9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Зар қадрини билган заргар сўзласин

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > Зар қадрини билган заргар сўзласин

Зар қадрини билган заргар сўзласин

Зар қадрини заргар билар деган нақлга монанд тарзда айтиш керакки, тил ҳақида ҳам соҳа мутахассисларининг мулоҳазаларига эътиборни қаратиш керак. Дуч келган кишидан, билар билмас, оғзига келганини гапираверадиганлардан жўяли фикр ҳам чиқмайди, аниқ хулоса ҳам. Танқид учун таҳлил керак, таҳлил учун тажриба керак. Тил масаласи жиддийлигини билдик, бунга эътиборини қаратган муҳтарам Президентимизнинг шу хусусда чиқазган тарихий ҳужжатлари асосида амалий ишга киришилаётгани ҳам рост. Акс ҳолда, тил масаласини боис қилиб республикамизда бир оила фарзандларидек яшаётган турли миллатлар орасида нифоқ чиқаишга интилувчи кучларга йўл бериб қўймайлик. Иқтидорли тилшунос Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимовнинг ушбу мақоласи аниқ фикр ва йўналишларга қурилгани билан аҳамиятлидир. Айтиш мумкинки, бу мақола тилимиз равнақи борасидаги йўлланма ва қўлланма ҳам бўла олишига эътироз йўқ. Олим куюнчаклик билан барча муаммоларни кўндаланг қўйган ҳолда, уни бартараф этиш чоралари тўғрисида теран мулоҳазалар билдирган. Келинг, мурожаат йўсинидаги ушбу мақола билан бир танишинг, марҳамат.

Бошлаган ишимизни охирига етказайлик

Тил ҳар бир миллатнинг мавжудлигини белгиловчи ижтимоий ҳодиса. Тил йўқолса, ўша миллат ҳам таназзулга юз тутади. Шунинг учун ҳам ҳар қандай жамият ўз миллий тилини сақлашга, уни ривожлантиришга, мақомини юксалтиришга ҳаракат қилади. 30 йил вақт мобайнида эътиборсизлик туфайли мақоми пастлаб кетган ўзбек тилига яна ҳукумат миқёсида жиддий эътибор қаратилиши унинг унутилиш арафасига келган мавқеини қайта тиклаш имконини берди.
2019 йил 4 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор, “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон, Вазирлар Маҳкамасида давлат тилини ривожлантириш Департаментининг ташкил қилиниши, “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарор, бундан буён 21 октябрни мамлакатимизда Ўзбек тили байрами сифатида кенг нишонланишининг қонун билан мустаҳкамланиб қўйилиши давлатимиз томонидан она тилимиз – ўзбек тилига ҳурмат ва эътиборнинг амалдаги ифодасидир.
Бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардим, энди ҳукумат таркибида давлат тили ривожи, унинг ҳимоясини таъминловчи алоҳида ижро органи ташкил бўлди. Бу Департамент ҳукумат томонидан қўйилган вазифаларни режа асосида амалга ошириб келмоқда. Шу кунгача узоқ йиллардан бери йиғилиб қолган муаммолар ечимини топмоқда. Эҳтимол, бундан кўпчиликнинг хабари йўқдир, шунинг учун тайинли ишлар қилинмаяпти, ўзгариш бўлмаяпти, деган эътирозлар айтилмоқда. Баъзиларимиз атайлаб вазиятни ўрганмасдан танқид қилишни ёқтирамиз, баъзан айтилган гапнинг моҳиятига етмасдан эргашиб кетаверамиз. Биз аслида “шов-шув”га ўч, қизиққон халқмиз, бирор шунақа хабар ёки воқеа юз берса, бир ловиллаймиз-да, яна ўчамиз, бир зумда яна ҳаммаси эсдан чиқади. Кўп ҳолларда ўша мавзуга қайтмаймиз ҳам, ҳаёт ўз зайлида давом этаверади.
Яқин вақтлардаги тилимиз билан боғлиқ воқеаларда ҳам шундай ҳол кузатилди. Дастлабкиси шу йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамага қўйилганидан кейин бўлган бўлса, кейингиси Россия ҳукумати расмийсининг билдирган муносабати натижасида юзага келди. Бундан ҳеч хафа бўлмаслик керак, чунки сиёсат номли театр саҳнасида ҳамма ўзига берилган ролни қойилмақом қилиб бажаряпти, буни тушуниш керак.
Тўғри, бундай пайтда ҳар ким ўз муносабатини билдиришга ҳақли, хоҳ у раҳбар ёхуд оддий фуқаро бўлсин, лекин ҳиссиётга берилмасдан, ҳақоратли сўзлар ишлатмасдан. Бу икки ҳолат ҳам бизни чуқур мулоҳаза қилишга, она тилимиз равнақи йўлида бошлаган ишимизни янада жадаллаштиришга, йўл қўяётган камчиликларимиздан тўғри хулоса чиқаришга ундаши лозим. Аслида, айбни ўзимиздан қидиришимиз керак, чунки кўпчилигимиз ўтган йилнинг 21 октябрида давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни бажаришга шошилаётганимиз йўқ. Нега дейсизми? Ҳозир сизга соддагина қилиб тушунтириб бераман.
2019 йилнинг 21 октябрь куни мамлакат Президенти томонидан “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5850-сон фармони имзоланди. Ижро интизомига мувофиқ фармон барча вазирлик, идоралар, давлат ташкилотларида иш юритиш ҳужжатлари йиғма жилди 1-жилди асосида ижро учун қабул қилиниб, шу асосда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиши, ўтган 7 ой мобайнида мазкур режанинг жуда кўп бандлари бажарилган бўлиши керак. Агар шундай бўлганида ҳозиргача давлат тили бўйича йиғилиб қолган муаммоларнинг анча қисми ҳал бўлган, соҳа мутахассислари, қолаверса, оддий ватандошларимиз томонидан билдирилаётган ҳақли эътирозларга ўрин қолмаган бўлар эди. Афсуски, текширув келиб, камчиликларимизни очиб ташламагунча, лоқайдликни касб қилиб юрадиган халқмиз.
Ҳозирда энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолатлар жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламаларнинг кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда берилаётгани бўлмоқда. Эътиборингиз учун мазкур фармон ижроси бўйича чора-тадбирлар режаси ҳокимликларда ҳам қилинган, фақат бажарилиш муддати узоқроқ қўйилган бўлса керак!
Ҳар қандай тарғибот, шу жумладан, тил тарғиботининг самарали воситаси телевидение ҳисобланади. Ҳозир телевидениеда тил тарғиботи тугул, давлат тилига амал қилиниш ҳолати қониқарли эмаслигини ватандошларимиз томонидан билдирилаётган танқидий фикрлар орқали ҳам билиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам, телевидение, кино тили шеваларга асосланиб қолди. Насиба Қамбарова, Мирзоҳид Раҳимов, Муслимбек Йўлдошев каби соф адабий тилда гапирадиган, ўз нутқи билан халқимизни сеҳрлаб қўядиган бошловчиларимиз йўлини давом эттирадиган фидойилар бармоқ билан санарли бўлса, ҳар ким ўз шевасида бемалол гапириб турса, “Вольшебный казан — тозалашга осон”, “Музқаймоқнинг додаси”, “Чучваранинг додаси”, “шедрая лето сарёғлари” каби чучмал жумлалар 34 миллионли халқнинг онги, шуурига кириб кетаётган бўлса… Мутасадди раҳбарлар бундоқ дўпписини ерга қўйиб, ватанпарварлик, миллий ғурур, давлат тилига ҳурмат ҳақида чуқур ўйлаб кўриш, қўл остидаги барча ходимларини ўз устида ишлашга мажбур қиладиган, нотиқлик санъати, ўзбек адабий тили меъёрлари бўйича ўқув машғулотлари ташкил қилишга қаратилган тизимни йўлга қўйиш, давлат тили тарғиботига бағишланган туркум кўрсатувлар, кўпроқ танқидий материаллар тайёрлаш, бу соҳадан йироқ бўлган журналистларнинг жавобини бериш вақти келмадимикан?
Яқинда бир таниқли журналист акамиз адабий тил фақат газеталарда сақланиб қолди, деган гапни айтди, бу жуда тўғри. Бошқа ҳамма жойда юқоридаги ҳолат. Яна бир тушунарсиз урф пайдо бўлдики, бу инглиз тилига керагидан ортиқ эътибор натижасида юзага келди. Яъни, инглизчани тўғридан-тўғри истеъмолга киритиш. Масалан, “Call center” фаолияти: Аёллар муаммолари қандай ечим топмоқда? (Ishonch.uz сайтидан олинди) Қаерга борманг, ҳатто вилоятларда ҳам шу аҳвол. Буни инглиз тилини билмайдиганлар ёки ёши улуғлар қандай ўқийди? Аввалдан қўлланиб келинаётган “Ишонч телефонлари” десак, айтаётган сўзимизнинг жозибасига путур етадими? Ёки “Коворкинг маркази”! “Пайариқда коворкинг маркази очилди” (Xabar.uz сайтидан олинди). “Коворкинг” инглизчада соҳалар бўйича, масалан, тадбиркорлар, талабалар, ёшлар вакиллари йиғиладиган жой дегани экан. Шуни ёшлар маркази, тадбиркорлар маркази деса бўлмайдими ёки замонавий бўлмай қоладими? Мана, тилимизга ҳурмат! Атамашунослик соҳасида французлар тажрибасига эътибор беринг. Ҳар йили Француз академияси расман француз тилига қабул қилинадиган сўзлар рўйхатини эълон қилади ва диққат билан тил мониторингини ўтказиб, француз тилига хос бўлмаган сўзнинг ишлатилишини аниқлагани заҳоти қонуний чора кўради. Ваҳоланки, Франция аҳолисининг 51 фоизи француз тилидан бошқа тилда гаплашса-да, Конституциясида эса фақат француз тили давлат тили деб белгиланган. Биз эса 15 фоиз бошқа миллатлар нима бўларкин деб ўзимизни ноқулай сезишда давом этамиз, чунки бағрикенг миллатмизда!
Ўзбек тилининг мақомини кўтариш бўйича жуда кўплаб таклифлар билдириляпти. Шулардан баъзиларига тўхталиб ўтмоқчиман.
Ўзбек тилини араб-форс сўзларидан бутунлай тозалаш. Олдиндан айтиб қўяқолай, бундай ҳаракатга вақтингизни кеткизманг. Минг йиллардан буён сўз бойлигимизга сингиб кетган, қайси тилга мансублигини ҳатто мутахассис зўрға ажратадиган сўзларга тегиб нима қиласиз? Китоб, дафтар, қалам, илм, фан (рўйхат жуда узоқ) сўзлари ўрнига вариантингиз борми? Ўтган асрнинг бошларида жадид боболаримизнинг бир гуруҳи ҳам шундай ташаббус билан чиққан, лекин натижага эриша олмаган. Маҳмудхўжа Беҳбудий уларнинг ҳаракати нотўғри эканини таъкидлаб, шундай деган эди: “Бегона тилдан сўз олмоқдан қутулган тил йўқдур. Англисчани арабчадан сўнгра энг бой тил дерлар. Шундай бўлишига қарамасдан, ўн минглаб бегона сўзларни мажбуран олганини ёзарлар”. Унинг ўрнига ҳозирда тилимизга ҳеч қандай тўсиқларсиз, шундайлигича кириб келаётган юқоридагига ўхшаш сўзлар билан шуғуллансак, фойда бўлади. Мана, ҳар доим ижтимоий тармоқда қўлланилаётган сўзлардан: пост, челленж, хэштег, селфи, смайл, тролл, онлайн, офлайн, скриншот, админ, хайп ва ҳоказо. Постни хабар ёки маълумот, троллни бузғунчи десак бўлмайдими? Марҳамат, ҳаракат қилинг, ўзбекчалаштириб кўринг!
Ўзбекча исмлар қўйишни тарғиб қилиш. Фуқаронинг ўзига ёки фарзандларига исм танлаши унинг хоҳишига асосан амалга оширилади, ҳеч кимга мажбурлаб исм қўйдириб бўлмайди. Бу унинг конституцион ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади, шунинг учун бу нозик масала. Тўғри, тарғибот қилиш мумкиндир, лекин ўзбекча исмлардан иборат бирор луғат борми? Ишни аввал шундан бошлаш керак.
Олдимизда турган муаммоларни бартараф этиш учун баъзи таклифларим билан ўртоқлашмоқчиман:
Германияда “Тил тарбияси” деган махсус журнал чоп қилинар экан. Унда тилдан нотўғри фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахслар, расмли маълумотлар, турли нутқлар, ҳужжатлар таҳлили, улардаги хатоликлар бериб борилади. Жумладан, ушбу журналда Германия Мудофаа ҳамда Маданият вазирларининг нутқлари берилган ва адабий тил меъёрларини бузганлиги учун уларга нисбатан жарималар қўлланган.
Ёки Францияда қонун ижросини амалга ошириш механизми шундайки, нафақат полиция, балки истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ваколатли шахс ҳам ушбу қонунга риоя этилиши юзасидан суриштирув ишлари олиб бориши ва қонун бузилиш ҳолатларини аниқлаб тегишли органга материалларни тақдим этиши мумкин.
Шунга ўхшаш Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш Департаменти қошида жамоатчилик асосида “Тил назорати” гуруҳи ташкил қилинса. Унга фаол блогерлар, журналистлар, халқ вакилларидан ҳам киритилса. Бу гуруҳ вазирлик, идоралар, оммавий ахборот воситалари, матбуот, интернет сайтларида давлат тили меъёрларига амал қилинишини обдон таҳлил қилиб борса. Ҳар қандай шахс ўзи гувоҳ бўлган камчилик ёки қонун бузилиш ҳолатлари ҳақида ушбу гуруҳга тақдим қилиши мумкин. Нега қоида бузган ҳайдовчини расмга олиб жўнатамиз-да, тил қоидаси бузилганда, бефарқ бўламиз. Моддий манфаат бўлмаса ҳам, она тилига ҳурмат деган маънавий манфаат борку! Лоқайдликни бир четга қўйиб, умуммиллий муаммо бўйича бирлашсак, кўп ишларни амалга ошириш мумкин. Тўпланган фактлар асосида танқидий маълумот тайёрлаб, ижтимоий тармоқ ва ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилса. Танқидий маълумот учун мутасадди раҳбарлардан албатта жавоб олиниши керак.
Ҳозирги тажрибамиздан маълум бўляптики, бирорта танқидий мулоҳазаларга муносабат билдирилган ҳолатга кўзим тушмади, албатта, давлат тили масаласида. Бошқа масалалар бўйича вазирликлар баёнот бериб боряпти-ку. Агар шу тизим ишлаб кетса, анча муаммолар ечимини топиши мумкин.
Телевидение ва газеталарда “Тилга эътибор” рукнини ташкил қилиш керак. Бу рукнда мақтанадиган ишларимиз эмас, айнан камчиликлар рўйи рост айтиладиган мақолалар ўрин олиши керак. Бунда журналистлардан фаоллик, тўғрисўзлик, қолаверса, ўзига хос жасорат талаб қилинади. Шу билан бирга, юқоридаги гуруҳ тайёрлаган материаллардан ҳам фойдаланиш мумкин. Ёши катта авлод билади, илгари газеталар ёки “Муштум” журналида танқидий мақола (фелъетон) чиқса, шов-шув бўлиб кетарди. Камчиликка йўл қўйган мутасаддига албатта чора кўриларди. Эҳтимол, бу тажриба ҳам ўз самарасини берар, вақт кўрсатади.
Лотин алифбосига асосланган ёзувимизга ўтиш жараёнини тезлатиш керак.
Она тилига ҳурматни ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз керак. Бу албатта, адабий тилни бузмасдан гапириш, хатосиз ёзиш, тилга менсимасдан муносабатда бўлганларга қарши фикр билдириш орқали намоён бўлади. Ҳар бир раҳбар ўзи бошчилик қилаётган ташкилотда давлат тилнинг қўлланилиши, унинг муҳофазасини таъминлаб қўйиши керак. Бир сўз билан айтганда, жуда катта ишларни бошлаб қўйдик, келажак режаларини туздик, келинглар, бу улуғ ишларни оғишмай охирига етказайлик. Шундагина тилимизнинг нуфузи, ҳуқуқий мақоми биз ўйлаган даражага етади, қўл етмас юксакликларга кўтарилади. Ана ундан кейин Захаровалар ташқаридан тош отадими, манқуртлар ичкаридан ғишт отадими, заррача эътибор қилмасдан мақсад сари олға интилишимиз мумкин. Сиз нима дейсиз, ватандошим!?

Иномжон Азимов,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.