9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Соҳирнафас сухандонни сўроқлаб

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Соҳирнафас сухандонни сўроқлаб

Соҳирнафас сухандонни сўроқлаб

Тарғибот, ташвиқот, ахборот сўзлари бир-бирига уйғун бўлгани ҳолда, бугунги даврда уларнинг ўрни, роли янада кенгроқ, муҳимроқ аҳамият касб этаётгани сир эмас. “Мафкура полигонлари ядро полигонларига нисбатан кўпроқ кучга эга” бўлаётган айни дамда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Буларнинг замирида тингловчилар оммасига ниманидир етказиш нияти ётади. Гап нимани, кимга, қачон ва қаерда етказиш эмас, балки маълумотни қандай етказиш, аниқроғи, ўтказиш масаласи янада моҳиятлидир. Демак, қалам, қоғоз, микрофондан ҳар бир ижодкор фойдаланиши мумкин, лекин у ҳар бирида ўзгача жилоланади. Ўқиш, аниқроғи, ифодали ўқиш, тушунтириб ўқиш ўзининг узоқ тарихига, бой анъаналарига эга.

Ўқишдан мақсад уқиш ва уқтиришдир. Қироатхонлик номи билан юритилувчи санъат дунёнинг деярлик барча халқлари орасида турлича кўринишларда яшаб келади. У қайсидир маънода ўзи мансуб бўлган халқнинг мафкурасига хизмат қилиб келган. Ҳамма ҳам овоз чиқариб ўқийди. Лекин ҳамма ҳам ифодали тарзда, интонация билан ўқий олмайди. Гўёки, қалам оддий одамнинг қўлида бошқачаю, чин шоирнинг қўлида бошқача бадиият манзараси яратгани каби. Бозордан овқат тайёрлаш учун бир хил масаллиқ келтириб берасиз, лекин таббохлар ҳар хил таом тайёрлашади. Таъми, тузи, туси, тотлилик даражаси бошқача.

Шундай экан, ўқиш санъати ҳам ўзгача. Айрим сухандон ёки актёрларнинг ўқиганларида сеҳрланиб қоласиз. Сеҳрингиз меҳрингизга дўнади. Товушларни, сўзларни аниқ ва тиниқ талаффуз қилиши билан сизни ўзига тортади, қойил қолдиради. Булардан бири халқимизнинг эътиборини, эҳтиромини қозонган қўнғироқовоз марҳум санъаткоримиз Ўзбекистон халқ артисти Қодир Мақсумов эди. Мен у кишини туркий қироатнинг қироли эди дегим келади. Ўзининг ўқиш манераси ва матнга муносабат тарзи, овоз имкониятларидан фойдалана олиши билан ҳар бир кишини мафтун этмасдан қолмасди. Афсуски, умрлари қисқа экан. Бугунги давримизга, бунёдкорона ишлари билан жаҳонга юз тутган, қисқа давр ичида дунё таниган ва тан олган ҳур диёримизни ҳайрат ва меҳр нигоҳи билан мадҳ этиш улар тақдирига ёзилмаган экан. Агар ҳаёт бўлганларида бугунги мунаввар кунларимизни, мустақиллигимизнинг шарофати, озод ва обод ватан шукуҳини ўзгача муҳаббат, ифтихор ва виқор билан ўқиган бўлардилар. Ичидаги дардини баралла айтиш имкони йўқ, тили қисиқ эди. Мустабид тузум ҳукмрон бўлгани учун, уйда ҳам, ишхонада ҳам холи қолган пайтлари Қобилжон Юсупов ижросидаги “Ўшал кун келур” қўшиғини тинглаб умид билан, армон билан яшаб ўтди. Ушалмаган орзуларини ичига ютиб яшади. Аламини “гоҳ худ, гоҳ бехуд” (Қ.Мақсумовнинг ибораси) микрофондан олди.

Гарчи бугунги кунларимиз тароватини кўриш, мустақиллигимиз нафасидан баҳраманд бўлиш уларга насиб этмаган бўлса-да, устознинг таълимий ва тарбиявий меҳридан озиқ олган юзлаб шогирдлари бугунги кунда дикторлик маҳоратини юқори нуқталарга етказганларини инкор этиш қийин. Қодир ака журналистларга берган интервьюларидан бирида “Сиз учун фаолиятингизда унутилмас из қолдирган кунни эслай оласизми?” — деган саволга ўша пайтлари шундай жавоб бергандилар: “Она халқимга, ўзбекистонликларга иккинчи жаҳон урушининг тугаганлиги, фашизм устидан қозонилган ғалаба тўғрисидаги хабарни илк бор қувонч ва ҳаяжон билан ўқиб эълон қилганим.”

 

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.