САМИМИЯТ СЕҲРИ
(Шоир Муҳаммад Исмоил шеъриятига чизгилар)
Сўзлаш учун сўзлаш, ёзиш учун ёзиш, қўйингки, йиғлаш учун йиғлаш, ҳаттоки, кулиш учун кулишда ҳам самимият йўқ. Бу жараён инсоннинг дил истагидан кўра, ғайриихтиёрий тарзда кечади. Шундайлар борки, уларнинг ўзлигида самимият, хокисорлик бўлганлиги учун сўзлиги ҳам худди шундай. Назаримда, бу нисбат шоир, ношир, журналист Муҳаммад Исмоилга мосу хос, ярашиқлик либосдир. У айримларга ўхшаб қурган қасри биланмас, яшаётган ярим асри, мазмундор назму насри билан фахрланувчи дўстларимиздан.
Ўз юртининг қадрига етиш, унинг ўтмиши, бугуни ва эртасига дахлдорлик туйғусини туйиш ҳар бир инсонга фахру ифтихор бахш этиши учунми ватан ҳақидаги шеърларни деярлик ҳар бир шоир ижодида учратамиз. Айни пайтда бу бош мавзулардан бири ҳамдир. Назмий битиклардан бирида қайд этилганидек, “Нима мўътабардир сўйла, эй инсон, деди ул, киндик қон тўкилғон макон” деган ҳикмат ҳам бежиз эмас. Булбул чаманини севгани каби инсон ўз ватанини меҳр булоғи дея ардоқлаши ҳақ. Бу туйғу Муҳаммад Исмоилга ҳам бегона эмас. Ватан шаънига шеър битиш шунчаки истак ёки майлдан эмас, балки, шоир дилидаги ифтихордан келиб чиқади. У ёзади:
Милён, милён одам
келди, кетдилар.
Ёзмоққа тақозо қилмай
вазият.
шу Ватанга меҳр
изҳор этдилар
- Кўкларда у масъуд,
шеърий васият.
Аслида, юзу кўзда балққан нур, қалбда қалққан ғурур ватанинг озодлиги, эл юртнинг шодлиги ва ободлиги билан эканини шоир яхши ҳис этади.
Нур балқди.
Ватан қад кўтарди, музаффар.
Ер шарин айлади,
мунаввар, кўркам.
Мустақиллик тожи,
минг йил муқаррар,
Толеъ қуёшидир,
бошингда ўлкам.
Сен – озодлик истаб
ёнган кўздаги
Сени дуо этган, севган,
алқаган.
Борлигингдан бахтли,
хуррам юздаги
Меҳру–муҳаббатдан
юксалдинг, Ватан!
Ватанпарварлик туйғусини ватанпарастликдан фарқлаш зарур. Биринчисида самимийлик, ҳаётийлик бўлса, иккинчисида ҳавойилик, кўксига уриб ҳайқириш, минбардаги баландпарвозлик, тантанавор оҳанг бўлади. Шоирнинг ватан шаънига бағишланган шеърларида оҳорли, самимий истакларни содда тарзда ифодаланишини кузатамиз. Қутлуғ заминимизда яшаб ўтган улуғлар руҳларининг шод бўлиши бугунги кундаги бунёдкорлигимиз, эркпарвар, ҳақсевар халқимизнинг аждодлар маънавиятига муносиблиги билан боғлиқлигини шоир айрича ғурур билан қоғозга туширади. Шу йўсинда у аждодлар зикри авлодлар фикри билан уйғунлигини таъкидлагандек бўлади.
Темур бобом учун,
ҳикмат берилиб,
Тирилмоғин Худо
этса ихтиёр.
Соҳибқирон бугун
мағрур керилиб,
Қиларди эй, Ватан
сендан ифтихор.
Аммо ишонаман
шу юртдан ўтган
Азиз авлиёлар
арши аълода,
Жамулжам бўлишиб,
сен учун Ватан
Туну–кун дуода,
ҳамду–санода.
Айни дамда халқимиз қўлга киритган озодлик ва ободлик шунчаки бўлмаганини, унинг тагзаминида катта ақл-идрок, шижоат ва тараққийпарвар ғоя ва мафкура турганлигини англаш ва англатиш илинжи шоирга тинчлик бермайди. Эришилган ютуқларни асраш, ҳимоя қилиш, мустақиллик мафкурасини мустаҳкамлаш, миллий ғоямизга садоқат ҳисси ҳар бир фуқаронинг дил амрига айланишини чин дилдан истаётгандек бўлади шоир. Бу шоирлик илҳомигина эмас, балки ҳар бир фуқаронинг қалб амри, мажбурият бурчи, масъулият ҳисси эканини юртнинг эртаси ва эгаси бўлғувчи келажак авлодга уқтириш нияти билан боғлиқдир.
Ватан, сен лойиқсан,
ҳазрат Навоий
Бугун улуғласа,
шарафлаб шеърда.
Ёки камолингни
кўриб, фидоий
Янги Навоийлар
туғилса эрта.
Яшар ва курашар
ҳар ким аҳд билан
Бугун бор, эртага
бўлмасман, аммо
Энг гўзал у шеърни
жону–жаҳд билан
Шаънингга айтмасдан
ўлмасман, асло!
Шоир ижодидаги ижтимоий-фалсафий мавзу унинг бошқа шеърлари руҳига ҳам сингдирилган.
Яхши шеър буюртма, шартнома билан ёзилмайди. Кузатиш, ҳис этиш, воқеликни ақл чиғириғидан ўтказиш ва уни бадиият тили билан илиниш сабаб яралади. Фалсафийлик шеърнинг умри узайтирувчи мезон. Фалсафа бадиий асарнинг жон томири, қон томиридир. Унинг тириклиги эса сўз билан, сўзнинг қудрати, нафосати биландир. Сўзнинг тириклиги унинг ўз ўрнида қўлланиши ва маъно таровати билан эканлигини ҳис этган шоир сўзни ёнувчи ва ёндирувчи олов тафтига қиёслайди.
Сўз олами кенгдир, ёнмасанг беркдир,
Ҳар бир сўз оловда, жоним гаровда.
Тангрим, шоирлик бу – исён ва эркдир,
Иймондир, бу – умр деган саробда.
Кимдир қаср қурди, ким бўлди донгдор
Кимнидир кўксида тангадай нишон.
Кўйлак келтирсам гар, севма – дедим ёр,
– Севги рамзи эмас, бермоқ ошу-нон
Меъмор мақтагандай қурган биносин,
Боғларин алқаган сингари боғбон.
Юксакка чорлаган мангу маросим –
Шоирнинг фахридир – шеър ила достон.
Сўздан қурилган иморат инсон қалбидан жой тутса, шоирликнинг айни муддаоси ҳам шу. Эзгулик иморатининг бунёдкори бўлиш, ёндириш завқу шавқи шоир орзу армони ва шарафидир. Қалбдаги туғён исёнга, илҳом туйғуси эркка боғланаркан, худди шу маънода у “шоирлик бу — исён ва эркдир” дейиши билан ҳақлидир. Бу эса мангуликка муҳрланган маросим шоир ифтихори, ору виқоридир. Ҳиссиз калом бамисоли тузсиз таом, туссиз оламга монанд. Сўз муносабат, сўз мурожаат, сўз мулоҳаза ва муҳокамага асос. Шоирни қайси бир шеърига назар ташламанг, уна шу ҳақиқатни кўрасиз. Сизда фикр уйғотиш, теран тафаккур оламингизни яна кенгайтириш фикру зикри билан қалам тебратади шоир. Шоир номи унинг асарлари билан аталса, алқанса демак, муроди ҳосил бўлибди дейвуринг. Чунки, шоирнинг ўзи таъкидлаб ўтганидек, “шоирнинг фахридир – шеър ила достон”. Қобил фарзанд ота – онага шараф келтиргани каби шоир шеърияти ҳам унинг ифтихорига дахлдорлиги унинг масъуллигини янада оширади. Замонасозлик эмас замонавийлик шоирнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва қийматини белгиловчи мезон. Замонасозлик муайян даврда маълум бир тузум ва тизимга хизмат қилса, замонавийлик тараққийпарвар, умумбашарий ғоялар билан барҳаёт. Замонавийлик ҳақ ва халқнинг талаб эҳтиёжидандир.
Кейинги пайтларда “қўшиқчи шоир” деган ибора оммалашгандек гўё. Аслида, бу муайян бир санъаткор ёхуд созандага қўшиқ матни тайёрлаб беришдир. Буюртма асосида тайёр бўлувчи бундай “шеър”лар мазмундан кўра, куй оҳангига мос тушиши билан буюртмачини хурсанд қилади. Натижада маза-матрасиз, қандайдир исмлар такрори, севгилисининг кўзу қошларининг таърифидан иборат “сўз уюми” пайдо бўлади. Бундан ким манфаатдор деган савол туғилади. Халқни дидсизлантиришга қаратилган бу каби “шеър”лар хонанданинг чўнтагини қаппайтиришга хизмат қилиши мумкиндир, эҳтимол. Буниси етмаганидек, сўзини ва куйини ҳам басталаб овоз билан хиргойи қилинган ҳолатда санъаткорларга тақдим этадиган “шоирвачча”лар ҳам кўпайган. Бу маънавиятни, соф санъатни поймол этишдан бошқа нарса эмас. Атоқли бастакор Рустам Абдуллаев қўшиқларни бадиий кўрикдан ўтказаётган пайтда бир қўшиқчидан матн ва мусиқа муаллифини сўраган эканлар, сўзи ўзимники, мусиқаси ҳам ўзимники, ижрочи ҳам ўзим деса, ундай бўлса тинглайдиган ҳам рақсига тушадиган ҳам ўзингиз бўлақолинг деганини айтиб кулган эдилар.
“Қўшиқчи шоир” иборасини негадир мен ўзимга сингдиролмайман. Чинакам шоир ўз ўй-кечинмаларини, туйғуларини шеърга солади. У бировнинг буюртмаси билан иш тутмайди. Лекин, унинг шеъри мухлисларниям, санъаткорларниям эътиборига тушади. Санъаткор уни қўшиқ қилади, мухлис ёд айтиб юради. Китоб мутолаа қиладиган санъаткор ўзининг дилига хос, дидига мос шеърни албатта, топади. Афсуски, айрим қўшиқчиларимиз буни ўзига эп кўришмайди. Гўёки вақти йуқ. Тўй маросимлари-ю турли оммавий тадбирлардан ортмайдигандек. Шундай шоирлар борки, ўз истеъдоди билан халқ дилидаги гапларни жўяли ва чиройли тарзда ифода этади. Уларнинг шеърлари тажрибали, талантли ҳофизларимиз томонидан юксак санъаткорлик маҳорати билан ижро этиб келинмоқда. Улар санъаткорларнинг чой чақаси учун қўлига қалам олмайди ва бундан ҳазар ҳам қилади. Уларнинг шеърларининг ўзиёқ, куйи билан дунёга келади. Шеърнинг ўзи ярим қўшиқ эмасми. Сўзи ва сози билан пайдо бўладиган шеър гўёки, эгизак фарзанд дунё юзини кўргандек. Қўшиқчилар мурожаат қилдими, демак, сўз маъноси, мисра мазмуни ва мусиқийлиги унинг қалбига ўтирди. Натижада яхши бир қўшиқ туғилди.
Муҳаммад Исмоилнинг шеърларини ёд айтиб, қўшиқ қилиб юрган санъаткорлар талайгина. Телерадиоканалларда эшитиб қолганидан кейин шоирнинг ўзи хабар топади. У шоирликни қисмат ва туғма табиатнинг жилоси дея тушунади. Ҳар бир макину маконда, ҳар бир замину замонда шоир шеъри онг, бонг ва донг қозонишнинг ҳосиласи бўлган. Шунинг учун ҳам уларга эътибор кучли бўлган. Эътибор эҳтиромга эшик бўлса, эъзозга бешикдир. Шундай экан, у сўзлигига ҳам, ўзлигига ҳам ниҳоятда эътиборлидир.
Сўз билан яралган олам азалдан.
Сўзидан қайтмаган одам аталган.
Қайдаки бор бўлса юксалган Ватан
Шоирга эҳтиром билан қаралган.
Гар кимда дард бўлса –дармондир шоир
Гар кимки мард бўлса –қалқондир шоир.
Ким маош тўлабди асаларига
Табиат яратган –даврондир шоир.
Ана, шу борадаги шоирнинг қараши, ижод фалсафаси. Шоирнинг қадр қийматини шеъри белгилайди. Ўзига қараб кутишларини, сўзига қараб кузатишларини билган шоир чой чақа деб бадиий ижодни қадрсизлантирмайди. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф сингари унинг ҳам шеърларини қўшиқ қилиб айтишаяптики, демак у фахрланишга тўла маънода ҳақли. Бугунги кунда ўз санъати билан ўзбек мусиқий маданиятига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Анвар Санаев, Шароф Муқимов каби севимли санъаткорларимиз унинг шеъриятига мурожаат қилмоқдалар. Бу унинг шеърларидаги юксак бадиий ҳақиқатдан, юқорида шоирнинг ўзи таъкидлаб ўтганидек, “эл дардига дармон, мард қалбига қалқон” бўлиш иштиёқи ва истагидан далолатдир.
Гўзаллик дунёни қутқаради деган машҳур ақидага асосланган ҳолда шоир ўз шеърларида гўзал мисраларда, чиройли ташбеҳларни истифода этмоқчи бўлади. Ҳар қандай асарнинг гўзаллиги мазмунга мос ярашиқли шакл, маънавий-лафзий санъатлари билан экани айни ҳақиқат. “Кўз ёшинг кўксингни қийнаётган қон. Сен – боғда довулдан қақшаган баҳор” сингари топилмалари шоир шеъриятига фусункорлик бахш этмасдан қолмайди. Гўзаллик ҳақидаги шоир фалсафаси ҳам залворли. Олам гўзаллиги ҳар қандай одам нигоҳида ўзгача кечади. Кимдир фақат нурни, кимдир фақат зулматни кўради. Шоир шунга жавобан ўз шеърларидан бирида “Юлдузлар эгасин билмаган инсон – Бу ёруғ дунёда юрган зулматдир” деб ёзади. Оламга қандай кўз билан қараш, уни қандай қалб қаричи билан ўлчаш асли ҳикмат. Мирзо Кенжабоевнинг ушбу тўртлиги ёдга келади шу тобда.
Асл ғаввос бўлсанг, дурни кўргайсан,
Соф бўлсанг, кетар чоғ ҳурни кўргайсан,
Ҳаммаёқ зулмат деб шикоят қилма,
Ўзингда нур бўлса нурни кўргайсан.
Шоир гўзаллик мантиғини ўз ёру диёрида кўради. Шоир гўзаллик шайдоси. Ҳусну латофат манбаи ҳам унда деган хулосага келади. Унинг шу хусусдаги шеърига эътибор берайлик.
Мени диддан Худо қисмаган,
Шоир бўлмоғимни истаган.
Шундан кўзим болалигимдан
Ҳар кун гўзалликни излаган.
Гулми, кўкда ё учган каптар,
Булбулми ё сеҳрли шаҳар.
Ё денгизда қуёш ботиши,
Ёки файзли мунаввар саҳар.
Гвинея чакалаклари
Ё Мирзачўл ҳандалаклари
Ёки ақлу ҳушимни олган
Кўркам Кашмир капалаклари.
Кўрдим,
тинмай кезганман олам.
Голливуднинг гўзалларин ҳам.
Истанбулда ёки Парижда
Кўпдир кўркам, гулсанам…
Аммо…
Сени кўрдим, кўксимда — қуюн
Гўзалликнинг шоҳисан — гулгун,
Бор ҳунарин кўрсатмиш Тангрим,
Сенинг тенгсиз, жамолинг учун.
Арастуда қанча заковат
Искандарда қанча жасорат
Бўлса агар,
ҳадсиз, мукаммал
Сенда шунча ҳусну латофат.
Шоирга шеъриятига руҳ ва мазмун бахш этган илҳомбахш куч баъзан унинг эҳтиросли мисраларни тизишига боис ҳам бўлган. Тангри инкишофи бўлган инсон ва унинг муҳаббати борасида нотугал мулоҳазалар ҳам шоирни четлаб ўтмаган. Тангри инкишофини инсон ихтиросига йўйиш ҳолатлари асоссиз, албатта. Тўғри, муҳаббат ўзи эски нарса уни ҳар бир қалб янгилайди деган Ҳоди Тоқтош фикри билан келишган тақдирда ҳам инсон кашфиёти дейиш, назаримизда мантиқсиздек туюлади.
Бахтли бўлмоқ учун инсон кашф этган,
Энг буюк кашфиёт экан муҳаббат!
Эҳтимолки, бундай ўринларни ёлқинли, эҳтиросли ҳолатдаги иштибоҳ жилваси дейиш мумкиндир. Булар хайрли ва маърифий мақсадга, шоир шеъриятининг жозибадор ва мазмундорлигига ўз таъсирини ўтказа олмайди, албатта. Муҳими, шоир нима ҳақда ёзишдан кўра, қандай ёзиш ҳақида изланади. Бу эса маҳоратнинг тобланишидан далолатдир.
Қўлга олиб варақлаганим шоирнинг “Мени кучлироқ сев” номли шеърлар тўпламидир. Шоир истеъдодининг ёрқин кўзгуси бўлган барча шеърларида самимият ҳисси уфуриб туради. Бу сўздаги сеҳрни меҳр билан қалбга кўчириш орқали юзага келади. Шоир қалбида самимият сеҳри ва меҳри уйғун. Шу боис унинг мухлислари кўп, шу сабаб уни яхши кўришади, шу сабаб унинг шеърларига қўшиқчиларимиз куп мурожаат қилишади. Самимиятга йўғрилган шоирнинг ўзи ёқимли, сўзи юқумли экани ҳам яратганнинг неъмати, аслида. Ана шу бахт, истеъдод ўзига, оиласига, элу юртига татисин. Ярим асрлик мазмунли умрингиз муборак бўлсин, қадрдоним. Китобни ана шундай деб номлабсиз. Севгининг кучи нимада ўзи? Бу куч ишонч ва садоқатда. Ҳамиша китобсевар мухлисларингизнинг ишончу эътиборида бўлиш бахти насиб этсин сизга.
Эҳтиром билан Раҳимбой Жуманиёзов.