Аввал ўзимиз ибрат бўлайлик
Ўз тилига нописанд бўлиш бефарқликка олиб келади. Лоқайдлик эса барча иллатларнинг урчишига боис бўлади. Унинг қўлланилиш доирасида ўз қоида ва меъёрларига амал қилинишининг назорат этилиши Давлат тилини барча жабҳаларда жиддий тарзда рутбасини, нуфузини оширади. Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Муяссархон Сапарниязованинг шу ҳақдаги мулоҳазалари эътиборга моликдир. Марҳамат, мутолаа этинг.
Дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат, аввало ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади. Бугун юртимиз тарихи, обидалари, бетакрор табиати билан танишиш мақсадида юртимизга хориждан кўплаб сайёҳлар ташриф буюраётгани қувонарли. Улар томонидан ўзбек қадриятларини чуқур ҳурмат ва қизиқиш билан ўрганаётганларининг гувоҳи бўлаётганимиз ҳам бор гап. “Ассалому алайкум” каломимизни зумда ўрганиб, қалампирнусха дўппини бошига қўндириб, қўли кўксида салом беришни ўрганиб олишган хорижлик дўстларимизни кўриб нақадар ғурур ҳиссини туямиз. Бироқ улар шаҳримиз кўчалари бўйлаб сайр қилар экан, ўзи қизиқиш билан ўрганишни ният қилган бирорта ўзбекча сўзни учратмаслиги нақадар ачинарли ва уятли.
Битта мисол: интернет тармоғи орқали restoran.uz сайтига кириб, кўнгилочар жойлар номлари, манзили, ҳатто улардаги нархлар ҳақида ҳам маълумотга эга бўлиш мумкин. Ушбу сайтда битта Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатадиган бундай объектлардан 293та ресторан, 76та банкет заллари, 17та караоке, 331та кафе, 36та қаҳвахона номлари келтирилган. Дастлаб, ресторан номлари билан қизиқдик: ZODA, QUYEENS, SARBON APPETIT, Мясной бар Grillades, Reddy’s Bar & Grill, Sushi Bar №1, Osiyo Elite, Salom, Aрбат, Chenson, Xon Atlas – Family Restaurant, Amphora, Замок, Jumanji, China Town, Bek Catering, Positif, Verona, Prestige, Santini, Aist,Chikago Uno, Китай, Pasado, Gasthaus, Dudek, Alexandra, Ariana, Maestro Restaurant, Zafar (Европа таомлари) , Marakanda, April, Tokyo, Majeur, Actor, Maristella Klub, “Mulla Dost” (Mashxadiy Food Servise OOO) Ресторан, El Gaucho, Biyer Regen, Midori, Olimpiya, “Behruz” (“Welcome Allianсe” OOO), Огни Ташкента, “Arisu Sarang” , Shohsaroy (“Nafis taom savdo” ЧФ)….. ресторан номлари ушбу сайтнинг 3та саҳифасида келтирилган рўйхат тартиби бўйича келтирилди. Имло хатолари ҳам сақланди, рўйхатда ўзбек тилидан бошқа хоҳлаган тилдаги ресторан номларини топишингиз мумкин, фақат ўзбек тилида эмас! Истаган қизиқувчилар ушбу 293та рўйхат давомини охиригача кўриб чиқиши ва хулоса қилиши мумкин.
Юртимизда туризмнинг турли хиллари ривожланиб бормоқда, табиий, сайёҳларни юртимизга жалб қилишда ЎЗБЕК миллати қадриятларининг ўзига хослиги жозибадорлик касб этади. Биз ота-боболаримиз бунёд қилган қадриятларга қўшимча ўзимиз бунёд қилган қайси қадриятимиз билан авлодлар олдида мақтанамиз? “Ассалому алайкум”дан ўз сафарини бошлаб, дунёга машҳур ўзбек таомларидан тановул қилиб кўрмоқчи бўлган сайёҳларни бу аҳволда қайси ўзбек таомхонасига таклиф қиламиз? Энг ачинарлиси, сайтда юқорида номлари келтирилган ресторанларнинг атиги 3тасида !!! ўзбек таомлари тайёрланиши, ва, у ҳам бўлса европа ва бошқа таом турларидан охирги рўйхатда турганлигига нима дейсиз! Қани бизда миллий ғурур, давлат тилига ҳурмат-эътибор!
Президентимиз жорий йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги тантаналарида сўзлаган маърузаларида жамоат жойларида, кўчалар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилаётганлиги, бу масала жиддий ўрганиб чиқилиши ва тартибга солиниши зарурлиги ҳақида куюнчаклик билан гапирдилар. Ҳақиқатан ҳам, ушбу масала тилимиз келажагига бефарқ бўлмаётган ҳар бир инсоннинг кўнглидаги энг оғриқли масалалардан биридир.
Кейинги йилларда республикамизда ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ объектлари, корхона, муассаса, фирма, маҳсулотларга хориж тилларида ном қўйиш урфга айланиб бормоқда. Айниқса, кейинги уч-тўрт йил ичида ном яратишда инглизча ёки сўзларга мурожаат қилишга ружу қўйилмоқдаки, бунинг сабабларини турлича изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, ишлаб чиқариш, савдо объектлари, корхона, муассаса, фирма ўз номи ёки маҳсулотини хорижий тилда номлаш орқали истеъмолчилар эътиборини ўзига жалб қилишни кўзда тутган бўлиши мумкин.
Иккинчидан, хорижий ном орқали ишлаб чиқариш, корхона, фирма, савдо объектлари ўз маҳсулотини жаҳон бозорига олиб чиқишни назарда тутган деб тахмин қилиш мумкин.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бизнинг назаримизда, ҳар бир давлатда ишлаб чиқариш, савдо объектлари, корхона, муассаса, фирма савдо объекти, маҳсулотга, аввало, шу давлатнинг миллий тилида ном берилиши мақсадга мувофиқ. Номнинг бошқа тилларда берилиши, бир томондан, миллий тилимизга соя солиш, унинг қўлланиш доирасини чеклаш, софлигига путур етказишга олиб келса, бошқа томондан, кишиларда миллий тилга беписандлик кайфиятини ҳосил қилади.
Бугунги кунда республикамизда инглиз, рус тилларида ёки бу тиллар бирликлари иштирокида яратилиб, амалда қўлланилаётган маҳсулот номлари ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқда. Хоҳлаган дўконга кириб, пештахталардан ўрин олган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ном остидаги маҳсулотларни бир назардан ўтказсак, аҳвол ҳақида хулоса қилиш қийин эмас. Бир қарашда булар шунчаки оддий масала бўлиб кўриниши мумкин. Шусиз ҳам муаммоларимиз етарли, бир томонда жаҳон пандемияси, иккинчи томонда техноген офатлар, улар келтириб чиқарган иқтисодий муаммоларни бартараф қилиш йўлидаги саъай-ҳаракатлар…. Номи қандай бўлса ҳам маҳсулотни ишлаб чиқарибди-ку, отасига раҳмат ўша тадбиркорларнинг дейишимиз мумкин. Лекин шуни унутмайликки, биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган энг буюк қадрият — она тилимизни бус-бутунлигича, бойликларига завол етказмасдан келажак авлодга етказишга масъулмиз. Акс ҳолда, она тилига нописанд муносабат давом этаверади.
Муяссархон Сапарниязова
Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти