ОНА ТИЛИМИЗДАГИ ЖОЗИБА ВА ГРАММАТИКАДАГИ СХОЛАСТИКА
Давлат тили дастурини тўлиқ бажариш, очиғи, жуда оғир кўчаяпти. Иш юритиш ҳамон аксар корхонаю ташкилотларда, вазирлигу идораларда эскичасига – рус тилида олиб борилаяпти. Бунинг сабабини изоҳлаганда «илгари мустақил эмасдик, мустабид тузум эди, тилимиз камситиларди…» каби баҳонаи узрлар ҳам керагидан ортиқроқ айтилди. Эндиям шу гаплар билан ўзимизни алдаб юришнинг вақти ўтгандек. Аслида, собиқ тузум пайтида ҳам биров бизга ўзбек тилини билма, деган эмас, аксинча, рус тилини ўқитиш-ўргатиш бўйича иттифоқ миқёсидаги конференцияларни ўзимиз ташаббус қилиб кўпинча Тошкентда ўтказардик, Кавказ, Болтиқбўйи деган жойлардаги биродарлар ўша пайтда ҳам кўп ишларини ўз она тилида олиб боришарди ва бунга биров айтарли монелик қилганмас. Демоқчимизки, ўзимизда фидойилик, миллатпарварлик етишмайди. Мана ҳозир – давлат тили ҳақидаги қонун чиққанидан бери ўн икки йил, мустақиллик қўлга кирганидан бери ўн йил ўтибди ҳамки, озод элимизнинг озод тилида эмас, ўзимизни тобе, ватанимизни мустамлака қилган халқнинг тилида иш юритаяпмиз.
Бу – файласуфлар тили билан айтганда, давлат тилида иш юритишга ўтмаётганлигимизнинг ўзимизга (ҳар биримизга) боғлиқ бўлган томони, яъни субъектив сабаб.
Аммо яхши маълумки, бирон-бир ижтимоий ҳаракатнинг рўёбга чиқиши учун объектив омил ҳам мавжуд бўлиши керак.
Давлат тили дастурини амалга ошириш учун истак-хоҳиш ва эҳтиёждан ташқари, кенг халқ оммасининг ўзбек тилини яхши билиши ҳам талаб этилади, албатта. Хўш, ўзбеклар ўз она тилини яхши биладими? Билади, десак (худога шукур, биламиз ахир), бу билганимиз барча соҳада давлат тилида иш юритишга имкон берадими? Йўқ, албатта. Давлат тилида иш юритишга ўтиш учун, баъзилар ўйлаганидай, ҳар бир корхонадаги русийзабон ходимларни ўзбек тилида сўйлатишнинг ўзи мутлақо етарли эмас. Ўзбекларнинг аксарияти ўз она тилини давлат тили даражасида яхши билмайди, ҳатто тилни давлат тили даражасида билиш нималигини ҳам тасаввур қила олмайди. Демак, давлат тилига ўтишни буйруқ бериш билан ҳал этишнинг иложи йўқ. Мана шу объектив омил бўлади. Ушбу мақолада шунга олиб келган сабаблардан бири хусусида сўз юритамиз.
Тил билан тафаккур ўзаро боғлиқ. Шунинг учун тил ва нутқ маданияти савияси халқ ижтимоий тафаккурининг ривожига бевосита таъсир қилади. Кўп йиллар мобайнида тил сиёсати бир томонлама юритилгани учун ўзбек тилида нутқ маданияти масалалари эътибордан четда қолган эди. Шу боисдан бўлса керак, халқимиз орасида фикрини қиёмига етказиб, кишининг ҳавасини келтириб сўзлай оладиган нотиқлар ниҳоятда кам учрайди. Гапимиз узоқ-юлуқ, сўз бойлигимиз ниҳоятда қашшоқ, русча сўзларни аралаштириб, ўша билан нутқимизни ,,бежаб”, фикримизни қийналиб ифодалаймиз. Радио эшиттиришлари, телевидение кўрсатувларида ҳам аҳвол шундай. Газета ва журналларда-ку, қаҳрамон ўрнига ҳам мухбирнинг ўзи гапиради, ўзи ёзади.
Таажжубки, яхши гапира олмаслик ва яхши ёза олмасликдан хижолат бўлиш ўрнига, бу камчилигимиздан фахрланамиз ҳам. Унга ўзбекчилик, соддалик, одми-жайдарилик, деҳқонтабиатлик сингари бир қанча ижобий хислатлар тўнини кийдириб шарҳлаймиз. Ҳолбуки, бу борада биз каби бой меросга эга бўлган халқ йўқ, десак асло муболаға бўлмайди. Масалан, Алишер Навоий ,,Мажолисун нафоис” асарида турк (ўзбек) тилида нотиқлик санъатининг ўн тури мавжудлигини қайд этган, дейдилар. Афсуски, биз ана шундай беқиёс бойликнинг меросхўри эканимизни унутиб қўйдик. Буни бизга уқтириши, тилимиз тараққиётини янги босқичларга кўтаришда раҳномалик қилиши керак бўлган кўп тилшунос олимларимиз эса аҳамиятига кўра, ўнинчи-ўн бешинчи даражали масалалар билан, чунончи, ,,Эргаш гапли қўшма гаплар омонимияси”, ,,Расмий иш стилида шахс-сон формаларининг қўлланилиши”, ,,Метонимик ҳосила маъноларида прагматик семалар” каби, сарлавҳасига қарасангиз – ўта илмий, лекин моҳиятига кўра тилнинг у ёки бу ҳолатини статик тарзда қайд этишдан нарига ўтмайдиган ва тилнинг амалдаги равнақига айтарлик ҳисса қўша олмайдиган тор доирадаги масалалар билан шуғулланиб келишади.
Бизда гап билгунча иш бил, деган мақол бор.
Аммо бу мақолнинг маъноси ишни билу гапни билма, дегани эмас. Чунки қилиб турган ишини тил билан яхшилаб тушунтира олмаган одамнинг (агар дудуқ бўлмаса) шу ишни яхшилаб бажара олиши ҳам даргумон. Гапга нўноқлик, фикру ўйлари ва мулоҳазаларини яхшилаб англата олмаслик иллати камдан-кам учрайдиган ҳодиса эмас, у бизда миллий қусур даражасига ҳам етиб қолди…
Биз бозор иқтисодиёти деган янгича ижтимоий муносабат замонида яшаб турибмиз. Бу эса ҳар бир кишидан, ҳар бир элу халқдан оғзидаги ошни олдирмасликни, бунинг учун эса юксак муомала маданияти ва нутқ маданиятига эга бўлишни, фаол тафаккурни талаб қилади. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши кўпгина муаммолар қатори нутқ савиямизнинг пастлиги иллатига ҳам барҳам бериши лозим. Бу муаммони ҳал этиш учун бир қанча тадбирлар амалга ошириляпти. Зотан, мактабларда ўзбек тили дарс соатлари сал кўпайди, радио ва телевидениеда ҳам ўзбек тилидаги эшиттириш ва кўрсатувлар миқдори хийла ошди, ўзбек тилида чиқадиган оммавий ахборот воситаларининг сони кўпайди ва ҳоказолар.
Аммо ҳозирги аҳволимиздан келиб чиқадиган бўлсак, халқимиз тилининг бурро бўлиши учун, кишилар ўз яқинларига равон ва бехато мактуб ёзишга ярайдиган даражага етишлари учун бу тадбирлар камлик қилади. Биз бу масалада бир-бири билан ўзаро чамбарчас боғлиқ иккита муаммо бор, деб биламиз.
I. Назаримизда, мактаб ва олий ўқув юртларида тил ўқитиш системасини тубдан ўзгартириш керак. Гап шундаки, ўрта мактабда бевосита ўқувчилар нутқини ўстириш билан эмас, балки ўзбек тили грамматикасининг қонун-қоидаларини ўргатиш билан шуғулланилади. Олий ёки ўрта махсус ўқув юртларига қабул қилишда талабаликка даъвогарнинг билим даражасини уларнинг гапдаги сўз туркумларини билиши, бирон жумла эргашган қўшма гапнинг қайси турига мансублигини ажрата билишига қараб ўлчаймиз. Тилдан хабардорлик деганда грамматик қонун-қоидаларни қанчалик ёд билишга қараб баҳо беришга ўрганганмиз.
Аммо айтайлик, бола ўтимли феъл билан ўтимсиз феълларни чалкаштириб юборса, кишилик олмошини ўзлик олмоши деб айтса, ёхуд ҳол эргаш гапни тўлдирувчи эргаш гап деб турса, шу билан у ҳаётда хато гапирадиган ва хато ёзадиган бўлиб қоладими?
Шундай ҳоллар учрайдики, ўзбек тили дарсликларидан баҳра олмаган одамлар грамматикани махсус ўрганган аксар кишиларга нисбатан яхшироқ сўзлайдилар ҳам. Умуман, тўғри гапириб, тўғри ёзиш учун ўрта мактаб дарсликларидаги билимларни эгаллашнинг ўзигина кифоя қилмайди.
Шу ўринда, масалани кенгроқ қўйиб кўрайлик: тил таълимидан, тилни ўқитиш-ўргатишдан мақсад нима? Грамматика қоидаларини яхшилаб билиб олишми ё бўлмаса, турмушнинг қайси жабҳасида бўлмасин, ўз она тилида бурро гапириб, равон ёза олишми?
Менимча, биз мактабларда (университетларда ҳам) тилни ўргатишни нотўғри асосга қурганмиз. Бизда болаларга тил ўргатилмайди, балки тил ҳақидаги фаннинг муайян тармоқлари – фонетика, морфология, синтаксис ва ҳоказолар ўқитилади. Мактабда физика дарсларида болалар физик жараёнларни, математика дарсларида ҳисоб-китобни ўрганганлари каби, тил дарсларида ҳам она тилимизнинг ўзини ўрганишлари лозим, тил хусусидаги фаннинг тармоқларини эмас!
Бу фикрни изоҳлашга уриниб кўрамиз. Бола, мактабга борар экан, унинг тасаввурида тил бамисоли сув, ҳаво сингари азалий ва абадий, табиий ва яхлит бир нарса бўлиб туйилади. Мактабда боланинг ана шу тасаввурини эътиқодга айлантириш ва илм даражасига етказиш ўрнига, айнан она тили дарсларида тил унинг кўз ўнгида “ўлдирилади”, баайни моргдаги каби “ёриб кўрилади” (синтаксис, морфология ва ҳоказо қисмларга бўлакланади), тил – товушларнинг, сўзларнинг, жумлаларнинг “йиғиндиси” деб таълим берилади.
Шунга аминмизки, тилни мактабда таълим асосида ўрганишга энди киришган бола аввалига товушларнинг қайси бири “портловчи”ю, қайси бири “сирғалувчи” эканини билганидан билмагани афзалроқ. Зеро, мактаб ўқувчисига товушларнинг механикасини ўрганишнинг зарурати йўқ. Шунингдек, ўқувчиларга сўзларни от, олмош, равиш, каби мустақил сўз туркумларига ажратиб ўқитилмасдан, ҳаммасини бир зайлда асосий деб ўқитилгани яхши.
Жумлаларни ҳам бош бўлаклар ва иккинчи даражалиларга ажратмасдан, ҳаммасини яхлит ва жонли бир воқелик деб ўқитилгани, яъни, ўқувчига тилнинг турган-битгани мўъжиза эканлиги уқтирилгани дуруст.
Бизнингча, ўтмишда мактабларда тил таълими тўғри йўлга қўйилган эди. Эски мактабда сарф (морфология) ва наҳф (синтаксис) каби махсус соҳалар ҳам ўқитилган, бироқ улар талабаларнинг анча билим ва кўникмаларни эгаллаган чоғида ўргатилган. Унга қадар эса одоб таълими (тил одоби ҳам шунга киради), қироат, нотиқлик, фасоҳат каби бир қанча лисоний ва ғайрилисоний фанлардан сабоқ берилган. Ўрни келганда эски мактабларда тил таълими ўқитишда қўлланилган усул ва шаклларнинг баъзи бирларидан танқидий фойдаланиш мумкин эмасми?
Мактабда тилни эндигина ўрганишга кириша бошлаган болаларга грамматика дарсликлари эмас, тил дарсликлари ўқитилиши керак. Ўқувчиларга тилнинг ўзи нималиги, ўзбек тилининг тарихи, унинг туркий тиллар оиласида тутган ўрни, мавқеи, шевалари ва адабий тил хусусиятлари, она тилининг миллий табиати ва нутқни тўғри тузишнинг бошланғич талаблари, нутқ маданияти асослари ва нотиқлик санъати, ифодали ўқиш ва қироат малакаси, фасоҳат ва балоғат, мантиқ ва услуб сингари ҳар бир одамга – ишчи, хизматчи, деҳқон, сотувчи, кимёгар, новвой, ҳайдовчи, компьютер дастурчиси… сингариларга ҳар куни асқотадиган, яъни, аввало жонли мулоқот учун лозим бўладиган билимлар ўргатилиши керак. Ана шуларни мукаммал эгаллагандан кейингина тил таълимининг олий босқичига – тилнинг товуш, сўз ва жумла кўламидаги қонуниятлари баён қилинадиган фонетика, морфология ва синтаксис каби назарий соҳаларига ўта бориш мумкин бўлар. Аммо бусиз, дабдурустан, ўқиш ва ёзишни эндигина ўрганган болага жарангли ва жарангсиз товушларни, олмош ва модал сўз каби сўз туркумларини, тўлдирувчи ва равиш ҳоли каби гап бўлакларини ўргатишга уриниш – янги туғилган чақалоққа кўкрак сути бериш ўрнига сомса, ё қовурма тутиш билан баробар эмасми? Оқибатда болалар уларни қабул қила олмайдилар, бир амаллаб ёдлаб олганлари ҳам, кейинчалик, турмушнинг минг хил ташвишлари ичида унутилади, чунки турмушда бу қоидаларнинг кераги бўлмайди.
Мактабда ўн йил ўқиб билим олган ўзбек болаларнинг кўпчилиги қайси халқлар туркий халқлар гуруҳига, қайси тиллар туркий тиллар гуруҳига киришига тушуниб етолмайдилар, аммо славян тиллари хусусида кўпроқ билимга эгадир. Бу ҳодисанинг бир жиҳати мактабда болаларга тилимизни ўргатиш ўрнига тилшуносликнинг тармоқлари ўқитилаётгани билан боғлиқ.
Диний йўналишдаги мадраса ва маъҳадларда тилдан таълим бериш мутлақо бошқача – амалиётга керакли усулда ўргатилади. Шунинг учун ҳам уларни хатм қилган илм толиблари билан дорилфунунни битирган кадрларнинг баҳсу жавобларида, фикрлаш маданиятида, мантиққа риоя қилишларида, нутқ одобида, сўз танлаш ва фикрларни баён этиш орасида катта фарқ бор. Уларни бир-бирларига таққосланса, бизнинг замонавий зиёлиларимиз нутқ маданияти борасида бениҳоя орқада эканликлари аён бўлади. Бугина эмас, аксар тилшунос профессорлар ҳам тўртта одамнинг олдида кишининг ҳавасини келтириб гапиришга ожиз, тўрт-беш йил мадраса тупроғини ялаган муллавачча бўлса, тўрт юз кишилик йиғинда чиройли маъруза қила олади, таъсирчан нутқи билан юзлаб кўнгилчан одамларни йиғлатиб юборади. Бунинг боиси диний билимгоҳларда морфология (сарф) ва синтаксис (наҳв) каби предметларни ўқитиш тўғри йўлга қўйилган. Улар тил таълимининг тил таълимининг бирмунча юқори босқичида ўргатилади, бунда бамисоли арифметикадан алгебрага ўтиб боришдай мантиқий изчилликка риоя қилинади.
II. Энди ўзбек тили грамматикаси дарсликларига келайлик. Биз дорилфунунда ажнабий тил сифатида форс тилини Малик Абдусаматовнинг ,,Форс тили” дарслиги бўйича ўрганган эдик. Қизиғи шундаки, бу дарсликда олий ва ўрта мактабларда бизга ўргатилган бир қолипдаги грамматика: фонетика, морфология ва синтаксис йўқ эди. Унда форс тилида феъл замонлари, ёйи ваҳдат, ёйи накарэ сингари ўзига хос фасллар бор эди. Шу китоб орқали таҳсил олиб, олти ойнинг нари-берисида форсий тилда бинойидек сўзлаша бошлаган ҳам эдик.
Бундай муваффақиятнинг боиси, менимча, дарслик форс тилининг ўз ички табиати, миллий хусусиятларидан келиб чиқиб ёзилганида.
Аслида, барча халқлар тилларнинг грамматикаси ўша тилларнинг миллий табиатидан келиб чиқиб тузилади. Бинобарин, агар тиллар ўзаро генетик ва типологик жиҳатдан муштарак бўлмаса, бир тил учун тузилган грамматика иккинчи бир тилга мувофиқ келмайди. Тилнинг миллий хусусиятларидан келиб чиқиб яратилган грамматикагина ўша тилнинг хоссаларини тўғри акс эттиради ва унинг ривожига кўмак бера олади.
Аммо ўзбек тилининг амалда қўлланилаётган грамматикаси бу талабга мутлақо жавоб бера олмайди, чунки унинг бутун тузуги… рус грамматикасига мосланган. Бошқача қилиб айтганда, рус тили грамматикаси рус тилининг жуссасига қараб бичиб-тикилган либос десак, ўзбек тилининг либоси (грамматикаси) ўз гавдасига монанд эмас, у рус тилининг ,,кийими”ни кийиб олиб, ўнғайсиз бир аҳволга турган кишига ўхшайди. Бу либосда уни таниб олиш (ўрганиш) қийин.
Масалан, деярли барча туркий тилларда унли товушлар миқдори 9-10 та деб ҳисобланади, аммо марказий туркий тиллардан бўлмиш ўзбек тилида эса, алифбога кўра, худди рус тилидагидай, олтита, холос. ,,Рўйхатларда йўқ” бошқа тўртта унли – а, ы, о, Y товушларини биз ҳар куни сўзлашув нутқида, жумладан радио ва телевидениеда ҳам, бошқа ҳамма товушлар қатори бетиним ишлатсак-да, “цивилизацияга эришган” бўлиб кўриниш учун бу жайдари, асл туркона товушларни гўёки йўқ деб ҳисоблаймиз, уларнинг вазифасини эса, ёндош товушни ифодаловчи ҳарфлар зиммасига юклаб қўйганмиз. Оқибат, ақл сўзидаги тилорқа “а” товуши ака сўзидаги тилолди “а” товушини ҳам ифодалашга мажбур; “и” ҳарфи эса икки сўзидаги юмшоқ “и”ни ҳам, қырғыз сўзидаги қаттиқ “ы”ни ҳам билдиради; улуғдаги тилорқа “у” айни пайтда Yка сўзидаги тилолди товушини ҳам акс эттиришга мажбур. “Ў”нинг-ку, турган-битгани жумбоқ: русча-байналмилал сўзларда у “O” деб ёзилади, “ўзимизнинг” сўзларда эса – “ў”. Ва бу шўринг қурғур “ў” ўроқдаги тилорқа “ў”ни ҳам, ўпка сўзидаги тилолди “ў” товушини ҳам ифодалашга маҳкум этилган. Натижада, мактабга энди борган боланинг тили буралиб, ,,Алифбе”ни ҳижжаларкан, жўнгина ,,кэлды” (келди) сўзини ,,келдий” деб талаффуз қилади.
Хуллас, ўзбек алифбоси рус алифбосининг ниҳоятда кучли таъсирида шаклланган. Тил соҳасидаги бирламчи долзарб вазифалардан бири – уни мустақиллаштириш, миллийлаштиришдан иборат. Чунки алифбо, умуман, фонетика тил илмининг турмушга энг яқин жабҳаси.
Морфология соҳасида бўлса тобелигимиз кўлами янада кенг. Жами сўзлар икки йирик туркумга – мустақил ва ёрдамчи сўз туркумларига тақсимланиши ҳам антиқа. Сўз туркумлари оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, рус тили морфологиясидаги каби айнан олтита: от, сифат, сон, олмош, феъл, равиш (буларнинг саналиш тартибигача бир хил). Ёрдамчи сўзлар туркуми ҳам, худди русчадагидай – айнан бешта, бу туркумлар ҳар бирининг у ёки бу грамматик ҳолатини изоҳловчи ўнлаб ва юзлаб ички атамалар ҳамда уларнинг бутун-бутун тизими (масалан, фазовый глагол – фазали феъл, выделительно-ограничительные частицы – айирув-чегаралов юкламалари…), шунингдек, ўзбек тили гармматикасида келишиклар сонининг рус тилидаги падежлар каби айнан олтита эканлиги… булар ўзбек тилининг ҳозирги сарфиёти русча қолипдан чиққанини кўрсатади.
Синтаксис соҳасидаги мутелик эса янада юқори. Гапнинг эга ва кесим сингари бош бўлаклар (главные члены предложения)га, аниқловчи, тўлдирувчи ва ҳол (определение, дополнение и обстоятельтво) каби айнан уч бўлакдан иборат иккинчи даражали бўлаклар (второстепенные члены предложения)га бўлиниши, содда гап ва қўшма гап, содда гапларнинг ва қўшма гапларнинг турлари, буларнинг шакл-шамойили ва номланиши – барчаси ўзбек тили синтаксиси рус тили синтаксисининг жами миллий хосликларини ўзига татбиқ этиб олганлиги далилдир. Ҳатто тилшунослик соҳасидаги мингдан ортиқ бир сўздан иборат ва таркибли истилоҳларининг бутун бир тизими ҳам рус тилидан ёки Европа тилларидан таржима қилиб олинган. Дарвоқе, бундай грамматикаларга шундай атамалар муносиброқ.
Бошқа тил вакилларига ўзбекчани ўргатишга мўлжаллаб чоп этилган кўплаб ўқув қўлланмалари ана шу алпоздаги грамматикани ўқитишга мўлжаллаб таълиф қилинган. Ҳолбуки, ўзбек тилининг ҳозирги грамматикаси асосида ўзбек тилини ўрганиш нафақат бошқа миллат кишилари, балки ўзбекларнинг ўзига ҳам мушкул.
Ҳозирги ўзбек грамматикаси, албатта, ўз-ўзидан шундай бўлиб қолмаган. Йигирманчи йиллардаги ,,миллатчи” деган тавқи лаънатларнинг, ўттизинчи йиллардаги қатағонлар, қирқинчи-эллигинчи йиллардаги чучмал ва сохта байналмилалчиликнинг табиий натижаси бу. Шу ўринда ўзбек тилини тадқиқ қилишга ўз вақтида катта ҳисса қўшган атоқли рус тилшунослари (А.Кононов, А.Боровков, В.Решетов ва бошқалар)нинг хизматларини эътироф этган ҳолда, тилимиз алифбоси ва грамматикаси қурилишининг ўристахлит бўлиб қолганлигида уларнинг таъсири озмунча эмаслигини ҳам айтиб ўтмоқ керак. Ҳолбуки, ,,оға” олимлар ўша даврда бўйнига ,,миллатчи” деган тавқи лаънат илинишидан юрак ҳовучлаган ўзбек тилшуносларини дадилликка ундашлари, уларга ўзбек тили агглютинатив хусусиятга эга, сингармонизми бир қадар сусайган туркий тил эканлиги, бинобарин, унинг грамматикаси ҳам шундан келиб чиққан ҳолда, бошқача, ўзига хос бўлиши лозимлигини уқтиришлари зарур эди.
Яна бир гап. Деярли барча дарслик ва рисолаларда ўзбек тилининг у ёки бу хусусиятини тушунтириш учун ўзбек муаллифи билан бир қаторда албатта рус ёзувчилари асарларида ҳам мисол келтирилади. Чунончи, ўтган замон феълини аниқлашда Маршак шеъридан мисол берилади, аниқловчи эргаш гап намунаси деб З.Воскресенскаянинг ҳикоясидан олинган жумла тақдим этилади. Ҳолбуки, Маршак ҳам, Воскресенская ҳам ўзбек тилида ёзмаган, уларни кимлардир ўзбек тилига т а р ж и м а қилган, демак, бу мисра ёки бу жумла муайян рус адибиники эмас, балки ўша таржимонники. Боз, айрим таржималарда аслият тилининг қурилиши сеҳрига берилиб қолган мутаржим беихтиёр равишда ўша тилга хос конструкцияларни ҳам қўллайди. Бинобарин, таржима асарлари матнидан она тили хоссаларига мисол олиш жилла мақбул эмас. Она тили хусусиятларини талқин этишда оригинал асарлардан мисол олиш лозимлиги наҳот дарслик ёзадиган тил устозларига маълум бўлмаса?
Хўш, бошқа туркий халқларда тил ўқитиши, қолаверса грамматика дарсликлари қай тарзда? Кузатишимизча, илгари собиқ иттифоқ таркибида бўлган туркий тилли давлатларда бу соҳада аҳвол бир тусда – кўплаб туркий халқлар грамматикаси рус тили грамматикаси қолипида. Ва шунинг учун ҳам буларнинг аксарида тил ўрганиш ва ўргатишда биздаги каби аҳвол юзага келган. Марҳум аллома Баҳодир Саримсоқовнинг фикрича, ўзбек тилини ҳозирги грамматика асосида ўргангандан кўра, бошқача усулда, чунончи, ҳатто Абдураҳмон Жомий таълиф берган араб тилига оид грамматика тартибида ўрганилса ҳам, анча қулай бўлар экан.
Мен турк тили юзасидан Туркияда ёки уйғур тили бўйича Шинжонгда яратилган миллий грамматика намуналари билан танишишни жуда истар эдим. Ҳар ҳолда, улар ўз грамматикаларини рус грамматикасига мослаб эмас, балки турк, уйғур тилларининг миллий табиатидан келиб чиқиб яратган бўлсалар керак. Умуман, дунёдаги барча туркий халқлар тилшунослигининг грамматика ва алифбо соҳаларидаги тажрибаларини ўрганиб чиқмоқ лозим. Чунки туркий тилларнинг келиб чиқиши бир ва муштарак жиҳатлари бисёр. Бу туркий тиллар бўйича битилган кўп дарслигу қўлланмаларни тўғри яратишга, камчиликларни бартараф этишга кўмаклашган бўлур эди.
Хуллас, ўзбек тилини ўқитиш-ўргатишда ҳозир шаклланган схоластик анъаналардан – ҳадеб грамматикани тиқиштиришдан воз кечиб, асосий эътиборни н у т қ н и ў с т и р и ш га қаратиш лозим. Грамматикага келсак, унинг тузилишини тубдан ислоҳ қилиб, она тилимизнинг миллий табиатидан келиб чиққан ҳолда мустақил, миллий грамматикани яратиш керак.
Дарвоқе, грамматикани ўқитиш нутқ ўстиришда мутлақо асқотмайди, демаймиз, бунинг ҳам бирон-бир даражада нафи бўлса бордир. Аммо мавжуд грамматикани эмас. Чунки ҳозир воқеан – мактаб ва олий билимгоҳларда рус тили грамматикаси рус тили дарсларида, шунингдек, ундан ташқари ҳам яна бир марта – ўзбек тили дарсларида (фақат бу сафар ўзбек тили материаллари асосида) такроран ўқитиб-ўргатиляпти.