9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Ор-номус топса қарор, демак, тил ва миллат бор!

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > Ор-номус топса қарор, демак, тил ва миллат бор!

Ор-номус топса қарор, демак, тил ва миллат бор!

Илм-маърифат давр муаммоларининг ечимига йўғрилса, унинг қиймати юқори бўлади. Аслида, барча илмларнинг ибтидоси тил ва ёзув билан. Изоҳлаш, тушунтириш, шарҳлаш, таҳлил-у тадқиқлар ҳам унинг қудрати билан. Кўп йиллардан бери жонкуяр тилшунос сифатида ўзининг теран фикри, кенгқамровли билими, ўзига хос таҳлилий нуқтаи назари билан ажралиб турадиган Зулхуморхон Холманова фидойи олималаримиздан. Улар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг профессори сифатида талабаларга дарс беришдан, она тилимизнинг илмий-назарий асослари борасида билим беришдан завқ оладилар. Уларнинг ушбу мақоласи ҳам юқоридаги мулоҳазаларимизнинг исботи бўлишига шубҳа йўқ. Ўқинг, долзарб мавзу борасидаги муҳим фикрлар.

 

  “ЭМДИ НОМУСИМИЗНИ ҲАМ ИСТАМАСУНЛАР…”

 

Ўзбек тилига давлат тили мақоми  берилиши –  миллатимиз ҳаётидаги буюк воқеа. Аждодларимизнинг азалий орзуси ушалди. Тилимизнинг ҳуқуқий асоси таъминланиши баробарида миллатимиз мустақилликни қўлга киритди. Бу жараён осон ва шунчаки, ўз-ўзидан рўй бермаганини таъкидлаш шарт эмас. “Давлат тили ҳақида”ги қонун ўзбек тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди. Қонуннинг 1-моддасидаЎзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб қайд этилди. 3-моддасида Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари ушбу Қонун ва бошқа қонунлар билан белгилаб берилиши таъкидланди. 7-моддадаги “Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди”, 8-моддадаги “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти, бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади”  деган фикрлар миллий тилнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш мақсадида келтирилган эди. Конституциямизнинг 4-моддасида ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси давлат тили сифатида  расман белгилаб қўйилиши маънавиятимиз тарихидаги энг катта ютуқдир.

Ўзбек тили ҳуқуқий асосларининг яратилиши негизида миллий тилнинг мавқеини юксалтириш, тилга муносабат, тилга эътибор, тилга ҳурмат туйғуларини янада турғунлаштириш, Ўзбекистон фуқаролари онгида “давлат тили”,  унга амал қилиш талаблари ҳақидаги эътирофни шакллантириш масалалари кун тартибига қўйилди.  Давлат тилига муносабат, унга амал қилиш ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этди. Ўзбек тилининг ижтимоий функцияси кенгайди. Бу тилнинг алоқа-муносабат, ҳиссий таъсир, тўплаш вазифалари билан бир қаторда тафаккурни ривожлантирувчи, аниқ фан доирасидаги, ишлаб чиқариш тармоқларидаги янгиликларни ифода этиш хусусияти такомиллашди.

“Давлат тили ҳақида”ги қонун моддаларини ҳаётга татбиқ қилиш, Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларида ҳисоб-китоб, статистика, молия ҳужжатлари, судлов ишларида, нотариал ҳаракатлар, фуқаролик ҳолатини қайд этувчи ташкилотларда  давлат тилида иш юритиш, Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро анжуманларни давлат тилида олиб бориш, шахсни ва унинг ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар, аризалар, таклифлар, шикоятларнинг давлат тилида расмийлаштирилишини таъминлаш мақсад қилинган эди.

Телекўрсатувлар  ва радио эшиттиришлар, ноширлик фаолияти, почта-телеграф жўнатмалари, муҳрлар, тамғалар, иш қоғозлари матнлари, лавҳалар, эълонлар, нархномалар, маҳсулот ёрлиқлари, Республиканинг маъмурий-ҳудудий бирликлари, майдонлари, кўчалар ва географик объектлар  номлари, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаси матнларини, асосан, давлат тилида расмийлаштириш режалаштирилган эди. Аммо афсуски…

Ўзбек тилига “давлат тили” мақоми берилган санага 30 йил тўлди. Тан олиш керак: “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг амалиётга татбиқи борасида бир қатор муваффақиятларга ҳам  эришдик. Лекин амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, йўл қўйилаётган нуқсонлар олдида бу ютуқлар ҳеч гап эмас. Атрофни инглиз тилидаги, қолаверса, рус тилидаги номлар босиб кетди. Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларигача   I love…. тарзидаги “юрак” сўзлари кириб борди. Иқтидорли болаларимиз билимини инглиз тилида такомиллаштиради, деб бонг урмоқдамиз… Рус тилини чуқур ўргансин, деяпмиз. Она тили-чи? Кўпгина расмий ҳужжатлар, қонун лойиҳалари рус тилида амалга оширилиб келди.

Ана шундай ўта қийин, оғир, она тилини асраб қолиш,  такомиллаштириш  борасида сусткашлик ҳукм сураётган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан  “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон эълон қилинди. “Давлат тилини ривожлантириш департаменти”, “Атамалар комиссияси” ташкил этилди. Давлат тилини ривожлантириш концепцияси ва йўл харитаси ишлаб чиқилди.

Адлия вазирлиги томонидан давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун  лойиҳасининг ишлаб чиқилгани айни муддао бўлди.

“Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 9-моддасида: “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади” дейилган. Ушбу моддадаги “заруриятга қараб” деган бирикмада “айрим ҳолларда” деган тушунча  назарда тутилган. Лекин ўтган 30 йил давомида кўпгина корхона, ташкилот, муассасаларда бу моддага, деярли, амал қилинмади. Аксинча иш юритилди: яъни меъёрий ҳужжатларнинг аксарияти рус тилида тайёрланиб, мажбурият юзасидан ўзбек тилига ўгирилди (шунда ҳам ҳаммаси эмас).

9-модданинг “Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро анжуманларда давлат тили, шунингдек, қатнашчиларнинг ўзлари танлаган тиллар анжуманнинг иш тили ҳисобланади” деган қисми ҳам давлат тилини амалиётга татбиқ этишда эҳтиёткорлик билан ёндашилганини кўрсатади.

“Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 10-моддасидаКорхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларнинг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда, бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин” дейилган. Бу моддада давлат тилида иш юритиш қатъий қилиб қўйилмагани учун ҳам ўзбек тилининг расмий мақоми қонун эълон қилинган йиллардаги   даражада қотиб қолди. Мазкур моддада қайд  этилган  “ишловчиларнинг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда, бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин” деган бандга кўпроқ амал қилингани маълум бўлди. Энг қизиғи,  бундай ёндашув “ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда”гина эмас, ўзбек тилини биладиган жамоаларда ҳам мунтазам равишда кузатилди.

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси “Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” деб номланган бўлса-да, ушбу модда давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этмаслик билан боғлиқ муносабатларни қамраб олмаганлиги” тўғри таъкидланмоқда. Мазкур модданинг мавжудлигини ҳам кўпчилик билмаслиги бугунги кунда ойдинлашиб қолди. Бу ҳолат ушбу модданинг амалиётга татбиқ этилмаганлигидан далолат беради. Натижада давлат тили меъёрлари татбиқи талаб даражасида эмаслиги, давлат тилида  иш юритиш тизимига амал қилинмаётгани ҳақида оммавий ахборот воситаларида, радио, телевидениеда, илмий-амалий конференцияларда мутахассислар, жамоат арбоблари, маънавий-маърифий ташкилот ходимлари томонидан куюнчаклик билан айтилган фикрлар муаллақ қолаверди. Аксинча, кўпгина  ҳамюртларимиз “неча йиллардан бери бир хил муаммо – кўча-кўйдаги хатолар ҳақида гапиряпсизлар” деган мазмундаги иддаоларини билдиришди. Ачинарлиси,  шаҳар кўчаларидаги эълонлар, рекламалар матнидаги имловий, услубий хатоликлар  билан бир қаторда  бошқа бир  муаммо – хорижий тилдаги матнларнинг, номларнинг меъёрдан ортиқ кўпайиши, “хорижий тус” масаласи  кўндаланг бўлиб қолди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасига: “Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий маош миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда  жарима солишга сабаб бўлади” деган қўшимча киритилиши ҳақидаги қонун давлат тилига амал қилишнинг бугунги ҳолати ҳамда Президент фармони ижроси  учун айни заруратдир.

Сир эмас, бугун ҳар бир масалада хориж тажрибасига таянмоқдамиз (шу ўринда баъзи соҳаларда миллий тажрибага асосланиш лозимлигини, хориж тажрибасини тўлиқ, қолип сифатида олмасдан, ундан ижодий фойдаланиш кераклигини, буюк аждодларимиз тафаккур маҳсуллари, илмий, маънавий-маърифий фаолияти, аксинча, дунё афкор оммасига ибрат бўлганини ҳам унутмасликни таъкидлаймиз). Украина, Литва, Тожикистон, Франция ва бир қатор мамлакатлар қонунчилигида давлат тили меъёрларига амал қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилангани қайд этилган. Алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий малакатларнинг давлат тили соҳасидаги қонунчилик тажрибаси ўрганилган. Шунинг ўзи ҳам қонуннинг бугунги кун талабига мослигини кўрсатади. Қолаверса, қонун қатъийлиги, меъёрийлиги, мажбурийлиги билан устувордир.

Аслида маънавий зарар моддий зарардан устун туради. Маънавий зарар миллатнинг илдизини емириши мумкин: ўзбек халқининг буюк мутафаккирлари шундай уқтириб келади. Афсуски, бундай таъсирнинг зарарини кўпчилигимиз англаб етмадик. Агар тушуниб етганимизда эди,   42-модданинг натижаси шу кунга қадар кўринган бўлар эди.

Моддий зарар инсониятни ҳушёр торттиради. Инсонда мажбурият туйғусини уйғотади. Бирор фаолиятни мажбурият юзасидан амалга ошириш инсон табиатига хос. Агар мажбурият бўлмаса, инсон фаолиятининг кўп қисми издан чиқиб кетиши мумкин. Аждодларимиз ҳам мажбурийлик шахс ҳаракатини таъминловчи омил эканлигини  таъкидлашган. Хусусан, Юсуф Хос Ҳожиб таълим-тарбия беришда мажбурлаш лозимлигини қайд этган.  Таниқли  олим, миллатпарвар устозимиз профессор Бегали Қосимов  жадидларга монанд  “…маънавиятга етаклаб, керак бўлса мажбурлаб элтиш керак” деган эдилар. Қонун лойиҳасида қайд этилган жариманинг халқ вакилларига эмас, давлат ташкилоти масъуллари, мансабдор шахсларига нисбатан қўлланиши адолатли ёндашувдир. Ҳозирга қадар давлат тилида иш юритишнинг зарурлиги  ҳеч қандай жаримасиз, маъмурий жавобгарликсиз  таъкидлаб келинди. Айтарли натижага эришилмади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддасига жарима ҳақидаги банд мақсадга мувофиқ  киритилган ( шу ўринда йўл ҳаракати назоратини тизимли тартибда олиб боришда қатъий белгиланган жарималарнинг алоҳида аҳамиятга эгалигини  ҳам қайд этиб ўтмоқчимиз).

Россиянинг  Regnum нашрида  “Ўзбекистонда давлат органларида рус тилидан фойдаланганлик учун жарима белгиланди”,  Ўзбекистонда фаолият юритадиган  Вести.уз сайтида  “Ўзбекистонда Пушкин тили учун жарима қўллашмоқчи”  деган мазмундаги хабарларнинг асоссиз эканлигини мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллат вакилларининг, хусусан, русларнинг аксарият қисми англаб турибди. Лекин уларнинг бу маълумотларни тўғридан-тўғри, синтез қилмай қабул қиладиган вакиллари ҳам борлигини унутмаслигимиз керак, албатта. Шу сабабдан, аввало, мазкур нашрларда, қолаверса рус тилидаги бошқа оммавий ахборот воситаларида  ўзбек миллатига мансуб бўлмаган (аниқроғи – рус миллатига мансуб) юртдошларимиз вазиятни тўғри тушунтирадиган, қонун моҳиятини тўғри талқин қилиб берадиган мақолалар эълон қилишса маъқул бўларди. Қонун лойиҳасида рус тили ёки бошқа тил ҳақида, умуман, сўз юритилган эмас.  Рус халқи ўзбеклар учун жуда яқин миллат ҳисобланади. Рус шеърияти, мусиқаси, қўшиқчилик санъати болалик хотираларимиз билан уйғунлашиб кетган.  Қонунда кўзда тутилаётган масала рус тилига мутлақо алоқадор эмас, балки ўзбек тилининг тақдири, келажаги, миллий тилнинг равнақи ва ривожи хусусидадир.

Республикада хорижий тилларни, жумладан, рус тилини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, тил ўрганиш маданиятлар билан танишиш имкониятини беради, дунёқарашни бойитади. Лекин бу жараён она тилини эътиборсиз қолдириш ҳисобига амалга оширилиши керак эмас. Беҳбудий икки эмас, тўрт тилни билишга чақиради, лекин  хорижий тилни ўрганиш, деганда зинҳор она тилини унутишни назарда тутмайди – она  тилини тафаккур асоси, деб билади. У ватан шу авлодники бўлишини истади. Билимли бўлмаса, тилини унутса,  авлодлар ватанида яшаб туриб беватан қолиши мумкинлигини таъкидлади.

Яна бир гап. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг янги лойиҳасида расмий мурожаатларнинг  давлат тилида бўлишини мажбурий тарзда белгилаш лозим.

Дунё миқёсида айрим тиллар истеъмолдан чиқиб бормоқда, она тилини асрашдек глобал муаммо юзага келяпти. Халқимизда миллий тилга муносабат ўзгариши лозим. Асрлар бўйи сайқалланган миллий-маданий қадриятларимиз, анъаналаримиз қаторида она тилимизни ҳам бор кўрку таровати билан авлодларга етказишга масъулмиз. Бу борада аждодлардан ибрат олишимиз, дунёнинг ривожланган мамлакатлари ютуқларидан унумли фойдаланишимиз керак. Аввало, кўчалардаги реклама ва эълонлар матнини талаб даражасида тўғри шакллантиришимиз даркор. Номлашда давлат тили имкониятларини намоён қилувчи туркий сўзлар ёки баъзи ҳолларда, халқимиз маънавиятига сингиб кетган арабча, форс-тожикча ўзлашмаларни ҳам танлаш мақсадга мувофиқ. Худди шу маънода қадимий, мумтоз манбалар орқали ҳозирга қадар етиб келган айрим туркий сўзларни тиклаш, оммалаштириш лозим.  Номлар, реклама ва эълонлар матнининг “Атамалар комиссияси” назоратидан ўтказилишини йўлга қўйиш керак. Шу ўринда айрим юртдошларимизнинг “ўзбек тилининг кўп сўзлари арабча ва форсча-тожикча”, компьютер  ёки машинасозлик терминларини қандай қилиб ўзбекчалаштириш мумкин?” деган эътирознамо муносабатларига келадиган бўлсак, аввало, гап терминлар устида бораётгани йўқ. Ўзбек тилидаги ҳамма чет сўзларни  ўзбекчалаштириш мумкин эмас. Бу ерда “меъёр”, “имкон қадар” деган тушунчаларга урғу берилади. Қолаверса, ўзбек тилида арабча, форсча сўзлар кўп бўлса ҳам, қўлланиш миқдори жиҳатидан туркий отлар, феъллар фаолдир. Туркий сўзларнинг ном сифатидаги доирасини кенгайтириш, туркий сўзлар миқдорини ошириш Президент фармонида белгиланган вазифалардан биридир. Миллий тилнинг асосий луғат бойлигини ўз қатлам сўзлари ташкил қилиши керак. Бу масалани онгли равишда ёндашиб ҳал қилиш жаҳон тажрибасида кўп кузатилади, хусусан, Корея тил сиёсатида  учрайди.

Умумтаълим жараёнида саводхонликка, она тили ва адабиёт таълимига, тилдан фойдаланиш кўникма, малакаларини ҳосил қилишга  алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ўзбек тилини ўқитиш тизимини миллий педагогика  негизида, хориж тажрибаси асосида янгилаш, замон талабларига мос адабиётлар синфини яратиш, инновацион технологияларни қўллаш долзарб масалалар сирасига киради. Ўқувчиларда лингвистик, нутқий, касбий, коммуникатив, ахборотни қабул қилиш, ўз-ўзини ривожлантириш уқувини шакллантириш жуда муҳим. Ўзбек тилида билимларни баҳолаш, автоматик таҳрир, таржима, тил ўргатиш дастурларини яратиш, “Ўзбек тилининг Миллий корпуси”, кўп жилдли “Ўзбек шевалари луғати”, “Туркий архаизмлар луғати”ни тузиш устувор вазифалардан биридир. Давлат тилида турли босқичлар ва даражалардаги синовларни жорий этиш, ишга қабул қилишда давлат тилини билиш, саводхонлик даражасини текширувчи тизимни ишлаб чиқиш эҳтиёжга айланди.

Ўзбек тили тараққиётини таъминлашга хизмат қиладиган, миллий тил ривожини мақсад қилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга, расмий чиқишларга нисбатан салбий муносабатларни ўқиганим заҳоти шууримда  “Абулфайзхон” драмасидаги Фарҳод оталиқнинг хон қизини тортиқ қилишини сўраттирганида   айтган сўзлари жонланади: “Биз хон ҳазратларига ўзимизни қурбон қилдик. Эмди номусимизни ҳам истамасунлар”.

Тил миллатнинг мавжудлигини белгилайдиган асосий омил ҳисобланади. Она тилини эъзозлаш, қадрлаш, серқирра имкониятларини, сўз бойлигини борлигича сақлаш, такомиллаштириш, давлат тили сифатидаги мавқеи ва нуфузини ошириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Давлат тили тенгсиз бойлигимиздир, номус-оримиздир. Миллий тил халқимизни ҳамжиҳатликда тараққиёт сари бошлайди. Халқни янада жипслашишга, миллий қадриятларни асраб-авайлашга ундайди.

Тил бор экан  –  миллат  барқарор!

 

Зулхумор Холманова

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг профессори, филология фанлари доктори,

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.