9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

ОШИҚЛИКНИ КАМОЛИДАН ЎРГАНГАН ШОИР

notiq.uz > Yangiliklar  > ОШИҚЛИКНИ КАМОЛИДАН ЎРГАНГАН ШОИР

ОШИҚЛИКНИ КАМОЛИДАН ЎРГАНГАН ШОИР


     Мабодо, сиз шоир бўлсангиз, шоир деб тан олинган бўлсангиз, мабодо, биронта мухлисингиз ёхуд шеърхон сизнинг шеърингизни ўқиса, ёки матннинг мазмун-моҳиятига етиб  ифодали қилиб ўқийдиган бўлса, сиз яйраб кетасиз. Агар, бирор ҳофиз, шеърингизга куй басталаб, уни ижро этган бўлса, сайраб кетасиз. Куй қалбингизга ўрнашадиган бўлса, бехосдан  ўйнаб кетасиз. Бунинг учун, сўзингизда сознинг оҳанги, созингизда эса сўзнинг маъноси тўла акс этган бўлиши керак.
Ошиқ Эркин (Мадраҳимов) ижодиётига бирров назар ташлаб, уларни билган ва шеърларидан баҳраманд бўлган киши  юқоридаги фикрларга амин бўлиши тайин. Бозорга бориб қовунни, тарвузни саралаб, танлай биладиганлар бўлади.Чинни идишни ҳам чертиб-чертиб, чинни оҳангига маҳлиё бўлиб, лойини қандай қорилганини биладиганлар бўлади. Ошиқ Эркин сўзни худди шундай усулда, чертиб-чертиб танлайдиган нозиктабъ сўз синчиси эди. У ҳар бир сўзни, қайлиқ танлагандай танлаш маҳоратига эга  иқтидорлишоир бўлган раҳматлик. Шунинг учун ҳам Республикамизнинг турли гўшаларида истиқомат қилувчи ҳофизлару машшоқлар, кўплаб ижодкорлар унинг ижодиётига бефарқ бўлмаганлар.Худди шу маънода Эркин ака «ҳам воҳа ҳам водийдаман, иккисига нурдийдаман»- деса ҳақли. Унинг шеърларида, сўз жаранги, оҳангги маъно билан уйғунлашиб келадики, битта, шунчаки, ўқиб қўймайсиз, яна бир гал ўқигингиз келади, қайта-қайта мутолаа этгингиз келаверади.  Сўзида созни, созида сўзнинг уйғунлигини пайқайсиз, гўё унинг шеърлари ўзининг куйи билан сози билан бирга туғилганмикан деган хаёлга ҳам боришингиз шубҳасиз.
Ҳар гал Хоразмга йўлим тушса, ёки маънавият ва маърифат тадбирлари бўйича хизмат сафарлари бўлса, албатта, Ошиқ Эркин Мадраҳимов бизни келганимиздан хабар топар ва бир пиёла чой устида суҳбатлашайлик деган мазмунда албатта, уйларига чорлайдилар. Илтимос ерда қолмайди, албатта, биз ҳам қалбга яқин қадрдон ижодкор дўстлар билан тўлиб-тошиб борамиз. Ана шундай онларда уларнинг хурсандчилигини айтмайсизми, еру кўкка сиғмай кетадилар. Ошиқни ишқ тобласа, нотиқни машқ тоблайди. У ошиқларнинг шоири, шоирларнинг чинакам нотиғи эди. У ўз юртининг гўзал манзараларига мафтун бўлган, заҳматкаш, қалби қайноқ ва қўли қадоқ инсонларни алқаб, ардоқлаб фидойи, касбига шайдойи инсонларнинг ютуқлари билан ғурурланадиган, қадим, азим Хоразмнинг ҳавосию навосига чин маънода ошиқ бўлган шоирдир. Шунинг учун ҳам ошиқ ва шоир сўзларини уйғунлиги нафақат Озарбайжонда, балки бизда ҳам катта моҳият касб этади. Шунинг учун ҳам у ошиқ шоир эди. Қалбида ишқ оташи жунбуш урадиган шоирнинг илҳом булоқларидан сизиб чиқадиган сўзнинг юки ҳам ўзига яраша бўлиши табиий. Ана шу  сўзга бўлган масъулият юки шоирни буюк ва эларо суюк қилгани ҳам рост.
Бир гал яна йўлимиз тушиб, Эркин акани зиёрат қилиб, суҳбатларини олиб қайтайлик, деган ният билан хонадонларига бордик.  Қадрдон дўстимиз, қудамиз — ҳам шоир, ҳам мударрис Султон Мирзо Боғиободий ҳамда энергетика тизимининг йирик билимдони ва амалиётчиси укам Икромбой билан биргаликда меҳмон бўлдик. Шинам хонадонда, ноз-неъматларга тўла очиқ дастурхон атрофида, Эркин акам билан дилкаш суҳбатлар бошланди.
Гурунгимиз табиийки, мумтоз адабий меросимизнинг гўзал жанри ғазалга бориб боғланди.
Бир пайт «Раҳимбой, сизни хўб тинглайман, — деб қолдилар Эркин ака. Аруз вазнида битилган ғазаллардаги арабий-форсий ва туркий сўзларнинг маъноларини билиб, тушуниб вазн талабидан келиб чиққан ҳолда, қироат билан шундай ўқийсизки, тамомила мени ром этасиз. Мақтов хуш ёқса ҳам қандайдир ўзимга ўхшовсиздек туюлди. Кейин билсам, улар уч-тўрт йилдирки, ҳар ҳафтанинг душанба ва шанба кунлари «Ўзбекистон» радиоси орқали мунтазам тарзда эфирга  узатиб келинадиган «Ғазал бўстони» эшиттиришидаги чиқишларимни назарда тутаётган эканлар. «Айнан ўша кунлари сизнинг Ҳазрат Навоий ғазалларидан ўқиб ҳикматлари шарҳини келтиришингизни орзиқиб кутаман. Эрталаб субҳидамда соат 6 яримдан 7.00 гача ўша эшиттиришни тинглаш учун радиони қулоғимга яқин келтириб, мурватини бураб, муҳаббатимни бериб эшитаман»- деганлари ҳамон ёдимда.

Навоийнинг ҳикматларини содда, равон ва халқона тушунтиришингиз билан кўп савобга эга бўлаяпсиз дедилар. Мен ичимдан қувониб кетдим, саҳармардондан ким ҳам радио эшитар экан деган хаёл билан юрганимдан ҳижолат тортдим.
Эркин ака, раҳматни, миннатдорчиликни менга эмас, эшиттириш муаллифи, иқтидорли журналист Баҳриддин Маҳмадалиевга айтсангиз ярашади деб уларнинг қўл телефони рақамини ҳам бердим.Баҳриддин, ҳар доим мендан Навоийнинг ижод гулшанидан ўқиб, шарҳларини келтириб ташлаб турсангиз тингловчиларни шод қилган бўлардингиз, диктофонингиз борлигини ҳам биламан деб қўярди. Мен айрича завқ билан бажариб илтимосларини канда қилмасдим.Телеграм орқали унга ташлайман, у монтаж қилиб шанба ва душанба кунлари эрталабга эфирга  тайёрлар эди.
Бир куни Баҳриддин ҳар ҳафта бир  80даношган бир инсон менга эшиттириш тугагани ҳамоноқ қўнғироқ қилиб миннатдорчилик билдиради, биласизми, деди. Ошиқ Эркин эмасми десам, худди ўзи дедилар.  
Баҳриддин Эркин аканинг бир илтимосларини бажардим дея мамнун ҳолда гапирди. Раҳимбой Жуманиёзовнинг шу эшиттиришдаги чиқишларини менга тўлиқ ёзиб беринг сизни дуо қиламан деб қўнғироқ қилдилар. 3 йил давомида эфирга узатилган эшиттиришларни ёзиб уларга етказдим.Улар мени узоқ дуо қилдилар, мумтоз меросга ихлоси ва эътиқоди бу даражада юқори бўлган инсонни ҳали учратганим йўқ эди деди Баҳриддин Маҳмадалиев.
Яна ўз суҳбатимизга қайтсак. Филология фанлари номзоди, Урганч Давлат университетининг доценти сифатида  кўп йиллар мударрислик қилган Султон Мирзо Раҳимов ҳам аруз вазнида қатор ашъорлар битган, «Тонг табассуми», «Ишқ аро мастоналар»  каби китобларнинг муаллифи ҳамдир. Ана энди росманасига ғазалхонлик бошланди.Эркин ака ўз ғазалларидан бирини  ўқиса, Султон Мирзо ҳам қолишмасдан ўз ижодидан арузона  ашъорлардан ўқишга тутинади. Мушоира ярим соатлар давом этгандан кейин Султон Мирзо Эркин аканинг чарчаб қолмасин дея, устоз сиз енгдингиз дея шеърхонликка якун ясади ва уларга бахшида бўлган бағишлов ғазални ўқиди. Мана ўша ғазални Султон Мирзонинг Ошиқ Эркинга эҳтироми ўрнида келтирамиз.
Шеъриятим гулшанида боғбон Ошиқ Эркиним,
Шеърияти ишқ шаънида чандон Ошиқ Эркиним,
Ажаб зебо ашъор айтиб париларнинг васфида,
Мисли жаннат боғларида ғулмон Ошиқ Эркиним,
Жавоҳирлар териб бисёр, латофатнинг конидан,
Нафосатнинг ганжи узра посбон Ошиқ Эркиним.
Қумриларни соқов айлаб, «ҳув-ҳув» дея ишқ аро,
Гўзал сўзлардан тизиб маржон Ошиқ Эркиним.
Ашъорлари қўшиққа айлангандир булбулдек,
Назмгўйлар ошёнида мезбон Ошиқ Эркиним.
Чорёр ҳазрат Умардек фаҳмдиллар беназир,
Ҳалимдиллар чаманида райҳон Ошиқ Эркиним.
Васф айладим дилда борин мумтозимиз шаънида,
Шогирдликка арзирму деб Султон, Ошиқ Эркиним.
Эркин ака ўшанда ғазални тинглаб кўзларидан ёш келиб нуқул «офарин, тасанно, салламно» сўзларини такрорлаб Султон Мирзони бағрига босарди.
Кўп ўтмай Султон Мирзо «Уч Эркин» суҳбатини ёдга олди. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов уларга «Ошиқ» нисбатини берганини эслатди. Бир куни адабий гурунг сабаб Эркин Воҳидов, Эркин Самандаров ва Эркин Мадраҳимов жам, диллари хуррам бўлиб ўтиришади. Самимий ва дилкаш суҳбат табиийки, шеърхонликка, фалсафий мушоҳадага йўғрилади. Ўшанда улар орифона битиклардан ўқишса, Эркин Мадраҳимовнинг ўқиган шеърларининг аксарияти мумтоз меросга монанд ошиқона оҳангда бўлади. Шунда атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов ярим ҳазил, ярим чин қилиб сизни бундан кейин Ошиқ Эркин деб атаймиз деганлар. Шу сабаб бўлиб Эркин Мадраҳимовга «Ошиқ Эркин» бир умрлик тахаллусга айланиб нуфуз келтирган. Эркин аканинг овоза бўлиб кетган публицистик мақолалари ҳақида сўз очди. Ота-боболари билан Дўсовлар оиласига сидқидил хизматда, ҳурматда бўлган, орадан қил ўтмайдиган дўст бўлиб кетган Султон Мирзо ўша пайтлари «Гулистон» журналида Эркин Мадраҳимовнинг муаллифлигида чоп этилган собиқ иттифоқ даврида уч маротаба «Социалистик меҳнат қаҳрамони» унвонига эгабўлган миришкор раис, заҳматкаш, бағрикенг инсон Искандар Дўсов ҳақидаги мақоласини тилга олиб роса алқаб кетди.
Тамадди қилиб бўлингандан кейин каминага навбат етди ҳисоби. Эркин ака эски «машинка»да терилган бир даста ғазалларни келтирди.

Турли йилларда ёзилган Ошиқ Эркин қаламига мансуб бўлган ғазаллар тўплами эди бу. Ўша ондаёқ ўнтача ғазал ўқилди. Бир пайт Эркин ака сараланган ғазалларини қўлимга тутқазиб илтимос қилиб қолдилар. Раҳимбой, шу ғазалларни диктофонга ўқисангиз, эсдалик бўлиб қоларди, сизни доим эслаб юрардим, дедилар. Шу заҳоти истакларини бажо келтирдик.
Аруз вазнининг баҳрлари ва рукнлари қоидасига мувофиқ ўқирканман, Эркин ака донишмандона нигоҳ билан бутун вужуди қулоққа айланиб тинглар эдилар.  Ҳар бир байтни ўқиган пайтда сўзга юкланган маънони фаҳмлаганим сабаб урғуларини жойига қўйганимда оҳ, воҳей деб қўярли Эркин акам. Менинг ҳам завқим келиб яна берилиб ўқишга тутинардим.
Игна билан даволаш усулини яхши биласиз.  Инсон баданидаги дуч келган жойга игна қўйилмайди. Махсус асаб нуқталари бор, ўрусча айтганда ўша «нерв точка»ларини топиб игна қўйилса киши шифо топади.  
Худди шунга монанд ҳолда айтиш мумкинки, ғазалда ҳам шоирнинг ғоявий мақсадини акс эттирувчи, уни ифода этадиган сўз ва иборалари бўлади. Шунга урғу қилсангиз, маъно таровати очилади. Биз билан бир даврада ҳозир бўлган укам Икромбой ва дўстим Султонбой ҳам Эркин аканинг берилиб тинглашидан завқланишарди. Ҳар ғазал ниҳоясига етганда Эркин акани олқишлар қарсак чалиб қўйишарди.
Эркин ака Мадраҳимовнинг вафоти кўпчилик яқинлари каби бизни ҳам қаттиқ қайғуга солди. Эркин ака ўзидан ёрқин хотира қолдириб кетди. Унинг ижодиётининг ўзига яраша сеҳри бор. Шунинг учун ҳам меҳр қўйган мухлислари кўп. Шунинг учун ҳам кўплаб санъаткорлар унга мурожаат қилишган.
Бугун Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артистиОғабек Собировнинг катта концерт дастури бўлиб ўтди. Республикамиз пойтахтидаги муҳташам «Халқлар дўстлиги» саройида ташкил этилган ушбу дастур ёндош ва жондош халқларнинг бирлик ва бирдамлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик садоси бўлиб янгради десак, асло муболаға бўлмайди. Айниқса, ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги узоқ тарихга бориб боғланади. Яқинда Ўзбекистоннинг бир нечта машҳур санъаткорлари Тожикистоннинг юксак унвонларига сазовор бўлиб қайтишганди. Улар орасида Оғабек Собировнинг алоҳида ўрни бор. Хушовоз, ўткир нафас ҳофиз Оғабек Собировнинг йиллар давомида ижро этиб келган репертуаридан, ўрин олган жуда кўплаб дилтортар тароналари Ошиқ Эркин шеърлари асосида экани ҳам эътиборга молик. Халқ севиб тинглаган, Оғабек маҳорат билан ижро этган «Меҳмон оласиз», «Кишмишим», «Олтин занжирисан», «Ватандан айрилган», «Тингласа биров», «Соғинганимда», «Бошқача ёр экансиз» каба манзур ва мақбул қўшиқлари матни Ошиқ Эркин Мадраҳимов қаламига мансублиги ҳам фахрлидир.
Уларда соҳир куйнинг сеҳрини ҳис этиш кучли эди. Хоразм «Лазги»си кимларни ром этмаган дейсиз. Уни куйлаб ижро этганлар ҳам, унга рақсга тушганлар ҳам кўп. Лекин  Ошиқ Эркиннинг «Лазги» га тушган рақси ўзгача. Бир пайтлари Ортиқ Отажонов томонидан ижро этилган «Лазги» ва унга Эркин аканинг тушган рақси яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалди.  Эркин ака ўзига ярашиқли қилиб қўл, оёқ, бармоқлар ҳаракати, юзу кўзни куйга монанд ҳолатдаги рақси сизни лол қолдириши тайин. Бу сўз ва соз, овоз табиатини ҳис қилиш қудрати билан боғлиқ.
Эркин ака ҳақидаги хотира мақоламни якунлар эканман, Жалолиддин Румийнинг ушбу рубоийси беихтиёр ёдимга келади.
Ошиқликни камолингдан ўргандим,
Шоирликни жамолингдан ўргандим,
Дилим пардасида хаёлинг васфи
Хуш рақсни хаёлингдан ўргандим.
Румий ҳазратлари назарда тутган ишқ, шуур ва рақснинг манбаини камол, жамол ва хаёл сўзларининг уйғунлигида кўриш мумкин эди. Ошиқ Эркинга ҳам илҳом бахш этган ушбу тушунчалар уларнинг ижодий фаолиятига маёқ бўлгани рост. Камол касб этган инсон жамил, чин маънода гўзалдир. Комиллик сари интилиш қалб гўзаллигига ишора. Ошиқ Эркиннинг хаёлот оламида, руҳий дунёсида комил инсон бунёдкор инсон, у гўзалликлар яратишга қодир. Ана шу уч бирлик мантиғи шоир ижодига руҳ ва мазмун бахш этганини таъкидлаш ўринлидир.
Ошиқ Эркин қолдирган назмий ва насрий мерос ҳали кўплаб мухлислар, санъаткорлар томонидан кўп йиллар мутолаа этилишига, ижро қилинишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Раҳимбой Жуманиёзов
Профессор, «Нотиқлик санъати академияси» НТМ раҳбари

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.