9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Қироатхонлик нима?

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Қироатхонлик нима?

Қироатхонлик нима?

Қироатхонлик – ифодали ўқиш санъати. Аслида, қиссахонлик, сухандонлик ҳам унинг муайян кўринишларидан. Ўзига хос ўқиш йўли ва услубини ўз ичига олган бу санъат қироат қоидалари билан турли халқларда мавжуд бўлган. Европада назмни насрга, насрни назмга мойил қилиб ўқиш усулида ҳам қироатхонликнинг айрим қирралари бор. Қироат оддий сўзлашув услуби ва оҳангидан фарқ қилгани ҳолда, мусиқийликка мойиллиги билан ажралиб туради. Арабий қироатга тажвид коидалари билан ўқилувчи қуръон тиловати мисолдир. Қуръон ёддан ёки манбанинг ўзидан ўқилади. Ҳар иккаласида ҳам қироатга риоя этилади. Оддий сўзлашув билан қўшиқ орасидаги оҳанг муштараклиги унинг табиатини белгилайди. Бу хусусият форсий ва туркий қироатга ҳам тегишли.

Жангнома, ошиқона ёки фалсафий достонларнинг ҳам ўз ўқилиш йўллари бор. «Шоҳнома», «Садди Искандарий» асарлари учун муайян вазн, оҳанг қўлланса, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Юсуф ва Зулайҳо”, учун бошқача, «Хираднома» учун эса яна бошқаси қўлланилади. Демак, қироатхонликда назмий асарларни ўқишда вазн талабларини билиш ҳамда амал қилиш муҳимдир.

Аниқроғи, аруз вазнидаги асарларни ўзига хос ўқиш қоидалари бор. Бу эса бармоқ вазни ёки эркин вазндан кескин фарқ қилади. Унли товушларнинг чўзиқ, қисқалигига асосланган изчиллик, мусиқийлик аруз вазни табиатини белгилашини яхши биласиз. Ҳозирда қироатхонликнинг бир неча кўринишлари таълим тизимида қўлланилади. Назмий ҳамда насрий матнларни ифодали ўқиш. Айни пайтда адибларнинг номлари билан боғлиқ бўлган адабий ўқишлар ҳам бор. Дейлик, навоийхонлик, бедилхонлик, огаҳийхонлик, машрабхонлик, фурқатхонлик ва ҳоказо.

Уларда номи қайд қилинган адибнинг ижодидан намуналар ўқилади. Асарлари таҳлил этилиб, тушунтирилади. Ифодали ўқиш маҳоратини эгаллаганлар рағбатлантирилади.

Шунингдек, мумтоз шеърият жанрларининг номлари билан боғланган қироатхонлик ҳам мавжуд бўлиб, буларга ғазалхонлик, маснавийхонлик, мухаммасхонлик, ҳикматхонлик, рубоийхонлик, қитъахонлик, фардхонлик ва ҳоказоларни киритиш мумкин.

Машриқзаминда расулуллоҳ мисолида овозга муносабат ифода этилган. Нутқ қоидаларини ўргатишга қаратилган “Хатоба” китобида уларнинг суврату сийратлари борасида мулоҳазалар келтирилган. Уларнинг тингловчига кўра, овоз танлашлари алоҳида эътироф этилади. Яъни, тингловчиларнинг олдинда турганларини безовта қилмайдиган, орқа қатордагиларга ҳам эшитиладиган бир овоз танлашларига аҳамият берганлар. Уларнинг майин овозда салом беришлари ҳам тингловчини безовта қилмаслик одобларидан бўлган. Айни дамда мавзуга қараб овоз танлашлари ҳам моҳият касб этган. Тиловат қилаётганларида баъзан овозларини баланд ёки секин чиқарганлари каби, суҳбатлашаётганда ҳам мавзуни аҳамиятини урғулаш учун овоз танлашга риоя қилганлар. Расулуллоҳ овозларининг оҳангига ҳам кераклича аҳамият берганлар. Бирон бир ишдан ёки сўздан мамнун бўлганларини ёки хушламаганларини юз ифодаларидан англаш мумкин бўлганидек, овоз оҳангларидан ҳам аниқласа бўларди. Ўша китобда фикр тасдиқлари ва овоз товланишлари уларнинг бармоқ ва қўл ҳаракатлари уйғун бўлганлиги таъкидланган.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.