9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Исмда жисм маъноси

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Исмда жисм маъноси

Исмда жисм маъноси

                                             (Навоий маҳоратига чизгилар)

Алишер Навоий  “Хамса”сининг боқийлигига мезон унинг ҳар бир давр учун умумбашарий мавзуларда сўз айтолгани учунгина эмас, балки, ҳар бир мисра замирига олам-олам маъно жойлай олиш иқтидоридандир. Буни биргина “Хамса ” мисолида айтиш ҳам мумкин. Мутафаккирнинг сўз сеҳрини теран ҳис эта олиш, сўзга қат-қат маъно бағишлаш маҳорати, ҳар бир бадиий лавҳа, образ, детал ҳамда бадиий санъатларни асарнинг ғоявий мазмунини очишга йўналтира олиш салоҳияти билан боғлиқ.

Биз қуйида шоирнинг поэтик иқтидори билан боғлиқ биргина хусусият ҳақида гапирмоқчимиз. Бу- адибнинг “Хамса”даги кўпгина образ номларига муҳим ижтимоий-рамзий маъноларни сингдира олишида, янада аниқроғи, қаҳрамон исмларини уларнинг хатти-ҳаракатига, ички ва ташқи қиёфасига, характер хислатига  мос ҳолда танлай билишида кўринади.

Қаҳрамон исмида жисмини акс эттириш, яъни қалб ва қиёфани, от ва зотни, суврат ва сийратни, жон ва жасадни, бир сўз билан айтганда шакл ва мазмунни ўзаро уйғун ифодалаш усулини, албатта, шоир илк марта қўлламаган. Мазкур усул Навоийгача ҳам мавжуд эди. Айниқса, бунинг типик намуналарини халқ оғзаки ижодиётида яққол кўриш мумкин.

Алпомиш номида куч-қудратда тенгсиз, алп(алиф) баҳодирларга хос салобат ва жасорат мавжудлигига ишора бор бўлиб, у достонда худди шу хусусиятларни ўзида намоён қилган ҳолда ҳаракат қилади. Ғариб (“Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”) номида ҳам шу хусусиятларни кўрамиз. У гарчи вазир фарзанди бўлса-да, одатда қуйи табақа вакилларига хос от билан номланган. Бундан эса, унинг достонда фақир, ғарибона тарзда умргузаронлик этишига ишора бор. Шоҳсанам исмида ҳам унинг шоҳлар насабидан бўлган, сулув (санам) қиз экани ҳақида хабар англашилади. Шунингдек, ижодкор халқнинг Гўрўғли, Ёдгор, Ҳуснобод, Кунтуғмиш ва ҳоказо образ номларида ҳам шу хусусиятнинг тажассумини кўрамиз.

Шубҳасизки, бу усулдан фойдаланиш ундан кейинги даврда ҳам давом эттирилди. Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён ” романидаги бош қаҳрамонларни Анвар ва Раъно деб номлаши ҳам бежиз эмас. Раъно, ёзувчи бир ўринда ўзи таъкидлаганидек, “исми жисмига монанд” сулув қиз.

Анвар (сўзининг луғавий маъноси “нурлар”) эса Худоёрхон ҳукмронлиги даврида “зулмат ичра нур” бўлиб чарақлаган олижаноб инсон образидир.

Бир томондан қараганда, уларга берилган сифатлар, қиёслар исм маъносига кўчгандек кўринади. Бу эса мазкур усулнинг эпитет (сифатлаш), ташбиҳ (ўхшатиш), итфоқ (мувофиқлаштириш) каби бадиий санъат турлари билан ҳам муштарак жиҳатлари мавжудлигини англатади.

Қисқаси, исмларда асар қаҳрамонининг қиёфаси, қисматининг бир қирраси зуҳур этган бўлади. Таъбир жоиз бўлса, дейиш мумкинки, аксари образ номлари улар тақдирининг тамғаси (муҳри)дир.

Алишер Навоий ҳам образларни дуч келган ном билан атамайди, балки танланган исмда чуқур рамзий маъно ифодаланишига, яъни исмнинг қаҳрамон ҳаётининг “ойнаси” сифатида акс этишига алоҳида эътибор қилади. Шу йўл билан ғоявий мазмунни, образнинг характер-моҳиятини тез ва ёрқин тушунишга имкон яратади.

Алишер Навоийнинг мазкур санъат ҳақидаги қарашлари девонларига ёзган дебочаларида, “Хамса” ва қатор илмий асарлари муқаддималарида очиқ-ойдин учрамаса-да, унинг бу санъатга ғоявий мазмун талаби нуқтаи- назаридан алоҳида диққат қилганлигини фаҳмлаш қийин эмас.

Шоир “Ҳайрат ул-аброр” достонида бола тарбияси, ота масъулияти хусусида гапира туриб, шундай ёзади:

Улки эрур тифлга шойиста иш,

Билки, кичикликта эрур парвариш.

Қатраға чун тарбият этти садаф,

Эл бошига чиққуча топди шараф.

Бириси қўймоқлик эрур яхши от

Ким деса этмагай ондин уёт.

Исмда кўп келди тафовут падид,

Бири Ҳусайн ўлди, бириси Язид.

Сўнгги икки байтдан кўриняптики, Навоий ҳар бир бола номида ота-она, орзуси акс этиши муқаррарлигини таъкидлаяпти. Номлар ҳам турли хил, баъзиларида олижаноб фазилатлар намоён бўлса,  (Ҳусайн) айримларида нохуш салбий хислатлар англашилади (Язид)  дея ҳукм қилади шоир. Навоий худди ана шу принципни Ўз асарларида юксак санъат даражасига кЎтарди.

Халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган образлардан фойдаланганда эса улар номидаги маънони муаммо йўли билан янада чуқурлаштиради:

Жамолидин кўринган фарри шоҳи,

Бу фардин ёруди маҳ то ба моҳи

Қўюб юз ҳиммат-у иқбол-у давлат,

Ҳам у фар соясидин топди зийнат.

Бу жавҳарларга чун иснод топти,

Мураккаб айлагач “Фарҳод топти”…

Анга фарзона Фарҳод исм қўйди,

Ҳуруфи маъхазин беш қисм қўйди.

Фироқ-у рашк-у ҳажр-у оҳ ила дард,

Бирор ҳарф ибтидодин айлабон фард.

Кўриняптики, шоир образ номида маълум маънони жилолантиришга диққат қилган. Бу бир қарашда муаммо йўли билан қилинаётган сўз ўйинидек кўринади. Лекин, чуқурроқ назар қилинса, “фаррий шоҳи” (шоҳлик нури), ҳиммат, иқбол, шунингдек, “фироқ-у рашк-у ҳажр-у оҳ ила дард” Фарҳод образининг достондаги умум ҳолати ва руҳиятини ифодалаб келиши яққол англашилади. Шоир ҳарф ва бўғинларни йиғиш орқали “Фарҳод” исмини таркиб топтирар экан, юқорида келтирилган фазилатлар, маҳзуний ҳолат белгиларининг бош қаҳрамон тақдири билан алоқадор эканига ҳам ишора қилади. Қолаверса, шу йўл билан китобхонда образ қисматига қизиқиш уйғотади. Адолат, ҳиммат ва иқбол тарафдори бўлган ҳақиқат ва соф севги учун курашувчи Фарҳод каби инсонларни мудҳиш тузум қабиҳликлари “ҳажр ила оҳ-у дардга ”гирифтор қилишини шоир яхши англаб етган эди.

“Хамса”нинг бошқа достонлари каби “Саббаъи сайёр” га киритилган ҳикоятлардаги шахс номлари ҳам кўп жиҳатдан шу борадаги фикримизни тасдиқлайди.

Биринчи ҳикоятда шаҳзода Фарруҳ мамлакатни адолат билан бошқарувчи, улуғ ва бахтиёр шоҳ тимсолида кўринса, Ахий ҳеч кимдан борини аямайдиган, саховатли инсон , қадрдон дўст тимсолида тасвирланади. Шу ўринда “сахий сўраса беради, ахий сўрамаса ҳам беради” деган нақл бежиз эмаслигини таъкидлаш жоиз. “Фарруҳ” ва “Ахий” сўзларининг луғавий маъносини кўздан кечирсак, шу образнинг асардаги бадиий қиёфасига тўла мос келишини кўрамиз. Фақат бугина эмас. Бу ўринда Ахий сўзининг луғавий маъносидан ташқари ижтимоий маъноси ҳам бор. Бу эса ,шубҳасиз, Навоий бадиий маҳоратининг яна бир муҳим қиррасини очиб беришга хизмат қилади. 12 — аср араб сайёҳи Ибн Батутта ахийлар номи билан боғлиқ бўлган бир гуруҳ ҳақида шундай маълумот беради: “Рум турклари билан маскун бўлган бутун ўлкаларда, ҳар вилоятда, ҳар шаҳарда, ҳар қишлоқда бор. Бутун дунёда ғариб ва юртсизларга булардек ғамхўр бўлган, оч одамни тўйдирадиган, эҳтиёжига ёрдам  берадиган , жабрнинг қаршисини оладиган, золим саркардаларни, уларнинг кўмакчиларини  ўлдиришга тайёр бўлган одамни топиш мумкин эмас. Улар ўзларига бошлиқ сайлайдиларки, у ахий ёки футува дейилади… Уй солинади, ободонлик, чироқ ва уйга лозим бўлган нарсалар билан жиҳозланади. Унинг ўртоқлари кундузи ишлайдилар, Ўзларига озиқ топадилар. Оқшом қорайганда топганларини ахий олдига олиб келадилар, бу пулларга мева , овқат ва уйга лозим бўлган бошқа нарсалар олинади. Шу кун шаҳарга бир ғариб келса, улар ўз ёнларидан унга ўрин берадилар ва уни текин овқатлантирадилар ва у одам кетганига қадар уларнинг ёнида қолади… Мен дунёда булардек гўзал ишлар қиладиган одамни кўрмаганман, кўрмадим”.

Бундан кўриняптики ахийлик махсус бир оқим бўлиб, унинг вакиллари кишиларга саховатпешалик кўрсатиш билан шуғулланганлар. Алишер Навоий, билистисно , бу ҳомийлардан, уларнинг ҳаракатларидан бохабар бўлган, уларга хайрихоҳлик билан қараган. Биринчи ҳикоятдаги Ахий образида ҳам уларга хос фазилатларни умумлаштиришга интилган. Ва шу йўсинда Ахий образига чуқур сотсиал маъно юклай олган.

Шунингдек бошқа ҳикоятлардаги Саъд(толе, бахт), Масъуд(бахтли) каби образ номлари ҳам айнан шу мақсаднинг ифодаси сифатида келтирилади. Мазкур иккала образ ҳам кишиларга иқбол,бахт,тотли ҳаёт бахш этиш учун, шодлик ва хурсандчилик улашиш учун интилувчи, курашувчи шахслардир. Луғатда муқбил-бахтли , хушбахт, иши орқага кетган, бахтсиз деган маъноларни билдиради. Худди шу асосда доСТондаги олтинчи ҳикоятни кузатарканмиз, ҳақиқатдан ҳам Муқбил образи бахтнинг, мудбир эса бахсизликнинг  рамзи бЎлиб гавдаланишини кЎрамиз.

Шоир маҳорати, айниқса, “Саббаъи сайёр”нинг бешинчи ҳикоятида яққолроқ кўзга ташланади. Маълумки, ҳикоятда уч асосий образ бор. Булар Меҳр, Суҳайл ва Жобир. Ҳикоят бир-бирига қарама-қарши икки оламни-ҳалоллик, садоқат, софдиллик-Меҳр ва Суҳайллар оламини; текинхўрлик, киши молини талон-тарож қилиш йўли билан кун кўрувчи маккор йўлтўсар – Жобирлар оламини тасвир этади.

Аввало, мазкур образ номларининг луғавий маъноси билан танишайлик, “Меҳр” сўзи ишқ-муҳаббат, жамол, қуёш маъноларини англатади. “Суҳайл”- порлоқ юлдуз деганидир. “Жобир” эса жабр қилувчи, золим демакдир. Кўриняптики, Меҳр, Суҳайл номлари осмон ва юлдуз сингари гўзаллик, нур, ёруғлик рамзи.

Ёвузлик хислатларни ўзида акс эттирган Жобир исми жисмига мувофиқ салбий тип. Жабр-зулм қилиш унинг касб-кори. Зулмат — яшаш жойи, ноинсофлик ҳаёт тарзи. Маълум вақт Меҳр, Суҳайллар ҳам унинг ҳийла найрангидан, зуғумидан четда қолишмайди. Жобирнинг тузоғига тушади.

Алишер Навоий бу икки ўзаро зид куч ва дунёқараш эгалари ўртасидаги тўқнашув, курашлардан, Меҳр, Суҳайллар ғалабасидан рамзий бир маъно келтириб чиқаради: булут (Жобир зулми) муайян муддатдагина кўк юзини (қуёш, юлдузларни) тўсиши мумкин. Лекин, барибир ҳақиқат юзага чиққанидек, охир-оқибатда ой, қуёш, юлдуз яна порлайверади, нур сочаверади, киши дилига шуур ва ёрқинлик бағишлайверади. Чиндан ҳам, асар эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси билан тугалланади. Англашиляптики, шоир ушбу ғоявий ниятни ,асосан, икки хил йўл билан ифодалайди. Биринчисида исм (сўз)ни ташкил этган ҳарф ва бўғинлар (кўпинча, муаммо йўли) орқали рамзий маъно келтириб чиқарса, иккинчисида қаҳрамон ҳаёти моҳиятини ифода этувчи сўзни киши оти маъносига кўчириш воситасида ғоявий мақсадини амалга оширади. Аввалгисида шоирнинг исмдаги маънога ишора қилиб кетиши орқали мақсадни англаб етсак, кейингисида ном маъносидаги сўзнинг луғавий мазмунини аниқлаш орқали тушуниб оламиз. Алишер Навоий асар қаҳрамонлари номларига маъно жойлаш санъатини “Хамса”даги кўпгина образларга нисбатан қўллар экан, бунда у ягона принципга суянмайди. Шунинг учун ҳам образ исмидан англашиладиган маъно баъзиларида персонажнинг насл-насабини, ташқи кўринишини ифодаласа, айримларида касб-кори, феъл-атворини билдириб туради.

Боний (луғавий маъноси бинокор, уста), Моний (рассом-наққош), Хисрав (ҳукмдор, шоҳ) каби образ номларида уларнинг касб-корига ишора бор. Ахий, Муқбил, Масъуд, Мудбир, Жобир исмларида эса хислат ва қилмишларига хос хусусиятлар мужассамлашган. Баъзи ҳолларда персонаж номиданоқ, муаллифнинг (халқнинг) образга нисбатан муносабатини, қарашини сезиб олиш қийин эмас.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.