Улуғбекнинг улуғлиги
Уни Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат маданият институтида ўқиб юрган пайтлариданоқ, яхши танийман. Отаси Азимбой аканинг айтишича, унинг ёшлигидан Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовга ҳавас қилиб уларнинг ижросидаги қўшиқларни хиргойи қилишни, уларга ўхшатиб ашула айтишни канда қилмас экан. Мусиқа мактабига бориб ўқишни орзу қилган. Маълум муддат у ЎзТВ қошидаги “Булбулча” ансамблида ҳам таҳсил олган. У ерда, айниқса, унга меҳр билан қараган устазода санъаткор Шермат Ёрматовнинг ҳиссаси катта бўлганини у миннатдорлик билан эслаб юради. Санъат йўлидан бориш, умр мазмунини санъат билан боғлаш ва шу йўлда ўқишни астойдил исташ, интилиш унга ҳеч тинчлик бермасди. Бу ният мактабни битказгандан кейин амалга ошган. 1979 йилда биринчи синфлигидаёқ, бошланган орзу 1987 йили Урганч давлат педагогика билим юртининг мусиқа факультетига ўқишга киргандан кейин ушалди. 1989-1990-йилларда Югославия давлатида гастрол-концерт дастурида иштирок этиши ҳам унинг ҳаётида ўчмас из қолдиргани рост. Белград ва Сараево шаҳарларида устозлари билан биргаликда хорижликларга ўзбек санъатини, хусусан хоразмча куй ва қўшиқларини тараннум этишда ўзининг муносиб улушини қўшди. 1991 йили педагогика билим юртини тугатиб, билимини янада оширишни, санъатнинг сир синоатларини кенгроқ эгаллашни мақсад қилди. Шу аснода, у Тошкентга йўл олди. Имтиҳонларни муваффақиятли топшириб Тошкент Давлат маданият институтининг (ҳозирги ЎзДСМИ) хор-дирижёрлик факультетига ўқишга қабул қилинди. 1996 йилда ўқишни муаффақиятли тугатди. Ўқиш пайтида пойтахт ва республика миқёсидаги маданий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб эътиборга тушди, олқиш олди. Муҳими, устози Бобомурод Ҳамдамовнинг фотиҳасини олди. Ниҳоят, 1997 йили у “Ўзбекнаво” гастрол бирлашмасининг Хоразм давлат филармониясига ишга кирди. Ўзбекистон халқ артисти марҳума ва машҳура санъаткоримиз Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитовадан сабоқ олди, униб ўсди. Олмахон опа уни кўплаб тадбирларда ёнида олиб юрди. Уни кўпчилик қатори “индийский болам” дердилар. Чунки у ҳиндча ашулаларини, турли хил ҳинд кинофильмларида ижро қилинган қўшиқларни худди устози Бобомурод ака сингари маҳорат билан ижро этиб кўпчиликнинг эҳтиромига сабаб бўлди. 1997 йил Комилжон Отаниёзов хотирасига бағишланган Республика кўрик-танловда ғолибликни қўлга киритиши бу унинг тинимсиз изланишларининг маҳсули десак, тўғри бўлади. Санъатга бўлган меҳрини фарзандларига қўйган исмдан ҳам билиш мумкин. Санъатбек. Нафосат. Яхши ном яхши ният ва Аллоҳдан инъом. Турмуш ўртоғи Нурия тиббиёт ходими фарзандларига ғамхўр ва меҳрибон.
1994 йилда унинг “Сирли сандиқ” телеўйинининг биринчи сонида қатнашган биринчи санъаткор сифатидаги эътибори ва ўрнини таъкидлагим келади. У менинг қаламимга, аниқроғи қораламимга мансуб бўлган “Дилда дилдорим сенсан” шеърим асосидаги қўшиқни тайёрлаб, унга куй басталаб, ижро этиб чиқиши кутилмаган ҳодиса эди. Ҳозир клиплар кўпайиб кетган. Унинг чиқиши клипнинг энг сара намунаси эди, ўша пайт учун. Унда Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи асосидаги бадиий фильмда Кумуш ва Отабек муносабатларига доир лавҳалар шеър сўзларига мос ҳолда зийнатланган эди. “Кўнгил хуморим сенсан, ҳар неки борим сенсан” мисраларига мос видеолавҳалар худди узукка қўйилган кўзу қошдек ярашган эди. Унинг “Сирли сандиқ” телешоусига бағишланган шеър асосидаги қўшиғи ҳам анча жозибали чиққан. Улуғбекнинг улуғлиги шундаки, у хокисор, катта-кичикни ҳурмат қилади, хушмуомала, оилапарвар, қўшиқни маромига етказиб ижро этмаса тинчимайди, айримларга ўхшаб, лавозим, унвон, даража деб талпинмайди. У ҳақда ярим ҳазил, ярим чин бир нарса ёзгандим. Инсон ёшлигидан кимгадир эргашади, тақлид қилади, такрорлайди. Бу ундан таъсирланишдан келиб чиқади. Юриш-туришигача, сўз-у созигача, кўриниш-у кийинишигача ўхшатишга ҳаракат қилади. Бу табиий ҳолат. Кейинчалик, ўз йўлини топиб кетади. Мана, ўша ҳазиломиз битик.
УЛУҒ АЗИМ НАЗМИДА
(зил замбил ҳазил)
Санъаткор деган номни,
Аллоҳ берган инъомни,
Кўтариб юриш қийин,
Дейишарлар бетайин.
Не бўлганин айтайин,
Машҳур бўлгани сайин,
Қизлар атрофингда кўп,
Тўйдан тўйга бўлиб тўп
Ўтиб юришинг аниқ,
Овозинг бўлса тиниқ
Сенга кўпдир хушторлар,
Янграса қўлда торлар,
Хоразмда тўй, базм,
Бўлса Улуғбек Азим,
Ҳозир у, солинг разм,
Ҳинд, Эрон, туркий назм,
Унга бўлғуси монанд,
Устозига дил пайванд,
Улуғбек устоддан шод,
Этар доим уни ёд,
Устозга ўхшар ҳар дам,
Мисли Бобомурод Ҳамдам.
Устоз дер,” бўлмагин кам”,
Деб фотиҳа берган дам,
У роса шод бўлганди,
Ундан кўнгли тўлганди.
Ихлос қўйиб устозига,
Ўхшатибон овозига.
Машқ қиларди тинмайин,
Деб устодга ўхшайин,
Унга ўхшаб кўринар,
Унга ўхшаб кийинар.
Зўр устодга эътиқод,
Қўйди, гўё Бобомурод,
Бўлиб юрди Улуғбек
Мухлисларин қилиб шод.
Бир куни концерт берди,
Мухлисин маржон терди.
Зал титрарди совуқдан,
Келишган узоқ-ёвуқдан.
Қаҳратон қиш қўшиғи,
Кўплар қўшиқ ошиғи,
Давра бошловчи бир қиз,
Гўзалликдадир ёлғиз.
Концертни қилди эълон,
Улуғбек номин баён.
Чалинди шу он қарсак,
Унга тез навбат берсак.
Беш жуфт қўшиқни айтиб,
Яна жойига қайтиб
Секин костюмин ечди,
Мисли жонидан кечди.
Терлаб кетган Улуғбек
Турар микрофонда тик.
Чимириб қалам қошин
Сўйлади дастурбоши.
Сиз биз учун зарурсиз,
Нечун костюм ечурсиз.
Кўнгилга малол олманг,
Тағин шамоллаб қолманг.
У қилмади эътибор,
Қиз сўзин қилди инкор.
Яна ўнта ашула,
Айтгач тушди ғулғула.
Конференсье қиз деди,
Костюмни кийинг энди,
Қиш-ку, ахир, эмас ёз,
Уриб қолмасин аёз.
Яна парво қилмади,
Билганидан қолмади.
Ечди куйлагини ҳам,
Буниси бўлгандай кам.
Матрос майка кўринди,
Қиз кийдиришга уринди.
“Бор, кетгил нарироққа
Мендан сал олисроққа.
Устозим майкаси ҳам
Аслида шундай билсанг,
Мен улардай бўлай деб,
Унга ўхшаб юрай деб.
Кийдим матрос майкани,
Ўхшатмай кўрчи, қани.
Баъзилар қолди ҳайрон,
Кулишди бўлиб шодон,
Мухлислар ҳайрон бари,
Шўх мухлислардан бири
Деди унга бақириб,
Ҳамма олдида ҳайқириб:
“Бир саволим бор ҳофиз,
Жавоб берингиз ҳаргиз.
Устозингиз майкасини,
Билдик қандай кийишини.
Энди кўпчилик истар,
Сўранг деб мени қистар.
Айтинг йўқдир ҳеч қиси,
Қандай бўлган турсиси?”
Шу пайт шимга қўл чўзди
Конференсье қиз кўз сузди.
“Кўрсатмангиз илтимос,
Бу жой ҳеч тўғри келмас.
Турси бормиди ўзи,
Шарманда қилманг бизи.
Тушиб кетди шим шу он,
Турси бирла ёнма-ён,
Кимдир юмди кўзини,
Кимдир бекитди юзини,
Тушмангиз бундай дарда,
Туширилди тезда парда.
***