Шеър шавқида
Шеър ёзиш ва шеър ўқиш ёшликдан барчага завқли туюлади. Кейинчалик айримларгагина шоирлик тақдирга айланади. Қофияни, ҳижони билган, жойига қўйган билан шоир бўлиб қолмайди ҳеч ким. Ҳис туйғу ва кечинмаларини образли ифода эта олиш ва шу аснода муайян фикр айта билиш камдан кам инсонларга насиб этади. Камолиддин шеър ёзиш билан шеър ўқишни, ҳар иккаласидан завқ оладиганлардан. Олдинига бошқа шоирларнинг шеърларини, кейин эса ўзининг машқларини мактабда, тўй тантаналарида, турли хил тадбирларда берилиб мароқ билан ўқишни ҳавас қилди ва бунинг уддасидан чиқа олди. Бирон бир маърифий тадбир ёхуд ижодий кечаларни ўтказиш зарурати бўлса ҳеч иккиланмасдан бошловчилик қилди. Шу йўсинда у тобора тоблана борди. Натижада кўпчиликнинг эътиборини тортадиган нотиқ ва яхшигина шоир бўлиб етишди. Ижодкор бўлиш тўлғоқли дардни бартараф этишдир. Бир куни сўзлар жилоланиб, товланиб, унинг қаламига кўчса, бир куни сўзлар бегонасираб унинг измига бўйсунмайди. Кўп ўтмасдан юртга, устозларига, ота-онасига, элдошларига бўлган муҳаббат боис қўлига яна қалам олди. Бу гал сўзлигиям, ўзлигиям шаклланди. Дилидаги алами қўлидаги қалами билан сирлаша бошлади.
Улуғларнинг сўзларини зикр қилди, фикр қилди ва бунинг шукронасини қилди, оқибатда Камолиддин Шукур бўлди. Шуни унутмангки, унинг ижодида оила, отаона, фарзанд, аёл зотига меҳр,киндик қон тўкилғон маконга садоқат ҳисси қизил ип бўлиб ўтади. Серқуёш ватанига кўз тегмаслигини, оламга нур берган чироқ ватани эканини таъкидлаб қалбида ифтихор туйғусини туяди. Жамиятнинг кичик ячейкаси оиланинг муқаддаслиги, аниқроғи, оила қайғуси ватан туйғуси билан уйғунлашиб кетишига, бир бутунлигига ишора бор унда.
Келинг, аввало, унинг таржимаи ҳолига бирров назар ташлангда, ундан кейин шеърларидан баҳраманд бўлиб холисона баҳо беринг.
Камолиддин 1983 йилнинг 21 ноябрида Бухоро вилояти, Ғиждувон туманининг «Саййидкент» қишлоғида ишчи оиласида туғилган. Ёшлигиданоқ шеърлар ёзиб, қўшиқлар ярата бошлаган. Шоирнинг шеърлари Республика вақтли матбуотида мунтазам ёритилиб борилмоқда. Унинг «Отам туғилган ҳовли» деб номланган илк китоби кўпгина эътирофларга сазовор бўлган. 2012 йилда «Юрагимда бир қиз йиғлайди» номли овозли диски мухлислар эътиборига ҳавола этилган. Унинг кўпгина шеърлари хонандалар томонидан қўшиқ қилиниб элимизга армуғон этилмоқда. Шоирнинг овозли ёзувларини ҳамда турфа шеърлари гулдастасини интернетнинг ҳар хил сайтларидан ҳамда ижтимоий тармоқлардан ҳам топиб баҳраманд бўлишингиз мумкин.
ВАТАН!
Киндик қоним томган гўзал маконим,
Гулу гулзор Юртим,-боғу бўстоним.
Мўътабар Заминим,тиниқ Осмоним,
Онамдек муқаддас тупроғим Ватан.
Дунёни ёритган мунаввар маъво,
Бағрингда Самарқанд, кўркам Бухоро.
Она Шарқ қўйнидан таралган зиё,
Оламга нур берган чироғим Ватан.
Олисдан чорлайди Бобур фарёди,
Ватан дея ўтган буюклар ёди.
Ҳазрат Навоийнинг сўнмас ижоди,
Кўзимга тўтиё ардоғим Ватан.
Арзийди,бир куни ўзингга қайтсам,
Тупроғинг зарраси жонимга малҳам.
Меҳрингдан завқланиб «Ватан»деб айтсам,
Кўксимни тебратган титроғим Ватан.
Кўролмаслар ёниб қолганда доғда,
Сенга тош отганлар қолса фироқда.
Ютуқларинг кўриб севинган чоғда,
Кўзимда ёш тўлган қароғим Ватан.
ОНАМ ЙИҒЛАДИ
Гоҳо менга тақдир қилмади шафқат,
Гоҳо бошгинамга тушди мусибат.
Йиқилдим,ғанимлар кулдилар фақат,
Онам йиғлади.
Қоқилдим, излар ҳам кулиб кетдилар,
Баҳорлар,кузлар ҳам кулиб кетдилар.
Мен суйган Қизлар ҳам кулиб кетдилар,
Онам йиғлади.
Мен ношуд кимларга қилгандим ҳавас,
Мен ғарибга фақат орзу бўлса бас.
Йиғласам қўшилиб фарзандлариммас,
Онам йиғлади.
Қон ютдим,ошкора қувонди ғаним,
Ғийбатлар қилдилар юрагим ярим.
Кўзларин ёшини яширганча жим,
Онам йиғлади.
Мен бир хаста эдим,мен бир хокисор,
Бир қўлида қалам,бир қўлида тор.
Тонглари жойнамоз устида зор-зор,
Онам йиғлади.
Мен нечун йиғладим,йиғладим ё Раб?
Тунда Осмонларга маъюс мўлтираб.
Менинг иқболимни Худодан сўраб,
Онам йиғлади.
Менку не берардим дўсту ғанимга,
Нима керак мендек кўнгли яримга?
Ҳақдан инсоф сўраб душманларимга,
Онам йиғлади.
Шукур омон кунлар келдилар қайтиб,
Ўша лойқа сувлар тиндилар қайтиб.
Яратганга минг бор шукрона айтиб,
Онам йиғлади…
ОТА БЎЛДИМ
Отам Тоҳир Ҳазратқул ўғлига…
Юрак парвозга шай,- яшашга мафтун,
Қувонч оғушида чинқирар беун.
Кеча бола эдим, бугунчи, бугун,
Улғайиб қудратга тўлдим Отажон,
Мен ҳам сиздек Ота бўлдим Отажон.
Энди қолар бўлди ортимда отим,
Ўғлим юрагида урар ҳаётим.
Бешикда чинқирар, менинг зурётим,
Бир қувонса минг бор кулдим Отажон,
Мен ҳам сиздек Ота бўлдим Отажон.
Парвонаси бўлдим, ою кунларда,
Йиғлаганда дардим қотди унларда.
Бемор бўлиб чиққан бедор тунларда,
Узилган ғунчадек сўлдим Отажон,
Мен ҳам сиздек Ота бўлдим Отажон.
Ўғил қизим келиб тўлди қучоғим,
Боғбонга айландим, гуркираб боғим.
Дардин тузатолмай қон ютган чоғим,
Сизнинг қадрингизни билдим Отажон,
Мен ҳам сиздек Ота бўлдим Отажон.
Ота,-азоб экан бағир тўлгунча,
Падарнинг азоби экан ўлгунча.
Шундай каттакалон Йигит бўлгунча,
Қора сочингиз қор қилдим Отажон,
Мен ҳам сиздек Ота бўлдим Отажон.
Келинг бир силай кўз қошларингизни,
Шукронасин айтай ошларингизни.
Ўттизга кирмасдан сочларингизни,
Нега оқарганин билдим Отажон,
Мен ҳам сиздек Ота бўлдим Отажон.
Кетидан қувладик тиллони, зарни,
Отажон кечиринг мендек қайсарни.
Олтинга тенг ўша насиҳатларни,
Енди қулоғимга илдим Отажон,
Мен ҳам сиздек Ота бўлдим Отажон.
Баъзан билиб-билмай бердим азият,
Баъзида ўғилдек қилмадим ҳурмат.
Нелар қилган бўлсам кечиринг фақат,
Айб қилиб бағримни тилдим Отажон,
Мен ҳам сиздек Ота бўлдим Отажон.
Мен ҳам сиздек ҳалак фарзанд ғамин еб,
Ахир фарзанд тумор, фарзанд бизга зеб.
Кечами-кундузми бола чақа деб,
Эслолмайман,- қачон тиндим Отажон,
Мен ҳам сиздек Ота бўлдим Отажон.
Камолиддин айтди сиз қулоқ илинг,
Ўғлингиз дардини бир ҳикмат билинг.
Қўлингизни очинг, бир дуо қилинг,
Неварангиз билан келдим Отажон,
Мен ҳам сиздек Ота бўлдим Отажон.
КЎЗ ТЕГМАСИН
Тўрт томони чаманзор,
Бундайин юрт қайда бор?
Шундай гўзал бетакрор,
Замонга кўз тегмасин.
Афсонага айланган,
Ишқи дилга жойланган.
Улуғ йўлга шайланган,
Карвонга кўз тегмасин.
Ватан учун ошар қир,
Ёзу қиш қору ёмғир.
Ўзбекман деган ҳар бир,
Инсонга кўз тегмасин.
Осиёда ягона,
Тенгсиз гавҳар, дурдона.
Тошкент, Хива, Фарғона,
Анжанга кўз тегмасин.
Кўрганлар қилар ҳавас,
Бахт улашар басма-бас.
Оиладек муқаддас,
Қўрғонга кўз тегмасин.
Тупроғи олтин гўё,
Келган сайёҳи шайдо.
Самарқанду Бухоро,
Сурхонга кўз тегмасин.
Қадам бодсар изма-из,
Ҳеч кимдан каммас ҳаргиз.
Ватан дея ёнган қиз,
Ўғлонга кўз тегмасин.
Она юрт мадҳи такрор,
Куйланар кунда бисёр.
Шўх-шўх қўшиғу алёр,
Достонга кўз тегмасин.
Мағрур кўтарай бошим,
Сўнмагай бахт қуёшим.
Елим деган Юртбошим,
Сорбонга кўз тегмасин.
Деҳқони шараф топган,
Тупроқдан садаф топган.
Виқор-ла Кўкни ўпган,
Хирмонга кўз тегмасин.
Мадҳи тилларда достон,
Қойилдур бутун жаҳон.
Серқуёш Ўзбекистон,
Ошёнга кўз тегмасин.
ОИЛАМ, — ФАРЗАНДЛАРИМ
Топганим, тилло, зарим,
Уларсиз кўнглим ярим.
Бахту, иқболим маним,
Оилам, — фарзандларим.
Умр бир ёнган чироқ,
Менга жон азиз бороқ.
Жонимдан ҳам азизроқ,
Оилам, -фарзандларим.
Ҳаёт бахт мунажжими,
Инсоннинг муаллими.
Мен учун энг муҳими,
Оилам, -фарзандларим.
Шоирман, -кўп ошиғим,
Санъатимга содиғим.
Энг муқаддас қўшиғим,
Оилам, -фарзандларим.
Эзар лаҳза фироғи,
Сезилар дил титроғи.
Умримнинг кўзмунчоғи,
Оилам, -фарзандларим.
Бирга бўлсам йўқ алам,
Кўнгилга сиғмайди ғам.
Хаста жонимга малҳам,
Оилам, -фарзандларим.
Бадавлатман, бойман ман,
Кўкда юлдуз, Ойман ман.
Менинг буюк хазинам,
Оилам, -фарзандларим.
Чўрт эмас дард тотганим,
Машаққатга ботганим.
Бу Дунёда топганим,
Оилам, -фарзандларим.
эРКАК
Ризқу-рўз ишқида бир жони ҳалак,
Мағрибу, Машриқни кезар жонсарак.
Оила шаънини тутиб тургувчи,
Тош ўтмас қўрғони бўларкан Эркак.
Умиди узилса қоши ҳилолдан,
Меҳр кўрмаса гар соҳибжамолдан.
Худо қисган бўлса жуфти ҳалолдан,
Сарғайиб-сарғайиб сўларкан Эркак.
Яшаркан бир умр кутиб туриб ҳам,
Рўзғорин омочин тутиб туриб ҳам.
Дардини ичига ютиб туриб ҳам,
Ҳеч кимга билдирмай юраркан Эркак.
Юрагин қонини тупроққа қориб,
Иморат соларкан, ёғочлар ёриб.
Узун кечаларда Ҳаққа ёлвориб,
Фарзандига иқбол тиларкан Эркак.
Бечора тинмайди, қишми, ёз, баҳор,
Кўкламда ғишт терар, қишда курар қор.
Қачон тўлар экан рўзғор деган ғор,
Эй Худо, -айт қачон тинаркан Эркак?
Умр ўтар, келар турналар қайтиб,
Эски дардлар қалбин тирналар қайтиб.
Аёли йиғласа дардини айтиб,
Қон йиғлаб, ёлғондан куларкан Эркак.
Эркак ҳам бировнинг битта ёлғизи,
Сочидаги оқмас, ғамларнинг изи.
Бемеҳр чиққанда ўғли ё қизи,
Қон ютиб, бағрини тиларкан Эркак.
Эркакка не керак?-эркакка не зеб,
Яшаб юраверар бир бурда нон еб.
Эй ғаним, қарғама, жувонмарг бўл, деб,
Қачон қайтишини биларкан Эркак.
Умр ўтаверар бағрингни ўйиб,
Мусибат қийнайди бепичоқ сўйиб.
Аёлин кўксига бошини қўйиб,
Гоҳо тик оёқда ўларкан Эркак.
Аёлнинг пойида Жаннатдир, бор гап,
Ризолик олинган уч бора сўраб;
Ҳали бу Дунёдан ўтмай во ажаб,
Тириклай Жаннатий бўларкан Эркак,
Тириклай Жаннатий бўларкан Эркак.
АСЛ ЙИГИТ АРДОҚЛАЙДИ АЁЛИНИ
Аросатда қолдириб ўз ҳалолини,
Кўча куйда бузиб юрмас хаёлини.
Бирга кўриб фарзандларин камолини,
Асл Йигит ардоқлайди Аёлини.
Пасту баланд қўрғонларга бўйламас ҳеч,
Ўзга ишқу муҳаббатни ўйламас ҳеч.
Кафтларида тутиб юрар эртаю-кеч,
Асл Йигит ардоқлайди Аёлини.
Керилмайди топаётган пулларига,
Бегона ишқ ин қурмайди дилларига.
Қалб меҳрини сочқи қилиб йўлларига,
Асл Йигит ардоқлайди Аёлини.
Шерик қилар, орзулари, армонига,
Шерик қилар дардларига, дармонига.
Қалқон бўлар, оиласи, қўрғонига,
Асл Йигит ардоқлайди Аёлини.
Сир яшириб, дардин ичга ютиб юрмас,
Паналарда ким-кимларни кутиб юрмас.
Гўзалларнинг этагидан тутиб юрмас,
Асл Йигит ардоқлайди Аёлини.
Чаманзорим, -оиламнинг лоласи деб,
Шугина ҳам бир мўминнинг боласи деб.
Суюклигим, -болаларим онаси деб,
Асл Йигит ардоқлайди Аёлини.
Севдим дея юрак бағрин тилмаса ҳам,
Ерта-ю, кеч шодон ўйнаб кулмаса ҳам.
Кунда бир бор гул кўтариб келмаса ҳам,
Асл Йигит ардоқлайди Аёлини.
Бир кўрмасанг хаста кўнглинг тўлармикин,
Аёлсиз уй баракали бўлармикин?
Аёлингни бошга кўтар Камолиддин,
Асл Йигит ардоқлайди Аёлини.
ҚИЗЛАРИМГА
Ушбуни Самарқандлик қадрдоним Нурмуҳаммад акамга бағишлайман.
Дуо айлай,-ей Яратган Парвардигор,
Икки Дунё ёруғ қилсин юзларимни.
То ҳаётман, айтадурман такрор-такрор,
Минг ўғилга алишмасман қизларимни.
Тақдир менинг сўқмоғимдан йўл очса ҳам,
Ҳар бир босган қадамимдан гул очса ҳам.
Бошгинамдан кунда тилло, зар сочса ҳам,
Минг ўғилга алишмасман қизларимни.
Сабр қилдим, ожизларга Тангри ёрдир,
Гарчи қисмат синовидан сочим қордир.
Қизларимдан бўлак яна кимим бордир?
Минг ўғилга алишмасман қизларимни.
Ярашади сочимдаги қировларим,
Сўнмаган ҳеч, юракдаги оловларим.
Худо берса ўғил бўлар куёвларим,
Минг ўғилга алишмасман қизларимни.
Шулар бордир, бахту иқбол умримга зеб,
Шулар ҳамроҳ, эзилмайман дарду ғам эб.
Ўртанмайман, ўксинмайман ўғлим йўқ деб,
Минг ўғилга алишмасман қизларимни.
Иқбол берсин, иқболига шерикманку,
Ширингина хаёлига шерикманку.
Шулар билан бу Дунёда тирикманку,
Минг ўғилга алишмасман қизларимни.
Майли ярим кўнглим эзсин бир кам Дунё,
Майли менинг кўз ёшларим бўлсин дарё.
Ўғил қадри жон-жонимдан ўтар аммо,
Минг ўғилга алишмасман қизларимни.
Камолиддин, тингла айтган сўзларимни,
Вақти этиб, тупроқ кўмар кўзларингни.
Гарчи менинг тобуткашим бўлмаса ҳам,
Минг ўғилга алишмасман қизларимни.
БУХОРО
Довруғи Дунёга бўйлаган макон,
Минорлари достон куйлаган макон.
Тупроғи мозийдан сўйлаган макон,
Сен тарих дардига малҳам Бухоро,
Ҳамиша навқирон,-кўркам Бухоро!
Не кунлар бошингдан ўтди бирма-бир,
Гоҳида қор кечдинг,гоҳида ёмғир.
Она Шарқ бағрида битган Жавоҳир,
Ўзинг Олам ичра Олам Бухоро,
Ҳамиша Навқирон,-кўркам Бухоро!
Сеҳрингдан куч олиб лол қолди Дунё,
Мадҳ этиб Марсгача дод солди Дунё,
Ҳар қарич ерингда минг бир авлиё,
Ҳар дардга бир табиб,малҳам Бухоро,
Ҳамиша навқирон,-кўркам Бухоро!
Бугун бетакрорсан,ҳур эркин бўлиб,
Гуллагансан,ҳурлик ишқига тўлиб.
Шундайин фусункор жамолинг кўриб,
Фахр этар,ҳар битта Одам Бухоро,
Ҳамиша навқирон,кўркам,-Бухоро!
Бир шоир болангман,мадҳинг учун шай,
Тупроғингни ҳидлаб,минг достон битай.
Жонимни садоға этсам арзигай,
Сен учун,ҳар лаҳза,ҳар дам Бухоро,
Ҳамиша навқирон,кўркам,-Бухоро!
ОНАЛАР ВА БОЛАЛАРИМИЗГА!
Икки Дунё кўрмагай кулфат,
Йўламагай минг дарду иллат.
Азиз бўлгай,мукаррам бўлгай,
Онасини асраган миллат,
Боласини асраган миллат!
Меҳр бўлгай кўнгилларга жо,
Ҳар нигоҳдан муҳаббат пайдо.
Асли Она азиз,мўътабар,
Бола билан гўзал бу Дунё.
Гуркирасин гулу лолалар,
Ўссин,унсин жигар поралар.
Кўрки бўлсин Ўзбекистонни,
Соғлом Она,соғлом болалар !!!
Йўламагай дард,қайғу,хатар,
Мангу бўлгай иқбол муяссар.
Замин сокин,эл шодон бўлгай,
Фарзандлари соғлом бўлса гар.
Ота посбон,Онадур боғбон,
Она билан диллар чароғон.
Она меҳри,дуоси билан,
Фахр топгай ҳар битта Инсон.
Ота жони фарзанд биландир,
Она жони фарзанд биландир.
Ватан тинчи боқий,муқаррар,
Миллат шони фарзанд биландир.
Гулгун кечар бу сокин ҳаёт,
Диллар қайғу,ташвишдан озод.
Бола соғлом,Она соғ бўлса,
Оила тинч,кўнгиллар обод.
Мақсад шуки,дил нурга тўлсин,
Ўғил қизлар ўйнасин,кулсин.
Фарзандларга эҳтиром этган,
Юртбошимиз соғ-омон бўлсин!
Мангу қолгай меҳру муҳаббат,
Бизга мерос хайру саҳоват,
Азиз бўлгай,мукаррам бўлгай,
Онасини асраган миллат.
Униб ўссин,жигар поралар,
Бахтга тўлсин Ота оналар.
Кўрки бўлсин Ўзбекистонни,
Соғлом Она,соғлом болалар !!!