9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

БЕГОНАЛИК ЯГОНАЛИКМИ?

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > БЕГОНАЛИК ЯГОНАЛИКМИ?

БЕГОНАЛИК ЯГОНАЛИКМИ?

Эронийларда бир мақол бор: «Жигар жигараст, дигар дигараст». Мазмуни шундай: ўзингники ўзингникидир, бегона бегона. Бу аслида, қондошлик ва қариндошлик ҳақида. Қайсидир маънода тилимизга тааллуқли жойи ҳам йўқ эмас. Лекин шу нарсани унутмаслик керакки, табиатда соф модда, жамиятда ҳам идеал инсонни топиш мушкул. Соф ёмби олтин таркибида ҳам қайсидир металнинг қоришмаси бор бўлганидек, муайян жамиятда ҳам бир пайтлари идеал бўлган инсон тузум ва тизим мафкураси ўзгарганидан кейин унинг идеаллиги шубҳа остига олинади. Ўзимизники ва бегона сўзини айтиш ҳам кишини ҳайратга солади. Сабаби дунёда бирон тил йўқки, у фақат ўз сўзларидан фойдалансин. Тил ҳам жонли организмга монанд. Ҳар қандай тил бошқа тиллардан ўзлашган сўзлар бадалига тараққий этади. Унда неологизм, архаизм, историзм деган тушунчаларнинг моҳияти қаерга кетади. Худди шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директорининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Фаррух БЎТАЕВнинг мулоҳазалари катта аҳамиятга эга. Келинг, биргаликда мушоҳада юритамиз.

Тилимизда қанча бегона сўз бўлса, руҳимизда шунча бегона руҳ бор

Тил — миллий ғуруримиз

Бугун маданиятлар қоришиқ замонда яшаяпмиз. Ҳатто айрим халқлар ўз миллий қиёфасини йўқотиб ҳам бўлди. Бу — маънавий таназзул! Глобаллашув даврида бой берилган бебаҳо неъматлар!.. Инсоният эса ҳамон тетик, тик оёқда. Бироқ руҳи синиқ, қалбида каттакон бўшлиқ бор…

Ўзимиздан қиёс: 130 йил қарамликка маҳкум этилдик. Қисматимизга битилгани шу экан-да, деб таскин излаган пайтларимиз ҳам кўп бўлди. Лекин асоратлар, жароҳатлар оғир экан: кейинги 30 йилда ҳам ўнгланишимиз, ўзгаришимиз қийин кечяпти. Жамиятнинг “сийрати” янгиланишини умидвор бўлиб кутяпмиз.

Аввало, ўтиш давридаги маҳдудлик билан боғлиқ бу! Қолаверса, чорак аср давомида давлат жамиятнинг миллийлашувидан чўчиди, уни кескин назоратда ушлаб турди. Ҳозир эса эшиклар кенг очиқ. Президент жуда катта тарихий ишни бошлаб қўйган. Халқнинг миллий қиёфасини яратайлик, деб жон койитиб ётибди. Аммо бунинг учун, биринчи навбатда, миллий тафаккуримизни ислоҳ қилишга тўғри келади. Бу эса тилимизнинг қадр-қимматини жойига қўйишдан бошланиши шарт!

Она тили — фонетика, синтаксис, грамматика дегани эмас!

Тил шунчаки алоқа воситаси, деганлар янглишади. У ؙ— миллатнинг жони, руҳи. Олимларимиздан бири айтганидек, тилимизда қанча бегона сўз бўлса, руҳимизда шунча бегона руҳ бор.

Мана, мустақил бўлганимизга қанча бўлди? Бугун бизни ўз Ватанимизда ўзга тилда гапиришга, ёзишга, иш юритишга ким мажбур қиляпти?! Ҳеч ким! Ҳамма гап — бепарволикда. Миллий ғуруримиз камлигида. Бу ўринда барча айбни цивилизацияга тўнкаб қўйиш нотўғри. Ахир японларнинг ҳатто жажжи болалари ҳам ўз тилида ғурур билан гаплашади-ку. Нима, Японияга цивилизация кириб бормаганми?! Ёки турк халқини қаранг: каттаю кичиги ўз тилидан фахрланади. Туркия глобаллашув деган жараёнлардан иҳоталанганми?!

Гап шундаки, аввало, таълим-тарбия масаласида мўрт нуқталаримиз кўп. Айтайлик, ҳозир болаларимизга боғчаданоқ чет тиллари ўргатиляпти. Лекин давлат тилини ўқитиш бўйича мактабгача таълим тизимида миллий методика яратилмаган.

Мактаблар дастурида ҳам аҳвол, афсуски, тузук эмас! Совет даври педагогикаси методологиясидан тўла воз кеча олганимиз йўқ. Ваҳоланки, бу методологиянинг бош мақсади миллатни ўзлигидан бегоналаштириш эди. Ҳозир мактаб ўқувчисидан она тили нима, деб сўраб кўринг. Аксариятининг хаёлига биринчи бўлиб грамматика, фонетика, морфология, синтаксис деган атамалар ва тўтиқушдай ёд олгани қийиндан-қийин ҳамда зерикарли қоидалар келса ажаб эмас! Хўш, холис айтинг-чи, бу ўқитиш услуби болаларимизни тилни севишга ўргатадими ёки аксинча ундан бездиришгами?

Қай қутбга мансубсиз?

Қутбланиш — ёмон нарса. Айниқса, тилда, имлода! Мана, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ўттиз йилдан ошди. Бу орада алифбомиз ислоҳ қилинди. Бироқ ушбу янгиланиш ҳалиям мантиқий якунини топгани йўқ. Ҳозиргача республика лотин графикасига тўлиқ ўта олмади. Ваҳоланки, ўша йиллари мактабга чиққан ўғил-қизлар ёши ҳозир ўттиздан ошяпти. Улар лотин графикасида савод чиқарган, билим олган. Аммо ҳозир ишлаётган идорасида кирилл ёзувида иш олиб бораётганига шубҳа йўқ.

Мазкур ҳолат кундалик ҳаётда ва таълимда икки алифбо бирдай қўлланишига олиб келмоқда. Бугун мамлакатнинг катта ёшли аҳолиси лотин алифбосида ўқиш-ёзишга қийналади. Ёшлар эса икки алифбога тез мослашишди.Бу, энг аввало, инглиз тили фаол ўрганилаётгани ва рус тилининг ижтимоий ҳаётдаги устунлиги билан боғлиқ.

Адабий тилимиз ислоҳотга муҳтож

Миллий тараққиётимиз ҳар соҳага янгиланишларни олиб кирмоқда. Деярли ҳеч бир жабҳада алмисоқдан қолган услублар, технологиялардан фойдаланилаётгани йўқ. Бироқ ўзбек адабий тили бугунги миллий тараққиётимиз билан ҳамоҳанг эмас. Ҳануз совет замонида яратилган ўзбек адабий тилидан фойдаланиб келаётганимизни инкор қилолмаймиз.

Оқибатда ҳар ким аравани ўзи истаган томонга тортмоқда. Адабий тил бутун халқ сўзлашув тилини, афсуски, қамраб ололмаяпти. Шу туфайли жамиятда шевалар устувор. Диалектика ва жаргон сўзлар кино, театр, эстрада санъати, ҳатто журналистикага кириб борди. Бу жараённи жиловлай ололмаяпмиз. Чунки тилда айтарли ислоҳотлар қила олмадик.

Эҳтимол, шунинг учун луғатимизда ажнабий сўзлар миқдори кескин ошиб кетгандир. Ҳуқуқий ёки иқтисодий соҳада миллий терминология яратилдими? Бугун замонавий мавзуларда соф ўзбекча суҳбат қуришнинг имкони бўлмай қолди. Эътибор қилинг, ҳозирги ёшлар гаплашаётган ўзбекча билан катта авлод гурунглашаётган она тилимиз орасида қанча фарқ бор! Ёки оддий бир мисол. Ҳазрат Навоийни-ку, айтмай қўя қолайлик, янги авлод ҳатто Қодирий, Фитрат, Чўлпон боболаримизнинг ёзганларини ҳам тушунишга қийналиб қолди. Аччиқ ҳақиқат бу! Кўряпсизми, атиги 100 йил ичида қанча нарсаларни бой бериб қўйдик? Бу — фожиамиз аслида.

Турк халқи Мустафо Камол Отатуркни нега бунчалик яхши кўради, деб ўйлайсиз? Чунки у тил ислоҳотлари билан ҳам тарихда қолди. Этник луғатини бегона сўзлардан тозалади. Ҳозир ҳам шу миллат тили ҳақиқий ўзак тилимиз — туркий тилга биздан кўра яқинроқ ва софроқ. Масалан, уларда байналмилал сўзларнинг ҳам ўз муқобили бор. Самолёт — учоқ, компьютер —билгисаяр… Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин.

Хулосамиз эса қатъий: давлат тилимизнинг қаддини кўтармоқчи эканмиз, аввало, адабий тилимизни ислоҳ қилишимиз керак!

“Ўрнатилган тартиб” қандай тартиб?

Аслида этник луғатимиз жуда бой. Фақат глобаллашув даврида янги атамаю тушунчалар кириб келяпти ҳаётимизга. Уларни ўзбекчалаштириб истеъмолга киритиш масаласи эса шу пайтгача эътибордан четда қолиб кетди. Оқибатда осон йўлига ўтдик: ёки уларни қандай бўлса шундай қўллашга ё сўз ва ибораларни сўзма-сўз таржима қилиб, йўл-йўлакай истеъмолга киритиб юборишга одатландик.

Масалан, ҳозир юртимиздаги деярли барча давлат идораларидатурли ҳужжат ва тошириқлар, хат ва мурожаатлар “Ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун”, “Ўрнатилган тартибда ишлаш учун” деган кўрсатмалар билан ижрога киритилади. Аслида бу рус тилидаги

“в установленном порядке” иборасининг ўзбекчалаштирилгани. Хўп, бу ясама сўзлар қаердан келиб чиқди? Афсуски, кўр-кўрона таржима оқибатида.

Мана, уч йилдирки, давлат тилида “йўл харитаси” деган янги истилоҳ пайдо бўлди. Рус тилидаги “дорожная карта” сўзларининг тўғридан-тўғри таржимаси бу! Режа десак бўлмайдими? Дастур десак ҳам хатомасдир?!

Бундай ғализликлар ҳуқуқшунослигимизда ҳам қалашиб ётибди. Мисол учун, қонунларимиздаги “Ўзаро тийиб туриш тамойили” деган тушунча тилимиз жозибасига қанчалик мос? Чунки юқорида айтганимиздек, миллий терминология йўқ.

Фикримча, тил ислоҳотларини амалга оширишда ана шу жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор беришимиз керак.

Олмотами, Алматими?

Ўн етти йилдан бери матбуот соҳасида ишлаб келаман. Аммо бу соҳада ҳам давлат тилининг қўлланилиши борасида қатор муаммолар бор. Гап қурилишида ҳануз шўро давридаги журналистикамиз қолипларидан тўлиқ халос бўла олмаяпмиз. Айниқса, расмий нашрларимиз тили одамларимиз учун ниҳоятда зерикарли тилга айланди. “Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки”, “Тадбирда алоҳида таъкидлаб ўтилганидек”, “Анжуманда кўтарилган масалалар шуниси билан қизиқарли бўлдики”…

Босма нашрларда имло масаласида ҳам баҳсли ҳолатлар мавжуд. Хусусан, баъзи газеталаримиз “ваҳолонки” деб ёзса, айримлари “ваҳоланки” тарзида қўллайди. Турар-жой — тураржой, хом ашё — хомашё, асқатмоқ — асқотмоқ, келяпти — келаяпти, Олмота — Алмати, Уммон — Ўмон… каби сўзлар ҳам шулар сирасидан. Мусаҳҳиҳларимиз билан баҳслашсангиз, ҳар бирининг қўлида асос бор. Чунки турли йилларда чиққан имло луғатларимизда шу сўзлар турлича ёзилган. Тилшуносларимиз эса мазкур муаммоларни, баҳсли ҳолатларниўрганиб, аниқ илмий хулоса ва тавсиялар беришаётгани йўқ.

Саводсизликни кимлар тарғиб қиляпти?

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдира оладиган майдонга айланди. Бу таҳсинга сазовор жиҳат. Аммо ҳозирги авлод 10 минг нусхада чоп этиладиган газетадан кўра, бир миллионга яқин обуначиси бор телеграм каналларидан бирини мунтазам ўқиб боришни маъқул кўрмоқда.

Лекин ҳурматли блогерларимиз томонидан кенг оммага тақдим этилаётган аксарият материаллар давлат тили қонун-қоидаларига тўғри келмайди. Ғализ жумлалар, хатоликлар, ноўрин қўлланган сўзларга тез-тез дуч келяпмиз. Айни пайтда Ўзбекистонда интернетдан фаол фойдаланувчилар сони кунига 16,2 миллионни ташкил қилиши ҳамда мазкур кўрсаткич йилига 6 фоиз суръатда ўсиб бораётганини ҳисобга олсак, саводсизлик тарғиботи миллатимиз келажагига қанчалик таҳдид солаётганини янаям чуқурроқ англаймиз.

Навбат амалий ишларга келди

Ҳечдан кўра кеч яхши, деган мақол бор халқ орасида. Бугун давлатимиз, ҳукуматимиз бу оғриқли масалаларни бартараф этишни ўз зиммасига олгани барчамизни қувонтиради. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилиниб, мазкур тузилма зиммасига давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юклатилгани ажойиб иш бўлди.

Эндиликда давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар ҳокимликлари тузилмаларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳам фаолият юритмоқда.

Демак, давлат тилимизнинг ҳимоясига отланган жонкуяр аскарларимиз сони янаям кенгайди. Энди қолгани ўз қўлимизда. Зеро, тил тақдири миллат ва Ватан тақдири демакдир. Шундай экан, бу масалага бефарқ муносабатда бўлишга ҳеч биримизнинг ҳақимиз йўқ.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.