9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

БУ ИШНИ МАКТАБДАНОҚ БОШЛАШ КЕРАК

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > БУ ИШНИ МАКТАБДАНОҚ БОШЛАШ КЕРАК

БУ ИШНИ МАКТАБДАНОҚ БОШЛАШ КЕРАК

Гап шунчаки бошлашда эмас, қандай бошлашда, мақсадли ҳаракат, натижадор фаолиятда, унинг оқибатини ўйлашда. Тилни она сути билан бирга вужудга киришига эришилгандагина ватанга ҳам, давлат тилига ҳам муҳаббат уйғона боради. Алла ҳам қуруқ сўз эмас, орзулар оҳанги уБолаликдан уйғотилган меҳр, фикргина ниш уради, самара беради. Хабар.уз сайтида эълон қилинган АКТ вазирининг

Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Нурулла Абдуллаевнинг мулоҳазалари бу бррада эътиборлидир.

 

БУ ИШНИ МАКТАБДАНОҚ БОШЛАШ КЕРАК

«Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 21 октябрдаги президент фармони 30 йил олдин қабул қилинган қонунни унутганлар ёки бу қоидаларга хоҳлаб-хоҳламай, билиб-билмай амал қилмаётганларнинг уйғониши учун бир туртки бўлди, дейиш мумкин.

Тўғри, ўтган 30 йил ўзбек тилини давлат, умумжамият, мамлакат ҳудудида яшовчи кўпмиллатли аҳолининг ўзаро мулоқот тилига айлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилдики, буларга кўз юмиб бўлмайди. Бироқ 2020 йил ўзбек тилининг нуфузини ошириш, унинг мавқеини янада юксалтириш, мамлакат ҳудудида фаолият юритувчи вазирлик ва идораларда, корхона ва ташкилотларда иш юритишнинг асосий воситаси даражасига кўтариш йўлида қўйилган катта қадам бўлди.

Муҳим қадамнинг биргина самараси сифатида бугун деярли барча вазирлик ва идораларда раҳбарнинг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолият юритмоқда. Бу жами 309 та давлат органи ва хўжалик бирлашмасининг 282 тасида, яъни 91,2 фоизида маслаҳатчи иш олиб боряпти дегани. Уларнинг мақоми раҳбар ўринбосарига тенглаштирилган.

Шиддат билан ривожланиб бораётган жамият ҳаётининг барча жабҳаларига ахборот-коммункация технологиялари ундан ҳам жадалроқ кириб бормоқда. Бежизга 2020 йил «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилинмади.

Ушбу йўналишда белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги энг асосий ва масъул ижрочилардан бири сифатида кўрсатилган. Шу ўринда Вазирлик ва унинг тизим корхона ва ташкилотлари фаолияти замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан бевосита боғлиқ эканлигини инобатга олсак, мазкур соҳада бошқа тиллардан ўзлашган ёки янги кириб келаётган сўз ҳамда атамалар талайгина.

Хусусан, кундалик ҳаётимизда юз, ҳатто минг марта ишлатиладиган «интернет», «телевизор», «компьютер», «принтер», «клавиатура», «монитор», «абонент», «роуминг», «почта», «виртуал», «оператор», «локал» каби сўзлар айни дамда айтиш жоиз бўлса, қон-қонимизга сингиб кетмоқда. Ёши катталар-ку майли, ўсиб келаётган ёш авлод ана шу сўзлар иштирокидаги мулоқотлар қуршовида вояга етмоқда. Ҳозирда шу ва шу каби сўзларни, аниқроғи атамаларни ишлатмайдиган одам топилмаса, керак. Бу сўзларнинг бири инглиз, яна бири рус, бошқаси эса грек тилидан кириб келган — ана энди мазкур соҳа ходимларининг сўзлашувини ёки уларнинг иш жараёнини тасаввур қилиб кўраверинг.

Ташқаридан қараганда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритувчиларни кўпчилик техника одами деб ўйлайди. Тан олиш керакки, мен ҳам озгина бўлса-да, шундай фикрда эдим, бироқ адашганлигимни улар билан ишлаб кўргандан кейингина билдим. Улар томонидан тайёрланган нафақат ички, балки муҳим қарор, фармон ва фармойишлар лойиҳаларини кўриб, бу ҳужжатларни бирор «тилчи» тайёрлаган деган хулоса қилиш ҳам мумкин эди.

Иш жараёнида мулоқотга киришарканмиз, қанчалаб тортишган пайтларимиз бўлди. Аксарият ҳужжатлар давлат тилида тайёрланиши билан бирга, бошқа, хусусан, рус тилидаги хатлар, иш режалар ҳам йўқ эмасди. Ана шуларни ўзбек-давлат тилида тайёрлаш зарур деган фикрни илгари суришим натижасида кимларгадир ёқмаганлигим ҳам рост. Рус тилида ишлаш осон бўлганлар учун бир ишни икки марта қилиш кимга ҳам ёқарди, дейсиз. Ана шунда ўз она тилини ҳурмат қиладиганлар томонидан амалда кенг қўлланиб келинаётган усулни таклиф қилдим. Яъни биз ҳам ўз тилимизнинг ҳурматини жойига қўйган ва бошқа тилларни камситмаган ҳолда ҳар қандай ҳужжатни, айниқса, хатларнинг имзоланган нусхасини давлат тилида тайёрлаш ва зарур бўлса, бошқа тилдаги таржимасини илова қилишга келишиб олдик. Менимча, ишимиз анча осонлашгандек бўлди, ҳамкасблар ҳам бунга кўнди.

2020 йил 10 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида»ги қонуннинг имзоланганини, унга кўра, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланганини эшитган, интернет сайтлари орқали ўқиган бўлсам ҳам ҳамкасбларга индамадим. Чунки бугун ахборот технологиялари ривожланган пайтда бундай имконият ҳаммада бор. Хуллас, бу янгиликни эшитган, ўқиган борки, келиб, худди менинг туғилганим ёки менга тегишли бирор санадек мени табриклай бошлади. Мен бўлсам, «Ана энди ҳам бирор ҳужжатни бошқа тилда тайёрлаб кўринглар-чи…» дея ёлғондан пўписа қилган бўлдим. Аслини олганда эса хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди. Кўнглим тоғдек кўтарилганди. Чунки ҳамма давлатларда ҳам она тили алоҳида байрам сифатида нишонланмайди. Биз ана шундай давлатлардан бирига айлангандик.

ЮНЕСКО маълумотига кўра, дунёда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб кетмоқда. Уларниг йўқолиши эса бутун бошли маданий ва интеллектуал мероснинг ҳам йўқолишига олиб келмоқда.

Она тилларининг тарқалишини кенг тарғиб қилиш фақатгина тиллар хилма-хиллиги ва кўп тилда таълим олиш ёки жаҳон тиллари ва маданий анъаналар билан яқиндан танишиш билан чегараланиб қолмайди, балки улар ўзаро тушунишга асосланган бирдамликни кучайтиради.

Шу ўринда давлат тилида иш юритишга масъул бир инсон сифатида бир таклиф киритмоқчиман. Давлат тилида иш юритишни керак бўлса, мактабда, нари борса, олий ўқув юртидаёқ бошлаш керак. Бунинг биргина ва асосий сабаби бор: эртанги кун эгалари қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар келажакда давлат идорасида фаолият юритадиган бўлса, ўзбек тилини ўрганиши зарурлигини ҳис қилсин ва бунинг учун ҳам назарий ҳамда амалий жиҳатдан тайёр бўлиб улғайсин. Чунки бир неча йиллар давомида ўзига маъқул тил ёки услубда иш юритиб келган ходим ёки раҳбарни бирдан ўзгартириш қийин бўлганидек, олам-олам орзулар билан ишга кирган янги ходимга ҳам бу қоидаларни ўргатиш, уни бу жараёнга мослаштириш осон кечмайди. Балки олий таълим муассасаларида муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан қисқартириладиган мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар ҳисобига ана шу йўналишда дарс соатларини киритиш керакдир.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ташкил этилганлиги айни муддао бўлди. Ҳозирги кунга қадар ушбу марказда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълими, Молия, Мудофаа вазирликлари, Ўзбекистон телерадиокомпанияси ҳамда «Ўзархив» агентликларининг 70 нафар ходимларининг давлат тили борасидаги малакалари оширилди.

 

         Нурулла Абдуллаев,

АКТ вазирининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.