9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Тарози

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Тарози

Тарози

Ақлни тарозига тортиб бўлмайди. Мабодо шундай бўлса, тортган ҳам, торттирган ҳам доно эмас. Бир ҳовуч буғдой ёки тилломидики тортилса. Таълим, тарбия, тафаккур ва тараққиётни ҳам тарозига қўйиб ўлчаб бўлмайди. Лекин рамзий маънода, қўлланилишини нозик дидли китобхонлар яхши тушунишади. Навбатдаги китобимнинг саҳифасини тайёрлаётган пайтда дизайнерга кўриб турганингиздек, шаклда ишлов беришини тайинладим. Таълимли ва тарбияли инсон етук онг-у тафаккурга эга бўлиб интилгандагина жамиятда чинакам тараққиёт бўлишини, ана шу тўртта тушунча бир-биридан куч олишини эътироф этиб донолик қилмоқчи эмасман. Тарозининг тепа қисмидаги “IQ”ни кўриб, у нима деювчиларга ҳайронман. Ҳазиллашиб “илмнинг қуввати”, “имоннинг қудрати” ёки “икромнинг қўғирчоғи” деб қўяман.

“IQ” бу интеллектуал коэффициент демакдир. Унинг бизда гўёки аҳамияти йўқдай туюлади. Аммо ғарбда “IQ”нинг роли, ўрни катта. У билан ўқишга кирилади, ишга жойлашилади, ҳатто турмуш қурилади. Бу инсоннинг интеллектуал қобилиятини, дидини, қизиқиш ва дунёқарашини баҳоловчи психологик тестлардан иборат таълим мезони аслида.

Тилшунос олим Бахтиёр Менглиев ўзининг “Маърифат” газетасида чоп этилган “Кафедра” номли мақоласида буни биринчи марта 1903 йилда француз олими Пине жорий этганини қайд этади.

Китоб муқовасида, номланишида чақириқ, чорлов йўқдай, лекин ичини очиб бир неча варағини ўқигандим, чизгиларингиз худди ўзимнинг сезгиларимнинг ифодаси экан деган дўстларимнинг баҳосини эшитиб ич ичимдан хурсанд бўлдим. Сўз бошини сизга илинаман. Китобни ўқимоқчи бўлсангиз, фикрлар билан ошна тутинсангиз юрагимга яқинсиз, мисоли ёғду, чақинсиз. Таълиму тарбиянинг таъсирчанлигига тааллуқли талаблар, тегишли тавсияномалар тараққиётимизнинг тарзию тарҳи, тинчлигимиз таянчидир. Тавзиъ санъати билан айтганим бу тез айтиш, шунчаки сўз ўйини эмас, балки давр талабидир. Тарози ўлчов ускунаси. Ҳамма нарса вақти билан сарҳисоб қилинади, тарозига тортилади,  диёнату хиёнат ҳам, савобу гуноҳ ҳам, яхшилику ёмонлик ҳам… Хуллас, барчаси. Чунки умрнинг ўзи ўлчоғлик. Умр мезонида, паймонамиз тўлгунга қадар кимлар биландир учрашамиз, нималардир қиламиз, қандайдир ишларга бош-қош бўламиз. Бировни рози, бировни норози қиламиз. Тарозида ҳикмат кўп. Бозорда ҳам, мозорда ҳам ўлчов бор, ишқилиб. Келинг, фикрлашамиз, бир-биримизга ҳам шогирд, ҳам устоз бўлайлик.

Ҳеч кимни қилмам норози,

Бўлсин биздан барча рози.

Ўтар куз, қиш, баҳор, ёзи,

Таълим-тарбия тарози.

Шу билан инсон парвози,

Қофия қилдим оз-мози.

Сизга айтгум сўзни сози,

Деди Раҳим Жуманиёзи.

 

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.