Бувижоним ўгитлари
Кишининг ҳақидан қўрқадиган, қаноат ва шукроналик билан умргузаронлик этган кўзи ожиз, нобино Розия исмлик бир кампир бўлиб унинг ёлғиз бир фарзанди бор эди. Кўпдан бери уни уйлантириб, невара кўришни хаёл қилиб юрарди. “Меҳрибон, онажоним, сиз тан кўзи билан эмас, ақл кўзи билан кўп нарсани идрок этасиз, тушимда ва ҳушимда аён бўлди, хонадонимизга сизга келин, менга қайлиқ бўлиб бир меҳмон келиши, сўнг мезбонга айланиши ҳақида башорат бўлди, деб айтмоқчи бўлар, лекин истиҳола қиларди фарзанд. Субҳидам пайти “Никоҳ самода ёзилади, ерда ўқилади,” деган илоҳийдан бир садо келди, “сенга ошиқликни берайми, ё маъшуқликни?” Чўчиб тушган фарзанд “онамдан сўраб келаман, шу пайтгача уларнинг измидан чиқиб, уларнинг изнисиз бирон иш қилмаганман.” Онаизорга бўлган воқеани айтиб берибди. Карами кенг поко парвардигородан мурувват ва муҳаббат асари фарзанди қалбига жо бўлганини фаҳмлабди ва дебди: Болажоним, бир қўлдан қарсак чиқадими, йўқ. Қарсак садоси икки қўлдан. Шундай экан иккаласиниям сўра, ошиқлик ва маъшуқлик бу севиш ва севилиш бахтидир, деди. Севсангу у севмаса, севмасангу у севса, турмуш иморатининг пойдевори мустаҳкам бўлмас. Ризқу рўз эшигининг очилиши ошиқ-мошиғи билан, умр интиҳосидаги ёпилиши ҳам шу билан, болам. Фарзанд она айтган ўгитлар билан иш тутибди. Икки дилнинг пайвандлиги ошиқлик ва маъшуқлик бирлиги билан эканини изҳори дил қилгандан сўнг Аллоҳнинг унга ўз мурувватини кўрсатибди. Инсоннинг инсонга севгиси барқарор бўлса, яратган эгамга шукронаси ва муҳаббати ҳам шу даражада бўлади. Сахий ибни Аҳмад Хевақийнинг бир ҳикматомиз мисралари ёдга келди шу тобда.
Қучоқ очиб, меҳринг бериб келмасанг,
Жуфти ҳалол ишончли ёр бўлмасанг
Ёрим бор деб сен шодланиб юрмасанг,
Ер юзинда ўйнамасанг, кулмасанг,
Нега келдинг севилмасанг, севмасанг?
Оқаётган дарёдасан тўхтамас,
Ошиқ кўнгил ёмонлиқни ўйламас,
Ҳаёт дарё чуқур жойи бўйламас,
Ишқ йўлинда йиғламасанг, кулмасанг,
Нега келдинг севилмасанг севмасанг?