Раҳимбой Жуманиёзов, филология фанлари номзоди, ТВХТХҚТМОИ доцентининг йўлланган саволларга жавоблари
- Ҳозирги кунда захира, ваҳоланки, путур сўзлари имлосида ҳамда Хадича, Муҳаммад исмларининг ёзилишича турли хил мунозаралар келиб чиқмоқда. Аслида, қайси вариантлар тўғри ҳисобланади?
Р.Ж.: Бу масалага ёндашишда ўзлашган сўзларнинг аслиятига эътибор қилиш муҳимми ёки тилимиздаги ифодаланишига, яъни орфоэпик хусусиятларини назарда тутиш муҳимми деган масалани ҳал қилиш керак. Одатда, махсус тил комиссияси кенгашидан ўтиб тасдиқланган, мутахассислар кўригидан ўтган, шу асосда чоп этилган имло луғатларига таяниш зарур. Юқорида келтирилган сўзларнинг аслиятига эътибор қиладиган бўлсак, “заҳира” зоҳир, зуҳур, мазҳар сўзларига ўзакдош бўлиб келувчи араб тили орқали кириб келган сўз. Унинг луғавий маъноси пайдо бўлиш, кўриниш, намоён бўлиш маъноларига яқин. “Заҳра” эса ўт халтаси, сафро ва қўрқиб кетмоқ, интилиш деган маъноларда келади. “Захира” деб ёзилиши тўғри. Бунинг луғавий маъноси эса запас нарсалар, эҳтиёт қилиб сақланган нарсалар демакдир.
“Ваҳоланки” форс тили орқали ўзлашган бўлиб, (“ҳол” асли арабча бўлса ҳам) бу кириш сўз ўрнида қўлланилади. Бизнинг лексикамизда қўлланиладиган “Ҳолбуки” маъносининг айнан ўзидир. Шу боис “ваҳоланки” тарзида ёзиш мақбул.
“Футур” деб ёзилиши асл ҳолати бўлиб, вайронлик, хароблик, кучсизлик, заифлик, шикастлик маъноларини англатади. Араб тили орқали ўзлашган ушбу сўз кейинчалик сўзлашув нутқига мослашган ҳолда “путур” тарзида ишлатила бошланган. Асли ҳолатини тиклаш ва қабул қилиш мақбул.
Хадича, Муҳаммад, Аҳмад исмлари айнан шундай ёзилиши шарт. Тўғри, айрим исмлар ва исми шарифларнинг ёзилишида нутққа хос бўлган қисқартириб қўллаш, эркалатиб айтишнинг таъсирида ҳар хилликлар мавжудлигини инкор этиш қийин. “Муҳаммад”ни Мамат, Матти, Мамед (ҳатто рус тилига мослаб Магомед) дейишлар ҳам бор. Шахсни тасдиқловчи ҳужжатларда рус тилининг таъсирида, уларда ҳ бўғиз ундоши бўлмагани сабабли ана шу товуш иштирок этувчи сўзларда “х” ва “г” тарзида талаффуз этиш ва ёзиш ҳолатлари бор. Буни тузатиш учун ҳаракат қилсангиз, шундай ҳужжатларни талаб этишадики, тинчгина “қўявер, шу ном билан ўтиб кетадиган бўлдик” дейишдан бошқа иложингиз йўқ.
- Бюро, сюжет, сценарий каби ўзлашган сўзларнинг лотин ёзувига асосланган алифбодаги шакли қайдай бўлиши лозим?
Р.Ж.: Ҳар бир сўзнинг муайян тилда талаффуз этилиш меъёри бор. Биз ўша сўзни лексиконимизга қабул қилар эканмиз, қайси бирини танлаш масаласини авваломбор ҳал қилишимиз зарур. Асл маъноси ва талаффузими ёки бизнинг она тилимизга мослашган ҳолати муҳимми? Бу савол ҳал этилгандан сўнгра тайинли жавоб айтиш муҳим. Менинг назаримда, byuro, syujet, senariy тарзида ёзилиши ўринли.
- Ҳозирда бир оз, хом ашё сўзлари ажратиб ёзилаяпти. Буни давр тақозо этмоқдами ёки бирон-бир манбага асосланиб шу тарзда ёзилаяптими?
Аслини олганда, ажратма маъно берсада, бунинг тушунилиши ва қабул қилиниши жиҳатидан қўшиб ёзилиши мақсадга мувофиқ. Буни ёзаётганлар, ҳеч қандай манбага асосланишаётгани йўқ. Ҳатто, баъзи бир матбуот ва нашриёт ходимларининг “ижодкор”лиги боис ҳар хилликлар келиб чиқмоқда. Муҳаррир ва мусаҳҳиҳнинг кўзи қаёқда ўзи? Тўғри, баъзи бир қўлбола имло луғатлари ҳам чиқиб кетган, уни асос қилиб олиш эса мантиқсизлик. Кимдир бирон матбуот нашри ёки китобда шундай ёзилганку деб уни оммавийлаштириб юборади, натижада имловий хатоларга йўл қўйилади. Яна бир жиҳати лотин ёзувига асосланган алифбонинг таъсирида айрим сўзларнинг ифодаланишидаги чалкашликлар ҳам уларни чалғитаётгани рост. Оқибатда ҳар ким ўз билгича иш тутишга ўтаётгани хавфли. Тил ва ёзувимиз тараққиётига бунинг салбий таъсири бор, албатта.
- Баъзи бир ОАВ ларда юмшатиш белгиси қўлланилса, баъзи бирлари ундан воз кечган.
Р.Ж.: Кирил алифбосига асосланган ёзувимиздаги нашрларда бу ҳолат яққол кўзга ташланади. Айниқса, сана, ой номларининг ёзилишида ҳар хилликлар мавжуд. Ўзлашган лексикамиздаги сўз рус тили орқали кириб келган экан, унинг шаклини тилимизга мослаштирилишини ҳам ўйлаб кўриш керак. Токи, кирил алифбоси асосидаги ёзувимиз жадвалида юмшатиш белгиси алоҳида ҳарфий шакл сифатида бериларкан, уни қўлламаслик ҳам мантиқсизликдир. Имло луғати ҳар иккала ёзувда ҳам мукаммал ишлаб чиқилмас экан, бундай англашилмовчиликлар давом этаверади.
- Талафот, ҳашарот, нақарот сўзлари хусусидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
Р.Ж.: Араб тили орқали кириб келган сўзларнинг кўплик шаклини биз бирлик тарзида қабул қилганимиз рост. Мисол тариқасида “хабар, ахбор, ахборот, ахборотлар” ни келтириш мумкин. Талафот сўзи ҳам шундай. Унинг бирлик шакли аслида “талаф” бўлиб, нобуд, ҳалок, йўқ бўлиш маъноларини англатади. Биз уни кўпинча, зарар, зиён, йўқотиш маъноларида қўллаймиз. Ҳашарот ва нақарот сўзлари борасида ҳам шунга монанд сўзларни айтиш мумкин. Уларни ифодалаш саволда келтирилганидек ёзилиши ўринлидир.
Таклиф, тавсиянома ва талаблар.
- Имломизни тарихий ва замонавий она тилимиз аспектида кўриб чиқиш керак.
- Ҳар иккала лотин ва кирилл алифболарида кўрсатилган шаклларга мувофиқ ишлаб чиқиш.
- Лотин ёзувига асосланган алифбога айрим тўлдиришлар киритилиши масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак.
- Алифбони фақат ўзбек тили ва адабиёти нуқтаи назаридан эмас, балки бошқа табиий фанлар талаблари нуқтаи назаридан қараб қабул қилинганда яхши бўларди. Д.И. Менделеевнинг “Даврий жадвали”даги элементлар ёки геометрик, физик теоремаларда ифодаланувчи ҳарфий белгилар ҳам эътиборга олинса, алифбомиз янада мукаммал бўларди. Мисол сифатида Пифагор теоремасини келтирайлик. “Тўғри бурчакли уч бурсак гипотенузасининг квадрати катетлари квадратларининг йиғиндисига тенг”. Формуласи: а2 + в2 + с2. “С” ҳарфи алифбомизда йўқ деб ўрнига “S” ёзиб қўя олмаймизку. Дунё илм аҳли қабул қилган теорема бу.
- Барча тилшунослар якдиллик билан, бир ёқадан бош чиқариб ўзбек адабий тилининг имло луғатини (ҳар иккала лотин ва кирил ёзувда) тўлиқ ва мукаммал равишда ишлаб чиқишлари лозим. Имло масаласида бошбошдоқлик панд беради. Акс ҳолда, тилимиз ва ёзувимиз равнақига салбий таъсир кўрсатиши тайин.