Бош вазир: Уларда давлат тилига ҳурмат деган туйғу борми ўзи?!
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги қадрини ҳурмат қилиш, унга бепарволик билан қарамаслик, айниқса, оммавий жойлардаги ёзувлар, реклама ва эълонларда тил ва имло қоидаларига риоя қилиш, шу орқали она тилимизга бўлган ҳурмат-еҳтиромни сақлаш энг оғриқли нуқталардан бири бўлиб келяпти.
Шу вақтгача «Оила даврасида» газетасида худди шу мавзу юзасидан ўнлаб танқидий-таҳлилий мақолалар эълон қилинган эди. Соҳа мутахассислари, олимлар ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари газета саҳифаларида пешма-пеш бериб борилди…
Эндиликда бу масала давлат ва ҳукумат миқёсида муҳокама қилиниб, жиддий чоралар белгиланадиган бўлди. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтказилган кўча ва аҳоли пунктларини номлаш, пешлавҳалар, реклама ва эълонларнинг давлат тилида берилиши сингари масалалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши айни шу долзарб мавзуга қаратилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 20-январда қабул қилинган «Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори жойларда қандай ижро этилаётгани масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, вазирлик, идора, ташкилотлар раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Маълумотларга кўра, шу кунга қадар 24 та вазирликнинг 14 тасида маслаҳатчи лавозими жорий этилган, холос. Мазкур масалага вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан ҳам жиддий эътибор қаратилмаяпти. Айрим ҳокимлар топшириқни номигагина ижро этаётгани, маслаҳатчилик вазифаси соҳага умуман алоқаси бўлмаган ходимлар зиммасига юклатилаётгани танқид қилинди.
Шунингдек, кўчалардаги реклама эълонларида мантиқсизликлар, ўзбек тилига нисбатан беписандликлар сингари қатор муаммолар хусусида сўз юритилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда республика бўйича 10 мингдан ортиқ ташқи реклама конструксиялари мавжуд. Уларнинг 7 мингдан зиёди Тошкент шаҳрида жойлашган.
Йиғилишда Бош вазир кўпчиликнинг дилидаги саволларни ўртага ташлади.
«Реклама билан шуғулланувчи тадбиркорлар қонун талабларига риоя қиляптими? Рекламаларнинг мазмунини ўрганадиган, таҳлил қиладиган борми ўзи? Жамоатчилик муаммони кўтариб чиқмагунча, қўл қовуштириб ўтираверамизми?..»
Баъзи реклама маҳсулотларида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани ҳам танқид қилинди. Хусусан, 2019-йил ноябр ойида Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида, Самарқанд шаҳрида «Буни қил ва биринчи бўл» шиори билан наркотик ва тамаки қоришмалари ташқи реклама орқали тарғиб қилинган. Буни жамоатчилик ижтимоий тармоқларда кўтарганидан кейингина тегишли орган чора кўрган.
Шунингдек, Бухоро шаҳридаги маданий-тарихий обектларга ўзбошимчалик билан ташқи рекламалар осиб қўйилиши, овқат етказиб бериш хизмати рекламасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур образидан фойдаланилаётгани ҳам жиддий камчилик сифатида тилга олинди. Реклама оммага чиққунига қадар унинг мазмуни билан «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, маҳаллий ҳокимият вакиллари ёки бошқа тегишли масъул ташкилотлар танишиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
«Янада ачинарлиси, бугун пойтахт кўчалари ёки қайси вилоят марказида бўлманг, худди хорижга тушиб қолгандек бўласиз, – деди Бош вазир. – Кўча-кўйда ажнабий номлар кўпайиб кетган. Маънавият ва маърифат маркази, Журналистлар уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, зиёлилар ва бошқа жамоатчилик жим, гўёки ҳеч нарса бўлмагандай, эшитмаганликка, кўрмаганликка оламиз.
Узоққа бормайлик, ҳар куни эрталаб уйдан ишга, ишдан эса уйга қайтаётганда йўлимиздаги савдо дўконлари, ошхоналарнинг пешлавҳалари, кўча ва бинолардаги рекламалар ҳамда эълонларга кўзимиз тушади. Аксарияти хорижий тилларда ёзилган. Давлат тилида ёзилганларининг кўпчилиги қўпол хатолар билан ёзилган.
Айрим ҳали очилиб улгурмаган савдо дўконлари, ошхоналар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг пештоқига катта ҳарфлар билан «Скоро открытие», «Мы открылись», деб ёзиб қўйишади.
Энг қизиғи, фақат марказларгина эмас, узоқ туманларда ҳам рус тилида эълон осиш урфга кирмоқда. Эълонларни ўз тилимизда ёзса ҳеч ким тушунмайдими? Ёки шу дўкон ёхуд ошхонага ҳеч ким кирмай қўядими? Бу каби номларни танлаётган инсонларда ватанпарварлик, давлатга, тилга ҳурмат деган туйғу борми ўзи?»
Ҳукумат раҳбарининг бундай долзарб саволлари ҳар бир масъулнинг нафақат жиддий бош қотириши, ҳатто бу каби нуқсонларни тузатиш учун аллақачон амалий фаолиятга киришиши учун етарли танбеҳ бўлиши керак.
Йиғилишда фақат бойлик орттириш илинжида реклама бозорини эгаллаб, давлат тили ҳақидаги қонун талабларига риоя қилмайдиган баъзи тадбиркорлар фаолиятига ҳам аҳамият қаратилди. «Аслида, рекламанинг тили харидор эътиборини тортиши керак. Бошқа тилда берса, кимнинг эътиборини тортади?! – деди Бош вазир. – Узоқ хорижни қўйиб туринг, яқин қўшниларимизда ҳам рекламалар ўз она тилларида берилади. Буни қонун билан мустаҳкамлаб қўйишган. Мана, биз ҳам шу ишни бошладик, йўлимизда охиригача қатъий турамиз, буни барча яхши англаб олиши шарт.
Биз ҳеч бир тадбиркорга тўсиқ қўймоқчи эмасмиз. Марҳамат, реклама бозори эркин фаолият юритсин. Бироқ, асосий истеъмолчиси, харидори ўзбек тилли аҳоли эканини била туриб бошқа тилда эълон бериш амалиётига чек қўйиш шарт. Рекламаларда, аввало, давлат тилининг устунлигини таъминлашимиз керак, – дея таъкидлаб ўтди Бош вазир.
Ирода Раббимова