9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

“Юсуф ва Аҳмад” достонининг генезесига доир

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > “Юсуф ва Аҳмад” достонининг генезесига доир

“Юсуф ва Аҳмад” достонининг генезесига доир

Дунёдаги кўпчилик халқлар эпосларига хос бўлганидек, “Юсуф ва Аҳмад” достони ҳам ўтмиш авлодларимизнинг турли ибтидоий дунёқарашларини у ёки бу тарзда акс эттирган. Хусусан, достондаги бир қатор мотив ва сюжет ҳалқаларининг туб илдизлари узоқ даврларга бориб тақалади.

Турли халқлар тарихи, дунёқарашига назар қилинса, улар ўртасида ўзаро муштарак жиҳатлар мавжудлигини пайқаш мумкин. Бу масала ҳар бир халқнинг табиат ва жамият ҳодисалари устидан чиқарган ҳукми, ўй ва қарашларида янада равшанлашади. Хусусан, буларнинг қанчалик ҳақиқатга эга эканлигини халқ дуалистик қарашларини кузатиш асосида ҳам билса бўлади.

Аслини олганда халқ оғзаки ижодиёти эпик жанрларининг ҳар бирида дуалистик элементларни учратиш мумкин. Улар айрим лавҳа ва деталлардагина эмас, балки асарнинг умумий ғояси ва руҳида акс этади. Масалан, истаган бир эртак ёки достонга мурожаат этмайлик, унда қарама- қарши икки кучнинг – эзгулик ҳамда ёвузлик ҳомийларининг кураши тасвири асосий обект бўлиб хизмат қилишини кўрамиз.

Биз “Юсуф ва Аҳмад” достони таркибида ҳам халқнинг дуалистик қарашларига муфассал тўхталмасдан, халқ дуализми билан бевосита боғлиқ бўлган эгизаклар култи масаласига диққатни қаратмоқчимиз. Ҳар қандай масала моҳиятини тўғри англаш учун унинг тарихий заминига назар ташлаш фойдадан холи эмас. Мисол сифатида зартуштийликнинг муқаддас китоби- “Авесто”ни олайлик. Унинг “Вендидод” қисмида халқ дуализмига доир маълумотлар ёрқин акс этган. Унда тасвирланишича, бутун олам бир бирига қарама қарши икки ўртасидаги шиддатли ва тинимсиз курашдан иборат. Эзгулик кучлари инсониятга манфаат келтирса, ёвузлик кучлари зиён-заҳмат етказади. Бу хусусият асарда Аҳраман ва Хурмуз образлари сиймосида ўз ифодасини топади. Хурмуз эзгулик кучаларига ҳомийлик қилса, Аҳраман ёвузлик ҳукмдори сифатида гавдаланади.

Халқ дуализми билан боғлиқ бўлган иккинчи бир масала – моддий оламнинг, инсониятнинг яратилиши масаласидир. Буни ҳам дуалистик қарашлар билан боғлаш ва шу тариқа талқин қилиш деярли барча халқларнинг фолклори ва мифологиясига хос хусусиятдир. Бу ҳолат Шарқ ҳамда Ғарб халқлари мифологиясида деярли бирдек кўзга ташланади. Космогония, яъни осмон жисмларининг яралиши билан боғлиқ мифларда, айниқса, бу янада равшанроқ кўринади. Эгизаклар култининг рўёбга келиши ҳам бевосита космогония билан алоқадордир. Чунки эгизаклар култининг юзага келиши само жисмларининг пайдо бўлиши ва уларнинг атропоморфизатсияси, яъни жонли тасаввур этилиши асосидадир. (Буни “егизаклар буржи” номи билан юритилувчи (созвездие близнетсов) юлдузлар туркуми мисолида ҳам англаб олиш қийин эмас).

Табиат ва жамият ҳодисалари билан тўқнаш келган ибтидоий инсон доимо бир-бири билан қарама-қарши бўлган икки ҳолат, икки хил нарса ва ҳодисаларнинг мавжудлигини кўради. Зулмат ва зиё, тун ва кун, қуёш ва ой, ҳаёт ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик ва ҳ.к.з. Демак, буларни вужудга келтирувчи, уларга ҳукмронлик қилувчи кучлар ҳам бор бўлса керак деб ривоят, уйдирмалар тўқиб чиқаришган. Халқ мифологияси ва фолклорида бу иккала руҳ кўпинча, эгизаклар формасида талқин этилган. Айрим мифларгина бундан мустасно. Баъзи мифларда инсониятнинг яратилиши  иккал ибтидо (ер ва хотин)га боғлиқ ҳолда тасвирланади.

Таниқли этнограф олим Л. Я. Штернберг бундай ибтидоий тушунчалар Хитой ёдномаларида ҳам сақланиб қолганлигини таъкидлайди. Шарқ халқлари ижодиётида кенг тарқалган Одам Ато ва Момо Ҳаво ҳақидаги мифлар, шунингдек антик давр ёдгорликларида кўплаб учрайдиган Адам ва Ева номи билан боғланган афсона-ю ривоятлар ҳам шу хусусдаги фикримизни қувватлайди. Уларда тасвирланишича, Одам ва  Ҳаво ер юзида пайдо бўлган илк одамлар бўлиб гўёки, барча башарият уларнинг насллари эмиш.

Иккинчи хил мифларда эса, бутун коинот, инсониятни яратувчиси – эгизаклар бўлиб гавдаланади. Ана шу тариқа эгизаклар култи илоҳийлаштирила бошланган. Эгизаклар (кўпинча, ака-ука) илоҳий бир қудратга, ғайритабиий кучга эга бўлиб барча мушкулотларни ҳал қилувчи, яратувчи ва йўқ қилувчи мўжизавий куч сифатида тасвир ланган. Айрим мифларда улар Худо, маъбуд сифатида ҳам эътироф қилинади.

“Юсуф ва Аҳмад” достони, ундаги эгизаклар қисмати юқорида баён қилинган мулоҳазалар билан чамбарчас боғланиб кетади. Балки уни асослашга, тўлдиришга хизмат қилади. Бу масалани ойдинлаштириш учун турли халқлар орасида кенг тарқалган эгизаклар ҳақидаги мифлар, дуалистик қарашлар билан “Юсуф ва Аҳмад” достонидаги боғлиқ ва ўхшаш жиҳатларга муайян мақсад нуқтаи назаридан тўхтаб ўтиш зарур кўринади.

Аввало, шуни қайд қилиш зарурки, дулизм тарққиётининг илк этапларига хос белгиларни “Юсуф ва Аҳмад” достони эгизаклар ҳақидаги қарашларини ўзида тўла сақлаб қолган эмас. Бу табиий ҳол. Таниқли олим А. М. Золотарёв шу хусусда сўз юрита туриб, уруғчилик жамоаси даврида пайдо бўлган эгизаклар култи вақт ўта броган сари ўз маъносини йўқотиши ва ҳар хил эвирилишларга учраши алоҳида таъкидланган. У мисол тариқасида эгизаклар култи фақат оға-ини, яъни қондошликка асосланган ака-ука тарзида эмас, балки ота ва бола, она ва қиз, опа-сингил шаклларида учраши мумкинлигини айтиб ўтади. Эгизаклар култининг бундай эврилишларини “Юсуф ва Аҳмад” достони мисолида ҳам кузатса бўлади.

Достонда дуалистик тасаввур излари фақатгина Юсуф ва Аҳмад образларидагина эмас, балки бошқа образларда ҳам ўз ифодасини топган. Масалан, достондаги икки сингил (Бъозўғлонхоннинг сингиллари — Юсуф ва Аҳмаднинг оналари), икки саркарда (яъни Оғабек ва Бобобек — Юсуф ва Аҳмаднинг оталари) образларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бу образлар достонда ўзининг муфассал тасвирига эга эмас. Шунинг учун ҳам буларга хос маълумотлар жуда кам учрайди. Сингил, саркарда образларининг жуфтлик характерга эга бўлиши ҳамда уларнинг достонда биргаликда тилга олинишига асосланиб халқ дуализмининг эпосда сақланиб қолган излари сифатида изоҳлаш мумкин. Энди эпоснинг бош қаҳрамонлари тасвирига эгизаклар култининг бевосита таъсири масаласига қайтсак, даставвал қаҳрамонларнинг туғилиши масаласига диққатни қаратайлик.

“Юсуф ва Аҳмад” достонининг халқ китоби вариантларида қаҳрамонларнинг туғилиши турлича тавсифланади. Айрим қўлёзмаларда Юсуф ва Аҳмад бир ота-онанинг эгизак болалари сифатида эътироф этилади. Бунда ҳам кўпинча муйян изчиллик, аниқликка риоя қилинавермайди. Асарнинг дастлабки қисмларида уларнинг биор вақтнинг ўзида туғилиши, ва ном қўйилиши ҳақида гап кетса, бошқа бир ўринларда эса уларда ёш жиҳатдан тафовут кўзга ташланади. Масалан, “Юсуфбек ўнсаккиз ёшга кирди, Аҳмадбек ўн тўртга тўлди”.

Маълумки, фолклор асарлари учун тарихан конкретлик, аниқлик кўпинча иккинчи даражали ҳодисадир. Юсуф ва Аҳмаднинг ёш жиҳатдан фарқли қилиб тасвирланишини ҳам ана шу ҳодиса талабидейиш мумкин. Айрим қўлёзма манбаларда қаҳрамонларнинг дунёга келиши шундай таърифланади. “Бўзўғлонхоннинг бир вазири бор эрди. Отини оқилхон дер эрдилар. Бўзўғлон синглисин бериб ўзига куёв қилди. Оқилхон хотинидан икки фарзанд кўрди. Бирина Юсуфбек, иккинчисина Аҳмадбек деб ном қўйди”. Бошқа бир қўлёзмада эса ўзгачароқ шаклда учрайди. “Бўзўғлонхоннинг икки саркардаси бор эрди. Оларга икки синглисини бериб ўзига домод қилди. Оғабекдан Юсубек бўлди, Бобобекдан Аҳмадбек бўлди”.

Кўряпмизки, қаҳрамонларнинг туғилши достон вариантлари ўртасида ҳам турлича фарқланишларга эга. Хўш, дуалистик элементлар халқ лар дунёқараши тарихининг ўзаро муштараклигини эътиборга олган ҳолда ғарб халқлари орасида тарқалган эгизаклар ҳақидаги мифлар билан ўзаро муқояса қилишни лозим топдик.

  1. М. Золотарёв Жанубий Америка халқлари орасига ёйилган эгизаклар тўғрисидаги мифларни ўргана туриб шундай ёзади: “Жанубий Америка мифларида эгизакларнинг туғилиши онанинг ўлими билан боғлиқ”. Бу ақида “Юсуф ва Аҳмад” достонида ҳам ўз тасдиқини топади. Достонда Юсуфнинг онаси Лаълихон ойим Аҳмадни (онаси ўлгани сабабли) эмизади, натижада улар кўкалдош бўлишади. Бу ҳол достоннинг деярли ҳамма нусхаларида ана шундай берилади. Онанинг ўлими мотиве бошқа достонларда ҳам мавжудлигини таъкидлаш керак. “Гўрўғлининг туғилиши” достонини олайлик. Лекин унда қаҳрамоннинг дунёга келиши сал бошқачароқ характерга эга. Унда тасвирланишича, Гўрўғлининг онаси Бибиҳилол вафот этади. Қаҳрамоннинг вояга етиши эса от билан боғлиқ. Яъни гўрўғли ёшлигидан бия сутини эмиб катта бўлади. “Юсуф ва Аҳмад”да эса қаҳрамонларнинг улғайишида ҳайвон култининг иштироки йўқ. бу мотив аслида тотемизм билан боғлиқ. Қадим замонларда турли территорияларда истиқомат қилган қабила ва элатлар ҳар хил ҳайвонларни ўзларига муқаддас ҳисоблашган. Уларга топинганлар. Гўёки, ўша ҳайвон улар уруғининг асосчиси, уруғбоши сифатида тушунилган.

“Юсуф ва Аҳмад” достонида бундай типдаги ҳайвон култи алоҳида ўрин тутмайди. Бу  албатта, эпосининг тарихий тараққиёти давомида турли хил трансформатсион ҳоларларни бошдан кечириши натижасидир. Қолаверса, тотемистик мотив асар мазмунини очишда маълум функсия ўтай олмаганлиги сабабли достондан ўрин олмаган.

Егизаклар ҳақидаги мифлар билан достоннинг фарқ қилувчи яна бир хусусияти улар ўртасида конфликт йўқлигидир. Маълумки, юқорида кўрганимиздек, ғарб халқлари мифларида эгизаклар маълум ёшга етганларидан кейин улар ўртасида зиддиятлар келиб чиқади ва оқибатда уруғиккита фратрийга бўлиниб кетади. Улар ўртасидаги зиддиятлар умрбод давом этади. Биз сўз юритаётган эпосда эса бу ҳол сезилмайди. Тўғри, достоннинг оғзаки вариантида ака-ука ўртасида нисбатан конфликт кўзга ташлангандай бўлади (масалан, Аҳмаднинг ўз акасини сўраб Гуласал чодирига бориши тафсилотлари билан боғлиқ манзараларни эсланг). Достоннинг ёзма вариантларида эса ака-ука бир-бири билан дўст, иноқ, урушда ҳам, курашда ҳам бир-бирига камарбаста сифатида гавдаланадилар. Эгизаклар ўртасида конфликт ясашнинг зарурати йўқлиги учун халқ бу эпизодни эпосга киритишни лозим кўрмаган бўлиши мумкин. Эгизаклар ўртасида конфликтнинг бўлиш- бўлмаслигининг сабаби жаҳон халқларида эгизакларга қарашнинг ўзига хослиги билан боғлиқ.

Жаҳон халқларида эгизакларга қараш икки хил тарзда бўлган. Бу муносабат Шарқ халқларида ижобий характерга эга бўлган бўлса, Ғарб халқларида кўпроқ салбий характер касб этган.

Дотсент О. Мўминовнинг хабар беришича, шарқ халқларида эгизаклар таваллудини одатан қувонч билан кутиб олишган. Эгизакларга, уларнинг онасига катта ҳурмат изҳор этилиб, уни муқаддас ҳисоблашган. Африканинг Гюго мамлакати территориясида эса илгариги вақтлардан эгизакларнинг туғилиши даҳшатли воқеа сифатида изоҳланган. Эгизаклар таваллуд топиши билан дарҳол нобуд этилган. Чунки, улар эгизакларнинг вужудга келишида инс-жинслар, ёвуз кучлар иштирок этган деб ўйлаганлар. Агар она иккинчи маротаба эгизк туғса, эгизаклар кир чумолилар емишига айлантирилган. Маҳаллий халқ эътиқодига кўра бундай тадбир учинчи маротаба эгизаклар туғилишининг олдини олармиш. Сенегалда яшовчи халқларнинг баъзиларида ҳам эгизакларнинг бирининг ҳаёти сақланиб қолинган, иккинчи-нимжонроғИ катта хум идишга солиниб тириклайин ерга кўмилган. Экватор атрофидаги Конго хавзасида яшовчи халқларнинг баъзиларида эгизаклар туққан аёл чақалоқлари билан бирга нобуд қилинган.

Мана булардан кўриняптики, шарқ халқлари эгизакларни муқаддас билиб уларни яхшилик, эзгулик нишонаси сифатида эъзозлашган. “Юсуф ва Аҳмад” достонида шарқ халқларининг эгизаклар ҳақидаги қарашлари ўз ифодасини топган.

Дунё халқлари мифларида эгизаклар баъзан учлик формасида учраши ҳам кузатилади. Атоқли этнограф Л. Я . Штенберг уч эгизак формаларини юнон мифларида кўпроқ учрашини айтиб ўтган эди. Бунда ака-ука ёки опа-сингил шаклида эмас, балки икки қиз бир оғил, икки ўғил бир қиз тарзида бўлади. Эгизакларнинг учлик характерга эга бўлишини “Юсуф ва Аҳмад” достонида ҳам мавжудлигини кўрамиз.

Достоннинг илк қисмларида фақат бош қаҳрамонларнинг туғилиши тилга олинади. Кейинг қисмларда эса уларнинг опаси-Қалдирғоч ҳам қайд қилина бошлайди. Достонда Қалдирғоч образининг ўз ўрни, функсияси бор. Улар барча юмушларни бамаслаҳат ҳал этишади. Юсуф, Аҳмад ва Қалдирғоч образларини эгизаклар сифатида эътироф қилинишининг икки сабаби бор. Биринчиси достонга “Алпомиш” эпосининг бевосита таъсири билан изоҳланади. Чунки, достондаги қалдирғоч образининг тасвири “Алпомиш”даги Қалдирғоч образига жуда мувофиқ келади. Бевосита таъсирни эса ўша образларнинг бир хил номланишидан ҳам сезса бўлади. Иккинчидан эса, эгизакларнинг бу учлик формаси халқ дуализмининг ўзига хос тараққиётини, ўзгариш жараёнини ҳам кўрсатади.

Достоннинг қадимийлигини асословчи мотивлардан яна бири ундаги жонли ва жонсиз табиатга мурожаат мотивидир. Бу мотив ҳам жуда қадимий бўлиб, инсоният тафаккур протсессиясининг ибтидоий кўринишларини ўзида намоён этади. Биз бу ўринда банди бўлиб кетаётган Юсуф Аҳмадларнинг Асқар, Полопон, Пеша тоғларига, гургон дарёсига қарата қилган мурожаатларини, зиндонда ётган пайтларида қалдирғоч ва турналарга қилган нолаи зорларини назарда тутаяпмиз.

Хуллас, “Юсуф ва Аҳмад” достони узоқ даврлик жонли ижодий жараённинг маҳсули. У ўтмиш авлодларимизнинг эътиқоди ва дунёқарашига доир элементларни ўзига сингдирган ҳолда бизгача етиб келган. Бу типдаги элементларнинг айримлари достонга бошқа бир эпик намуналарнинг таъсири орқали кириб келган.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.