«БРИКС» БИЛАН БИРГА
Барқарор тараққиёт бутун жаҳон мамлакатларининг орзуси, албатта. Лекин глобаллашув замонида турли келишмовчилик ва низолар бу масалага раҳна солади. Бир пайтлари алоҳида моҳият касб этган «Жаҳонга тинчлик» ғояси бугун ҳам зарур эканини давлатлар орасидаги муносабатлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Халқимизнинг низо ва жанжал баракани учиради деган нақлига монанд мамлакатлараро ихтилофлар ҳам барқарор тараққиётни пучга чиқариши аниқ.
Шу ҳақда сўз кетаркан, давлатимиз раҳбарининг “БРИКС плюс” форматидаги саммитда сўзлаган нутқи кўп жиҳатдан эътиборга молик.
Президентимиз глобал ривожланишнинг долзарб масалаларида кенг мулоқот ва очиқ муҳокамалар барқарор ривожланиш учун муҳим эканини таъкидлаб ўтди. Дунёнинг жадал бўлиниб бораётгани, турли зиддиятлар сабаб уруш ва можаролар ва жабрдийда одамлар сонининг ортиб бораётгани ҳар бир тинчликсевар, адолатпарвар инсонларни ташвишга солмасдан қўймайди.
Президент ана шу хавфларни бартараф этиш учун мамлактларнинг бирлиги ва аҳиллиги, можароларни бартараф этишдаги ҳамкорлиги муҳим эканлигини эътироф этиб бугунги давр келтириб чиқарган муаммоларни бирма-бир санар экан, улар учун муҳим ечимларни ҳам қайд этди.
Бундай шароитда тенг ҳуқуқлилик, блоклардан холилик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, суверенитетга ҳурмат ва ўзининг мустақил тараққиёт йўлига эга бўлиш ҳуқуқи каби тамойилларга асосланиб ҳаракат қилаётган БРИКС нинг ўрнига баҳо бериб уникўп томонлама ҳамкорлик ва шерикликнинг нуфузли ва ривожланиб бораётган тузилмаси сифатида намоён бўлаётганини уқтирди.
Ўзаро алоқаларнинг ушбу модели «жаҳон тартиботининг бугунгидан кўра адолатлироқ янги архитектурасини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлиши мумкинлигига ишонамиз,» — дея ўз мулоҳазаларини билдирди.
Геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплар тараққиётнинг зидди экани аниқ. Ривожланаётган мамлакатларнинг ўткир ижтимоий ва экологик таҳдидлари, камбағаллик даражасини камайтириш, технологик тавофутларни қисқартириш ва инфратузилмани модернизация қилишга қаратилган миллий тараққиёт дастурларини фаол қўллаб-қувватлаш билан бирга инновация, рақамли иқтисодиёт, “яшил” тараққиёт ва энергетика, тўсиқларсиз электрон тижорат каби соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш мамлакатлараро ўзаро манфаат манбаидир.
Озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини бартараф этиш, соғлиқни сақлаш масалалари ҳам Президентимиз эътиборидан четда қолмади.
Айниқса, миллат танламас иллатлардан бири халқаро терроризм билан боғлиқ хавф ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларида шериклик муҳим устувор йўналиш экани аён. «Радикаллашув ва экстремистик ғояларнинг, аввало, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур», — дея фикр билдирди давлатимиз раҳбари.
Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиалар, Афғонистон воқеалари, Исрол ва Фаластин можаролари жаҳон аҳлини кўзини очиши керак. Бундай муаммоларни, зиддиятли можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш энг муҳим ечим экани ҳам уқтирилди.
Президентимиз томонидан қилинган нутқ ўзининг илмий-мантиқий асоси ва долзарблиги билан ажралиб турди. Шунингдек, нотиқнинг салоҳияти, жаҳоншумул муаммоларга далиллик билан жавоб бериш, айрим мамлакатлар орасидаги можароларга ечим айтиш бобида ҳам эътиборга молик бўлди. Бу эса она юртимизнинг барқарор тараққиётнинг умумий мақсадларига эришиш учун БРИКС мамлакатлари билан яқин ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини англатувчи чорлов маёғи бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Раҳимбой Жуманиёзов
«ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети профессори, «Нотиқлик санъати академияси» НТМ раҳбари, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси