Ўзи маданият ходими бўлиб тилга тош отган кимсанинг қисмати
Ижтимоий тармоқларда ўзбек миллатини, давлат тилини ҳақорат қилган Самарқандлик шахс қамоққа олингани ҳақида хабар тарқалди.️
Негадир шу тобда Шерали Лойиқнинг ушбу тўртлигини келтиришни лозим топдик.
Мансабинг унутсанг, майлига унут,
Мартабанг унутсанг, майлига унут.
Агар сен унутсанг она тилингни
Заҳарга айлансин она берган сут.
Она сўзи қўшиладиган тилга муносабат қандай бўлишини англатадиган битик бу. Ҳақорат қилиш унутишдан ҳам изтиробли.
Фуқаро Дониёр Якубов ўзи Тайлоқ туман ҳокимлиги маданият бўлимида ишлаб келсада, 2020 йил 15 майда FACEBOOK ижтимоий тармоғидаги “Халқ фикри” номли гуруҳда ўзининг профилидан ўзбек тили ва миллатини камситувчи фикрларни қолдирган. Ушбу ҳолат юзасидан аниқлик киритиш мақсадида ИИБ ходимлари унинг уйига борган вақтида у ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай уларга қаршилик ҳам кўрсатади.
Самарқанд шаҳар маъмурий судида унга нисбатан тўпланган иш 2020 йил 18 май куни очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 42, 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддалари билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Токи, бу бошқаларга ҳам ибрат бўлсин. Тил ҳақида сўзлаганда, онангиз кўз олдингизга келсин дегимиз келади.