Ҳикматли сўз – ҳимматли сўз
Аҳли қалам орасида шундай нақл юради: “энг мураккаб иш содда ёзиш, ундан ҳам қийини қисқа ёзиш”. Ҳақ гап. Ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқа олмайди. Қисқалик ва соддалик китобхоннинг ғоявий мақсадни тез “ҳазм қилиши“ учун имкон яратади. Шунинг учун ҳам алломалардан бири соддалик талантнинг опаси бўлса, қисқалик синглисидир,- деган. Бу ҳикматдан шу нарса англашиладики, соддалик қисқаликка, қисқалик эса соддаликка яқин туради ва бир-бирини талаб этади. Серсўзликдан қочиш лаконистик услубда фикр ифода этиш бу — санъат ва маҳорат. Алишер Навоий “чин сўз мўтабар яхши сўз мухтасар”- деган. Шунга монанд ҳолда айтиш мумкинки, сара сўз сода сўздир.
Ижоди юқори чўққига етган адибларнинг аксарияти қисқа шакл, қисқа ифодаларни хуш кўрадиган бўлишади. Ёшлигида дилогия, трилогия ҳатто, тетралогия ёзган адиблар ҳам олам- олам маъно берувчи ҳикматларни, чизгиларни қайд этишни маъқул топишади.
Таниқли шоир, журналист дўстимиз Муҳаммад Исмоил навбатдаги китобига “Гапнинг қисқаси яхши” деб ном берибди. Кўп йиллар мобайнидаги кўрган, кузатган кечинмалари ҳикмат тарзида қоғоз юзига тушган. Шулардан айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз китобни ўқинг, шунчаки ўқиманг балки ўқиб уқинг, ҳузурланасиз, фикрлаб лаззатланасиз, руҳланасиз. Эҳтиёт бўлиб иш тутасиз, ёзувчининг ён дафтари унинг жон дафтаридир. Марҳамат.
* * *
Агар нариги дунё ҳисоб-китоблари бўлмаганда, бу дунё саҳнасида шу қадар усталик билан ўйнаш мумкин эди-ки…
* * *
Бировга тақлид қилиш, ўзингга ишонмасликдан бошланади.
* * *
Энг даҳшатли муҳаббат кекса кишининг кексаймаган муҳаббатидир.
* * *
Замон сенга муҳтож эканлигини қанчалик англай олсанг, шунчалик истеъдодлисан.
* * *
Энг катта айёрлик, виждон қийноғига сабаб қолдирмасликдир.
* * *
Ердаги одамни хўрлаш, унинг кўкдаги ҳимоячисини инкор қилишдан бошланади.
* * *
Одам китоб ўқиётганда ўз ақлининг томир отаётганлигини сезиб туради.
* * *
Вақт ўткир қиличдирки, унга қўл силтаган одамнинг қўли албатта кесилади…
* * *
Унинг хатоларини кўриш учун, менда душманлик етишмайди, холос.
* * *
У шу қадар қаттиқ ухлардики, ҳатто нафас олишни унутиб қўйганди.
* * *
Имконият қанчалик қиммат туришини билганимизда, уни арзон нарсаларга алмашмас эдик.
* * *
Худони инкор қилиш, қуёшни пуфлаб ўчираман дейиш билан баробардир.
* * *
Киши қариётганидан нолигандан кўра, мақсадсизлигидан нолиши ўринлироқ.
* * *
Дунёда ёмон одам йўқ, ёмонлик бор холос.
* * *
Ёзувчининг буюклигини ёзишга усталиги эмас, эътиқодининг пухталиги белгилайди.
* * *
Агар фарзандларимизга ёшлигидан тарбия бермасак, улар улғайган сари, тарбиясизлиги ҳам улғайиб бораверади.
* * *
Ҳавонинг кўзга кўринмаслиги, унинг йўқлигини тасдиқламаганидек, динсиз яшаш мумкинлиги, Худонинг борлигини инкор қилолмайди.
* * *
Умр сен ҳар бир лаҳзасига тавон тўлашинг шарт бўлган тирикликдир.
* * *
Нурни қўл билан ушлаб бўлмаганидек, муҳаббатни фикр билан изоҳлаб бўлмайди.
* * *
Жароҳатидаги оғриқлар уни яшашга чорларди.
* * *
Сен етиб борганингда, бахт кетиб улгурган бўлади.
* * *
Шоирни йиқилди деб ўйламанг. У ўзининг энг абгор кунларида улуғвор шеърларини ёзишга ўтиради. Шоирни ўлди деб ўйламанг, у ўлганида қабридан нур таратиб турган бўлади. Худо, шоирни мана шундай азиз қилиб яратган.
* * *
Севги – ақлдан озишни истаганлар эрмаги.
* * *
Кўпинча иймонимиз эсимизда туради-ю лекин эсламаймиз.
* * *
Илҳом меҳмон сингари келиб-кетаверади, ижод эса меҳмондўстликдир. Меҳмондўстлик ҳеч қачон ижодкорни тарк этмаслиги шарт.
* * *
Биз шунчалик эрка одамлармизки, ҳатто яшаш учун курашишни билмаймиз.
* * *
Киши жисмоний тарбия билан ўзини чиниқтиргани каби, маънавий тарбия билан ақлини пешлаб бориши лозим.
* * *
Агар одамлар қилган гуноҳлардан ҳид чиққанида, ер юзи аллақачон сасиб кетган бўларди.
* * *
Ирода ҳам инсон танасидаги бир аъзога ўхшайди. У хасталикка чалинса, одам бошига кўпгина қийноқларни келтиради.
* * *
Шайтон ўзи кўзга кўринмайди-ю, лекин у қилган ишларнинг ҳаммаси кўзга кўриниб туради.
* * *
Худо кечиримлилигининг яна бир сабаби, биз гоҳо ўзимиз истамаган ҳаётда яшашга мажбурмиз.
* * *
Энг бахтсиз ёзувчилар, ўз асарларини шайтонлар севиб ўқишидан қўрқмайдиган ёзувчилардир.
* * *
Бировнинг яхшилигини унутиб қўядиган қалб – тарбиясиз қалбдир.
* * *
Кунгабоқарнинг гўзаллигини кимга боқиб турган бўлса, шундан сўранг.
* * *
Менинг бутун истеъдодим унинг муҳаббати билан банд бўлиб кетди.
* * *
Дарё ортга оқмаганидай, инсон умри ҳам ортга қайтмайди.
* * *
Яхшиямки, аёл ва эркак мавқеини тенглаштириб турадиган муҳаббат бор…
* * *
Ҳеч нарса кишига хотирачалик хиёнат қилмайди.
* * *
Мен ҳали ўлишга рози бўладиган даражада бахтли бўлганим йўқ.
* * *
Қилган яхшилигини унутмаган одам, миннат азобида юрган одамдир.
* * *
Кишилар қанча зулм чексалар, золимларга қарши курашганларни шунчалик улуғлайдилар.
* * *
Тўғри сўз чангалзорда юрган оҳуга ўхшайди. Кўзга кўриниб қолса, овлайдиган кўплаб ишқибозлари чиқади.
* * *
Бир амалдор: ъъБизнинг галстукларимизнинг тиғи, ҳазрат Али қиличининг тиғидан ҳам ўткирроқъъ, — деганди.
* * *
Кўп гапирган, оғзи ҳамиша очиқ одамларнинг қалби, хазинаси йўқлиги учун, тамбаланмайдиган уйга ўхшайди.
* * *
У ўтмишдаги барча қаҳрамонларни афсонавий қаҳрамонга айлантирди ва ўзини замонавий қаҳрамон деб эълон қилди.
* * *
Қалин ўрмонда ўз йўлини йўқотиб қўймаслик учун, ҳушёрлигинг орта борганидек, қанчалик гавжум муҳитда яшасанг, ўз мақсадингга шунчалик кучлироқ интиласан.
* * *
Биз – бахт, омад, истеъдод қаерда берилаётганини билмайдиган нўноқ талабгорлармиз.
* * *
Отанинг биринчи мағлубияти, ўз ўғлининг унга тақлид қилмай қўйишидадир.
* * *
Безовта ақл билан кўчага чиқсанг, ўнқир-чўнқир йўлга дуч келасан.
* * *
Ахмоқларгина ўз истеъдодсизлигидан азобланмаслиги мумкин.
* * *
– Сен, Худо битта дейсан-у, яна Худо ҳамманинг юрагида бор дейсан. Демак, Худо жуда кўп экан-да! – дебди бир одам имомдан норози бўлиб.
Имом, дарҳол ўнта пиёлани сувга тўлдирибди ва дебди:
– Қуёш битта, лекин пиёлалардаги акси ўнта. Бу билан Қуёш ўнта бўлиб қолгани йўқ-ку!
* * *
Одам Ер юзида истаганча юраверади, лекин бир сиқим тупроқ нима эканлигини ҳеч қачон билмайди. Одам, кеча-ю-кундуз сув ичади. Лекин, бир томчи сув нималигини ҳеч қачон билмайди.
Одам яшайверади. Лекин, яшашнинг қоидасини ҳеч қачон билмайди. Одам фикрлайверади. Лекин ҳаётнинг асл маъносини ҳеч қачон тополмайди.
Худо, одамзотга ҳамма жумбоқларни қолдириб, ҳамма жавобларни беркитиб қўйганга ўхшайди.
* * *
Бир дарахт учун қанча барг керак бўлса, инсон учун шунча одоб керак бўлади.
* * *
Муҳаббат остонасига худди ёш боладай қадам ташламоқ лозим.
* * *
У ўзининг буюк туйғуларини ҳаётнинг майда икир-чикирларига аралаштириб юборди.
* * *
Унинг боши шу қадар катта эдики, ҳамманинг ҳам остонасига сиғавермасди.
* * *
Худонинг меҳрибонлигини қарангки, бировни бировга ғийбат қилсанг, ўз-ўзингни ёмон кўра бошлайсан.
* * *
Ўзингни муҳаббат ҳақида қанча билимдон тутсанг, қариётганинг шунча билинаверади.
* * *
Мағлубиятга учраб турганингда, душманингнинг калтак еяётганини кўриш нақадар ёқимли.
* * *
Рауф Парфининг сочлари шу қадар оқарган эдики, ортиқ оқаролмайди-ку, дея юрагим эзиларди.
* * *
Сен ўзингни севганинг учунгина мени севасан.
* * *
У бугун шу қадар бахтиёр эдики, эртанги кунини ўйлагиси келмасди.
* * *
У ўз юрагига, булбулга қарагандай қарар, мабодо сайрамай қўйса, таажжубланарди.
* * *
Одамларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш ҳурфикрлиликни бўғишнинг энг осон йўлидир.
* * *
У шоир бўла туриб, шу қадар узоқ умр кўрдики…
* * *
У ўзининг хорлигини билмагани учунгина ташаккур айтарди.
* * *
Осойишта турмушимни қаттиқ силкитиб юборганингдан сўнг, кузги япроқлар сингари сочларим дув-дув тўкилди.
* * *
Мислсиз гўзаллигингни таърифлай олмагач, шоир бўлолмаслигимга кўзим етди.
* * *
Бизнинг хатоларимиз ўзимизни бошқалардан кўра кўпроқ севишимиздан келиб чиқади.
* * *
Муҳаббат ҳақидаги қўшиқлар авжи худди пойгага қўшилган отлардай, бир-биридан ўзаман, дерди.
* * *
Агар юрагингда қайнаб ётган исёнлар ичидан кибрни топиб олсанг, билгинки, бу кибрга шайтон миниб олган.
* * *
У шу қадар ёлғиз эдики, кўнглидаги кечинмаларни яққол тасаввур қиларди.
* * *
Барча асарларимдан кўра, унга атаб ёзган хатларим ўн карра кўп. Хаёлан гаплашганларим эса, юз карра.
* * *
Севаман дейиш, чўкаётган одамнинг ҳайқириғидай гап, энг ёмони, сени қутқаришга келмасликларида.
* * *
Ҳаёт шу қадар сокин, давр шу қадар жимжит эди-ки, миллионлаб одамларнинг бор-йўқлиги билинмасди.
* * *
Қари шоирни кўриш, ўлган шоирни эслашдан аянчлироқ.
* * *
Сен Худога қанчалик ишонсанг, Худо ҳам сенга шунчалик ишонади.
* * *
Тоғнинг тепасидаги дарахт юксаклиги учун ўзиданмас, тоғдан миннатдор бўлиши керак.
* * *
Хотининг – одамзотни ҳеч қачон билиб бўлмаслигининг биринчи далилидир.
* * *
Ҳаётнинг қизиқлиги шундаки, шер бўлиб туғилганлар сичқон овлаб юрибди, қуён бўлиб туғилганлар бургутга чанг солаяпти.
* * *
Ҳамма нарса нисбий. Оғриниб ташланган қадам, соғиниб юрилган минг чақирим йўлдан узунроқ.
* * *
Жамиятнинг донғи замон қаҳрамонларининг машҳурлиги билан ўлчанади.
* * *
Ақлни истайсанми, омадними? – деб сўрашганларида, омадни танлаган бўлардим. Ахир ақлли бўлиш ҳам омадда!
* * *
Шоирга ўз китобини сотиб олишларини сўраш, ота ўз қизига куёв излашидай ҳақоратлидир.
* * *
Дунёда ҳеч нарса севгилингизнинг юзидан гўзалроқ эмас.
* * *
Порахўрнинг айби, порахўр жамиятникидан катта эмас.
* * *
Муҳаббат биз истаган пайтда келса, париқизга, биз истамаган пайтда келса, қариқизга ўхшайди.
* * *
Шундай севгинки, менга уйланса керак деб, ўйласин…
* * *
Кўринмас душман билан олишаётганимиз учун, қаҳрамонликларимиз кўринмаяпти.
* * *
Ўлимни, шунинг учун ёмон кўрамизки, у бизни севган одамларимиздан айиради.
* * *
Меҳнат қилиш, пул топишдан кўра, қимматлироқдир.
* * *
Шер қариганда ҳам овга чиқмай иложи йўқ. Очдан ўлиши мумкин. Шоир ҳам шундай. Қариса ҳам, севмай иложи йўқ.
* * *
Баъзилар қонунга ишонади, лекин қонун ҳеч кимга ишонмайди.
* * *
Тушимда кимдир: – Фарзанд кўрдинг, солиғини тўламайсанми? – деяётган эмиш.
* * *
Хотиржам одамгина дунёнинг нақадар тезлик билан айланаётганини кўриши мумкин.
* * *
Аёлларни айблаёлмаган одам ё аҳмоқ, ё шоир.
* * *
Сен ўзингга подшолик қилолмаётганинг учун, подшодан ўкинма.
* * *
Гапнинг ҳам вазни бор. Бир оғиз гапни баъзан эшак ҳам кўтаролмайди.
* * *
Келажак, қаршимизда турган тоққа ўхшайди. Бизнинг хатоларимиз шу тоғнинг нариги ёғида нима турганини кўрмасликдан бошланади.
* * *
Адабиёт дўстингга ўхшайди. Унга бойлик илинжида, шон-шуҳрат таъмасида қарасанг сени ташлаб кетади.
* * *
Хақиқатни очиқ-ойдин айтиш, ёруғликка чиқиб, душманга ўзингни рўй-рост кўрсатишдир. Бу пайт қоронғуда турганлар албатта ўқ узади.
* * *
Кўлмакда кит бўлмайди. Кўлдан кўнглинг тўлмайди.
Кетай десанг кўкларга, Кўлбақалар қўймайди.
* * *
Агар Ер юзидаги барча шоирлар хақиқий шоир бўлганида, Ер юзида шеърий тилдан бошқа тил бўлмасди.
* * *
Энди хато қилмайман дея қасам ичган инсон, бошқа тўп ўтказмайман дея аҳд қилган дарвозабонга ўхшайди. У қанчалик моҳир бўлмасин…
* * *
Қизлар сени кўрганда жилмая бошласа, билгинки, уларнинг кўзига сенинг шон-шуҳратинг кўринаяпти.
* * *
Мен ақллиман дейиш, томнинг тепасига чиқиб, мен ҳаммадан баландман дейишдай гап.
* * *
Олим китоб ўқиб олим бўлса, шоир гўзалликни мақтаб, шоир бўлади.
* * *
Хотинимни бир сўз билан таърифлашим қийин. Уни Кумуш десам, Зайнабга ҳам ўхшаб кетади. Менга улар бир одам қиёфасида йўлиққан.
* * *
Модомики, сен ёзган асарларни ўз ватанингдан четда ўқишмас экан, сен ёзувчи эмас, айтайлик, оққушларни хонакилаштирган фермерсан, холос. Агар ўз ватанингда ҳам ўқишмаса, ўша оққушларни кушхонага топширувчи овчидан фарқинг йўқ.
* * *
“Севаман” дейиш, тож тахтинг учун зимдан курашаётган одамга, шаҳар дарвозаларини битимсиз, очиб беришдир.
* * *
Одам ўз тириклигини таъминлаш учун, ҳаёт деган аждарҳонинг оғзидан ҳар кун нон олиб ейди. Аждарҳони қўй деб ўйлаганлар, қаттиқ адашадилар ва ўз бошларини ўзлари ейдилар.
* * *
У оқ деб ўргатганларини оқ, қора деганларини қора деб биларди. Ҳолбуки, ҳаёт оқ ва қора ранглардан иборат эмас. Унинг юз хил ранги бор. Унинг юз хил рангини кашф этган инсонлар истеъдод эгаларидир. Юз биринчи рангини кашф этганлар, исёнкорлардир.
* * *
Қўғирчоқларгагина ҳасад қилишмайди.
* * *
Муҳаббат ғиштлари – соғинч ва ҳижрон оловида пишган, лойлари кўз ёшдан қорилган, баландлиги умид ва орзулардан кўтарилган, мардлик ва фидойиликдан зийнатланган ва садоқат туфайли абадиятга юз тутган – минорадир.
* * *
Хасталар соғайишни қанча истасалар, кексалар ҳам ёшликни шунча қўмсайдилар.
* * *
Саноғи бор нарсанинг сони ҳам бор.
* * *
Ўзини унутиб яшаган одамни эслаш қийин.
* * *
Саёҳатнинг шуниси яхшики, уйга қайтганингда узоқ-узоқларга тикилсанг Эйфель минораси, Тожмаҳал қасри, ёинки Сфинкс кўз олдингга келаверади.
* * *
Муҳаббат бизни ёшлар орасига етаклайди. Ўлимдан қочишнинг энг яхши йўли, кексайиб қолишдан қочишдир.
* * *
Бир манқа бир кишини тўйга айтишга борибди. То тушинтиргунча роса қийналибди. Бундан энсаси қотган киши:
– Тўйга айтишга, сендан дурустроқ одам йўқмиди – деса, манқа:
Д-дурустроқ одам, д-ду-дурустроқ одамларни тўйга а-айтишга кетган, – дермиш.
* * *
У фақат сени севганида, қўлидаги телефон ҳадеб жирингламаган, бошқалар уни чорлайвермаган бўларди.
* * *
Сенинг душманларинг, душман эканлигингдан хавотирланаётган дўстларингдир.
* * *
Жамият, эркин фикрларингни синаб кўрадиган жанггоҳ эмас.
* * *
У тор доирада фикрлар, айтадиган сўзлари рўзғорбоп эди.
* * *
Ухлаб ётган одамни дангаса деб бўлмайди.
* * *
Сочларинг тўкилаётганда оқарганлари эмас, қоралари кўзга кўпроқ кўринади.
* * *
Ускунани темир қизиганда ясайдилар. Темир совугач ҳарчанд уринма, бефойда. Шеър ҳам, юрак чўғдай қизиганда дунёга келади.
* * *
Сочларинг ўйлаётганингда эмас, ўйнаётганингда тўкилса алам қилади.
* * *
Сени вазирни мақтагандек мақташса, бунинг ёмон жойи йўқ, ёмони сен ўзингни вазирдай тутишингдадир.
* * *
Муҳаббат учун жасорат кўрсатмаган ошиқнинг, жанг майдонида жангга тушмаган жангчидан фарқи йўқ.
* * *
Дарвозангизни яшилга бўяган билан баҳор келмагандай, дўппини бостириб кийган билан мия миллийлашиб қолмайди.
* * *
Ҳаётда ўзини бирор марта севдиролмаган одам, бирор марта ғалаба қозонмаган қўмондонга ўхшайди.
* * *
Инсон иродаси самолёт паррагига ўхшайди. Агар у синмаса, ўзидан минг карра оғирроқ юкни кўтариб кетаверади.
* * *
Шогирдлар устозга нима бераётганларини ҳисоблайдилар-у, нима олаётганларини ҳеч ҳисобламайдилар.
* * *
Кексалик ажинларини ё катта шон-шуҳрат пардаси, ё улкан бойлик ниқоби билан яшириш мумкин.
* * *
Муҳаббат чангалзор қонунига бўйсунади. Унда кучлиларгина ҳукмрон. У ожизларни топтайди, хўрлайди ва ташлаб кетади.
* * *
Асар хаёлда пишиб, сўнгги нуқтаси қўйилгач, биринчи сатри ёзила бошлайди.