9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Ижод ва ижро, усул ва услуб уйғунлиги

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Ижод ва ижро, усул ва услуб уйғунлиги

Ижод ва ижро, усул ва услуб уйғунлиги

Таълим ва нутқ жараёнини нутқ наданияти ва унинг юқори чўққиси нотиқлик санъатисиз тасаввур қилиш қийин. Ниманидир, кимгадир айтиш, тинглаш, англаш ва англатиш эҳтиёжи одамзод пайдо бўлибдики мавжуд. У турли хил тарзда ва ҳар хил кўринишларда акс этиб келган. Ҳар қандай нутқнинг қандай усулда етказилиши нуқтаи назаридан нотиқликнинг ўзига хос турлари пайдо бўлган. Улар орасида саҳна нутқи ўзининг моҳият эътибори билан қийматлидир. Хусусан, театр санъатининг таъсирчанлигини усиз тушуниш мушкул. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: “Театр – бу ибратхонадир”,- деган фикрларига монанд ҳолда Президентимиз И. Каримов: “Ёшларни тўғри йўлга бошлашда панд-насиҳат билан кифояланиб бўлмайди”, мазмунидаги мулоҳазаларни келтирар эканлар, театрга эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучли бўлишини таъкидлаётганлари сир эмас. Бунинг учун драматург, режиссёр, актёр ва томошабин бирлигини, ўзаро муносабатларини бугунги давр руҳи, замонамиз қаҳрамонлари билан уйғун ҳолда тадқиқ этиш санъатшунослар, хусусан, театршуносларнинг олдида турган муҳим вазифалардан.

Худди шу бўшлиқни тўлдириш маъносида хайрли, маърифий мақсад билан яратилган Гўзал Холиқулованинг “Саҳна асарларидаги қаҳрамон характерини талқин қилишда замонавий коммуникатив технологиялардан фойдаланиш услубияти” китоби аҳамиятлидир. Г. Холиқулова бугунги кунда театр санъати ва театршунослик назарияси олдида кўндаланг турган муаммоларга ўзининг танқидий, айтиш мумкинки, таҳлилий муносабатини билдирган. Китоб учта бобдан иборат бўлиб, унинг биринчи бобида театршуносликнинг ўзак муаммоларидан ҳисобланган саҳна нутқининг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари ҳақида маълумот берилади. Хусусан, ўзбек театр санъатининг дарғаларидан бўлган атоқли режиссёр ва саҳна нутқи устаси Маннон Уйғур ва унинг давомчилари Й. Бобожонов, Т. Хўжаевларнинг ижод йўли қарашлари борасида қимматли мулоҳазаларни ўртага ташлайди. Ўзбек театр санъатида саҳна нутқи масалаларига доир қатор тадқиқот ишларини яратган Н. Алиева, А. Сайфуддинов, Л. Хўжаева, С. Иномхўжаев, И. Пўлатов, М. Қодиров, М. Қодиров, Т. Турсунов каби тадқиқотчиларнинг хизматларини ҳам эътибордан чатда қолдирмаган.

Тил ва талаффузнинг чуқур моҳиятини идрок этган Маннон Уйғур ҳар қандай ғовларга қарамай, унинг софлиги учун курашган, шу йўсинда ифодавий воситалар билан асарнинг бадиийлигини юксалтиришга интилган. Чунки ёмон тил билан асарни қиммати ошмайди, маънавий бойликлар ҳам оммага тўла етиб бормайди. Ҳар бир сўз ёки иборанинггина эмас, ҳатто ҳар бир товушнинг аниқ ва тиниқ талаффузига эътиборини қаратиб шогирдларидан ҳам шуни талаб этганликлари ибратдир. Айниқса, товушларни, сўзларни тўла талаффуз қилмаслик бугунги кунда ҳам нутқий нуқсонлардандир. Радио ва телевизор мурватини бураманг, бундай ҳолларга гувоҳ бўлиш мумкин. Бу эса назарий маълумотдан кўра амалий машғулотларга кўпроқ соат ажратилишини тақозо этади. Бугунги кунда ЎзДСМИда “Саҳна нутқи” кафедрасида худди шу масалага эътибор жиддий.

“Саҳна асарларида қаҳрамон образини яратишда коммуникатив технологиялардан фойдаланиш” деб номланган иккинчи бобда ҳам ибратомуз фикрлар келтирилган. Маълумки, қаҳрамон характерини яратишда актёрларнинг нутқи, овози, нафаси устида ишлаш муҳим. Оқибатда овознинг саҳнада тизимсиз равишда ифодаланиши, бақир-чақиришлар, ортиқча шовқин суронлар, партнёрларнинг бир-бирини тингламаслик ҳолатлари кишида нохуш кайфият туғдиради.

Тадқиқотчи саҳна нутқи бир пайтлари фақат артикуляция ва дикцияни ишлатган ҳолда олиб борилса, эндиликда ҳаракат ва ҳолат билан бирга олиб борилаётганини ўринли эътироф этади. У саҳна нутқи маҳоратини эгаллаш фақат тўғри талаффуз билангина эмас, балки талабанинг тафаккури, қалби ҳаракати ҳам бу борада муҳим ўлчов бўлишини такидлаб ўтади. Қаҳрамон характерини яратишнинг асосий воситалари нутқ ва ҳаракат, кийим ва грим бўлибгина қолмай, мусиқа, шовқин ва чироқлар ҳам ўз ўрни билан аҳамиятли экани китобда ўринли таъкидланади. Санъаткорларнинг аксарияти мутахассислик бўйича махсус таълим олганлари билан бир қаторда шу санъатга ихлоси ва завқ-шавқи нуқтаи назаридан эл эътиборига тушганлари ҳам йўқ эмас. Булар бармоқ билан санарлик, холос. Тадқиқотчи бугунги кунда рол ижро этишга майли усутувор бўлган турли тоифа актёрлар мавжудлиги борасида фикр юритар экан, уларни икки тоифага ажратади. Профессионал актёр ва ҳунарманд актёр. Уларнинг бир-биридан фарқлаш лозимлигини айта туриб ҳунарманд актёр саҳнада тўғри юролмаслигини, балки театр саҳнасида ғоз каби қадам ташлашларини К.Станиславкийнинг фикрлари билан асослайди. Ҳунарманд актёрлардаги ҳаракат асл гўзалликдан кўра чиройли кўринишни ифодалашга қаратилганини изоҳлайди.

Шу ўринда бир нарсага эътибор қилиш керак. Бу уч бирлик: асар, саҳна ва томошабин. Уларнинг ўзаро вобасталигини ифодалаш масаласи режиссёр, актёрлар жамоаси ва декораторлару, чироқ ва мусиқа усталарининг хизмати билан ҳам боғлиқ. Ҳар қандай асарнинг саҳнага кўчиши ўзига хос қисқартириш ва қўшиш жараёнлари билан боғлиқ. Адабий материал жасад бўлса, саҳнадаги ифодаси жон ва унинг томошабинлар томонидан қабул қилиниши эса руҳдир. Томошабиннинг ақли ва руҳиятига қандай таъсир этишига қараб асар баҳоланади. Бунинг учун эса актёрлар нутқ техникасига тўла риоя этишлари керак. Инсон сўзлаганда 28 та аъзонинг фаолияти муқаррарлигини актёр ҳис этмас экан, ижроси эътибор қозонмайди. Саҳна нутқининг ҳар икки қисми саҳна нутқи техникаси ва бадиий ўқиш ўз ўрни билан актёр фаолиятида аҳамият касб этиши тайин. Ана шу жараёнда ижро ва ижоднинг уйғунлигини ҳис этиш мумкин.

Бадиий сўзни ҳис қилиш масаласи икки томонлама эканини англаш керак.  Бири актёрлар жамоасига дахлдор бўлса, иккинчиси томошабинларга алоқадордир. Чунки, бадиий сўз моҳиятини томошабин инкор этиб таъсирланмас экан, актёрнинг қанча билиши ва амалда қўллай олиши ҳам аҳамиятсиз бўлиб қолиши тайин. Сўзнинг ўз ва кўчма маъноларини томошабин ҳам илғамас экан мантиқ бузилиши табиий.

Саҳна нутқи оддий маиший нутқдан сифати ва таъсир кучи билан ажралиб туради. Тўғри нафас олмасликнинг овозга ҳам таъсир қилиши табиий. Китобда нафас ва овоз машқларининг келтирилиши ҳам мақсадга мувофиқдир.

Таълим технологияси ва нутқий фаолиятда диққат ва хотиранинг ўз ўрни бор. Диққат ва хотира бамисоли инсон бошидаги икки кўз каби муҳимдир. “Диққатдир суҳбатнинг асл асоси”, – деганида, “Илоҳий комедия”нинг муаллифи Данте юз бор ҳақ.  Томошабинда қизиқиш уйғота олиш муҳим. Унинг диққат-эътибори сизнинг сўзингиз ва ҳаракатларингизга қаратилган бўлиши керак. Талабаларнинг кўрган ва эшитганларини қай даражада эслаб қолишларини синашга қаратилган амалий машқларни ташкил этиш муҳимдир. Машқларнинг қай тартибда бўлиши расмлар орқали илова қилингани ҳам моҳиятлидир.

“Қаҳрамон образини яратишда новербал воситалардан самарали фойдаланиш муаммолари” деб номланган учинчи боб ҳам моҳият эътибори билан аҳамиятли. Фикрнинг тасдиғи, муҳри шубҳасизки, юз-кўздаги имо ишоралар ва қўл ҳаракатларидир. Бошқача айтганда, бу тана тили билан тушунтириш демакдир. Шу ўринда “қўллар фикрни тўлдиришини” (К.Станиславский), “қўллар инсон танасининг кўзлари”(Евг. Вахтангов) эканлигини унутиш ярамайди.

Бир томондан қараганда, актёр нутқида бу мулоҳазалар ноўриндек туюлади. Нотиқ нутқида буни қабул қилиш мумкин. Чунки, новербал воситаларсиз у нутқ таъсирини тўла ифода эта олмайди. Актёр нутқида у ўзини эмас ўзгани ўзига айлантириб, ўзини ўзгага айлантириб ижро этади. Сўз, ҳаракат ва руҳий ҳолатга киришилганда, ҳис этганда актёр новербал воситаларни ихтиёрсиз тарзда қўллайди. Қизиғи, бир актёр муайян ҳолатда ўз дублёрини ўша ҳолатдаги новербал воситаларни қўлламаслиги ҳам мумкин. Бир актёрга шу ҳолат, хатти-ҳаракат ярашиши дублёрига эса ярашмаслиги мумкин. Улар ҳар бир образга ўз назари, ўз гавда тузилиши, ўзига хос новербал воситаларни қўллаши билан ёндошади. Барчасида томошабиннинг нигоҳи, қабул қилиши муҳим мезон саналади.

Шу ўринда айтиш керакки, актёр нутқи ва нотиқ нутқи борасида ҳам чалкаш, бир бирига зид фикрлар ҳам юради. Уларнинг муштарак ва фарқли жиҳатларини эътироф этган ҳолда, таъбир жоиз бўлса, шундай таққосни келтириш ўринлидир. Нотиқ нутқи ва саҳна (актёр) нутқи таъсирчанликни таъминлашда ҳар иккаласи бир-бирини тўлдиради, бойитади. Лекин бирида ижод, иккинчисида ижро муҳим роль ўйнашини ёдда тутиш керак. Автобус ва трамвайни кўз олдингизга келтиринг. Автобусни бошқаришда рулни ўнг-у сўлга буриб ҳаракатлантириш, қайрилиш мумкин. Трамвайни эса ётқизилган темир йўли(рельс) ва устидаги электр манбаи(симларисиз) унинг ҳаракатини тасаввур қилиш мушкул. Фақат ҳаракатнинг секин ва тезлигигина, унинг измида. Нотиқ нутқи автобус ҳайдовчисига, актёр нутқи эса трамвай бошқарувчисига ўхшайди.

Асар мазмунини очиш ва таъсирчанликни кучайтиришда новербал воситаларнинг ўрни яққол сезилади. Юз, кўз ифодаси “сўз”лайди. Муносабатни фақат шу орқалигина билиб олиш осон кечади.

Буюк мутафаккир Конфуций “суҳбатдошининг, нотиқнинг  юз ифодасига эътибор бермасдан гапириш кўрликдир”,-дея бежиз таъкидламаган. Шунинг учун ҳам нотиқ ва актёрнинг ташқи хатти-ҳаракатлари муайян ички жараёнга бўлган турғун реакциядан ўзга нарса эмаслигини алломалар ўз вақтида эътироф этишган.

“Адабий асарлар устида ишлаш ва ижрочилик маҳорати” китобнинг муҳим қисмларидан биридир. Унда бугунги кундаги оғриқли нуқталаримиздан бири аруз вазнидаги шеърларни тушуниш ва тўғри ўқиш муаммосига эътибор қаратилган. Хусусан, ғазал жанрига муносабат, уни тушуниб ўқиш ҳатто, радио ва телевидениеда ҳам тўғри йўлга қўйилмагани афсусланарли. “Ҳар мулла ўз билганини ўқийди”, — деганларидек, ҳар ким ўз тушунганича ўқиб, ўз билими ва “қалб қаричи”га қараб иш тутмоқда. Аруз вазни рукни ва баҳрларини, ундаги мусиқийлик талабларини, сўз ва ибораларнинг мазмун-моҳиятини билмасдан ўқишга тутиниш кулгилидир. Муаллиф “арузда ёзилган асарларнинг ғоясини аниқлаш, сўзларнинг туб маъносини англаш ўқувчидан катта билимни талаб қилади, ғазал ўқиганда уялчанглик, сўзларни сохта оҳанглар билан ифодалаш, маъноларини англамасдан ижро этишга интилишнинг сабабаи ҳам ўқувчида изланишда, луғатлар билан ишлашда сабрнинг етишмаслиги”ни ўринли таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, тадқиқотчи мактуб ўқиш санъатининг сир-синоатлари борасида ҳам қимматли мулоҳазаларни ўртага ташлайди. Драматик санъатнинг баркамоллиги – сўз санъатининг етуклиги, сўз санъатининг етуклиги – драма санъатининг юксаклиги демакдир. Драма санъати таркибида келувчи бадиий сўз бир қатор ўзига хос хусусиятлари, яъни ижрочининг кучли овози, диапазони кенг, оҳангдорликка бой бўлиши билан уйғунлашишини ўринли қайд этади.

Қадимги римликлар, юнонларнинг “Оммага нон ва томоша беринг” деган машҳур ибораси адабий-илмий манбаларда кўп бор келтирилади. Бу унинг моддий ва маънавий эҳтиёжини қондириш зарурлигини билдиради. Шу ўринда қандай нон ва қандай томошани қандай усулда берилиши мақсадга мувофиқ деган масала кўндаланг туради. Бугунги кунда юксак билимли интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти экан, театр санъати ҳам бу борада ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши керак. Бунёдкорлик ишқи билан ёниб, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан ёндашиб фаол интилаётган замонамиз қаҳрамонларининг образини яратишҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Шундай экан, ушбу китоб ана шу борадаги хайрли, илмий ва маърифий ҳаракат сифатида аҳамиятлидир.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.