Овоз сеҳри
Шундай овозлар бўладики, улар даврнинг залворли юки ва замоннинг нафасини ўзида ифода этади. Овоз, авваломбор, Аллоҳ неъмати. У нафас билан биргаликда парваришга муҳтож.
Тўғри, овоз қудрати борасида Алишер Навоийнинг мулоҳазаларини келтирмасдан ўтолмаймиз. Ҳазрат “Маҳбуб ул -қулуб” асарларида “Кўнгил қуввати дилнавоздандур Руҳ қути хушовоздандур” — деб бежиз ёзмаганлар. Овознинг ёқимлилиги кўнгил тортар бўлади. Уни ички бир хоҳиш, майл билан тинглагингиз келаверади. Ўзингиз сезмаган ҳолда, унга эргаша борасиз, ром бўласиз. У сизни асрий ва самовий туйғуларга чулғайди.
Овознинг хосияти ва моҳияти борасида ислом оламида Довуд алайҳиссалом, Билол ҳабаш ҳақида кўплаб эшитгансиз, улар ҳақда кўплаб ривоятлар ўқигансиз. Айниқса, иккинчи жаҳон уруши даврида Левитаннинг овози, ахборот ўқиш, етказиш манераси кучли ва таъсирли бўлгани, ҳатто, манфур Адольф Гитлерни ҳам қўрқувга, ларзага солганидан хабардорсиз. Бу овознинг беқиёс имкониятлари борасидаги ҳақиқатлардир.
Саъдийнинг “Гулистон”идан ўрин олган ушбу ҳикоятни мақсад узукига қошу кўздек мослиги учун келтирамиз. “Овози ёқимсиз бир одам шанғиллаб тиловат қилар эди. Унинг ёнидан ўтиб бораётган бир соҳиби дил ундан сўради:
— Сен ҳар ойда қанча маош олурсан?
— Ҳеч нима маош олмасман.
— Ундай бўлса, нега ўзингни қийнайсен?
— Худо йўлига ўқийдурмен.
— Худо йўлига ўқима, Бу байтга амал қил:
Шул йўсинда ўқир эсанг қуръонни ҳам,
Мусулмонлик равнақига бергунг барҳам”.
Қиссадан ҳисса шуки, овоз имкониятлари, талаффуз даражаси кўнгилдагидек бўлмаган инсонларнинг ваъзи ҳам дейилмоқчи бўлган мақсаддан чалғитибгина қолмасдан, балки кишини бездириши ҳам мумкин.
Шундай экан, кўп мавъизаларнинг мақсади, рўёби овозга боғлиқ эканлигини унутиш ярамайди.
Итальян трагик актёрларидан Томаззо Сальвинидан “Актёр учун энг муҳими, энг зарури нима?” — деб сўраганларида, у “Биринчидан – овоз, иккинчидан – овоз, учинчидан – овоз, тўртинчидан – бошқа нарсалар” — деб жавоб бергани бежиз эмас.
Овоз кўпчиликда бор, лекин уни ўрнида ишлата билиш юксак дид, фаросат, уқув ва маҳоратнинг белгиси. Матн, мазмун, овоз манераси, тингловчи диққати узвий боғланганлигини ҳис этиш устазода санъаткорларга хос бўлган. Бу борада барча бетакрор, буюк сухандонимиз Қодир Мақсумовга ҳавас қилиши бежиз эмас.