9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

Педагог касбий компетенциясининг такомиллашувида риторик маҳоратнинг ўрни

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > Педагог касбий компетенциясининг такомиллашувида риторик маҳоратнинг ўрни

Педагог касбий компетенциясининг такомиллашувида риторик маҳоратнинг ўрни

Касбий лаёқат касбий маҳорат билан уйғун. Фанлар йўналишида ўқитувчининг салоҳияти ва қобилияти масаласи кўпгина муаммоларнинг ижобий ҳал этилишида муҳим роль ўйнайди. Ўз фанини назарий жиҳатдан чуқур билиш, юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлиш мумкин, лекин маълумотни, ахборотни ўқувчи қалбу онгига сингдириш, етказиш йўллари, аниқроғи, ўтказиш масаласи муҳим муаммолигича қолмоқда.

Ўқувчининг диққат-эътибори, қизиқиши билан қизиқмасдан туриб таълим-тарбия жараёнининг сифати ва самарасини тасаввур этиш мушкул. Бунинг учун ўқитувчи иккита асосни доимо эътиборда тутиши зарур. Бу таълимнинг талаби нутқ билан, тарбиянинг талаби хулқ билан эканлиги омилидир. Ўқувчида ҳам шу хусусиятларнинг мужассамини кўришни истаган педагог, аввало, нутқий ва хулқий маданиятнинг ўз тийнатида бўлишига эришиши мақсадга мувофиқ. Ўқитувчининг юриш-туриши, кийиниши ва кўриниши, нутқи ва хулқи гўзаллик категорияларига, яъни этик ва эстетик асосларга қурилгандагина мақсаднинг рўёбини кўриш мумкин. Ўзи истаган ва истамаган ҳолда ўқувчи нигоҳида тасдиқ ё инкор мазмунидаги муносабат ошкора бўлмасада пинҳоний тарзда акс этиши табиий. Шундай экан, дили, диди, билим-савияси ва маҳорати ибратли бўлган педагогларга ўқувчиларнинг эргашиши, улардан таъсирланиш асносида тақлид қилиши бежиз эмас.

Ўқитувчининг риторик маҳоратга эга бўлиши ана шу бўшлиқни тўлдириш учун асосий факторлардан биридир. Хоҳ ижтимоий, хоҳ табиий фанлар негизида бўлсин, педагоглар ўз фанлари йўналишидаги маълумотни нутқ қобилияти, риторик маҳорат орқали етказади. Халқимизнинг “Сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор”, “Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар” каби мақоллари ҳам педагог компетенциясининг айрим қирраларини ойдинлаштиришга хизмат қилади.

Адабий тил меъёрларига риоя этиш, нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги, тозалиги ва бойлиги масаласини билиш, амалда қўллай олиш педагогнинг ўз фанини чуқур билиши билан биргаликда муҳим аҳамият касб этиши муқаррардир. Ҳар қандай педагог, авваломбор, нотиқ, яъни ритор бўлиши керак. Сўздан усталик билан фойдалана билиши зарур. Бунинг учун у анча тажриба ва малакага эга бўлиши керак. Нутқ хусусиятларини билмаслик ва нутқ техникасига амал қила олмаслик ҳам ўқувчини чалғитади, уларнинг эътиборини сусайтиради. Натижада фандан безиш бошланса, ўқувчилар ҳар хил таъсирларга берилувчан бўлади. Фандан безса, эртаиндин ватандан безади, ватандан бездими, демак ватангадо, оқибатда кафангадо демакдир. Аччиқроқ  бўлсада, бу ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. Ўқувчининг фанга қизиқтириш, эътиборини тортиш масаласи ҳам педагогнинг риторлик маҳорати, тажрибаси касбий компетенцияси билан боғлиқдир.

“Поэтика”, “Риторика” китобларининг муаллифи, антик дунё риторика назариясининг асосчиси Аристотель шоҳ Филлип саройида икки-уч яшар болаларга талаффуз қоидалари бўйича сабоқ берганлиги маълум. Зероки, уларнинг товушларни, сўзларни аниқ талаффуз қилиши ҳам юксак маданият белгиси ҳисобланган. Товуш ва сўзларни тўғри талаффуз қилмаслик, уларни ямлаб айтиш айб саналган. Кейинги даврларда нутқ қоидаларига амал қилмасдан, ғўлдировчиларни “Варварлар” деб юритишгани ҳам аслида, шундан. Нутқнинг аниқлиги тафаккур ва талаффузнинг тиниқлигидан эканини ёдда тутиш фойдадан холи эмас.

Тўғри, ҳозирги кунда таълим жараёнига янги, замонавий усул ва воситаларнинг кириб келиши, уни кенг кўламда, жадал суръатларда  амалда қўллаш кузатилмоқда. Лекин бу педагогнинг бошловчилик ва нутқ маҳоратини инкор қилолмайди. Ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам билим олишнинг ягона манбаи бўлиб қолиши керак эмас, балки фикрловчи, мустақил ишлаш асносида ўқув жараёнининг фаол иштирокчиси бўлиши лозим. Қарсак икки қўлдан чиқишини билиш фойдадан холи эмас. Замон талабларига жавоб берадиган фидойи, риторик маҳоратга эга, изланувчан, янгиликка интилувчан, ташаббускор, касбий билимларга эга кадрлар давлатимиз истиқболидир. Педагог компетенцияси аввало, унинг назарий ва амалий билим, кўникма ва малакаси, дунёқараши, эътиқоди ва барча шахсий индивидуал ижтимоий психологик сифатларининг намоён бўлиши билан бирга унинг нотиқлик санъатидан моҳирона фойдалана олиши билан изоҳланади. Бу эса таълимнинг сифат ва самарадорлигини таъминловчи муҳим омиллардан бўлиб, у педагогик мослашув тизими асосида намоён бўлади. Булар: илмий билиш, гносеологик билиш, педагогик фаолиятни эпчиллик, омилкорлик, моҳирлик билан бажара олиш, ҳар қандай муаммоли вазиятларнинг самарали ечимини топишга ижодий креатив ёндашиш, таълимий, тарбиявий таъсир жараёнида юксак ижтимоий психологик хусусиятларни намоён этиш, ўзининг интеллектуал, когнитив, эмотив, риторик, ахлоқий салоҳиятини, ўрганиш ва ички психологик заҳирасидан самарали фойдаланиш орқали ўзини муттасил ривожлантириш, жамият ва инсонларга, табиатга  борлиққа ижобий эмоционал муносабатда бўлиш ижобий позитив фикрлашга ўтиш тажрибасидир.

Компетентлик — олинган назарий билим, кўникма ва малакаларнинг мажмуасини амалиётга мустақил ва ижодий қўллай олиш даражасидир. Ўқувчи шахсини ривожлантиришга йўналтирилган таьлим моделининг марказида ўқувчи туради. Ҳар дамда, ҳар қадамда ҳар бир мақсад ўқувчининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб белгиланади. Жадаллик билан ривожланаётган коммуникация воситалари инқилоби, ахборот тўлқинининг кучайиб бориши, глобаллашув замони яшаш, тафаккур қилиш ва мулоқот тарзини ҳам ўзгартириши, шубҳасиз. Интерфаол таълимнинг оммалашуви ҳам аслида шундан.

Назарий маълумот ва амалий машғулотнинг ўзаро уйғунлиги бўлмаса ҳаракатимиз бесамардир. Донишманд Конфуцийнинг ушбу фикрига эътибор қилинг. “Мен нимани эшитсам, унутаман, нимани кўрсам хотирамда сақлайман, нимани ўзим бажарсам, тушунаман”. Бу эса тренинглар тарзида билим бериш манфаатли эканини англатади. Тренинг-интерфаол услублар билан таълим бериш, қабул этилган ахборотларни қўллаш ва муҳокама этиш деганидир. Тренер махсус тайёргарлик кўрган, малакасини оширган бўлиши лозим. Муҳими, у ўзининг бошловчилик маҳоратини, нотиқлик санъатини пухта эгаллаган бўлиши, аудиториянинг ёш хусусиятларини эътиборга олиб, уларнинг тилида сўзлашиши лозим. Тренер ёки модератор иллюстрация ва кўргазма материалларни намойиш этиш, ақлий ҳужум, гуруҳлардаги баҳслар, аудиовизуал воситалар, ролли ўйинлар, вазиятли вазифалар кабиларни амалга ошира олиши зарур. Хўш, ушбу усул ва услубларни қўллаш замирида нима ётади? Шубҳасизки, бунинг асосида ўқитувчининг тил, сўз, нутқ, мантиқ, риторика, нотиқлик санъати ва бошловчилик маҳоратига унумли муносабати туради. Буларни ҳис этмасдан, амалда қўллай олмасдан, юқоридаги коммуникатив воситаларни ишлатишнигина билиш оддий техник ходимнинг вазифасига ўхшаб қолади. Тушунтириш, изоҳлаш, ундаш, йўналтириш, даъват этиш орқали мақсадни ифода этишнинг асосий омили – риторлик маҳоратини педагог мунтазам равишда такомиллаштириб бормас экан, кутилган натижаларга эришиши мушкул.

 

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.