9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

ТИЛИМИЗНИ БУГУН ТАРАФЛАБ ШАРАФЛАМАСАК, ЭРТАГА…

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > ТИЛИМИЗНИ БУГУН ТАРАФЛАБ ШАРАФЛАМАСАК, ЭРТАГА…

ТИЛИМИЗНИ БУГУН ТАРАФЛАБ ШАРАФЛАМАСАК, ЭРТАГА…

Шарафланадиган, тарафланадиган тушунчалар орасида она тили – давлат тили алоҳида ўрин тутади. Акс ҳолда, биз ўзлигимиз кўзгуси бўлган сўзлигимиздан ажралиб, уни йўқотишимиз тайин. Шундай экан, биз унга муҳтожмиз. Кимки, давлат тили ҳақида бирон гап айтиб жиғимизга тегишига йўл қўймаймиз. Қитиқ патимизга теккандай сакраб тушамиз ва тегишли жавобини берамиз. Зиёлилар, юрт тақдирига, тилимизга, элимизга меҳри чандон устувор бўлган санъат ва маданият ходимлари бу масалага бефарқ эмас. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажиднинг шу борадаги мулоҳазалари эътиборга молик, мана, мутолаа қилинг.

 

ТИЛ ИНСОНЛИК ШАРАФИДИР

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ҳам ўттиз йилдан ошди. Бу озгина вақт эмас. Бир йигитнинг умри, ахир. Мустақиллигимиз эълон қилинганига ҳам чорак асрдан ошди. Нима деб ўйлайсиз, бу муддат камми? Ёдингизда бордир, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган паллаларда “Ўзбек тилини ўрганамиз” деган ўқув машғулотлари яхшигина йўлга қўйилганди. Тилимизни билмаганлар озми-кўпми ўрганишни бошлаган эдилар… Кейин жуда кўпчилигимиз эски ўзбек ёзувидан дарс олишга астойдил киришиб кетдик. Шунчаки, кўр-кўрона эмас, муҳаббат билан интилдик бунга. Негаки, кўнглимиз шунга жуда ташна эди, рост гап. Неча-неча асрлик адабий, илмий меросимиз шу тилда ёзилган-ку. Бу ҳолдан эса энг кўп қувонган ижод аҳли бўлди. Ахир, улар бундоқ натижага эришимоқ учун озмунча жабр чекишдими? Ўша пайтларда нашр этилган газета-журнал тахламларини бир варақлаб кўрсангиз яна ҳам яхшироқ англайсиз. Улар ўша пайтлардаёқ, давлат, унинг озодлиги, миллатни илм, тўғрироғи, илмли, ихлосли, қатъятли кишилар асрайди, деб билганлар. Кейин нима жин урди билмайман. Ҳаммаси бошқача тус ола бошлади. Тилимизнинг нуфузи туша бошлади. Ажнабий (минг афсуски, кўп ҳолларда ўз тилимизни унутган ҳола) тилларда чулдирай бошладик. Алам қиладигани, ўз тилида гаплашишга ор қиладиганлар тоифаси ҳам пайдо бўлди. Буларнинг барчасига ўзимиз рухсат бердик. Ҳой, тўхта, эсинг жойидами, кўзинг қаёқда сени, дейдиган одам топилмади. Ёки бош кўтармоқчи бўлганларнинг бошига уриш учун гурзини ўзимиз тайёрлаб қўйдик. Октябр ойида нари-бери тил ҳақида сўзлагандек, тил учун қайғургандек бўлдик. Октябрнинг 21 санаси шунчаки нишонланадиган байрамга айланди. Сана ўтиши билан… яна эски тос, эски ҳаммом қўшиғини айтдик.
Ўтган йили Ўзбек тилининг ўттиз йиллиги кенг нишонланди. Байрам тадбирида мамлакат раҳбари иштирок этди ва нутқ сўзлади. 21 октябрни Ўзбек тили байрами сифатида нишонлаш таклифини берди. Жорий йилнинг 10 апрелида бу қонун билан мустаҳкамланди. Энди ҳам мум тишлаб ўтирсак, бўлмайди. Энди журъатли бўлишимиз керак. Мен сўзларим аввалида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани ҳамда мустақилликка эришганимизга анча йиллар бўлди, бу оз муддат эмас деган гапни айтган эдим. Аслида катта натижаларга аллақачон эришмоғимиз керак эди. Узоққа борманг. Биз билан бир вақтларда мустақиллигини эълон қилган мамлакатларнинг давлат тили қонунларига ва унга амал қилиш мезонларига бир диққат қилсангиз, нималарни бой бераётганимиз маълум бўлади. Ҳеч бўлмаганда шулардан ўрнак олайлик. Она тилимизга қарши курашувчи ичимиздаги ёғийлар бўладими, ташқи маккор, ифлос ниятли одамлар бўладими, ҳаммасига қарши дадил курашимиз зарур ва шартдир.
Мен тил билан боғлиқ мақолаларимнинг бирида мисол кеттирган эдим. Яна эслатиб ўтмоқчиман. Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” китобида шундай мазмундаги ҳикматли сўзлар бор: тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўладилар. Биринчи ўз эрки ва ихтиёри ўзида бўлмаган киши, иккинчи шаръий ва қонуний касб қилиб топган мулкининг соҳиби бўлолмаган одам, учинчи Ватанини бошқалар тассарруфида қолдирмоқ (бу эса кечирилмас жиноят ва инсон ҳақларига хиёнатдир), тўртинчи асрлар бўйи асралиб келинаётган муқаддас динларига эмин-эркин амал қилиб яшай олмаган одам.
Ҳазрат Соғуний сўзлари ҳамиша огоҳлик бонги бўлиб қолаверади. Чаённинг заҳари думида бўлади, дейишади, думдан ҳам, чаёндан ҳам воз кечиш керак. Баъзи дардларнинг давоси бўлмайди. Жарроҳ уни танимиздан кесиб, олиб ташлайди. Биз худди жарроҳ каби қалбимиздаги она тилимизга бўлган ғайри қарашларни, кир босган ўй-хаёлларни, сасиб-бижғиб кетган тафаккурни олиб ташлашимиз керак. Бошқа йўл йўқ. Бу мақсад йўлида ҳаммамиз якдил бўлишимиз ҳам, албатта, муҳим. Йўқса, устозимиз Абдулла Ориф айтганидек, шўрлик тўтининг ҳолига тушиб қолиш ҳеч гап эмас.

Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.