9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Алжираш ва валжираш ҳам эвида бўлсинда

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > Алжираш ва валжираш ҳам эвида бўлсинда

Алжираш ва валжираш ҳам эвида бўлсинда

Иқтидорли журналист Рустам Иқболнинг мулоҳазалари доим жўяли ва асосли бўлган. Бу гал ҳам шундай бўлди. Хўш, унинг  «МАРИЯ ХОНИМ НИМА ДЕЙДИ?» номли мақоласини бир кўздан кечирайлик.

Россия Федерациясининг Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби деб тақдим этилаётган Мария Захарованинг даъволарини ҳаммамиз ўқидик, эшитдик, билдик. Нима эмиш, Ўзбекистонда кўпчилик давлат тилида иш юритилишига, бу борадаги қонун талабларини бузганлар учун чоралар кўрилишига қарши эмиш. Рус тилини Ўзбекистонда кенг тарғиб этиш учун Россия ҳукумати яна бир қатор чораларни кўриши керак эмиш ва ҳоказо…

Мария Захарова деган хонимни шу пайтгача эшитмаганман, билмайман ҳам. Аммо, ҳозир кўпчилик сингари унга таҳқиру маломат ёғдирмоқчи эмасман.

Аввал ўзингга боқ… деганлар.

Ўзбек тилининг тарихи минг йиллар билан ўлчанади. Бир ярим минг йил аввал аждодларимиз ўз ўгитларни она тилимизда тошларга ўйиб ёзганлариджа Мария Захарованинг катта бувалари қаерда, нималар билан машғул эди – бу энди бошқа масала. Бироқ, тилимизнинг  давлат тили мақомига эга бўлганига  энди 30 йилдан ошди. Шундай бўлса-да, амалда то шу пайтга қадар тилимиз ўз мақомини тўла маънода эгаллай олмаганди. Бунга ўзимиз, бизнинг раҳбарларимиз, чала ўрис зиёлиларимиз сабаб бўлди.

Тилимизга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратила  бошлаган, қарор ва фармонлар чиқарилиб, ҳатто давлат тили кунини  байрам сифатида нишонлаш белгиланган  бир пайтда, Мария хоним ва унинг валинеъматлари типирчилаб қолганини тўғри тушуниш мумкин. Зотан, бизнинг айрим “каттакон”ларимиздан  фарқли ўлароқ, Мария хоним ва унинг “бошқонлари” ўз давлати, ўз тили, ўз мафкурасини ҳимоя қилиб чиқмоқда. Ёлғон гапирса, фитна чиқарса ҳам ўз юрти, ўз халқи учун қилаётир.

Хўш бу гапларни айтишга Мария хонимни нима мажбур қилди?

Ўзимизнинг хонандаларимиз ўзларини ўзбек санъатининг юлдузи санаб, ўзбек тилида “мен шижни шеваман”дан бошқа гапни айтолмаса, бу Мария хонимлар учун айни муддао эмасми?

Ўзимиздан чиққан зиёлилар, халқ артистлари, олиму санъаткорларимизнинг 18 нафари (улар орасида бирорта ўрисча фамилия йўқ)  “рус тилига расмий тил мақомини берайлик” деб чиққани ҳаммамизнинг эсимизда. Шундай экан, Мария хонимлардан нимани кутишимиз мумкин?

Ўзимизнинг мутасаддилар  пойтахтнинг қоқ марказида Чор Россиясининг бир пайтлар юртимизга қилич кўтариб, ўқ ёғдириб кириб келган 24 босқинчининг хотирасига атаб қурилган бутхонани “юксак даражада” таъмирдан чиқариб туришганда, Мария хонимлар яна нима қилиши керак эди?

Ўзимизнинг йирик анжуманларда сўзга чиққан олиму фозилларимиз, вазиру нозирларимиз хуши келса ўзбекча салом бериб, қолган нутқини тўлиқ ўрисчада ўқиб турганда, унча-мунча идоралар ҳали-ҳамон ўрисча иш юритишдан воз кечолмай турганда, Мария хонимлар яна нима десин?

Олис туман ёки қишлоқдан катта идоранинг эшиги олдига келган бир ҳамюртимиз ўрисча билмаслигидан мулзам бўлиб, ишини битириб кетолмай жавдираб  турганида, Мария хонимлар ўз билганича иш битирмасинми?

Катталарни-ку қўяверайлик, автобусдаги кондуктордан дўкондаги сотувчигача бирорта русбашара одамга дуч келганида “пажалиска” деб илжайиб турса (юртимиздаги бирор бир фуқаро ўзбекчани  сотувчи ёки ҳайдовчининг гапларини тушуна оладиган даражада билмаслигига ишонмайман), Мария хонимлар  нима десин?

Ўзимиз “болаларимиз эртага қийналиб қолмасин” деб таниш-билиш ёки “қистир-қистир” қилиб бўлса-да, боласини рус синфига жойлашга шай турсак (аслида бунинг тескариси бўлиши керак эмасми?), ҳатто айримлар  боласининг ўзбекчани тушунмаслигини айтиб мақтанаётган бир пайтда Мария хоним “болангизни ўзбек мактабида ўқитинг” десинми?

Ўзимиз бизнесимиз гуркираб кетиши учун реклама ёки эълонларимизни бошқа тилларда беришни истасак, ўрислар бор даврада “ўтмас” деб ўйламасликлари учун ўрисча сайраб турсак, Мария хонимларнинг тегирмони гир айланмайдими?

Бу билан мен Мария Захаровани ҳам, у мансуб бўлган ҳукумат сиёсатини ҳам оқламоқчи  эмасман. Аслида рус тилини ривожлантириш, оммалаштириш орқали бошқа маҳаллий тиллар йил сайин чекланиб, муомаладан чиқиб қолаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Россия таркибидаги кўплаб субъектлар – Чеченистонда ҳам, Татаристонда ҳам, Олтойда ҳам, олис Ёқутистон ёки Чукоткада ҳам маҳаллий тилларда сўзловчилар сони қисқариб,  рус тили етакчи мавқени эгаллаб бормоқда.

…2019 йил 10 сентябрь куни удмуртиялик (Россия таркибидаги субъект) Альберт Разин ўзининг она — удмурт тили йўқолиб бораётганига норозилик белгиси сифатида маҳаллий парламент биноси олдида ўзига ўзи ўт қўйгани кўпчиликнинг ёдида. Бу аслида бошқалар учун ҳам етарлича сабоқ бўлиши лозим.

Тўғри, ўзбек тили ҳозирча Ер юзидаги барқарор тиллар қаторида турибди. Аммо,  тилимиз мавқеини сақлашга етарлича эътибор бермасак, жиловни Мария хоним ва унинг валломатлари қўлига топшириб қўйсак, орадан йиллар (эҳтимол 10 йил, эҳтимол 100 йил) ўтиб қаршимизда фақат  икки йўл қолади: Ё ўз тилимизни унутиб, бошқаларнинг тилида чулдираш, ёки Альберт Разин тутган йўл (Астағфируллоҳ!)…

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.