируза Мухамеджанова
ЎзМТДП раиси ўринбосари