9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Ибрат ва ифтихор мактаби

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Ибрат ва ифтихор мактаби

Ибрат ва ифтихор мактаби

Шундай инсонлар бўладики, уларнинг ҳаёти ибрат, ўзлари ҳам, сўзлари ҳам ўрнак бўлади. Улардаги илоҳийдан берилган юксак бошқариш маданиятига ҳавас қиласан киши. Уларнинг тийнатида олимлик ва одамийлик фазилатлари ўзаро уйғун бўлади. Таълимни ҳам, тарбияни ҳам, муомала ва мулоқотни ҳам ўз жойига қўя олади. Ҳаёт йўли бутун бир жамиятимизнинг қалбу қиёфатини ўзида акс эттира олади. Шу ҳақда сўз очсам, беихтиёр кўп йиллар мобайнида таълим ва тарбия тушунчаларини тақдирига айлантирган, таълим тизимида узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаб келган Рисбой Ҳайдарович Жўраевни энг аввало, тилга оламан. Эъзозли устозимиз қутлуғ ёшларга етган бўлсалар-да, улар ҳамон илк сафда, шогирдларига ўрнак ва сабоқ мактаби бўлиб келмоқдалар.

Инсонни билиш, таниш ва ундаги истеъдодни тан ола билиш, ёрдам қўлини чўзиш камдан-кам устозларга насиб этади. Ҳар қандай ишни пухта ва ҳавас қилса арзигулик қилиб адо этишни маъқул кўрадилар. Олим аниқлик ва реалликни хуш кўришини қайта-қайта такрорлайдилар. Талабчанлик, принципиаллик, инсон туйғуларини ҳис этиш, жамоадошларига мурувватли ва муҳаббатли бўлиш каби фазилатлар устозга умрлари мобайнида ҳамроҳ бўлиб келаяптики, бу ҳамиша инсоннинг эъзозу эҳтиромда бўлишига асосдир.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари (инженерлари) институтининг битирув курсида ўқирдим. Диплом ишлари ҳимояси авжида. Ҳамма муваффақиятли ўтиш учун елиб югурган, кутубхонада китоб титиш билан банд эдилар. Ўшанда мен институт ёшлар ташкилотининг раҳбари эдим. Бизнинг факультет талабалари ҳам давлат имтиҳонларини топширишга шай эдилар. Ҳамма ҳаяжонда, кўпчилик чўчиб туришарди. Негаки, давлат имтиҳон комиссияси раиси сифатида ўта талабчан инсон келганмиш. Билим даражанг кўнгилдагидек бўлмаса, ўтолмасдан “йиқилишинг” тайин деб қўрқиб, ҳаяжонланиб турганлар ҳам талайгина. Ўша пайтда ҳаммани ҳаяжонга ва қўрқувга солган домла ДИК раиси Рисбой Ҳайдарович Жўраев эдилар. Барча қатори мени ҳам чақириб қолишди. Юрак ютиб ҳаяжондан ҳапқириб кириб бордим. Саволларга жавоб беришимни зимдан кузатиб турган раис комиссия аъзоларига нимадир дегандек бўлдиларда, кейин овозларини баландлатиб, уларга қараб “бу йигитни институтда олиб қолиш керак, ундан яхши мутахассис чиқади, унинг келажаги бор кўринади,” — дедилар. Шу-шу бўлди-ю, фаолиятим пойтахт билан боғланиб қолди. Талабалик даврларимни эслаб, онда-сонда дипломимни қўлимга олган пайтларимда ДИК раиси деган жойда Рисбек Ҳайдаровичнинг имзоларини кўриб ғурурланиб кетган дамларим кўп бўлган. Кейинчалик, ёшлар шаҳрининг ҳокими бўлиб ишлаган пайтларимда, ҳурматли Президентимизнинг эътиборларига тушиб, уларнинг қўлларидан “Шуҳрат” медалини олганимда ҳам устоз ўгитлари ёдимда турди.  Кейинчалик, тўй-ҳашамларимда ҳам устознинг ўзлари келиб бош-қош бўлиб, даврани очиб берганлар. Устознинг меҳри ийган шогирдларидан бўлганим учун мамнунман.

То ҳануз устознинг ушбу сўзларига амал қилиб келаман, ҳаётий фаолиятим давомида бу ўгитлар менга ҳамон асқотиб келади. “Ҳаётда парранда ва даррандаларининг ҳам, бандаларининг ҳам ўз ўрни бор. Одамзот онгли мавжудот,  у буларни ақл билан идрок этиши керак. Инсон қалби қилдан ҳам нозик. Тадбир ўтказишми, ёки бирон бир шарафлаш кечасими ҳар кимнинг ўз хизмати ва ҳурматини билиш керак. Шунга яраша ҳурмат кўрсатиш, эҳтиромини ўз жойига қўйиш керак. Акс ҳолда, дилига озор етиши мумкин. Жамоада одатда, ижрочи ва ижодкор ходимлар бўлади. уларнинг ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда иш тутсанг, ҳеч қачон қоқилмайсан. Ташаббускорликни ҳамма ҳам қила олиши мумкин, лекин ташкилотчиликни ҳамма ҳам эплаб билмайди.” Устознинг бу маслаҳатлари мен учун дастуруламалдир.

У инсон кимга, қачон, қаерда, қандай қилиб ва қанча гапиришни билишлари билан мени ҳамон ҳайратга солади. Ёдимда, халқ таълими тизимида ишлардим. Ишим касб-ҳунар таълими коллеж ва лицейлардаги таҳсил жараёни билан бевосита боғлиқ эди.

Менинг фаолиятим билан танишган бўлсалар керакки, ирригация йўналишида таҳсил олган бўлсам-да, педагогик таълим йўналишида илмий иш қилишинг керак, — деб қолдилар. Бир кун келиб фанларнинг интеграциялашуви замон талаби бўлади, — деган фикрларига асосан бугунги таълим жараёнида фанлараро интеграциялашув долзарб мавзу бўлганлиги мени таажжубга солади. Устознинг мутахассислиги инженер-гидроэнергетик бўлса-да, кўп йиллик изланиш ва интилувчанлик, кўп қиррали илмий салоҳият техника ва педагогикани умумлаштира олган. Мустақилликка қадар Ўрта Осиё Ирригация илмий тадқиқот марказида техника фанлари номзоди илмий даражасига, 1995 йилда эса педагогика фанлари доктори илмий даражасига эга бўлганлар. Россия касбий техника таълими илмий-тадқиқот институтида бу даражага эга бўлиш фан ва таълим, соҳа мутахассисларининг эътиборига тушиш учун юксак истеъдодга эга бўлиш зарур эди. Шубҳасизки, устозимдаги бу маънавий жасорат уларнинг табиатида бор бўлган.

1996 йилдан буён профессор илмий унвонига эга бўлиб келиш асносида биз сингари жуда кўплаб шогирдларига тўғри йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бериб келмоқдалар. Уларнинг умр йўлига бирров назар ташлайман. Қаерда ва қандай вазифада ишламасинлар, муносабатдаги самимийлик, талабчанлик, бошқаришдаги жонкуярлик ва фидойилик ҳамон мени ром этади.

Республика таълим тизимидаги юқори лавозимларда, масъулиятли вазифаларда ишлаш  устоздаги тажриба ва малаканинг янада ошишига хизмат қилгани рост. Масъулият ҳиссини чуқур идрок этган, мажбурият бурчини тушунган инсонлар учун унча-мунча машаққатли довонлар писанда эмас. Чунки, улар тўғрисўзлиги ва метиндек иродаси билан барча ҳаёт довонларидан ошиб ўта олиш истеъдодига эгадирлар. Шу ўринда шоирнинг беихтиёр ушбу мисралари ёдимга келади:

“Умр давомида кўпдир довонлар,

Ундан устун келар мард-у майдонлар,

Ҳали кўпдир ушалмаган армонлар,

Сабот ила енгар оқил инсонлар”.

Илму фанга фидойилик, таълим тизимига раҳнамолик қилиш иштиёқи бугунги кунда ҳам устоз фаолиятини чегаралаган эмас, умумий педагогика, педагогика таълим тарихи мутахассислигидан докторлик ва номзодлик ҳимояси бўйича махсус кенгашга раислик қилган пайтларида ҳам ёш олимлар ва тадқиқотчиларга холис, беминнат ёрдам бериб, ўз хизматларини дариғ тутмаганлар.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг ўз ҳаётлари ва фаолиятлари мобайнида, халқ билан учрашувларида қайд этган фикрлари, чизгилари жамланган “Ватан ва халқ мангу қолади” китобларини варақларканман, ушбу ҳикматларни қайта-қайта ўқимасдан, уқмасдан илож йўқ: “Янгича фикрловчи кишиларни тайёрламасдан, тарбия қилмасдан ўз олдимизга қўйган вазифа ва мақсадларни рўёбга чиқара олмаймиз.  Таълим ва тарбия тизимини тубдан ўзгартирмасдан туриб, одамлар онгини, демакки, уларнинг турмуш тарзини ҳам ўзгартириш мумкин эмас. Илму маърифат инсонни юксакликка кўтаради. Маърифат маънавиятга олиб борувчи йўлдир.”

Устоз ана ўгитларни биринчилардан бўлиб, мажбурият бурчи ўрнида қабул қилиб, амалда қўллашга киришганлардан десам хато бўлмайди.  Бу талабларни англаш ва идрок этишни шогирдларига ҳам уқтириш Рисбой Ҳайдаровичнинг доимий илму амалидир. Аслини олганда, ярим асрга яқин таълим соҳасида фаолият юритиш катта матонат, маънавий жасоратдир. Айниқса, кадрлар тайёрлаш миллий дастури таълим сифатини кўтариш ва амалиётга тадбиқ этиш бўйича қатор ишларни амалга оширганлари таҳсинга сазовордир. Шунингдек, фан ва таълимни ривожлантириш бўйича давлат дастурларини яратишга қаратилган ишларда бош-қош бўлганлар. Таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва модернизациялашда, умумий ўрта ва касбий таълим йўналишида дарсликлар ва қўлланмалар янги авлодини яратишда, уларни танлаш ва амалиётга тадбиқ этишда жонбозлик кўрсатганлар. Таълим сифатини ошириш, илғор педагогик ва ахборот технологияларини тадбиқ этиш янги авлод ўқув адабиётларини яратишга қаратилган фаолиятлари айниқса, диққатга сазовордир.

Тадқиқотчи олимлар ва амалиётчи ўқитувчилар билан ҳаммуаллифликда монографиялар, дарсликлар, шунингдек математика, физика ва бошқа ўқув предметларидан электрон дарсликлар ва мултимедиа ўқув қўлланмалари жумладан, мактаблар учун электрон интерактив доска яратишдаги хизматлари алоҳида эътирофга лойиқ. Устознинг шу пайтгача яратган ўқув, ўқув-услубий, илмий-амалий йўсиндаки йигирмадан ортиқ монография ва қўлланмалари илмий педагогик, фан-таълим мутахассисларининг эътирофи ва эътиборига сазовор бўлган. Беш юзга яқин нашр ишларининг мавжудлиги, уларнинг бевосита раҳбарлигида 6 нафар докторлик ва 12 та номзодлик диссертациялари  ҳимоя қилингани аҳамиятлидир.

Устознинг ушбу хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланган бўлиб, бугунги кунда бир қатор орден ва медаллари устоз кўксини безаб турибди.

Устоз айни дамда ўз сулоласининг ёши улуғи, оилапарвари, невараю чевараларининг маслаҳатгўй, пиру бадавлат бобожонисидир. Республикамизда шундай шажаралар борки, уларнинг бутун авлоди Ўзбекистонимиз тарихида муҳим ва муқим ўрин тутади. Жўраевлар авлоди ҳам ана шундай сулолалардандир. Жўраевлардан фан-таълим, иқтисод, тиббиёт, маънавият, ҳуқуқ, спорт ва маданият соҳасида кўзга кўринарли раҳбарлар етишиб чиққанлиги ҳам фахру ифтихоримиздир. Бугунги кунда Ҳайдар бобонинг 27 та фарзанди аҳиллик билан элу юртимиз манфаати йўлида улуғ ва қутлуғ ишларга камарбаста. Уларнинг ҳаммаси бош маслаҳатгўй сифатида Рисбой Ҳайдаровичдан чексиз миннатдордирлар.

Босиқ, мулоҳазакор, фидойи олим Рисбой Ҳайдарович ҳамон куч-ғайратга тўла. Биз уларнинг ўзлари каби мустақиллигимиз фан таълими тараққиёти учун кўплаб фидойилик намуналарини кўрсатишларига ишонч билдирамиз. Мен устозни соя ва мева берувчи серҳосил дарахтга қиёс қилгим келади. Баъзилар дарахтга чиқиб, меваларини териб, қоринларини тўйдириб кетишади, баъзилар эса узун хода билан меваларини ерга тўкиб қоринлари ва этакларини ҳам тўлдириб кетишади. Дарахт уларга эътибор бермайди, кейинги йил яна беминнат, дуркун ҳосил бераверади.

Раҳбарликнинг қўш қаноти бор, назаримда. Бу ташаббускорлик ва ташкилотчиликдир. Қолаверса, етук бошқарув маданиятининг муҳим омилларидан бири ҳам шу. Даврий муаммоларга юксак билим ва интеллектуал салоҳият билан жавоб бера олмаган раҳбарни бугун тушуниш қийинлигини глобаллашув замонининг ўзи кўрсатмоқда. Худди шу маънода, айниқса, айни дамларда раҳбарлик матонатни, чинакам жасоратни талаб этмоқда. Президентимизнинг юқорида номлари келтирилган асарларида бу борада ҳам ибратли мулоҳазалар бор: “Инсон учун халқнинг ишончи, меҳру муҳаббатига сазовор бўлишдан ортиқ бахт йўқ. Раҳбарлик лавозим, мансаб эмас, аввало одамларга хизмат қилишдир. Яхши мутахассис бўлиш мумкин, лекин яхши раҳбар бўлиш қийин. Раҳбарликнинг алоҳида мактаби йўқ, раҳбар деган, етакчи деган кўп нарсаларни ҳаётдан, оддий одамлардан ўрганиши керак. Раҳбарликнинг энг буюк мезони адолат. Ҳар доим ва ҳамма жойда биринчи раҳбар ибрат ва намуна бўлмоғи керак.”

Ибрат ва ифтихор манбаига айланиш халқимиз бахту иқболи йўлида, унинг буюк келажаги йўлида хизмат қилиш билан баробар эканлигини бугунги ҳаёт яққол кўрсатиб турибди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бу эса энг олий саодатдир.

Худди шу маънода, Рисбой Ҳайдаровичнинг таълимий-тарбиявий озиғи истиқлол нуридан тўйингани учун, истиқболга қатъий ишонч ва собитқадамлик билан ташланган қутлуғ қадам бўлгани боис баркамол авлодни, интеллектуал ёшларни иқбол сари, буюк келажак сари чорлайверади.

Рўзимурот ЧОРИЕВ

Педагогика фанлари номзоди, доцент

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.