9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

ЗАХАРОВАНИНГ “ҚУЛОҒИ” ҚАЕРДА?!

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > ЗАХАРОВАНИНГ “ҚУЛОҒИ” ҚАЕРДА?!

ЗАХАРОВАНИНГ “ҚУЛОҒИ” ҚАЕРДА?!

Журналистик нигоҳ тезкорлик, зийраклик, ҳозиржавоблик, аниқлик ва таҳлилий назар билан ажралиб туради. Воқеликка ўз муносабатини билдириш ва умумманфаатни кўзлаш, миллат ва давлат ғояларига садоқат руҳи журналистик позициянинг таркибига киради. Қулоқ ҳам, кўз ҳам ўз вазифасини адо этиши керак, лекин одиллик ва холислик унда устувор туриши зарур. Иқтидорли олим ва журналист Олим Тошбоевнинг мулоҳазалари шу хусусда, миллатимиз кўзгуси бўлган давлат тили хусусида. Марҳамат, танишинг.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан айтган гапларини узоққа мўлжалланган стратегиянинг баёни дейиш мумкин. Ўзбек сўнгги 150 йилда атиги бир марта давлат тилида иш юритишни ният қилган экан, нега бунча туҳмат-маломат?! Ахир, ўттиз йил давомида марияларнинг манфаатини ўйлаб тиши қоқиб олинган қонун билан яшаб келдик-ку! Ўзимизнинг эмас, уларнинг раъйига, кўнглига қараб иш тутдик-ку! Андишанинг оти қўрқоқ дегани шу экан-да?!
Кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётган баёнот, аслида, Россия император Николай иккинчининг мардикорликка олиш ҳақидаги фармонини амалда бекор қилмагани, истиқболда ҳам тил-забони йўқ, ҳақ-ҳуқуқини талаб этмайдиган мардикор истаётганини кўрсатди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги билиб-билмай “Ўзбекистон бизнинг мулкимиз” деган нуқтаи назарини ошкор этди. Улар ўзбекнинг бугун ҳам, эртага ҳам эгнини қисиб, “Майлими, она тилимда гапирсам” дейишини хоҳлайди. Бундай шовинист мустабидни дунё кам кўрган. Нега энди мустқил бир давлатнинг миллий тилига, маънавий сарҳадларига бошқа бир давлат маҳкамалари ҳакамлик қилиши керак?! Қани давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат?! Ўзбекистонга пўписа қилаётган маҳкама Олмония, Фарангистон, Япония, Туркияга шундай муносабат қилиб кўрсин-чи!
Захаровани олкишлаётганлар ўзимизнинг “ўзбеклар”. Антеннаси Кремлга қараган миллатдошларимиз. Бу бадбинлар халқнинг беминнат нонини еб, раҳматни ўзгаларга айтишни маданият деб билган бир тўда. Бу манфур гуруҳнинг миллий маънавиятимизга етказган зиёнини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Уларнинг уруғи 1865 йилнинг саратонида Тошкентни қамал қилиб, сувсиз қолган элни таслим бўлишга мажбурлади, Қўқоннинг бор бойлигини араваларга ортиб, чор маъмурларидан паноҳ сўради, “Босмачи” деган сўзни ўйлаб топиб, босқинчиларга қарши курашган ватанпарварларни аямасдан қирди. Кейин миллат гуллари – зиёлиларни отди!
Бу қирғинлардан эллик йил ўтиб-ўтмай “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деган туҳматларни ўйлаб топиб, бутун бир халқни дунёга ўғри, муттаҳам деб танитишга уринди. Кеч бўлса ҳам уйғонган, тилимиз давлат тили бўлсин деб курашга чиққан зиёлиларга панд берганлар ҳам тағин ўша сотқин-чулчитлар эди. Бу ўриспарастлар ўзбекни ич-ичидан ёмон кўрадиган, ўзбекча сўзлашга тоб-тоқати йўқ марказқўм котиби, министр, академик, профессор, адиб бўлиб иш кўрди. Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилингандан кейин бу мунофиқларнинг кўпчилиги ҳомийдан паноҳ сўраб, шимолга қараб сирғалди. Қолганлари эса, ўзбек халқига қарши курашни муваффақиятли давом эттирди. Кечагидай ёдимда: “Правда Востока” газетаси бундан ўттиз йил муқаддам “Топономик “васваса” номли мақола чоп этиб, Тошкентдаги “Москва” меҳмонхонасининг номини “Чорсу”га айлантирилганини нотўғри иш дея жар солган эди. Бундай беписандлик то шу кунгача турли шаклларда намоён бўлиб келмоқда.
Захаровалар халқнинг маънавий тиргаги – тилнинг қудратга келишидан ўлгудай қўрқади. Нима қилиб бўлса ҳам бу кучни парчалашга интилмоқда. Уларнинг қўлинию тилини узун қилаётган “қулоқ”лардан қутулмас эканмиз, ЎЗБЕК тилининг ДАВЛАТ бўлиши қийин.

Олим ТОШБОЕВ, филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.