ЕТУКЛИК ДИПЛОМИ ҚЎЛДА
Тўрт йил муддат мобайнида ўқиб, бакалавриат босқичини тугатиш ва етуклик дипломини қўлга киритиш ҳар бир ёш учун орзу, ҳавас ва мақсад ҳамдир.
«ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университетимизда етуклик дипломларини топшириш тантанали тарзда давом этмоқда.
Бугун «Энергетика» факультетидан жами 188 нафар талаба ана шундай қувончни қаршилади. Шундан 151 нафар контракт, 37 нафар грант асосида таълим олган. Ўтган йили фақат битта имтиёзли диплом берилган бўлса, бу гал 5 нафар битирувчи қизил диплом эгаси бўлди.
Тантанали тадбир аввалида университет ректори, профессор Мирзаев Баҳодир Суюнович сўзга чиқиб битирувчиларни ва уларнинг ота-оналарини самимий табриклади. Ҳар бир ёш келажакда ўз ўрнини топиши ва мамлакатимиз равнақига муносиб ҳиссасини қўша олишида омадлар ёр бўлишини тилади.
Сўнгра ректор Баҳодир Мирзаев ва «Энергетика» факультети декани Абдусаид Исаковлар битирувчиларга дипломларни гулдурос қарсаклар садоси остида топширишди.
Ушбу назмий битикдаги ҳаяжонли туйғулар ҳар бир битирувчи қалбидан сизиб чиққан бўлса ажаб эмас.
Бугун ўзгача руҳ боғу роғимда
Бугун маъно уқдим мен сабоғимда
Рамзийлик бор қизил бўйинбоғимда
Унутилмас кунга айланар шул дам
Етуклик дипломим олган чоғимда.
УНИВЕРСИТЕТ МАТБУОТ ХИЗМАТИ