9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

ОНА ТИЛИ ЎҚУВ ФАНИ СОАТЛАРИНИ ҚИСҚАРТИРИШ ЭМАС, КЎПАЙТИРИШ КЕРАК!

notiq.uz > ТИЛ ТАРАҚҚИЁТ ТАРОЗИСИ  > ОНА ТИЛИ ЎҚУВ ФАНИ СОАТЛАРИНИ ҚИСҚАРТИРИШ ЭМАС, КЎПАЙТИРИШ КЕРАК!

ОНА ТИЛИ ЎҚУВ ФАНИ СОАТЛАРИНИ ҚИСҚАРТИРИШ ЭМАС, КЎПАЙТИРИШ КЕРАК!

Р.А.Йўлдошев, п.ф.н., Ўзбекистон

Республикасида химат кўрсатган

халқ таълими ходими

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинган кундан, истиқлолнинг дастлабки қадамларидан эътиборан умумий ўрта таълим мактабларида она тили таълимининг сифати ва самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 21 октябрь  ПФ-5850-сонли Фармонининг ижроси масалага ўта жиддийлик ва масъулият билан қарашни тақозо этди. Шунга кўра ҳам бугунги кунда она тили дарсларида нутқ ўстиришнинг ўзи кифоя қилмайди: нутқ маданитини ривожлантириш асосий мақсадга айланиши керак. Ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун эса, бир томондан, назарий маълумотларни бойитиш, иккинчи томондан, тегишли малакаларни шакллантириш учун етарли амалий машқлар тизимини яратиш зарурияти туғилди.  Зеро, айни шу босқичда нутқ маданиятининг бир умрга татигулик илк мустаҳкам пойдеворини қўйиш мумкин. Одатдаги нутқ ўстириш мақсади билан иш юритганда бундай зарурият мутлақо туғилмайди.

Аввал бошданоқ она тили таълимининг сифати ва самарадорлигини ошириш йўриғи тўғри белгиланган эди.  «Ўзбек мактабларида она тили таълими концепцияси»нинг (бундан кейин Концепция) «Таянч таълим босқичида она тили таълимининг мақсади ва мазмуни (V—IX синфлар)» қисмида она тили ўқув фанининг истиқболи жуда аниқ таърифланган:  «…мазкур концепция она тилининг амалдаги тизимли курсидан воз кечиб, V—IX синфларда она тили таълимининг маэмунини белгилашда она тилидаги ҳар бир ифода воситаснни (курсив – бизники) ўқувчиларга ўргатиш жараёнида шу тил бирлигининг талаффузи, нмлоси, услубий қўлланнши, услубий имкониятлари ҳамда фикр ифодалаш жараёнида бу воситаларнинг яхлит бирлик таркибида тутган ўрни, …ни ўргатишни таклиф қилади»[1]. Хўш, натижа нима бўлди? Афсуски, мазкур йўналтирувчи йўриқлар қоғозда қолиб кетди. Чунки она тилидан яратилган ва 2017 йилда такомиллаштирилган ҳолда тасдиқланган ўқув дастурига кўра ўзбек тилининг тизимли курси яшашда давом этди, шу дастур асосидаги дарсликларда ҳам грамматизм деган иллат чуқур илдиз отди, яъни Концепцияда белгиланган йўлдан борилмади. Бундай вазиятда Ўзбекистон Республикасининг Президенти Фармонини ижро этиш муайян объектив ва субъектив тўсиқларга учраши табиий.

Аксинча, она тили ўқув дастуридаги таълим мазмунини белгилашда ифода воситаларидан келиб чиқилганда эди, тизимли курсга, унинг маҳсули – грамматизмга  ўрин қолмаган, таълим мазмунида тизимли курс устуворлик қилмаган, нутқ ўстиришга хизмат қилмайдиган грамматик материаллар кўпайиб кетмаган, шу «кўпайганлик» – ортиқча грамматик материаллар кўплиги туфайли она тили ўқув фани учун ажратиладиган ўқув соатларини қисқартириш мумкин деган фикр юзага келмаган бўларди.

Соатлар қисқарса, гўё нутқ ўстириш зарар кўрмайдигандай бўлиб туюлган таълим мазмуни ўқувчилар нутқ маданиятини ривожлантиришга мутлақо кифоя қилмаслиги ҳақида, бунинг сабаблари тўғрисида ўйлаб кўриш муаммонинг энг тўғри ечимидир. Чунончи, она тили ўқув фани мазмунини белгилашда, Концепцияда тавсия этилганидек, ифода воситаларига асосланилганда эди, ўқувчиларнинг нутқ маданиятини шакллантириш эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўқув соатларини кўпайтириш ғояси туғилган бўларди. Ушбу фикримизни далилловчи мисоллар келтирамиз.

Концепцияда ифода воситаларининг «яхлит бирлик таркибида тутган ўрни» деган ифода ишлатилган. Бундай йўриқнинг таърифланиши бежиз эмас: талай ифода воситалари гап таркибида эмас, балки боғланишли нутқ (матн) таркибида функционал жиҳатлари билан рўй-рост намоён бўлади. Ифода воситалари гап таркиби орқалигина ўрганилса, уларнинг функционал жиҳатлари, услубий қўлланиши етарли англанмайди. Масалан, 7-синф «Ona tili» дарслигида кишилик олмошлари юзасидан назарий маълумот берилиб, маъноси, уч шахсдан бирини кўрсатиши, биз, сиз олмошлари баъзан бирликни англатиши, сиз, улар олмошлари баъзан якка шахсга ишора қилиши ҳақида тушунча берилади. Лекин, афсуски, дарсликдаги назарий маълумотда кишилик олмошининг қўлланиши матн билан боғлаб тушунтирилмайди[2]. Холбуки, ўқувчиларга матнда (масалан, кунни қандай ўтказганлик тўғрисида ёзилган иншода) мен олмошини ҳар бир гапда такрор ва такрор ишлатишнинг услубий ғализликни келтириб чиқариши, матн таркибида уни қай тарзда  ишлатиш зарурлигини (қўлланиш хусусиятларини) билишлари мақсадга мувофиқдир. Боғланишли нутққа даҳлдор бундай билимлар филологик маълумотлардан минг марта афзал. Аслида ҳам она тили дарсликлари саводхонликка қаратилган қоидалар қатори ўрнига қараб матн билан боғланган билимлардан иборат бўлиши керак эмасми?

5–9-синф учун она тилидан яратилган дарсликларда матн яратиш, ҳикоя тузиш, иншо ёзиш талаб этиладиган машқлар кўп. Бундай машқларни матн тузилишига доир бирор назарий маълумот (қоида) билан боғламай, шунчаки тинмай бажаравериш ёш қаламкашларга (бадиий ижод ҳаваскорларига) ҳам хос эмас. Айни пайтда ҳаваскорлар матн яратиш қоидаларини бадиий асарларни кузатиш, ўрганиш йўли билан интуитив ўрганадилар. Она тили таълими мазмуни эса ўқувчиларни матн яратувчи талай ифода воситаларидан бебахра қолдирган ҳолда ёзма боғланишли нутқ ўстиришга умид боғлайди. Ўргатмасдан ўргатиш ижодий қобилиятларни самарали ривожлантира олмайди-ку! Бу ишда мактабнинг зиммасидаги вазифалар қандай қилиб адо этилиши мумкин? Ёшлар ёзган иншолардаги матний хатоларнинг[3] кўплиги, хилма-хиллиги бунинг исботи эмасми?

Матн яратувчи ифода воситалари оз эмас, уларни назарий маълумотлар ва амалий машқлар ёрдамида эгаллаш учун эса она тили ўқув фанининг ўқув соатларини қисқартириш эмас, аксинча, кўпайтириш керак. Ўқувчиларга хатбоши, бош мавзу, кичик мавзу, мустақил гапларнинг ўзаро боғланиши, олмошли боғланиш, матнга ҳадис, мақол, ҳикматли сўз, шеър, диалог, таснифларни киритиш, абзац, абзацнинг биринчи гапи, охирги гапи ва матннинг бошқа талай тузилиш компонентлари билан боғлиқ 30 дан ортиқ қоида ўрганилиши, амалий машқлар воситасида мустаҳкамланиши, эссе ёзиш даражасида малака ҳосил қилиниши зарур бўлади. Буларнинг ҳаммаси дарсликлардаги мавзуларга қўшимча равишда киритилади, бинобарин, қўшимча ўқув соатларини тақозо этади.

Нутқ маданияти эҳтиёжлари билан матн яратувчи ифода воситаларидан ташқари, қўшимча равишда ўрганиш лозим бўлган тил ҳодисалари кўп, уларни аниқлаш учун ҳар бир мавзуни синчковлик билан мушоҳададан ўтказиш, ўқувчиларнинг нутқ савиясини ҳисобга олиш керак.

5–9-синф учун она тилидан яратилган дарсликлар таҳлилидан шу нарса маълумки, таълим мазмунидан нутқ маданиятини таъминловчи бир қатор асосий бирликлар ўрин олганича йўқ. Улар сирасида матн яратишга оид қоидалардан ташқари, қуйидаги каби тил ҳодисаларига алоҳида тўхталган бўлардик: турли тил сатҳлари доирасида шакллантирилган орфоэпик меъёрлар ишлаб чиқилмаганлиги; содда ва қўшма гап синтаксиси; гапда сўз тартиби, ўзлаштирма гап билан боғлиқ қоидалар ва ҳ.

Орфоэпия меъёрларига доир қоидалар тизими 5–7-синф бўйича шаклланмаган[4], асосий эътибор имло қоидаларига қаратилган. Шу сабабдаи орфоэпик талаффуз машқлари ҳам йўқ даражада. Ўқитувчи ҳам, ундан таълим олаётган ўқувчитлар ҳам, радио ва телеэшиттиришларда орфографик талаффузни эшитавериб, ўзлари ҳам шундай талаффузга кўника бошлаган катта ёшлилар ўам ўз нутқида ҳам кўплаб талаффуз хатоларга йўл қўядилар.

«Гап бўлаклари тартиби» мавзусини олайлик (67–68-дарслар)[5]. Назарий маълумотда ўзбек тилида гап бўлакларининг жойлашиш тартиби, асосан,  эркинлиги, одатда эга ва унга боғланган бўлаклар олдин, кесим ва унга боғланган бўлаклар кейин, баъзан аксинча жойлашиши, эганинг кўпроқ гап бошида, кесимнинг, асосан, гап охирида, тўлдирувчининг кесимдан олдин, аниқловчининг эгадан олдин жойлашиши одатдаги, меъёрий тартиб эканлиги, маъно кучайтириш учун муҳим бўлак кесим олдига ўтказилиши мисоллар асосида тушунтирилади, одатдаги тартибнинг илмий ва расмий услуб учун мослиги, ўзгарган тартиб оғзаки ва бадиий нутқ услуби учун хослиги таъкидланади. Лекин булар 8-синф ўқувчилари нутқига амалиёт орқали кириб улгурган билимлар саналади. Лекин ёшларнинг ёзма нутқида воситали ва воситасиз тўлдирувчи, тўлдирувчи ва ҳолнинг, аниқловчиларнинг жойлашиш тартиби ва бошқа шу каби масалаларда хилма-хил хатолар учрайди. Дарслик эса булар юзасидан билим бермайди. Бундай билимларга 5-синфдан эҳтиёж сезилади. «Гап бўлаклоарининг тартиби» мавзусига атиги 2 ўқув соати эмас, синфлар бўйича босқичлилик асосида такқсимлаганда, кўпроқ ўқув соати зарур бўлади.

Бу каби нутқ маданиятини ривожлантириш учун зарур билимлар жумласига кўчирма ва ўзлаштирма гаплар, гапнинг ажратилган бўлакларини киритиш жоизки, айни шу тил ҳодисалари ўқувчиларнинг ижодий ишларида турғун камчиликлар келтириб чиқаради.

Нутқ маданияти инсоннинг бутун ҳаёти давомида асқотадиган неъмат. Бунинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини тадбиркорлар томонидан тузилаётган баъзи шартномалар, нотариуслар расмийлаштираётган ҳужжатлар, суд ҳукм ёки қарорлари ва б.лардаги ноаниқликларнинг олдини олиш учун ҳам ана шу неъматдан мактабдаги таълим чоғидаёқ баҳраманд бўлиш даркор.

Хуллас, таълим сифат ва самарадорлигини ошириш зарур бўлса, нутқ маданиятини ривожлантириш имконини берадиган даражада ўқув соатларини кўпайтириш, она тили ўқув фани ўқув дастурини қайтадан ишлаб чиқиш, дарсликларни такомиллаштириш ишларига кўк чироқ ёқиш шарт.

 

 

[1] Ўзбек мактабларида она тили таълими концепцияси // Тил ва адабиёт таълими. 1994. — 1-сон. – 11-бет.

[2] Ona tili: Umum oʻrta ta’lim maktablarining 7-sinfi uchun darslik / Mual. N. Mahmudov, A.Nurmonov, A. Sobirov, D.Nabiyeva, A.Mirzaahmedov. — Toshkent: «Ma’naviyat», 2017. – 23-bet.

[3] Бу ҳақда қаранг: Yoʻldoshev R., Rixsiyeva M. Insholardagi matniy xatolar, ularni tuzatish metodikasi. – Toshkent: «Fan va texnologiyalar, 2019. – 157 bet

[4] Бу ҳақда қаранг: Рустам Йўлдошев. Махсус шакллантирилган орфоэпия қоидаларни ўргатайлик // «Pedagogik mahorst» Ilmiy-nazariy metodik jurnal. – Buxoro. 2020. № 2.– 131–133-betlar.

[5] Qodirov M., Ne’matov H., Abduraimova M., Sayfullayeva R., Mengliyev B. Ona tili. Vmumiy o ‘rta ta ‘lim maktablarining 8-sinfi uchun darslik. 4-nashr. – T.: Choʻlpon nomidagi NMIU,  2019. – 93–94-betlar.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.