9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

“ТАНҲО ҚАЙИҚ” ҲАЙРАТЛАРИ

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > “ТАНҲО ҚАЙИҚ” ҲАЙРАТЛАРИ

“ТАНҲО ҚАЙИҚ” ҲАЙРАТЛАРИ

              Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ

ЎзР ФA Санъатшунослик институти таянч докторанти (PhD)

 Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам асари асосида суратга олинган “Паризод” фильмини илк дафьа кўрганимда, анча вақт саволлар гирдобида гарангсиб юрдим: “Бу қизнинг табиати ғалати-ку!”,  “Нега тил-забони йўқ?”,  “Инсон қавмиданми ўзи? Ё…..ростданам осмондан тушган фариштами?”.  Кейин билсам бу каби саволлар бир мени эмас, адабиёту кинонинг паст-баландидан воқиф катта-катта шуносларни ҳам ўйлантириб қўйган экан. “Паризод” эса шон-шуҳратларга бурканди: нуфузли фестивалу маросимларда эътироф қозониб, ўзбек киносининг довруғини не-не заминларга ёйди. Камина ҳамон фильмнинг моҳият-асрорига етолмай, оввораман: начора, ҳиндлар айтган “қалби кўзи” очилганида, тушунарман бир кун…

Йўқ, натижа узоқ куттирмади. Қайдандир шу фильмга асос бўлган “Фаришта” киноқиссаси қўлимга тушди, Эркин Аъзамнинг аввалги асарларидек буниям тараддуд билан, зўр эҳтиросу ҳаяжон билан ўқидим, мана шууримни тўзғитиб, оҳанграбодек сеҳрлаган жумлалар: “… Ё фалак, мени нега яратдинг? Яратган экансан, қуллуқ, аммо нега хилват бир тоғу тошда бино қилдинг мени? Тоғу тошда бино қилибсан, нега биратўла тошга, санги заминга айлантириб қўяқолмадинг? Нега кўнгил ато этдинг менга, нега ҳусну малоҳат? Нега шунга муносиб бир тақдир бермадинг, дариғ тутдинг? Энди мен бу тошдек бошни қайси тошга урай? Осмонларга учиб кетай десам – қанотдан қисдинг, қора ерга кирай десам… Ўзинг йўл кўрсат, ўзинг нажот бер, ўзинг, ё фалак!..”  Фильмда англолмаганим барча рамзу маъжозлар бирдан очила кетди, адиб билан шахсан суҳбатдан кейинку тасаввурлар янада қуюқлашди, хуллас биз ҳам закий томошабинга айландик-қолдик!

Мана бугун “Паризод”ни яна варақлайман, фақат энди китоб ҳолида, яхлит муқова остида. Ажабланманг, киносценарийлар ҳам китоб бўладими деб! Саёз ва чучмал “фильм”лар учун “писта нархи”га ёзилган “қўлбола сценарий”лар бўлганида-ку, йўқ-йўқ асло, яхшиси режиссёрми ё операторнинг тортма-портмасида йўқолиб кетгани дуруст, бундан ўқувчиям ноширларам ютади дердик. Илло Эркин Аъзамдек санъаткор адибнинг кинобитикларини наинки фильм қилиш, балки ҳеч қайси ҳикояю қиссадан кам кўрмай, кўзга суртиб ўқиш мумкин. “Шарқ” нашриётида чоп этилган ва ёзувчининг сара киноқиссалари жамланган “Танҳо қайиқ” (Тошкент: Шарқ, 2017) номли китоб фикримизни тасдиқлаб турибди. Дарвоқе, бу асарлар киносценарий эмас, киноқисса жанрига мансуб, бинобарин, бу икки тушунчани бир-биридан фарқлаш лозим. Номидан ҳам аёнки, киноқисса бу кино ва адабиётга бирдек дахлдор, фильмнинг тасвирий оламига хос эпик қамров, бадиий руҳ ва жозиба ила тўйинтирилган асар. Киносценарийнинг талаби эса бошқача: у  соф кино учун ёзилади, воқе ўрни, макони, ҳатто зарур ашё-анжомгача бари кўрсатилади, сўз ҳам чегараланади. Шунданми, уни мутолаа қилгандан кўра, яхшиси экранда кўриб қўя қолган маъқул.

Бундай назарий эслатмадан мурод шуки, китоб сўзбошисида муаллифимиз ҳам таъкид этганидек, бу асарлар аввал-бошдан адабий мулк сифатида китоб учун мўлжаллаб ёзилган. Башарти улар фильм бўлмаган тақдирида ҳам китобхоннинг кўнгил мулкидан жой эгалларди.

Китобга киритилган киноқиссалар аллақачон кинога айланиб, тасмаларга кўчган бўлсада, мутолаа чоғи ўқувчи қаҳрамонларни қайтадан инкишоф этади, уларнинг ботини, руҳият манзараларига чуқурроқ шўнғийди. Масалан, “Забаржад”ни ўқиётганда, тақдирнинг аччиқ ёзиқларига дучор бўлган, зоҳиран шаддод, қувноқ кўринсада, асли нозик жуссасига не-не дарду-ситамларни сиғдирган қиз бор сийрату симбати билан кўз олдимизга келади. Атрофидаги ҳар турфа одамнинг гоҳи жиддий, гоҳи ҳазил сўзларини бирдек тинглаб, хокисорнинг изҳоридан нобакорнинг нафс қутқусигача барини юрак тубига ютолган қизнинг сабру бардоши, матонати беихтиёр ўйлантиради кишини…  Унинг ҳар лафзида тез-тез “Забаржад сўзим!” – дея онт ичмоғида ҳам шу турланмас-тусланмас сажиянинг акси бордек туюлаверади. Назаримда, Забаржад наинки Эркин Аъзам ижоди, балки кейинги йиллар ўзбек адабиётида ҳам аёл образини яратиш йўлидаги жиддий ҳодисалардан бири. Аёл характерининг дақиқ қирралари, сирли олами маҳорат билан тасвирланган асарлар ўзимизни қўя туринг, ҳатто дунё адабиётида ҳам кам учрайди. Камина билганларимдан Лев Толстойнинг “Анна Каренина”си, Гюстав Флобернинг “Бовари хоним”и, Теодор Драйзернинг “Бахтиқаро Керри”си ё Стефан Цвайгнинг “Аёл ҳаётидан йигирма тўрт соат” новелласи, яқинроқ келсак, Айтматовнинг “Жамила”сини эслаган бўлардим. Жаҳон адабиётининг муҳташам галареясидаги бу аёлларни ҳеч истисно ва ҳадиксиз Забаржад билан муқояса қилмоққа эҳтиёж сезаман. Негаки, улар ҳам ҳаёт ғам-ғуссалари, турмуш азобларини худди Забаржаддек мамнун қаршилаган, фожиасинида кулги ортига яширолган ва энг муҳими, аёллик тийнати ва эътиқодини сақлаб қололган эди. Эркин Аъзам жаҳон адабиётини кўп ва хўп ўқийдиган ижодкор, классиклардан тортиб “Нобель” олаётган салафларгача бирортаси устоз адибнинг назар-эътиборидан четда эмас. Шунданми, Забаржад образи ҳам алланечук ғарбона тафаккурнинг маҳсулидек туюлади, унинг феъл-атвори, гап-сўзи ҳаққи-рости ўзбек аёлларига ўхшаб кетавермайди. Бунинг боиси шуки, Забаржад миллий қобиғдан чиқиб, умуминсониятга бўйлашган образ, унинг дарди бир миллатники эмас, башарники, бундай хулосага келиш учун фильмни томоша қилиш камлик қилади, албатта, киноқиссани ўқиш лозим!

Китобга киритилган “Қарздор” киноқиссаси ҳам жиддий мушоҳадага чорлайди. Аввало асарнинг номи дафъатан савол уйғотади: Қарздор ким?  Кимдан қарз олган экан ўша мардум? Киноқиссани ўқиш жараёнида ҳамма жумбоқлар ойдинлашади: йўқ, бу ерда гап  шунчаки олди-бердидан иборат қарз ҳақида кетмаяпти. Асарнинг бош қаҳрамони Баҳром исмли йигит мудом маънавий қарздорлик ҳисси билан яшайди: бир томондан Россия диёрида тентираб юрган акасини яна оиласи бағрига қайтармоқ учун ёниб-куйса, иккинчи томондан киракаш тоғанинг ҳолига яраб, ўз манфаатини ҳам четга суради. Яна бир ёғи шахматга муккасидан кетган ўспирин жияннинг истеъдоди кўз очиши учун ғамхўрлик қилиш, институтда ўқийдиган қиз жияннинг контракт пулини тўлаб, камига суюқ домласининг танобини тортиш, ҳамқишлоқларнинг дуо-хайрини оламан деб арзонгаровга таксичилик қилиш, шоир дўстининг дарду изҳорини эшитиб, маслаҳатгўй бўлишу, энасининг иссиқ-совуғидан хабар олишгача бари-бари шу йигитнинг чекига тушган. Табиийки, ўйлаб қоласиз: нима Баҳром омонат умрини бировлар учун тилаб олганми? Ўзи учун қачон яшайди?  Шунча югур-югур, куйиб-пишишдан не наф? Йўқ, Баҳром учун шундай ҳаёт беҳроқ, мудом жонсарак, безовта яшаш, кимнингдир кори хайрига яраш, ўзбинликдан кечиб, ўзганинг ғаму ташвишига шерик бўлиш, ажабки, буларнинг бари учун ўзини қарздор ҳисоблаш – қаҳрамонимизнинг ҳаёт фалсафаси. Бугун ёппасига қидираётганимиз замон қаҳрамони шу кишим эмасмикан? Ахир, қаҳрамонликнинг энг олий даражаси шундай бўлмайдими?

Китобга сарлавҳа бўлган “Танҳо қайиқ” киноривояти ҳақида тўлқинланиб, ёйилиб фикр айтишга асос бор. Боиси бу асар кейинги йиллар миллий драматургиямизда чинакам ҳодиса бўлди.  Бир неча вилоят саҳналари, айниқса, Қашқадарё театрида фавқулодда зўр ўйналиб, пойтахтда ўтган “Сени куйлаймиз, замондош!” номли нуфузли театр фестивалида олий ўринга лойиқ кўрилди. Асар ўз бадиийяти ва драматизми билан ҳам замонавий, ҳам ижтимоий-фалсафий мавзуларга росмана эҳтиёж сезаётган театрларимизни уйғотиб юборди.

Асар бош қаҳрамони Орол бобо (аввалига Оролбола, кейин Оролтой, Оролбой) умри бир жойга борганида, кексалик ҳузр-ҳаловатидан воз кечиб, атрофига уч-тўрт ёш-ялангни йиғиб, Оролга сув келтириш ҳаракатида юрибди. Бундайроқ ўйлаб қарасангиз эртакнамо бир вазият, эҳтимол ривоят дейилгани ҳам шундандир?! Ахир дунёнинг не-не олиму нотиқлари, раҳбару сиёсатчилари катта-катта издиҳому анжуманларда нутқ сўзлаб, Оролни қутқариш ҳақида бонг урмасин, бу фожиа кўз ўнггимизда тобора реаллашиб бораётган бир палла шу қариянинг қўлидан не ҳам келарди? Бироқ бу ҳам асар ҳақидаги юзаки таассурот холос. Асли Оролга сув келмаслигини Орол бобонинг ўзи ҳам яхши билади. Бунда Орол шунчаки восита холос, асосий гап  инсонларнинг  маънан қуриб бораётган ботиний  “Орол”и ҳақида кетаётир, буни синчков китобхон дарҳол фаҳмлайди. Ҳа, адиб Орол баҳона инсон руҳиятидаги ғоят мураккаб масалаларга жавоб излайди, умрини рўёга сарфлаётган чол тимсолида виждони уйғоқ, эътиқоди мустаҳкам қаҳрамонни яратади. “Мана, келди! Ахийри келди! Сув, сув!.. Оролимиз сувга тўлди, одамлар! Яшасин, дод! Шу кунни кўрдим-а! Энди ўлсам армоним йўқ…(Қўлларини кўкка чўзиб.) Омонатинг ол, эгам! Розиман, барига розиман! Шукр, шукр…” .  Орол бобонинг забонидан янграган шу сўзлар ҳақиқат бўлишига биз ҳам ишонгимиз келади.

“Сув ёқалаб” киноқиссаси ҳам фалсафий идрок этиладиган асарлардан.  Собиқ раис Болта Мардон шунча йил мансабда ўтириб, виждони, эътиқодига хиёнат қилмаган, эл-улус, қавми қишлоққа баҳоли қудрат хизмат қилган фидойи инсон. Бироқ  раиснинг кўнглини мудом армон ўртайди: ҳамқишлоқларининг ҳаммаси ҳам ундан розимикин? Узоқ йил раҳбар бўлиб қишлоғига сув келтиролмаса, қувраб қолган боғ-роғни яшнатолмаса, бу не кўргулик?  Шу зайл умри бир жойга борган отахон қашқа отини эгарлаб, икки ўғлини ёнига соладида, сув ёқалашга жазм қилади. Сув бу – рамз, асарда учровчи Ҳамро бобо таъбири билан айтганда, “Сув келтиргану сувни кўрганнинг йўли ойдин бўлади. Сув – ёруғлик”.

Болта Мардон сув ёқалаш асносида дўсту ёронлари, ҳамқишлоқлари билан кўришиб, кўнгил ёзади, дилдан гурунглашади, гоҳи шу кунларга етгани учунг шукроналик туйса, гоҳи ўтмиш хотираларини эслаб, орзиқиб кетади.  Аммо сув бўйида фақат эзгулик  уруғлари унмас эканда, оқ  ва қора, нур ва зулмат бир-бирига ёндош юради, азалнинг ҳақиқати шу!  Қаҳрамонимиз саргузашт давомида замонанинг “ажиб ҳодисалари”га гувоҳ бўлади, нафсга қуллик, танбаллик, ялтоқланиш, фисқу фасод, ғаламислик, маккорлик ва яна жамиятни тубанликка элтаётган иллату қусурлар шундоққина кўз ўнгида чарх уради. Шуларнинг бари юрагини ўртаб, интиҳога етаётган умрини баттар қисқартиради, асаб толалари, ҳужайраларини кемириб, бори умидларини ҳам сўндиради. Алал-оқибат раиснинг вафоти  воқеликка хотима ясайди, унинг жанозасида ўша сув бўйидагиларнинг бари қоим бўлади, шу куни қишлоқнинг виждони ерга қўйилади.

Тут билан боғлиқ метафора ҳам ғоят муҳим топилма. Асар муқаддимасида Болта Мардоннинг тушига отаси киради ва тут дарахтини кесганидан ўксиниб, дашном беради. Шундан кейин у йўлга отланади, ота руҳини безовта қилган сабабларни ахтаради.  Якунда  Болта Мардоннинг вафотидан сўнг қадимий тут яшнаб турган азамат дарахтга айланади.  Тут – узоқ яшайдиган, серҳосил дарахт.  Эсимда, болалик йилларим ҳовлимизнинг ўртасида танаси нуроний инсондек серажин, шох-шаббаси соя, меваси дармон берувчи баланд тутимиз бўларди. Негадир тут менга бетаъма, беминнат ўсадиган дарахтдек туюлади, ортиқча парвариш қилмасанг ҳам ҳосил бераверади. Болта Мардоннинг тақдирини ҳам қари тутга менгзаш мумкин.  Бир умр эл дарди билан яшаган одамга куча-куйдаги мардумак “сиёсат қиладими, қилмайдими, даври ўтди-да энди” – дея маломат ёғдирганида, қовжираб қолган тутга болта ураётган ўтинфурушлар кўз олдимга келади. Бу каби рамзлар, тагматндаги фалсафа фикрловчи инсонни руҳан юксалтиради, ҳаётнинг кўз илғамас ҳақиқатлари, теран моҳиятини англашга,  тафаккур қилишга чорлайди.

“Ошиқкўнгил пакана” дея номланган сценарий адибнинг “Пакананинг ошиқ кўнгли” номли машҳур қиссаси асосида ёзилган бўлиб, бирмунча енгил кулги, ўйноқи юморга асослангани боисми юқоридаги фалсафий асарлардан алоҳида ажралиб туради. Лекин зийрак ўқувчи бунда фақат шакл ўзгарганини, ёзувчи ҳамон тагмантларда теран ғояларни ўртага ташлаётганини сезиб туради. Қаҳрамонимиз Шамшодбек асли бинойидек йигит, аммо табиатнинг ҳазилими ё “ҳар тўкисда бир айб”ми, хуллас Худо уни бўйдан қисган. Шундай бўлсада, асло кўнглини чўктирмайди, бундан ҳам бир ҳикмат излаб, ҳаммо қатори яшашга, ҳаётдан гўзаллик излашга интилади. Радиодан таралаётган “Маълумки, японлар бошқа халқларга нисбатан бирмунча паканароқ келади… Шунга қарамасдан, япон халқи ўзининг меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги ва зукколиги билан жаҳонга машҳур”  каби фикрларни эшитганда, кўнглида алланечук умид пайдо бўлади. Аммо Шамшодбекнинг муҳаббат бобида омади юришавермайди. Суйгани Шодия “… андаккина тикроқ бўлганингизда эди” – дея юрагини ўртовчи сўзларни айтиб тургач, бизнинг пакана тинч яшармиди? Хуллас бўйи пастлигидан ёзғириб, аламдийда бўлиб юрган қаҳрамонимиз чунонам бўйдан берган дароз ҳайдовчи билан танишиб қолади. Икки оғайни обдон ҳасратлашади. Дароз Шамшодбекни етаклаб, сеҳргар япон чолнинг ҳузурига олиб боради. Афсуннинг каромати билан пакана азалий орзусига етади – энди у ҳам новча! Икки дароз ҳовлидан чиқаётганида, “Шамшодбек тажрибасизлик ва эҳтиётсизлик орқасида пешонасини эшик кесакисига уриб ғурра қилади”.  Шунда дўсти майна қилиб, “Ана, оғайни, новча бўлиш ҳам осон эмас. Бу – бошланиши ҳали…” – дея собиқ паканани олдинда кутаётган машаққатларга ишора қилади. Якунда шундай бўлади ҳам. Шодиянинг орқасидан эргашиб, “Ахир, мен ўша, ўзингиз билан Шамшодман!” – дея ялиниб-ёлворса ҳам қизгина тушмагур “Шамшод? Сиз унинг тирноғига ҳам арзимайсиз! У бутунлай бошқа олам эди!” – деганича садпора юракни баттар ўртайди. Камига хотини ва қизлари уйдан қувиб солади. Шу тариқа пакана бир кун ичида новча бўлганидан пушаймон бўлади. Хайриятки, бу воқеалар қаҳрамонимизнинг тушида содир бўлади…  Шу маиший ҳаёт, оддийгина қаҳрамонлар орқали муаллиф қандай ғояни илгари сураётганини англаш қийин эмас.

Эркин Аъзамнинг деярли барча киноқиссалари тасмаларга кўчиб, кино мулкига айланган бўлсада, барибир режиссёрлар экранда бу асарларни том маънода инкишоф этолмагани, бадиий моҳияти, эстетик олами, поэтикасига чуқур кириб боролмаганини қайд этиш лозим. Бу фикр матн ва фильм муқояса қилинганда, ўз тасдиғини топади. Биз бу билан адиб асарларини экранлаштирган кинорежиссёрлар ижодини инкор этмоқчи эмасиз, асло. Зотан, Юсуф Розиқов, Жаҳонгир Қосимов, Баҳодир Одилов, Айюб Шаҳобиддинов каби турли авлодга мансуб кинорежиссёрлар миллий кинематографиямизда Эркин Аъзам феномени кашф этилишига озми-кўпми ҳисса қўшишди. Айниқса, устоз адибимиз кино санъатига кириб келиши ва муваффақиятларга эришмоғида атоқли кинорежиссёр Юсуф Розиқовнинг хизматлари беқиёс бўлганини кўп бор таъкидлайди. Буларнинг барини назарда тутган ҳолда айтамизки, фильмлар алоҳида мавзу, бироқ мутолаадан олинадиган таассурот, туйғулар бўлак.

Мазкур китобнинг зарурати ҳақида ҳам икки оғиз. Шу вақтга қадар на киношунос олимлар, на тажрибали кинодраматурглар томонидан киносценарий ёзиш қоидалари, назарий масалаларига бағишланган бирор тузукроқ дарслик ё қўлланма яратилди. Асли киносценарий ёзишни ўргатиш ҳам мушкул вазифа. Бунинг энг мақбул йўли адабий жиҳатдан бақувват киносценарийларни мутолаа қилиш назаримизда. Шу маънода Эркин Аъзамнинг “Танҳо қайиқ” деб номланган ушбу китоби айни эҳтиёжни қондириши ва ёш сценарийнавислар учун тайёр дарслик бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Қолаверса, китоб адабий ҳаётимизда киноқисса жанрининг оммалашишига туртки беради ва бошқа ёзувчиларимизни ҳам шу жанрда қалам тебратишга илҳомлантиради, деган умидимиз бор.

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Эркин Аъзам. Жаннат ўзи қайдадир – Тошкент: Шарқ, 2007.
  2. Эркин Аъзам. Танҳо қайиқ – Тошкент: Шарқ, 2017.
  3. Шуҳрат Ризаев. Изтироб санъати –Тошкент: Янги аср авлоди, 2013.

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.