Миллий ғуруримиз рамзи
Жонкуяр, фидойи тилшунос сифатида доцент Ғофиржон Ҳамроевни яхши биламан. Унинг фаоллиги ва тилимиз равнақи йўлидаги ўткир фикрлари диққатингизни тортмасдан қолмайди. Навбатдаги чиқишларидан бири ҳам ана шундай эътиборга молик. Марҳамат, мутолаа қилишга киришинг-чи.
ТИЛ — МИЛЛИЙ ҒУРУР ДЕМАКДИР
Ўзини ҳурмат қилган киши тилини ҳам ҳурмат қилади. Онасини бошига кўтарадиган инсон шу зотга алоқадор барча нарсани қадрлайди. Онамизни ўйлаймиз, лекин у бизга битта-битта ўргатган сўзларнинг, шу табаррук тилнинг тақдирига бефарқмиз, бошқаларнинг оёқ ости қилишига индамай қараб турамиз. Ривожланган миллатларга ҳавасимиз келади, бироқ уларнинг миллий қадриятларига қанчалик содиқ эканликлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Ўрганишлардан маълум бўлдики, қайси ҳудудда она тилига, давлат тилига бепсанд муносабатда бўлинган бўлса, ҳамма айб шу ташкилотга масъул шахснинг миллий ғурури йўқлигини билдиради. Шукурки, юртдошларимиз орасида орияти баланд, ўзининг шу миллатга мансублигидан фахрланадиган, буни ўз фаолиятида намоён қила олаётган фидойи инсонлар ҳам кам эмас.
Масалан, ўзлари ташкил этган савдо марказларига «ВИҚОР», тамаддихона, ресторанларига «РАЙҲОН», «МИЛЛИЙ ТАОМЛАР», ҳунармандчилик фаолиятига «ЎЗБЕГИМ эШИКЛАРИ» каби номларни қўйиб она тилига ҳурмат кўрсатаётган ибрат эгалари бор. Агар жамиятимизда шундай инсонлар янада кўпайса, нафақат миллий тил, миллий менталитет, миллий мусиқа, барча миллий урф-одатларимиз, қадриятлар яшайверади.