Ўзи, сўзи жоиз воиз
Бор эди бир замонда,
Работ деган томонда.
Донишманд воиз эди
Сўзлари жоиз эди.
Ҳамма уни тингларди,
Тинглаб туриб англарди.
Унга бўлган ҳавасманд
Фарзанд, шогир, аржуманд.
Бири деди: эй устоз,
Сизга ёрлиқдир эъзоз.
Менга сўз ҳунарини
Ҳунардан унарини
Ўргатсангиз деб келдим,
Обрў шунда деб билдим.
Қанча бўлсада ҳаққи
Тўлайди отам нақди
Бидирларди тинмайин
Устоз ҳайрон: бундайин
Шогирдни кўрмагандим
Унга юз бурмагандим
Тўхта демагунимча
Йўқса кун ботмагунча
Шогирд тўхтамас эди
Устоз “жим, бир пас”- деди
Сени тушундим, билдим
Шундай қарорга келдим
Сўзни сўзга улайсан
Бидиллайсан тинмайсан.
Бошқаларга нисбатан
Уч карра ҳақ тўлайсан.
“Нега?” деди, у ҳайрон
Чўчиб тушгандек қуён.
Устоз мийиғида кулиб,
Унинг аҳволин билиб
Аста сўзин бошлади,
Зимдан назар ташлади.
Ўзгаларга нисбатан
Сенга хизматим уч бор
Куч сарфлашим ҳам даркор.
Жим туриб ҳам тинглашни
Сўнг оқиш ҳам англашни
Кейин эса сўзлашни,
Сўзни сўзга улашни
Ўргатишим керак экан
Йўқса гулсиз сен тикан.
Тинглаш маданиятдан,
Англаш маънавиятдан,
Сўзлашчи маърифатдан
Хулқу одоб иффатдан
Четта турган ҳар воиз
Сўзи тутмайди жоиз.
Бунга асос бор билсанг.
Билиб туриб амал қилсанг.
Тил бир, қулоқ иккита
Одамзодга берилган
Тилга соқчи бўлсин деб,
Ўттиз икки тиш терилган.
Тинглашни ўрган олдин
Айтилган сўз мис бўлса
Айтилмагани олтин
Сўзга қулоқ сол, ол тин
Таълим талаби нутқдир,
Тарбияники хулқдир.
Воиз бўлса муқтадир
Воизлик асли тақдир.
Ўзи бўлсин ёқимли,
Сўзи бўлсин юқумли.
Сўзи билан ёндирсин,
Фикри билан қондирсин.
Билимини етказсин,
Ўзга қалбга ўтказсин.
Дилдан ғубор кетказсин,
Шуйтиб ишин битказсин.
Ўзи ҳам сўзи жоиз
Ҳақ сўзни деса воиз
Мантиқий бўлса нутқи
Унга таҳсин юз фоиз!