Тушовланган от
Уни кўриб томоша қилишарди ва дейишарди: зўр от, чопқир от, топқир от, яхши от, бунақаси йўқ. Ўтган ҳам, кетган ҳам шу монанд гапларни такрорлашарди. Нега кўпкарига қўйишмас экан? Ахир, буни бир неча йиллар олдин пойгада ҳам кўрганмизку? Бугунги кунда ундан нега фойдаланишмайди? Бошқа отларга имкон бермасмикан ё? Кимга зиёни бор экан?
От эса ҳаммадан бир хил гапни эшитиб зерикди шекилли, юлдузни кўзлаб кишнади. Куч-ғайрати тошиб, олд оёқларини кўтариб ҳаракат қилди, тушовлангани ёдига тушиб яна шашти қайтди. Бошини қуйи солди. Оғир тин олди. Отхонада турар, бериладиган суви, ем-хашаки ҳам қизиқтирмасди уни.
Кишанланган одамзотнинг арз доди оғзида, тушовланган отники эса бўғзида. Қулоқ солганларга ҳам, улоқ олганларга ҳам илтижоим шу тушовланган отнинг оёғини бўшатинг. Уни кўпкарига қўшинг, ўзи ҳам, ўзга ҳам яйрасин!