9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Саҳна нутқи муаммоларига доир қайдлар

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Саҳна нутқи муаммоларига доир қайдлар

Саҳна нутқи муаммоларига доир қайдлар

Нотиқ, нутқ, мантиқ. Булар бир ўзакдан ясалган арабча сўзлардир. Ҳар қандай нотиқ нутқи мантиқдан четда бўлса, у вайсақилик, сафсатабозликдир. Нотиқ нутқининг аниқлиги талаффуз ва тафаккурнинг тиниқлиги билан вобаста. Шундай экан, ижтимоий-бадиий нутқнинг узвий бир бўлаги саҳна нутқи муаммолари ҳам доимо долзарблигича қолади. Нотиқлик улкан дарахт бўлса, нотиқлар унинг шоху новдалари, нутқ мевалари, мантиқ эса унинг теран томиридир.

Саҳна нутқи ва нотиқ (минбар) нутқи. Биринчисида ижровийлик бирламчи ўринда бўлиб, унда актёрнинг адабий тилнинг қонун-қоидаларига мувофиқ аниқ ва тиниқ талаффуз қоидаларига амал қилиши тушунилади. Иккинчисида ижодийлик устун бўлиб, вазиятга, мавзуга мос хос сўзни топиб айта олиш орқали жамоага ўзини рослаш, хослаш ва мослаш тушунилади. Булар орасида хитой девори йўқ, аслида. Улар бир бирини тўлдиради, бойитади, изоҳлайди.

Риторика, ораторлик, нотиқлик, хатоба, воизлик тушунчалари турли тилларда қандай жарангласа ҳам моҳияти битта. Инсон фикрини таъсирчан ва ифодавий шаклда етказиш мазмунини билдиради. Нутқнинг таъсирчан бўлиши унинг нафосати ва жозибаси билан белгиланса, бу айни пайтда аниқ ва тиниқ талаффуз билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам болалар нутқига гўдаклик пайтиданоқ эътибор қилиш зарурати шунчаки иш эмас, балки бу жиддий масаладир. Болаликдан товушларни, сўзларни аниқ талаффуз қилишига эътиборни кучайтириш зарур. Уларнинг ўсмирлик ва ўспиринлик пайтларида ҳам баъзан айрим товушларни талаффуз қилолмаслиги улар нутқига катталарнинг нописандлиги белгисидир. Ўз вақтида бу масалага жиддий қаралмаса ёши улғайгандан кейин бу вазифа бир мунча оғирлашади. Мактаб тизимида ўқитиш жараёнида нутқ маданиятига риоя этиш ва адабий тилнинг орфоэпик ҳамда орфографик қонуниятларини чуқур билиш ва унга тўла, тўғри амал қилиш масаласи муҳимдир. Ҳатто, ярим аср яшаб қўйганларнинг ҳам ҳануз чучук тил бўлганларини кузатамиз, ўз вақтида логопед хизматидан фойдаланмаганларини учратамиз. Нутқнинг гўзаллиги аслида, талаффузнинг аниқлигидандир.

Антик даврда, рим ва юнон нотиқлик мактабларида бу масалага жиддий қарашган. Талаффузнинг тиниқ ва аниқлигига риоя этмайдиганларни варварлар деб юритишган. Бу ўзбек тилида ғўлдировчилар деган маънони англатади. Варваризм атамаси ҳам ана шундан келиб чиққан. Манбаларда қайд этилишича, Аристотел шоҳ Филлип саройида ҳукмдорларнинг фарзандлари билан нутқ машқи ва малакаси бўйича машғулотлар олиб борган. Ҳатто, Александр Македонский ҳам ундан нутқ талаффузи борасида таълим олган.

Юқоридагилардан англашилаяптики, нутқ масаласи ўзининг тарихи, тадрижи, назарий ва амалий муаммолари билан ҳар бир даврда аҳамият касб этиб келган. Хусусан, саҳна нутқи масалалари борасида узоқ йиллар фаолият олиб борган, ўзларининг назарий ва амалий хизматлари билан бу соҳанинг ривожига муносиб ҳисса қўшган олим ва педагогларнинг хизматларини таъкидлаш ўринлидир. Лола Хўжаева, Назира Алиева, Абдураҳим Сайфиддинов, Сотимхон Иномхўжаев сингари устозларнинг бу борадаги ҳиссалари катта. Шогирдларига сабоқ жараёнида ана шу жиҳатларга талабалар диққатини жалб этибгина қолмасдан, балки уларнинг талаффуз меъёрларини, артикуляциясини ишлашган. Бу бир кунлик, бир йиллик ёки ўн йиллик тажриба эмас, балки умрлик, тинимсиз машқ ва такрорлаш, овоз чиқариб ўқиш эканлигини кўп бор қайд этишган. Қолаверса, ўзингизни ва сўзингизни назорат қилишни канда қилмаслик, нутқ товушларининг, сўзларнинг талаффузига эътибор қилиш, уларни ямламасдан аниқ, бурро талаффуз этиш саҳна нутқи маданияти ва маҳоратига дахлдорлигини ёддан чиқазмаслик керак.

Авваломбор, ҳар бир тилнинг адабий меъёрлари, орфоэпик андозаларига риоя этиш мақсадга мувофиқ. Адабий тил унинг умумхалқ тили асосида шаклланган, худди шу тилнинг, муайян меъёрлашган шаклидир. Шу ўринда ўзбек умумхалқ тилининг ажралмас қисми диалектизмларга эътиборни қаратиш оҳиятлидир. Ҳозирги пайтда шева унсурларига берилиш, айрим сўзларнинг талаффузида шевачиликнинг таъсирининг мавжудлиги ҳам кузатилади. Чет тиллардан ўзлашган сўзларни талаффузидаги нуқсонлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Шу ўринда лексик меъёр тушунчасига ойдинлик киритиш зарур. Шу хусусда К.С.Горбачевич шундай ёзади: “… сўзни тўғри танлаш ва ҳаммага маълум бўлган ва умумхалқ томонидан қабул қилинган, ўринли сўз ишлатишдир”.  Бу эса айтувчи ва эшитувчиинг мулоқот жараёнида бир бирини тўла тушунишини англатади.

Юқоридаги мулоҳазалар бевосита ва билвосита саҳна нутқи муаммоларига дахдордир. Сўз  ижрочилиги  ўзига хос санъат. Сўзни ҳаммамиз ҳам айта оламиз, лекин актёр ижросидаги таъсирчанлик ва жонлиликдай бўлмаслиги аниқ. Ижрочилик санъатининг муҳим хосияти шундаки, у тингловчи ёки томошабиннинг руҳиятига таъсир қилиб унда ички бир ҳис туйғуни,  ҳаяжонни уйғотади. Сўздаги эмоционал ва экспрессив бўёқни янада жозибадорроқ ифода этишга фақат у қодир. Бу эса оддий нутқни бадият либосида жонлантира олиш демакдир. Истифода этилмаган, истеъмолда бўлмаган сўз аслида, ўликдир. Сўзни ўз ўрнида қўллаган, унинг луғавий, истилоҳий маъносидан ташқари образли, мажозий маъно юклай олган адиб, шуни тўғри илғаб аниқ талаффуз билан ижро эта олган санъаткоргина сўзларни тирилтиради. Уларга жон, маъно ва мазмун бахш этади. Ҳиссиётга таъсир қилишнинг ўзига хослиги ҳам шунда.  Бу борада К.С.Станиславскийнинг ушбу мулоҳазалари қийматлидир: “яхши  актёрда ҳар бир унли ва ундош аниқ эшитилиб туриши керак. Ана  шундагина  у сўзнинг  нима эканлигига  тушунади, фақат шундагина, у сўзни сева билади. Агар у шунга одатланса, маъносиз  вайсамайди.” Тилни ҳам жонли организмдай қабул қилиш керак. Ундаги товуш ва сўзларни чала талаффуз қилиш гўёки, ота онангиз қўйган исмни бузиб талаффуз қилганда қандай ҳолатга тушишингизни кўз олдингизга келтиринг. Таъбир жоиз бўлса, Отабекни “Отти”, Худоёрни “Худди”, Гулчеҳрани “Гулли” деб чақириш қанчалик малол келса, она тилимиздаги товушлар ҳам шундай “азият” чекади деб ўйлаш тўғрироқ бўлади.

Маданият ва санъат йўналишида таҳсил олувчи талабаларнинг аксарияти турли вилоят ва туманлардан бўлганлиги учун улар нутқида шева унсурлари шундоққина сезилиб туради. Йўл қоидасига риоя этиш барча ҳайдовчиларга бир хил бўлганидек, адабий тил меъёрларига риоя этиш ҳам қатъий талаб бўлиши зарур. Албатта, бу ўринда, образнинг, асар қаҳрамонининг характери, руҳияти ва хулқ атворини ифодалаш учунгина шева унсурларини меъёрида қўллаш мумкинлигини инкор этмаймиз.  Яхши актёр парвози биланд бўлишини истаркан, албатта, талаффуз ва тафаккур қанотини маҳкам ушлайди. Бу талаффуз қоидаларини назарий жиҳатдан ёдлаб олиш дегани эмас, амалда қўллай билиш кўникмаси ва малакасини ҳосил қилишдир. Назарий маълумотлар амалий машғулотлар билан уйғунлигини ўқув жараёнида мунтазам, изчил равишда ташкил этиш шарт. Ижрочилик иқтидорининг тадрижи ва такмилига асос нутқ техникаси, яъни нутқ аъзоларининг ҳаракати – артикуляция, нутқ товушларининг аниқ, бурро талаффуз этиш меъёри — дикцияни ривожлантириш, бошқача айтганда, нутқ товушлари талаффузидаги нуқсонларни йўқотиш талаффуздаги аниқлик ва очиқликни таъминлаш учун қилинадиган дикцион машқлардир. Овоз, нафас, лаб, тил, танглай, тиш, жағ ва ҳоказо машқларнинг мунтазамлиги ижрочи иқтидорининг гаровидир.  Нутқий ютуқлар нутқий нуқсонларни бартараф этиш бадалигадир. Саҳна нутқи бадиий сўз етуклиги биландир. Унли ва ундош нутқ товушларининг ўрни, тўғри талаффузи тинимсиз машқлар эвазига эгалланади. Назмий, насрий, драматик турдаги асарларни ўқиш кенгқамровли бўлиб, бу эса адибнинг ғоявий мақсади, асарда тасвирланган даврдаги одамлар, урф-одат ва муҳит борасида тўлароқ тасаввур ва маълумотга эга бўлиш заруратини англатади.

Санъатнинг сўзга ихтисослашган турлари драма, эстрада, қўғирчоқ театри, кино, телевидение ва радио мақсадлари муштарак бўлсада, ифода воситалари ва шакллари билан ҳар хил. Уларни умумлаштирадиган жиҳат сўз, овоз, оҳанг  уч бирлигидир. Тасвир, ҳаракат ва ҳолатлар эса уларни тўлдириш ва изоҳлашга хизмат қилади.  Нутқнинг моддий намоён бўлиши ижрочининг маҳорати ва табиатига боғлиқлигини назарда тутиш фойдадан холи эмас. Товуш, сўз ва оҳангларни қаерда қандай қўлланилишини билиш, табиийки, ижрочининг ижодий ва ифодавий имконияти, кузатувчанлиги, тасаввури, таассуроти, мантиқий мушоҳадаси билан чамбарчас боғлиқ. Бу эса маҳорат мезонлари, бадиият масалаларига бориб тақалади. Шуни унутмаслик зарурки, нутқнинг оҳанги, жилоси, жозибаси аввало, адиб томонидан илгари сурилган ғояга, иккинчидан, асарнинг жанрий ва услубий кўринишларига, сўз замирига жо бўлган асл маънога, контекст мазмунига дахлдор.

Саҳна нутқи образлар нутқи бўлиб, монологик, диалогик ва полилогик кўринишларда бўлади. Актёр ўзи ижро этаётган персонажнинг ички руҳий оламини, феъл-атворини, нутқий ва хулқий хусусиятларини синчиклаб  обдон ўрганиб, ички кўриш орқали ўзининг ҳиссий ва ақлий қалб призмасидан ўтказиши асносида шуларга мос ҳолда ўзини бошқаради, хатти-ҳаракат қилади. Нутқ ранг-баранг ифодали товушларнинг мажмуи эканлигини англаган ва амалда қўллаган актёргина буни тўла уддалаши аниқ. К.С.Станиславскийнинг “Саҳнада ҳам жисмоний, ҳам руҳий ҳаракат қилмоқ керак” деган фикрларини изчил давом эттириб, вербал (нутқий) ва новербал (нутққа оид бўлмаган имо-ишора, мимика, юз-кўз ифодалари) орқали  жонли жараённинг бутун бир ҳаракатли манзарасини томошабин кўз олдида гавдалантирса бўлади, дейиш мумкин. Ҳаракат бу уриб турган юрак бўлса, паузада сўзламасдан сўзлаш керак. Саҳнада юриш-туриш, кўриниш ва кийинишдан тортиб ҳар бир ҳаракату ҳолат маъно ташийди. Шуларни ҳис этган актёр нутқи ҳам аниқ, таъсирли, табиий ва ҳиссиётли бўлади.

Машқ ва машаққат ўзакдош ва оҳангдош сўзлардир. Тинимсиз машқ қилиш машаққатли жараённи босиб ўтиш демакдир. “Машқда қанчалик қийин бўлса, жангда шунчалик осон бўлади” деган рус саркардаси Суворовнинг фикрига монанд ҳолда айтиш мумкинки, саҳна ортидаги тинимсиз изланиш ва такрорий машқлар саҳнада, томошабин олдида муваффақият қозонишнинг кафолатидир. Шундай экан, нутқ техникасини ривожлантиришда умумлашган машқларнинг аҳамияти, назарий маълумот ва амалий машғулотларнинг бирлиги ҳамиша муҳим ва долзарбдир. Талабалик давригача бўлган даврда ҳам фарзандларимизнинг нутқий соғломлиги ҳақида ўйлашимиз керак. Бир пайтлари ҳар бир санъаткорнинг ижодий лабораторияси яъни устахонаси бўларди. Шогирдларнинг ўрганиши, малакасини ошириш учун манба вазифасини ўтарди. Шунингдек, бир пайтлари тўла амалда бўлган, ҳозирда эътибордан четда қолаётган театр лабораториясини тиклаш ҳам муҳим. Бу эса устоз санъаткорлар мактабидан сабоқ олиш ва ўрганиш масалаларига ойдинлик киритишга имкон яратарди. Устоз-шогирд анъаналари янада қайта жонланарди. Актёр ва режиссёрларнинг амалиётни театрда ўташи фойдалан холи эмас. Уларнинг саҳнага адаптацияси ва ўзларининг зал ва саҳнада тобланишларига замин ҳозирланган бўларди. Худди шу фикрни ТВ ва радио режиссёрлари курси борасида ҳам айтиш мумкин. Улар телевидение ва радиога номигагина бориш эмас, балки махсус кўрсатув ва эшиттиришларини ёзиб олиш ва монтаж ишларида фаол иштирокини таъминловчи устоз бириктирилиши керак. Кино режиссёраси курси талабалари эса тасвирга олиш майдонларида амалиёт ўташлари мақсадга мувофиқ бўларди.

Хуллас, саҳна нутқи муаммоларини ечишда талабаларнинг устозларнинг маҳорат мактаби билан чуқурроқ танишишлари учун шароит яратиш керак. Педагог сўзининг маъноси бола етакловчи демакдир. Устоз етакловчи, шогирд етакланувчи. Ҳатто кўкка парвоз қилувчи самолётниям шатакка олувчи махсус машинаси бўлади.  Шундай экан, машҳур сухандон ва актёрларнинг овозлари ёзилган оҳанраболарни фонотека, видеотекалардан олиш, уларнинг ижро усулларини биргаликда таҳлил қилиш керак. Саҳнада ном ва донг қозонган актёрларнинг биронтаси йўқки, кимгадир эргашмаган, тақлид қилмаган бўлсин. Устозларга эргашиб улар ўйнаган ролларни улардан таъсирланиш асносида мактабдалик пайтларидаёқ ҳавас қилиб ижро этишга интилганлар. Таъсир, такрор, тақлид тушунчалари ўз ўрнида моҳиятлидир. Кимгадир тақлид қилиб кейинчалик ўз ижро услубига, манерасига эга бўлиш машҳур, мақбул ва манзур санъаткорларимизнинг деярлик барчасига хос бўлган десак муболаға бўлмас. Саҳна нутқи тилнинг қудрати, таъсир кучи, назокати, бойлиги ва гўзаллигини намоён этувчи минбар эканлигини, асло ёддан чиқазмаслик керак.

Р. Жуманиёзов.

 

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.