9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

ҒОФИЛЛИК ВА ҚАРАМЛИК ОҚИБАТИ

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > ҒОФИЛЛИК ВА ҚАРАМЛИК ОҚИБАТИ

ҒОФИЛЛИК ВА ҚАРАМЛИК ОҚИБАТИ

Ғофиллик ва қарамлик оқибати ҳақида ўйлаш, унинг илдизи нима билан боғлиқлигини билиш ва билдиришга интилиш аҳамиятли. Адабиётшунос олим, профессор Иброҳим Ҳаққулнинг шу борадаги мулоҳазалари сизни бефарқ қолдирмайди.

Ғафлат ва мутелик ирсийми ёки ҳирсий?

Давлат тили – миллий маслак ва тафаккур эркинлигининг бош асоси, маънавий юксалишнинг бирдан бир манбайидир. Тил ва руҳ, тил ва мушоҳада, тил ва шахс камоли, тил ва миллат тақдири – буларнинг маъно-мазмунини етарли зайлда тушуна олган киши миллий тилнинг яратувчанлик, халоскорлик куч-қувватига заррача ҳам шубҳаланмайди. Афсуски, халқ, юрт, бутун шахс тарбияси ва тил орасидаги ботиний бирликни идрок айлашга қодир зиёлилар анча озчиликни ташкил қилади.

Сўз ва иборани айтмай қўя қолайлик, она тилидаги ҳатто белги, ишорат, рамзлар ҳам маъни ва таассурот йўлига қараб кўнгилга завқ, руҳга фараҳ бағишлайди.

Ҳаёт ҳақиқати ва замон талабларини ҳар турли баҳс, мунозара тушунча зиддиятларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Буларсиз замон замонлик, муҳит муҳитлик, инсон эса инсонлик моҳиятини тўла-тўкис намоён қилолмаслиги аниқ. Шу нуқтайи назардан баҳоланганда бир гуруҳ илм-фан, маданият, санъат ва матбуот вакиллари (улар сафида халқ артисти, халқ рассоми, хизмат кўрсатган санъат арбоблари ҳам бор)нинг Ўзбекистонда рус тилига давлат тили ҳақ-ҳуқуқини бериш тўғрисидаги мурожаатномасини чалғиш ва чалғитиш “қўшиғи” дейиш мумкин.

Давлат тили – миллий маслак ва тафаккур эркинлигининг бош асоси, маънавий юксалишнинг бирдан бир манбайидир. Тил ва руҳ, тил ва мушоҳада, тил ва шахс камоли, тил ва миллат тақдири – буларнинг маъно-мазмунини етарли зайлда тушуна олган киши миллий тилнинг яратувчанлик, халоскорлик куч-қувватига заррача ҳам шубҳаланмайди. Афсуски, халқ, юрт, бутун шахс тарбияси ва тил орасидаги ботиний бирликни идрок айлашга қодир зиёлилар анча озчиликни ташкил қилади. Сўз ва иборани айтмай қўя қолайлик, она тилидаги ҳатто белги, ишорат, рамзлар ҳам маъни ва таассурот йўлига қараб кўнгилга завқ, руҳга фараҳ бағишлайди.

Мустақиллик ва истиқлол ҳаракати она тилига ҳуррият талабидан бошлангани бежиз эмасди. Чунки ўшанда тилимиздан кўра суянадиган таянч тоғимиз йўқ эди. Тил ҳозир ҳам бизга муҳофиз. Бироқ миллат ўлароқ биз унинг эрки, ҳақ-ҳуқуқларни тўлиғ таъминлай олдик деёлмаймиз.

Рус тилининг мавқе ва мақоми давлат тилиники билан тенглаштирилса, ҳануз кенг ривож йўлига кириб, юқори тараққиёт босқичларига кўтарилмаган илм-фан, маънавият, маърифат, шунингдек, адабиёт, санъат, хусусан, таълим-тарбиянинг аҳволи олдингига қараганда ҳам заифлашиши муқаррардир.

Шундай экан, ўтган асрнинг сўнгги чорагида она тилимиз эркинлиги ва тараққиётини таъминлаш жабҳасидаги курашлардан нечун кўз юмиб, бирданига рус тилига давлат мақоми бериш фикри илгари сурилди?! Бунинг бир неча ички ва ташқи сабаблари бор. Биринчиси, мустабид шўро давлати ҳукмронлиги даврида урф-одат, таълим-тарбия, маслак ва эътиқодда ўзбекчиликдан кечиб ўзгача бир “маданийлашув” ҳиссининг оёқланиши.

Иккинчиси эса, қарийб ўттиз йил муқаддам бозори касод бўлган ғоя ва мақсад байроқдорлари ортида пинҳоний бир кучнинг мавжудлигидир. Энг хавфлиси мана шу. Миллионлаб кишиларни чалғитиб, “рул”ни миллат манфаатига тескари томонга буришга чоғланган ҳам кўзга кўринмас худди шу сирли мавжудлик ҳисобланади. Шунинг учун она тилида тўрт жумла гапни эплаб ёзолмайдиган ва миллат манфаатларини бемалол қурбон қиладиган мансабдорлар, умри мобайнида ўзбекча китоб ўқимаган, ўқий ҳам олмайдиган чала зиёлилар, шахсий шон-шарафи учун муқаддас туйғуларни-да, бир чақага арзитмайдиган илму ижод аҳлига ишонмаслик керак. Зеро, тил қисмати, тил ҳуррияти, тил куч-қуввати ва миллий тил руҳини ҳар нимадан юксак кўриб, жонажон она тилига тўла суяна биладиганларгина беғараз ватанпарварлардир. Синовдан ўтган улуғ ҳақиқатни яна синовдан ўтказиш ё майнавозчилик ёинки содда ва ишонувчан халойиқни лақиллатишдир. Бунинг замирида мустақиллик ва истиқлолга бизнинг муносиб бўлолмаганимизни тасдиқловчи аччиқ ҳақиқат яширинлигини ҳам унутмаслик зарур, деб ўйлайман. Тўғри, бир неча муддат муқаддам баъзи давлат маъмурлари томонидан рус адиблари асарлари нашрларини кутубхоналардан йиғиштириб олишга фармойиш берилганди. Шу жаҳолат ҳисобга олинмаса, Ўзбекистонда рус тили, рус маданиятига қарши на бир ҳаракат, на бир уринишга йўл қўйилган эмас. Хоҳлаган рус тилини ўрганиб, истаган шу тилда сўзлаб, фаолият кўрсатиб келаётир. Мустақил бир давлат фуқароси ва фуқаролиги учун бундан бошқа яна қанақа имтиёз лозим? Аввалги беқарор сиёсат таъсирига берилмай ихтиёрий равишда рус тилини ўрганувчиларнинг сони кўпайгани ҳам айни ҳақиқат! Инсон ўз камчилик ва нуқсонларини тан олиш, шахсий бахтсизлигини эътироф этишда ҳар қалай мард бўлиши керак. Бир пайтлар рус тилини билиш, яъни русийзабонлик жамиятда мавқе қозониш, амал курсиларини эгаллаш, партия ва давлат раҳбарларига яқинлашишнинг бош шарти саналган. Салоҳиятли, серғайрат қанчадан-қанча ватанпарварларга ўшанда омад қайрилиб ҳам боқмаган. Буни билган ва ҳар қадамда кузатган илм-фан, адабиёт, хусусан, санъат арбоблари ҳам фарзандларини миллий мактабларда ўқитишмаган. Чорасизликни чора ўлароқ қабул қилган оддий ўзбек ҳаммасига чидаган. Чархи даврон адолат, ҳақиқат, диёнат туфайли эврилган экан, бунга кўникиш, сувни лойқалатиб “балиқ тутиш”га уринмаслик керак. Рус тилини расмий тил мақомига кўтариш ташаббускорлари масаланинг бундай томонларини ўйлашни ҳам исташмайди. Улар учун худди аввалгидек бугун ҳам миллий мустақиллик ва истиқлол қадр-қийматсиз ҳодисадир. Ўзбекистонда истиқомат қиладиган халқлар ихлос билан сидқидилдан давлат тилини ўрганса, аста-секинлик билан бўлса ҳамки, ўзбек тили миллатлараро сўзлашув тили даражасига кўтарилади. Мустақил бир давлат фарзандлари шу ҳақда қайғуриб, шундай олий натижани кўзлаши жоиз эмасми?

Мурожаатномада академик адиб Ойбекнинг янги давр ўзбек шоирларига Пушкин кўрсатган таъсирга тегишли фикри билан Ҳамид Олимжоннинг «Навоий шарафланган ҳар бир хонадонда Пушкин ҳам эъзозланади”, деган сўзлари қайд этилган. Савол туғилади: мурожаатномада исми шарифи кўрсатилганлардан нечтаси Навоий, Бобур ё Огаҳийни аслиятда ўқиб-ўрганган экан. Биз бирор бир рус ёхуд ўзга миллат вакилини Яссавий, Атоий, Машраб меросидан бехабарликда айблай олмаймиз. Аммо у ёки бу рус адиби асарларини ўқигани билан қаноатланиб, бобокалон ижодкорлари меросидан бехабар ўзбек ҳақида нима дейиш керак?! Ҳар қанча, ҳар қанақасига уринилгани билан мустабид шўро ҳокимияти замонидаги руспарастлик энди қайтмайди, қайтиши ҳам керак эмас.

Юртимиз ва давлатимизда рус тилини давлат тили даражасига кўтаришни ёқламасдан муносабат билдириб, ўз сўзини айтаётган элимизнинг ҳар бир фарзандига чин юракдан миннатдорлик билдирса арзийди. Аллоҳ таоло ҳиммати, инъом айлаган неъмати ва имтиёзини бандаси ҳар томонлама теран англаб етмаганидек, уни муносиб равишда ҳимоя ҳам этолмайди. Ҳар бир ўзбекни Худо ана шу ғофиллик ва бадбахтликдан асрасин!

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.