ХАЛҚИМИЗГА МУКАММАЛ АЛИФБО КЕРАК!
Энг миллий бойлик
“Миллий бойлик” тушунчасига кўп нарса киради. Лекин тил – ҳар қайси халқнинг бирламчи ва энг муҳим бойлиги, миллий хазинаси, улкан бисоти. Забон борки, миллат бор. Шунинг учун тилга муносабат миллий давлат сиёсатининг ҳам ўзак-ўзагини ташкил этади.
Бугун лотин ёзувининг афзалликлари, унинг асосидаги янги алифбога ўтаётганимизнинг тўғрилиги ҳақида алоҳида сўзлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Бунга замин бўлган омиллар кўплаб чиқишлар, жумладан ушбу сатрлар муаллифининг “Биз нега лотинга ўтяпмиз?” мақоласида[1] ҳам баён этилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербида “O‘ZBEKISTON” сўзи, миллий валютамиз купюраларидаги битикларнинг бари янги ўзбек алифбосида қайд этилган. Яқин келажакда мамлакатимизда расман кирилл ёзуви асосидаги эски алифбодан батамом воз кечилиб, тўлиқ янги алифбога ўтилади.
Лотин ёзуви дунёда шунчалар кенг ёйилганки, ҳатто, рус тили лотин ёзувини расман қабул қилмаган бўлса ҳам, интернет тизими, мобил алоқа компаниялари хабарлари рус тилида ҳам лотин ёзуви асосида мижозларга жўнатиляпти. Эронда араб ёзуви асосидаги форсий алифбо ишлатилса ҳам, аҳолининг муайян қисми электрон тармоқларда бир-бири билан лотин алифбоси ҳарфларидан фойдаланиб ёзишади. Чунки компьютер тизими лотин ёзувини ҳарф деб кўради, бошқа ёзувларни эса суврат деб билиб, уни ўқишга керагидан ортиқ кўп вақт сарфлайди.
Хуллас, лотин ёзуви бугунги кунда энг қулай, энг замонавий ёзув эканига шубҳа қилиб ёки баҳслашиб ўтиришга асло ҳожат йўқ.
Кечикиш оқибатлари
Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганига 26, “Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонуни қабул қилинганига эса 24 йил бўлди. Шунга қарамай, ҳали-ҳамон бу янги алифбога ўтганимиз йўқ. Ҳолбуки, Озарбойжон Республикасида 2001 йилиёқ лотин ёзуви асосидаги янги алифбо тўлиқ жорий этилди. Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Ҳеч ким норизолик ҳам қилгани йўқ. Ҳеч ким янги алифбода ўқиёлмай, саводсизга айланганиб қолгани ҳам йўқ.
Бизнинг нимадан эҳтиёт бўлаётганимиз – номаълум.
Янги алифбога ёппасига ўтмаганимиз айримларнинг: “Кирилл алифбоси яхшироқ эмасмикан?” – деган мулоҳазага бориши учун хамиртуруш вазифасини ўтади. Хамир кўпчигандан кўпчиб бораверди. Яқинда айрим матбуот нашрларида баъзи фуқаролар айнан кирилл ёзуви асосидаги алифбода қолиш ғоясини жон куйдириб тарғиб қила бошлади ҳам.
Ҳолбуки, халқнинг келажагини ўйлаган одам биз учун лотин ёзувидан яхшиси йўқлигини дилдан ҳис этади, албатта.
Қатъиятлар, қатъиятлар…
Бугун бизни бошқа масала қизиқтиради: нега лотин ёзуви асосидаги янги қабул қилинган алифбомиз ҳали ишлатиб-ишлатилмай бир марта ислоҳ этилди?
Янги ўзбек алифбоси инглиз тили учун чиқарилган, демакки, дунёда энг кўп қўлланадиган компьютер клавиатурасига мос бўлсин, дейилди. Яхши қатъият. Мантиқ йўқ эмас. Шундай қилинди ҳам.
Лекин…
Кўп йиллик тажрибалар бу ислоҳни ҳам яна қайта ислоҳ қилишни тақозо этяпти.
Бир ортиқча ҳарфга не ҳожат?
Бозор иқтисодиёти жараёнида яшаяпмиз. Ҳар лаҳзамиз – пул. Ортиқча сарфланган ҳар қандай вақт – амалда, бекорга харажат қилинган маблағ, деган гап. Ҳар гал 29 дақиқада ёзиш мумкин бўлган матнни 30 дақиқада ёзсангиз, яъни ҳар ярим соатдан бир дақиқасини бекорга сарфласангиз, йиғилиб-йиғилиб бу қанча вақтга айланади-ю, амалда қанча пулдан маҳрум бўласиз? Чунки бошқалар ана шу сиз бекор кетказган вақтда ҳам нимадир ишлаб чиқариб, мўмай даромад топади-да.
Хуллас, биз алифбомизга бир ортиқча ҳарф киритганмиз. Гап “ch” ҳарфи ҳақида кетяпти. Табиий савол туғилади: нима учун “ч” товуши ифодаси учун “c” ва “h” ҳарфлари қўшилмаси қабул қилинди? Ахир, янги алифбомизда “c” ҳарфи бошқа ҳеч қандай вазифа бажармайди-ку. Фақат бир ўринсиз мулоҳаза ўртага тушган бўлиши мумкин. У ҳам бўлса – “c” лотин ёзуви асосидаги айрим миллий алифболарда кирилл ёзувидаги баъзан “ц”, баъзан “с” ва баъзан “к” товушларини ифодалаб келиши.
Лотин ёзувидаги ҳарфлар унинг асосидаги миллий алифболарда айнан қандай товушни ифодалаш учун ишлатилгани биз учун бирламчи аҳамиятга эга эмас. Чунки ўз миллий алифбомизни яратиш қатъиятига амал қилганмиз. Бунда айрим лотинча ҳарфлар фақат биздагина хос товуш ифодаси учун ишлатилиши йўлидан юрилган. Масалан, лотин ёзувидаги “х” айрим миллий алифболарда айнан “кс” товуши ифодаси учун ишлатилади. Биз уни “хато” сўзи бошида келадиган “х” ифодаси учун қўллаймиз. Ёки “j” ҳарфи айрим миллий алифболарда кирилл ёзувидаги “й” ўрнида келади. Биз уни “жўра” ҳамда “жаргон” сўзлари бошида келадиган икки товуш учун қабул қилганмиз.
Демак, алифбомизга киритиладиган биринчи ўзгариш айнан “ch” ҳарфлар қўшилмасидаги “h”дан бутунлай воз кечишдан иборат бўлиши керак.
Бир имконни бой бермайлик!
Ўзбек тилида тарихан битта “в” товуши мавжуд эди. Бу – лабланмаган “в”. У амалда “у”га жуда яқин келгани учун ҳам араб ёзуви асосидаги эски ўзбек алифбосида “в” ҳамда “у” товушлари учун битта “вов” (“و”) ҳарфи қабул қилинган. Келиб чиқиши туркий (ўзбекча), арабий ва форсий бўлган сўзларда “в” худди инглиз тилидаги “даблю”, яъни “w” каби лаб лабга тегмаган ҳолда талаффуз қилинади: “валдирамоқ”, “вайсамоқ”, “войбўй”, “виқ-виқ”, “вақт”, “Ватан”, “аввал”, “савлат”, “лавҳа”…
Бироқ XIX асрнинг охирларидан бошлаб тилимизга рус тили орқали рус ва бошқа Ғарб тилларидаги лабланган “в” товуши иштирок этган кўп-кўп сўзлар ҳам кириб келди. Араб ёзуви асосидаги эски ўзбек алифбосига ҳам, лотин ёзуви асосидаги 1929 – 1939 йиллар ишлатилган ўзбек алифбосига ҳам, ҳатто, мана, лотин ёзуви асосидаги янги ўзбек алифбосига ҳам бу биз учун янги товуш ифодасига алоҳида ҳарф олишни ўйламадик, уни ҳам битта ҳарф (“و” , “v”, “в”) билан ифодалаб кетавердик.
Оқибат нима бўлди?
Шўро даврида икки таниқли навоийшуноснинг “Навоий” сўзини ғалати талаффуз қилишидан ҳайрон қолар эдим. Энди ўйласам, улар бу сўздаги “в” товушини айнан русча, яъни лабланган ҳолда талаффуз қилар экан. Бу қулоққа худди “Нафоий” дегандек эшитилади. Гап шундаки, рус тилида биздаги лабланмаган “в” (яъни “даблю” – “w”) товуши, умуман, йўқ. Шунинг учун руслар буюк инглиз шоири Шекспирнинг исми – “Wilyam”ни с “Уильям” деб ёзишади. Натижада аслида икки бўғинли бўлган исм русчада уч бўғинли бўлиб қолади. Биз ҳам русларга кўр-кўрона эргашиб, боз устига, тилимизда инглизча билан бир хил талаффуз қилинадиган таппа-тайёр “в” (“w”) товуши бўла туриб, “Уильям” деб ёзамиз. Бир давлатнинг номини “Уэльс” деб, яъни икки бўғинли қилиб ёзамиз ва ўқиймиз. Ҳолбуки, аслида, бу – “Вельс” деган давлат. Руслар, азбаройи уларда лабланмаган “в”, яъни “w” йўқлиги учун шундай йўл тутишган. Ёки “шоу” деган сўзни олайлик. У ҳам – аслида, “шов”, яъни “show” деган бир бўғинли сўз. Бундан кейин худди шундай инглиз тилидан кўп-кўп сўзлар кириб келади.
Ҳозир эса тилимизда русчадан лабланган “в” (яъни “v”) товуши иштирок этган шунчалар кўп сўз кириб келганки, уни ўзбекча “в” билан талаффуз қилиш мутлақо хато бўлур эди.
Мактабда “в” (лотин ёзувида “v”) ўқитилаётганда камдан-кам ўқитувчи у тилимизда бир-биридан кескин фарқ қиладиган икки товушни ифодалашини айтади, ўргатади.
Рус тили орқали кириб келган сўзларни ўзбекча “в” билан талаффуз қилаётганимиз бир хато бўлса, ўзимизнинг туркий, форсий, арабий сўзлардаги “в”ни русчадагидек лабланган “в” товуши билан талаффуз қилаётганимиз дард устига чипқон чиққандек бўляпти. Ҳатто, Ўзбекистон халқ артистларининг айримлари ҳам саҳнада, телевидение кўрсатувларида “вафо”, “Ватан”, “вақт”, “гавҳар”, “лавҳа” каби оддий-оддий сўзларимизни худди ўзбек тилини энди ўрганаётган ажнабий каби “фафо”, “фатан”, “фақт”, “гафҳар”, “лафҳа” деганга яқин тарзда айтяпти.
Бу кетишда яқин келажакда тилимиз тамоман вайрон бир ҳолга келиб қолади. Кейин уни ҳеч ким тузата олмайди.
Нима қилиш керак?
Келинглар, алифбомизга “w” ҳарфини худди инглиз тилидагидек лабланмаган “в” товуши ифодаси учун ишлатайлик.
Ана ўшанда “вокзал”, “вольфрам”, “объектив”, “субъектив”, “нерв”, “вольт” каби сўзлардаги “в”ларни ҳам аслидагидек, яъни лабланган ҳолда, бошқача айтганда, “ф”га яқинроқ тарзда талаффуз қиладиган бўламиз.
Модомики, тилимизга инглиз тилидан кўп-кўп сўзлар кириб келиши жараёни бошланган экан, бу икки товуш учун алоҳида-алоҳида ҳарф қабул қилиш – ўта муҳим масала бўлиб бораверади.
“Жўжа”даги “ж” – бошқа, “жандарм”даги “ж” – бошқа
Нима учун кирилл ёзуви асосидаги алифбодан лотин ёзуви асосидаги янги алифбога ўтяпмиз?
Аввало, тилимиздаги товушларни максимал даражада тўғри ифодалаш учун!
Шундай экан, келинг, шу йўлни маҳкам тутайлик. Яъни ҳозир – пайти. Чунки ҳали лотин ёзуви асосидаги янги алифбога тўлиқ ўтганимизча йўқ. Имкон борида олдиндан ишни пухта қилайлик. Бира-тўла алифбомизни мукаммаллаштириб, кейин ёппасига уни қўллашга ўтайлик.
Арабий ва туркий тиллар учун жарангсиз “ж” товуши хос эмас. Араб ёзуви асосидаги форсий алифбога жарангсиз “ж” товушини ифодалаш учун махсус бир ҳарф (“ﮊ”) қўшилган. Туркий тилга форсийдан ўтган ана шу жарангсиз “ж” товуши учун шу ҳарф араб ёзуви асосидаги эски ўзбек ёзуви таркибида ҳам қолган. Ҳозирги тожик алифбосида ҳам бу икки ҳарф алоҳида-алоҳида ифодаланади. Яъни “жўжа”даги “ж” учун – бошқа (“ҷ”) ва “жанда”, “аждар”, “аждаҳо”даги жарангсиз “ж” учун бошқа (“ж”) ҳарф олинган.
Биз учун йўл шу йўл бўлиши керак. Яъни лотин ёзуви асосидаги янги алифбомизни мукаммаллаштириш ниятида бўлсак, “j”ни “жўжа” сўзида келадиган жарангли “ж” учун қолдириб, “жандарм”да келадиган жарангсиз “ж” учун янги ҳарф танлашимиз лозим. Бунинг учун қандай ҳарф танланишининг катта аҳамияти йўқ.
Ҳақиқат йўлида орқага қайтиш айб эмас. Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида” 1993 йил 2 сентябрдаги қонунида жарангсиз “ж” товуши учун “Ɉɉ” ҳарфи қабул қилинган эди. Икки бир-бирига яқин товуш учун шаклан ўхшаш, биргина фарқ (бу ерда бели боғлангани) билан ҳарфлар қабул қилиш тажрибасини кирилл ёзуви асосидаги алифбомизда “х” ва “ҳ” мисолида кўрдик. Бу кўп хатоликларга сабаб бўлди. Ҳозир бу икки товуш учун бир-бирига ўхшамайдиган ҳарфлар (“х” ва “h”) билан ифодаланаётгани учун хатолар, бир оз бўлса-да, камайди.
Шуларни ҳисобга олиб, камина бир таклиф сифатида, “жандарм”га кетадиган жарангсиз “ж” учун, масалан, “Ȥȥ” ҳарфини киритиш керак, деган бўлардим.
Бу масаланинг яна бир нозик ва аҳамиятли жиҳати бор. Бундан буён тилимизга инглиз ва бошқа Ғарб тилларидан кўплаб сўзлар олинаверади. Рус тилида жарангли “ж” товуши йўқ. Шунинг учун улар бу товушни аниқ ифодаламоқчи бўлса, олдига “д” ҳарфини қўшиб, “дж” тарзида ёзишга мажбур. Бироқ кўп ғарбона сўзлардаги жарангли “ж” рус тилига жарангсиз “ж” бўлиб ўтаверган. Биз русчадан олиб, масалан, жарангли “ж” билан бошланадиган “журнал”(“jurnal”)ни жарангсиз “ж” билан бошланадиган “журнал” (“ȥurnal”) деб олганмиз.
Қувонарли томони шундаки, 1993 йилнинг 2 сентябрида тасдиқланган янги ўзбек алифбосида “жўра”га кетадиган “ж” учун алоҳида (каттаси учун – “J”, кичиги учун – “j”), “жандарм”га кетадиган “ж” учун алоҳида (каттаси учун – “Ɉ”, кичиги учун – “ɉ”) ҳарф қабул қилиниб, тўғри йўл тутилган эди[2].
Ахир, миллий алифбода ҳар бир товуш учун алоҳида ҳарф бўлса, қандай яхши.
“О”ларнинг олам-олам “можаро”си
Ҳозирги ўзбек адабий тилида амалда уч хил “о” бор.
Б и р и н ч и с и – туркий “о”. “Она”, “ота”, “бобо”, “опа”, “бола”, “олма”, “овул”, “оз”, “қон”, “қош” каби сўзларда айнан шундай “о” иштирок этади. У талаффузда қисқароқ бўлади. Шеваларда осонгина бошқа қисқа унлига айланаверади – “эна”, “бува”, “апа”, “алма”, “бала”, “авул”, “ав”, “аз” (“азгина”) бўлиб қолаверади ҳам.
Шунинг учун тилимиз табиатини ич-ичдан билган, яъни зукко шоирлар, ҳатто, “она” сўзини “мардона” сўзига қофия қилмайди. Чунки “она” сўзидаги “о”га урғу тушмайди, асли форс-тожик тилидан олинган “мардона” сўзидаги “-она” қўшимчасининг “о” товушига урғу тушади. Қайси бир нўноқроқ шоир “она”ни “мардона”га қофия қилса, шеърхон – туркий “она” сўзини “о(-о-)на” тарзида, яъни “о”га сунъий равишда урғу бериб, чщзиб ўқишга мажбур.
И к к и н ч и с и – арабий-форсий сўзлардаги “о”. “Одам”, “оила”, “олим”, “боғ”, “ор”, “осмон”, “деҳқон”, “гулзор”, “доно” каби сўзлардаги “о”лар туркий сўзлардаги “о”га нисбатан очиқроқ, чўзиқроқ, каттароқ тарзда талаффуз қилинади.
У ч и н ч и с и – русча ва рус тили орқали кириб келган сўзлардаги “о”. “Объектив”, “ток” (“электр токи” маъносида), “донор”, “домино”, “контраст”, “коррозия”, “округ”, “октава”, “орган”, “оториноларингология”, “офицер”, “официант” сўзларидаги “о” шундай товуш ҳисобланади. Аслида, бу “о” туркий ва арабий-форсий “о”ларга товуш сифатида кўп яқин келмайди.
Рус тилининг қоидасига кўра, урғу тушмаган “о”лар талаффузда амалда “а” ёки “и”га айланиб кетади. Урғу тушган “о”лар эса биздаги “о” билан “ў”нинг ўртасидаги алоҳида бир товуш билан айтилиши лозим.
Ўзбек тилида эса аксарият ҳарфлар ўз ўрнида тўғри талаффуз қилиниши қоидасига амал қилинади. Бошланғич синф ўқувчилари рус тилидан ва рус тили орқали кириб келган бу сўзларнинг барини “о” билан ўқийди: “абъектив” дейиш ўрнига “объектив” дейди, “тўк” дейиш ўрнига худди узумнинг токини айтаётгандек, “ток” дейди. Бу сўзларни тўғри талаффуз қилишга ўтгунига қадар анча йиллар кечади. Қоидага: “Ўзбек тилида ҳарфлар қандай ёзилган бўлса, шундай талаффуз қилинади”, – деган қатъиятни киритганмиз. Русчадан кирган сўзларга келганда эса бу қоидани ўзимиз бузамиз.
Ахир, тил ўзимизники бўлса, нима учун ўз эркимиздан ўзимиз фойдаланмаслигимиз керак? Оқибатда икки хиллик келиб чиқади. Бу эса она тилини ўрганишни жуда мураккаблаштиради. Тил ўрганиш мураккаблашдими, боланинг ақлий фаолияти сустлашади. Бошқача айтганда, бошланғич синф ўқувчиси, аслида, жуда соддалаштирилиши мумкин бўлган нуқталарда қийналиб, керагидан ортиқ вақт ва ақлий куч сарфлаб қўяди. Бундан миллат ютқазади.
Муаммони ечиш учун икки йўл тутиш керак. Биринчиси, рус тилидан ва рус тили орқали кириб келган сўзлардаги “о” товушини ифодалашда уни талаффузга мослаш усуслини қўллаш зарур. Масалан, “ток”, “фон”, “станок”, “террор”, “округ”, “образ” каби сўзларда келган “о”ларни бемалол ўзимизнинг “ў” билан ифодалайверса, бўлади. “Трактор”, “селектор” каби сўзлардаги “о”ни биз амалда “и” билан талаффуз қиламиз. Шунинг учун бу сўзларни “трактир”, “селектир” тарзида ифодаласак, ўзбек тилидаги қандай ёзилган бўлса, шундай ўқиш қатъиятига амал қилган бўламиз. Болаларимиз ҳам қийналмайди, катталаримиз ҳам. “Объектив”, “отряд”, “октава”, “офицер” каби сўзлардаги келган “о”ларни, урғу тушмагани учун, русларнинг ўзи ҳам “а” тарзида талаффуз қилади. Биз уларни ўзбек тилида бемалол “абъектив”, “атряд”, “актава”, “афицер” деб ёзишимиз лозим. Деярли ҳамма шундай қилади. Узоққа бормайлик, мана, қозоқ қардошларимиз, масалан, асли арабча бўлган “ахборот” сўзини ўз тилларига мослаб, бемалол “ақпарат” деб ёзишаверади. Ёки улар русча “область” сўзини қозоқчасига ёзувда ҳам, оғзакида ҳам “облыс” деб ишлатишаверади.
Руслар “Одил”ни “Адил”, “Қўчқор”ни “Кучкар”, “чойхона”ни “чайхана”, “Жўра”ни “Джура”, “Холтой”ни “Халтай”, “Аҳмадов”ни “Ахмедов” тарзида ёзиб келяпти, ҳеч нарса деяётганимиз йўқ-ку. Улар бизда бор-у, ўзларида йўқ товушларни ўзларида бори билан ифодалаб кетаверади. Шундай экан, биз нега айнан рус тилида қандай бўлса, шундай ёзишимиз керак? Биргина “ы” ва “щ” ҳарфларини “и” ва “шч” деб ифодалашимизни айтмасак, русча ҳар қандай сўзни айнан ёзиб келамиз.
Бу борада шу қадар муккасидан кетганмизки, асти қўяверасиз.
Рус алифбосида “ё” ҳарфи мавжуд. Лекин рус тилининг имло қоидаларига биноан, “ё” ўрнига “е” ёзиб кетавериш мумкин. Лекин у ўрнига қараб “ё” ўқилаверади. Ҳатто, 1983 йили чоп этилган икки жилдли “Русча-ўзбекча луғат”да “е” ва “ё” ҳарфлари билан бошланадиган сўзлар бир гуруҳда берилган. Бизда бундай қоида йўқ: ҳамма жойда “е”ни – “е”, “ё”ни – “ё” деб ёзишга мажбурмиз. Шунга қарамасдан, собиқ Иттифоқнинг биринчи раҳбари бўлган икки шахснинг фамилиясини йиллар мобайнида ўзбек алифбоси ва тилимизнинг имло қоидаларига тамоман зид равишда хато ёзиб келганмиз: “Хрушчев” ёзганмиз, “Хрушчёв” деб ўқиганмиз, “Горбачев” деб ёзганмиз, “Горбачёв” деб ўқиганмиз.
Кўр-кўроналик, бир миллатга қуллуқ қилиш бундан ортиқ бўлмаса керак!
Алифбомизда “ғ” (“g‘”), “ў” (“о‘”) “ш” (“sh”) “дахмаза”лари
Вақт – пул. Вақт – умр. Вақт – тараққиёт.
Тараққиётга эришган борки, вақтдан ютган.
Биз-чи?
Лотин ёзуви асосидаги янги ўзбек алифбосида “g‘” ҳамда “о‘” ҳарфларини ёзиш учун клавиатурада аввал “g” ёки “о” ҳарфлари тугмачаларини босамиз. Кейин “қўйиш” (“вставка”) орқали “символ” дастурига кириб, “‘” белгисини “Alt” биланми, “Ctrl” биланми икки тугмача орқали ёзиладиган қилиб, бирор жойга ўрнатиб оламиз. Компьютеримиз буни хотирасида узоқ сақласа-ку, хўп-хўп. Бўлмаса, шу икки ҳарфни ёзиш маҳали ҳар гал шунча ишни яна қайтадан бажаришга мажбурмиз. Битта катта “G‘”ни ёк “О‘”ни ёзиш учун камида олтита тугмачани босишга тўғри келади.
Эҳ-ҳе, эссиз шунча вақт, шунча меҳнат!
Шу бизга зарурми?
Бошқа осонроқ йўлини топиш компьютерлар асрида шунчалар қийинми?!
Фикри ожизимча, биттаю битта йўл бор: орқага қайтиш, яъни 1993 йили дастлаб қабул қилинган лотин ёзуви асосидаги янги ўзбек алифбоси вариантини бошқатдан қабул қилиш керак. Унга кўра, “ғ” учун “g” устига белги қўйилади (каттаси – “Ğ”, кичиги – “ğ”), “ў” учун “о”нинг устига белги қўйилади (каттаси – “Õ”, кичиги – “õ”), вассалом.
Тажриба шуни кўрсатдики, кўпчилик тутуқ (“’”) белгисини “g‘” ҳамда “о‘” ҳарфларини ёзишда ишлатиладиган “‘” белгиси билан адаштириб ифодалайдиган бўлди. Ҳолбуки, тутуқ белгисида юқорида “9” рақамига ўхшаб кетадиган, “g‘” ҳамда “о‘” ҳарфларини ёзишда эса юқорида “6” рақамига ўхшаб кетадиган белги қўллаш керак. Ҳатто, айримларимиз бу иккаласи учун имло қоидаларида умуман бўлмаган “′” белгисини қўллайверадиган бўлиб кетдик.
Бир товуш учун икки ҳарф ишлатишимиз “sh” мисолида кутилмаган яна бир муаммони келтириб чиқарди. “Исҳоқ” исмини, тиббиётга оид “исҳақ”, зоологияга доир “исҳоққуш” сўзларини битишда сунъий равишда “s” билан “h” ҳарфлари орасига тутуқ белгиси (“’”) қўйишга мажбур бўлдик.
Бу эса “ш” товушини ҳам икки ҳарф (“sh”) билан ифодалаш тажрибасидан воз кечиб, ўрнига “š” ҳарфини қабул қилиш кераклигини тақозо этади.
Асл ўзбекона “нг” ва “нғ” товушлари “машмаша”си
Ҳар бир тилда шундай хос товуш бўладики, у бошқа забонларда айнан шу ҳолда учрамаслиги ҳам мумкин.
Бизда ҳам бор: бири – “нг”, иккинчиси – “нғ”.
“Ўзбекона” деб урғу бераётганимизга сабаб, бу товушлар, масалан, араб, форс-тожик, рус, турк, озарбойжон тилларида йўқ. Ҳатто, “нг” товуши ўзимизнинг айрим шеваларимизда ҳам барҳам еган. Тошкент, Жиззах, Қўқон, Фарғона, Марғилон шаҳарлари шеваларида “н” (“айтинг” – “айтин”, “келинг” – “келин”) ёки “й” (“олинглар” – “олийлар”, “юринглар” – “юрийлар”) ҳолатига айланиб кетади. Тили тожикча чиққан ёки мактабда русча ўқиган фуқароларимизнинг кўплари ҳам бу хос товушимизни “н”+”г” тарзида талаффуз қилади.
Кирилл ёзуви асосидаги алифбомизда бу товуш учун алоҳида ҳарф ёки ҳарфлар қўшилмаси акс эттирилмагани учун камдан-кам киши “нг”ни алоҳида товуш сифатида қабул қилди. Оқибатда “кў-нгил”, “си-нгил”, “де-нгиз”, “Чи-нгиз” каби сўзларимизни “кўн-гил”, “син-гил”, “ден-гиз”, “Чин-гиз” тарзида талаффуз қилиб, шу зайлда бўғин кўчирадиган бўлиб кетишди. Ҳолбуки, тилимизда “син-гил” (“син” маъносида), “кўн-гил” (“кўн” маъносида) деган сўзлар ҳам бор. Уларда “нг” товуши йўқ – “н” ҳарфи “н” товушини, “г” ҳарфи “г” товушини ифодалайди.
Ҳатто, адабий тилимизда ҳам “нг”нинг “н”га айланиш жараёни кечган. Тўйларимизда “Ёр-ёр” айтилади. Уларнинг айримлари:
Ҳай-ҳай ўлан, ёр ўлан-о, –
дея бошланади ҳам. Бунга ҳаммамиз кўникиб қолганмиз.
Ҳолбуки…
Алишер Навоий “Садди Искандарий” достонининг 56-боби якунида:
Муғанний тузуб чинга вазнида чанг,
Наво чекки: “Ҳай-ҳай ўланг, ҳой ўланг…”[3] –
деб ёзади. “Фарҳод ва Ширин”да ҳам “ўланг” сўзи қўлланади:
Самар сувлар бўлуб ойинаоҳанг,
Ўланг айлаб аён ул кўзгуда занг[4].
Демак, асли “ўлан” эмас, “ўланг” бўлган экан.
Ёки биз ҳозир инсон юзининг бир қисмини “ёноқ” деймиз. Ҳолбуки, Мавлоно Лутфий шеърларида бу сўз ҳар гал “янгоқ” тарзида келади[5].
Навоийлар замонида “сўнгак”[6] деб ишлатилган сўздаги “нг” товуши ҳам шевалардаги “нг”ни “й” деб талаффуз қилиш ҳодисаси таъсирида
“суяк”ка айланган.
Ўзбек тилида “нғ” товуши ҳам бор. Ҳали тилшунослигимиз буни тан олмаяпти. Тан олмаганининг исботи шуки, умумий ўрта таълим мактаблари учун чиқарилган дарсликларда ўзбек тилида “нғ” ундоши борлиги ҳақида маълумот берилганини билмайман. Майли, мусулмончилик – аста-секинчилик. Объектив асос борми, эртадир-кечдир, олимлар бор нарсани тан олишга мажбур бўлади.
Бу “нғ” товуши амалда “нг”нинг “ака”си ёки “ука”си. Баъзан сўз ўзагида “нг” бўлган товуш “нғ”га айланган ҳам. Масалан, тилимизда “ўнг” сўзи бор. Бу “чап” тушунчасининг зидди маъносида (“ўнг қўл”) ҳам келади, “қулай” деган маънода ҳам ишлатилади (масалан: “Мактабга шу йўл билан етиб олиш ўнгроқ”). Лекин тилимизда “ўнғай” деган шакл ҳам бор-да. Бу сўзни биз кўпинча “ўн-ғай” тарзида талаффуз қиляпмиз, бу – мутлақо хато, “ў-нғай” тарзида талаффуз қилиниши керак. Бу ҳам сўзнинг асли “ўнғ” бўлганига далил бўла олади.
Алифбода алоҳида акс этмаган бўлса ҳам, кирилл ёзувидан фойдаланиб келаётган даврларимизда ўзбек тили дарсларида ҳам иккита алоҳида ҳарф қўшилмаси сифатида ҳосил қилинадиган “нг” тилимиздаги ундош товушлардан бири экани ўқитилган. Аммо, шунга қарамасдан, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да кирилл ёзувида ҳарф сифатида акс этган барча товушлар ҳақида алоҳида-алоҳида мақолалар берилгани ҳолда “нг” товуши ҳақида ҳам, “нғ” товуши ҳақида ҳам мақола йўқ.
Ҳолбуки, тилимизда “нг” ва “нғ” минг йиллардан бери мавжуд. Маҳмуд Кошғарий ўзининг машҳур “Девону луғат ит-турк” асарида туркий тилда “нг” ҳам, “нғ” ҳам борлигини қайд этади. Бу икки товушнинг ҳосил бўлишини “ғунна” деб атайди. Асарни ҳозирги ўзбек тилига таржима қилиб, нашрга тайёрлаган олим Солиҳ Муталлибов бу ҳақда шундай изоҳ битади: “Ғунна – автор бу товушни икки турли деб кўрсатган: “н” билан “г”нинг бирикишидан ҳосил бўлган “ң” (масалан: “јӱң”[7]); “н” билан “ғ”нинг бирикишидан ҳосил бўлган “њ” (масалан: “будуњ”[8] ) каби”[9].
Алишер Навоий наздида ҳам “нг” товуши – алоҳида, жиддий, ўта муҳим масала. Улуғ шоир ва мутафаккир туркий аруз назариясини шакллантиришга бағишланган “Мезон ул-авзон” рисоласида бу товушнинг арузда қўлланишига доир ўта муҳим ва нозик жиҳатни қайд этиб кетади.
Гап шундаки, арузда бир бўғинда икки ундош (“васл”, “мўрт”, “садр”, “тўрт”, “қадр”, “қалб”, “қанд” сўзларидаги каби) ёнма-ён келса ва бу сўз мисра боши ва ўртасида ишлатилса, бир ҳижо ҳисобланмайди. Ё ана ўша охирги ундош (мисолларимиздаги “л”, “т”, “р”, “б”, “д” товушлари) алоҳида қисқа ҳижони пайдо қилади, ё ўзидан кейинги унли билан бошланадиган сўзга уланиб, янги ҳижога “шерик” бўлади. Агар бундай икки ундош бақамти келган сўз мисра охирида ишлатилса, ана шу охирги ҳижо ўта чўзиқ ҳижо ҳисобига ўтади.
Шуни ҳисобга олиб, Навоий “нг” учраса, арузда буни икки ундошнинг ёндош келиши деб ҳисобламасликни уқтиради:
“Яна ортуқси “нун”лардурким, сўз иртиботи (боғланиши, уланиши – С. О.) замойирда (ўртада, ичида – С. О.) “-нинг” лафзида битилур, мисли “онинг”ва “менинг” ва “сенинг” лафзида, андоқким,
б а й т:
Эй кўнгул, билгилки, бу жон не сенингдур, не менинг,
Билки: “Онингдур”, – десанг, “Кимнинг?” – дейинким, ёрнинг.
Ва бу мазкур бўлғон алфознинг “коф”ларидурким, “коф” ўрниға битилур, аммо талаффузга “коф” ўрниға кирмас. Ва яна “нун” била “коф”лардурким, “онинг” ва “менинг” ва “тонг” ва “ўнг” ва “сўнг” ва “нанг” ва “танг” лафзида воқеъдурким, борчаси тақтеъда соқит бўлур”[10].
Навоий бу ерда зукколик билан “нг” ёзилгани билан, бу икки товуш эмас, бир товуш эканини, бир товуш сифатида талаффуз қилинишини, шунинг учун аруз вазни тақтеъсида бир товуш ҳисобланишини жон куйдириб таъкидлаяпти.
Бу ерда заруратан бир товуш ёзувда икки ундош билан ифодаланган, холос. Аслида, бу икки ундошнинг бирлашгани эмас, балки бир ундошни ноиложликдан икки ҳарф билан ёзишдан бошқа нарса эмас. Чунки араб алифбоси араблар учун яратилган. Унда туркий “нг” товушини ифодалайдиган махсус ҳарф йўқ.
Ана энди алифбомизни ислоҳ қилиш билан боғлиқ яна бир ўта муҳим масала ўртага тушади. Модомики, “нг” алоҳида бир товуш ва уни ифодалаш учун алифбомизда янги бир ҳарф (аниқроғи, ҳарфлар бирикмаси) жорий этилган экан, нега энди “нғ”ни алоҳида товуш деб билмаслигимиз ва уни ифодалаш учун алифбога янги ҳарф киритмаслигмиз керак? Ахир, тилимизда “нғ” товуши – “нг”нинг “эгизаги”-ку. Агар “нғ”ни алоҳида, мустақил бир товуш деб тушунмас эканмиз, тилимизда “су-зо-нғич” сўзини “су-зон-ғич”, “қи-нғир” сўзини “қин-ғир”, “шў-нғи-моқ” сўзини “шўн-ғи-моқ”, “ў-нғай” сўзини “ўн-ғай”, “тў-нғич” сўзини “тўн-ғич”, “тў-нғиз” сўзини “тўн-ғиз” , “та-нғил-ла-моқ” сўзини “тан-ғил-ла-моқ”, “та-нғи-моқ” сўзини “тан-ғи-моқ” деб талаффуз қиладиган бўлиб кетамиз. Энг ёмони, “қинғ-қинғ қилди”ни “қин(и)ғ-қин(и)ғ қилди” деб ўқиймиз. Тилимизни ўрганаётган хорижликлар ҳам “нғ”даги икки ҳарфни сунъий равишда, бу ердаги “нғ”да икки ундош иштирок этяпти, деб ўйлаб, амалда уларни икки товуш деб ҳисоблаб ўрганишга мажбур бўлади.
Шу тариқа тилимизнинг туғди-битди, яъни аслий табиатига катта путур етади. Жозибаси буткул йўқолади. Бошқа қардош туркий тиллардан узоқлашади. Қуруқлашиб, қуруқшаб қолади.
Тилимизда “танғ” деган тақлидий сўз бор. Масалан: “Шу пайт нимадир танғ этиб кетди”, – деймиз. Шуни овоз чиқариб айтиб кўринг, қани, қулоғингизга “н” ва “ғ” эшитиладими? Биз шартли равишдагина бу товушни “н” ва “ғ” ҳарфлари орқали ифодалаб келяпмиз. Ҳолбуки, бу товушда “н” ҳам йўқ, “ғ” ҳам: шу иккаласининг қўшилмасидан ҳосил бўладиган бутунлай бошқа – алоҳида, мустақил товуш бор. У бўғиз орқали талаффуз қилинади.
Камина тилшунос эмасман. “Девону луғат ит-турк” асаридан ташқари, ўзбек тили ҳақидаги бирон китобда “нғ” товуши борлиги ҳақида ўқиган ерим йўқ. Бўлса, бордир. Ўқимаганим учун, эҳтимол, ўзим айбдордирман. Лекин гап бу ҳақда эмас.
“Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, – деган мақол бекорга тўқилмаган. Бугун айтмасак, эртага авлодлардан балоларга қолиб кетамиз. Ҳали ҳам кеч эмас. Ҳеч бўлганидан кеч бўлгани ҳам – яхши-ку.
Ўзбек тилида, “нғ” иштирок этадиган сўз оз эмас: “бошланғич”, “ёнғоқ”, “минғайиш”, “минғаймас”, “минғаймаслик”, “минғаймоқ”, “минғилламоқ”, “минғир”, “минғирлайвермоқ”, “минғирламоқ”, “минғирлаш”, “минғирлашмоқ”, “минғирлов”, “минғир-минғир”, “минғич”, “танғ”, “танғилламоқ”, “танғиллатиш”, “танғиллатмоқ”, “танғимоқ”, “тинғ”, “тинғилламоқ”, “тинғиллатиш”, “тинғиллтув”, “тинғиллов”, “тинғир”, “тинғ-тинғ”, “тўнғиз”,“тўнғизлик”,“тўнғизсирт”, “тўнғизтароқ”, “тўнғизтароқдошлар”, “тўнғизчи”, “тўнғизчилик”,“тўнғилламоқ”, “тўнғиллатмоқ”, “тўнғиллаш”, “тўнғир-тўнғир”,“тўнғич”,“чанғароқ”,“чанғи”,“чанғили”,“чанғичи”,“чанғичилик”,“шўнғимоқ”, “шўнғитиш”,“шўнғитмоқ”,“шўнғич”,“ўнғай”,“ўнғайланмоқ”, “ўнғайлашмоқ”,“ ўнғайлик”, “ўнғайроқ”, “ўнғайсиз”, “ўнғайсизланиш”, “ўнғайсизланмоқ”, “ўнғайсизлантириш”, “ўнғайсизлантирмоқ”, “ўнғайсизлик”, “ўнғалиш”, “ўнғалишлик”, “ўнғалмас”, “ўнғалмаслик”, “ўнғалмоқ”, “ўнғарилиш”, “ўнғарилмас”, “ўнғарилмоқ”, “ўнғариш”, “ўнғаришмоқ”, “ўнғармоқ”, “ўнғартириш”, “ўнғартирмоқ”, “ўнғарув”, “қаланғи-қасанғи”, “қанғли”, “қирчанғи”, “қўнғиз”, “қўнғироқ”, “ғинғилламоқ”, “ғинғиллатиш”, “ғинғиллатмоқ”, “ғинғиллаш”, “ғинғиллашмоқ”, “ғинғир”, “ғинғирламоқ”, “ғинғирлатиш”, “ғинғирлатмоқ”, “ғинғирлаш”, “ғинғирлашмоқ”, “ғинғир-ғинғир”, “ғинғ-ғинғ”, “ғўнғ”, “ғўнғиллаб-ғўнғиллаб”, “ғўнғилламоқ”, “ғўнғиллашиш”, “ғўнғиллашмоқ”, “ғўнғирламоқ”, “ғўнғирлашмоқ”, “ғўнғир-ғўнғир”, “ғўнғ-ғўнғ”…
Тарихимизда “Қанғ” деган топоним бўлган. Бу ҳақда академик Абдулаҳад Муҳаммаджонов шундай ёзади: “Милоддан аввалги III асрда қадимги Чоч вилоятида чорвадор сак қабилалари иттифоқи асосида ташкил топиб, милоднинг III асригача ҳукм сурган давлат “Қанғ”, “Қанқа” ёки “Қанғха” деб аталган. …Қадимги тоҳарлар (Сурхондарё воҳасининг қадимги аҳолиси) тилида “Қанғ” сўзи ҳам “тошдек яхлит юрт” маъносини англатган. Милоддан аввалги II – I асрларда Қанғ давлати ниҳоятда кучайиб, унга бешта вилоят: хитойча Сусе (Кеш), Фуму (Суғд), Юни (Чоч), Ги (Бухоро), Юецзянь (Хоразм) ҳокимлари бўйсунишган”[11].
Алифбомизда “нғ” товушини ифодалайдиган алоҳида ҳарф йўқлиги учун уни ҳаммамиз бу сўзни “Қан(и)ғ” деб ёки шунча жуда яқин тарзда ўқишга мойил бўлаверамиз.
Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида:
Тўкуб Фарҳоднинг ул ҳолиға ёш,
Қўнқорди ул қаёдин бир оғир тош (Б. 320), –
деган байт учрайди. Бир қарашда, “қўнқорди” сўзи – вазнга тушмагандек. Чунки бу байт ҳазажи мусаддаси мақсур, яъни “мафоийлун мафоийлун мафоийл” вазнида битилган. Бу вазн талабига кўра, мисра бошидаги рукн “V – – –” тарзида, яъни бир қисқа ва уч чўзиқ ҳижодан иборат бўлиши керак. “Қўн-қор-ди ул” деб ўқисак, шу талабга тушмайди. Чунки сатр боши “мафоийлун” бўлиши, яъни бир қисқа, кейин уч чўзиқ ҳижо келиши керак. Бу тарзда тақтеъ қилинганда биринчи бўғин, яъни “қўн” чўзиқ ҳижо бўлиб қоляпти. Хўш, нима бўлди? Навоий вазнда сакталикка йўл қўйдими? Асло! Бу унинг учун шеърий саводсизлик ҳисобланар эди.
Аввалига: “Бу ўринда қай бир хаттот “ғайн” (яъни “ғ”) ўрнига “қоф” (“қ”) ёзиб юбордимикан?” – деган мулоҳазага ҳам борилди. Шу эҳтимол билан достоннинг зукко матншунос Порсо Шамсиев тайёрлаган илмий-танқидий матни кўздан кечирилди. У ерда ҳам бу сўз арабий ёзувда “қўнқорди”[12] деб битилган. Демак, Навоий биз ҳозир “нғ” тарзида ифодалаётган товушни “нқ” тарзида ёзган, вассалом. Лекин уни битта товуш ҳисоблаган. Шунда вазн тўппа-тўғри келади. Бунинг учун сўзни “қўн-қор-ди” тарзида эмас, балки “қў-нқор-ди” тарзида бўғинларга ажратамиз. Шоир достоннинг 53-боби насрий сарлавҳасида ҳам бу сўзни “қўнқорғон” (Б. 460) тарзида ёзади.
Лекин достоннинг бошқа икки ўрнида шу сўзда келган “нғ” товушини айнан “нғ” тарзида ифодалайди:
Қилич нўги била даврини ёрғил,
Солиб сарпанжа ўрнидин қўнғорғил (Б. 148).
Таҳаммулсиз бўлуб, уй сори бориб,
Эшик очилмоғондин сўнг қўнғориб (Б. 447).
Бу достонда жами тўрт марта ишлатилган ушбу сўздаги хос туркий товуш икки ерда “нқ” ва икки жойда “нғ” ёзилган. Шеърий матнда келган уч ўринда ҳам бу сўздаги “нғ” товуши бир ундош сифатида иккинчи бўғиннинг боши сифатида ҳижо ҳосил қилган.
Кўп “нғ”лар бора-бора “нг” айланиб ҳам қоляпти. Масалан, “танғлай” деган сўз бор. Уни Абдулла Қодирий айнан “танғлай” деб ишлатган: “Доячимиз нима деб танғлайимизни кўтарди?”[13]. “Ўзбек тилининг имло луғати”да ҳам бу сўз “танглай”[14] тарзида берилган.
Хуллас, янги алифбомизни ислоҳ қилаётган эканмиз, шак-шубҳасиз, “нғ” товушини ифодалаш учун ҳам алоҳида ҳарф қабул қилиш – шарт. Модомики, “нг” алоҳида товуш, уни ифодалаш учун алифбомизда махсус ҳарф ажратилган эканми, демак, “нғ” ҳам – алоҳида товуш, уни ифодалаш учун алифбомизда махсус ҳарф ажратилиши зарур.
Баъзи мутахассислар тилимизда “нг” ва “нғ” билан сўз бошланмаслигини важ қилиши мумкин. Аммо бу ҳеч қандай асос бўла олмайди. Сўз бошланадими-йўқми, бундан қатъи назар, тилда муайян товуш мавжудми, демак, у алифбода акс этиши керак.
Бир товуш учун икки ҳарф ёзиш шартми?
Бир товушни ифодалаш учун икки ҳарф ишлатиш икки жиҳатдан ўзини оқламайди. Вақт анқонинг уруғи бўлиб бораётган тезкор замонда бир ҳарф учун икки марта тугмача босиш зарурми? Ахир, бунақада қанчадан-қанча фурсатимиз ҳавога учиб кетади-ку! Компьютер замонида хоҳлаган белгини алифбога киритиш имконига эгамиз. Шунинг учун ҳар қандай бир товуш учун бир ҳарф ишлатиш қатъиятига изчил амал қилишимиз лозим.
Бошқа муаммо шундан иборатки, бир товуш учун икки ҳарф олсак, одамларнинг аксарияти буни икки ҳарф деб тушунади. Кирилл ёзуви асосидаги алифбомизда “нг” учун алоҳида белги қабул қилинмагани учун лотин ёзуви асосидаги янги алифбога бу товушни 29-ҳарф сифатида “ng” тарзида киритганимиз билан бутун халқ, энг ачинарлиси, бошланғич синф ўқитувчиларию ўзбек тили ва адабиёти муаллимлари ҳам болаларимизга буни “неге” деб ўргатиб келяпти.
Бундан буён ҳеч ким “нг”ни “неге” демасин! Ахир, ҳеч ким лотин ёзуви асосидаги янги алифбомизда икки ҳарф билан ифодаланган “sh”ни “сеҳе” ёки “ch”ни “кеҳе” демайди-ку. Нима учун? Чунки кирилл ёзуви асосидаги эски алифбомизда улар битта ҳарф (“ш” ва “ч”) билан ифодаланган-да.
Нега “нг” товуши учун “н” ва “г” ҳарфлари қўшилмасидан фойдаланиш маъқул эмас? Чунки охири “н” билан келадиган “мен” (“ман”), “сен” (“сан”) олмошларига жўналиш келишиги қўшимчаси – “-га” қўшилганда “мен+га (“ман+га”) ва “сен+га” (“сан+га”) деган икки бўғинли сўз ҳосил бўлади. “У”, “бу”, “шу” олмошларига ҳам жўналиш келишиги қўшимчаси қўшиладиган бўлса, ўртада “н” орттирилиб, “унга”, “бунга”, “шунга” шакллари ҳосил қилинади. Бу ердаги “н” ҳарфини “н” ва “г” ҳарфини “г” деб талаффуз қиламиз. Бўғин ажратишга тўғри келса, “мен-га” (“ман-га”), сен-га” (“сан-га”), “ун-га”, “бун-га”, “шун-га” тарзида ажратамиз. Лекин минг йиллик шеъриятимизда вазн баъзан бу сўзларни “ме+нга” (“ма+нга”), “се+нга” (“са+нга”), “у-нга”, “бу-нга”, “шу-нга” тарзида талаффуз қилишни тақозо этади. Бунда “н” ва “г” ҳарфлари билан эмас, “нг” товуши учун қабул қилинган алоҳида ҳарфни ишлатган – маъқул. Агар, “нг” учун ҳозиргидан бошқача, алоҳида, яъни бир ҳарф қабул қилсак, бу муаммо осон ечим топади.
Эркин Воҳидовнинг:
Менга Пушкин – бир жаҳон-у,
Менга Байрон бир – жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор –
Кўксим осмон ўзбегим[15], –
байтидаги “менга” сўзи икки ўринда ҳам вазнга мос равишда “мен+га” деб ўқилиши – шарт. Лекин Навоийнинг:
Ул паривашким, бўлубмен зору саргардон анга,
Ишқидин олам менга ҳайрону мен ҳайрон анга[16], –
байтидаги “анга” ва “менга” сўзлари, вазн тақозосига кўра, “а-нга” ва “ме-нга” тарзида ҳижоларга ажратилиши – зарур. Агар, таклиф қилинаётгандек, “нг” товуши учун бир ҳарф олинса, бу сўзлар “аñа” ва “meña” тарзида ёзилади ва уни ҳар ким тўғри ўқиш имконига эга бўлади.
Ҳарф ва ном: халққа қулоқ тутайлик
Ҳар қандай ҳарфнинг уч хусусияти бор. Биринчиси – шакли. Иккинчиси – номи. Учинчиси – вазифаси, яъни қандай товушни ифодалаб келиши.
Минг йил ишлатиб келганимиз араб алифбосидаги кўп ундош ҳарфларнинг номи ўша ҳарф ифодалаган товушга “э” унлисини қўшиш орқали ҳосил қилинади “бе”, “те”, “се”… дегандек. Шу халқимизнинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолган.
1929 йили Ғарб алифбоси бўлган лотинга ўтдик. 1939 йили эса яна бир Европа ёзуви – кирилл асосидаги алифбо жорий этилди. Бу алифболарда ҳарфларни номлашда араб алифбосида учрамаган бир қатъият қўлланади: айрим ундошлар олдидан “э” қўшилади, баъзи ҳарфлар номида ўша ҳарф ифодалаган ундош товуш кетидан “а” унлиси орттирилади.
Шу тариқа дастлаб 1993 йили тасдиқланган алифбомиздаги “f”ни “ef”, “k”ни “ka”, “l”ни “el”, “m”ни “em”, “n”ни “en”, “q”ни “qa”, “s”ни “es”, “x”ни “xa”, “g‘”ни “g‘a” деб номлаганмиз. Нимагадир, эҳтимол, “er” (“эр”) сўзи бизда алоҳида маънога эгалигидан келиб чиқиб бўлса керак, қоидага хилоф равишда “r”ни “re” деб номлаш маъқул кўрилган.
Лекин, мана, 90 йилдирки, халқ Европа “стандарт”идаги ҳарфлар номига кўнмай келяпти. Очиғини тан олайлик, ҳаммамиз – ҳатто, мактабда болаларимизга савод бераётган муаллимларимизгача “ф”ни “фе”, “к”ни “ке”, “л”ни “ле”, “м”ни “ме”, “н”ни “не”, “р”ни “ре”, “с”ни “се”, “х”ни “хе”, “ғ”ни “ғе”, “қ”ни “қе” деймиз.
“Гоҳ – пирдан, гоҳ – муриддан”, – деган ажойиб мақолимиз бор. Тил эгаси – халқ. Модомики, халқ қарийб бир асрдан буён ғарбона қоидага кўнмай келяптими, бас, тил эгасига қулоқ тутайлик: алифбомизни ислоҳ қилиб, бу ундошларнинг номини элимиз нима деб айтаётган бўлса, шундай номлайлик. Осмон келиб Ерга тушмайди.
Айрим унлиларимиз муаммоси
Тилимизда “а”, “и”, “у” ва “ў” унлилари ҳам бир хил эмас. Алифбомиздаги бу ҳарфларимиз амалда бир неча бир-бирига яқин, лекин ўзаро бир оз фарқ қиладиган товушларни ифодалайди. Масалан, “ака”, “мактаб”даги “а” билан “матлаб”, “талаб”даги “а” талаффузида сезиларли даражада тафовут бор. Худди шунингдек, “нина”, “миллат” сўзларидаги “и” билан “қиз”, “қирқ” калималаридаги “и”, “кулги”, “умид”даги “у” билан “узун”, “узум”даги “у”, “ўрдак”, “ўргимчак”даги “ў” билан “бўлди”, “ўртоқ”даги “ў” ҳам бир хил талаффуз қилинмайди.
Бироқ камина бу унлиларимиздаги фарқларни акс эттириш учун алоҳида-алоҳида ҳарфлар қабул қилиш тарафдори эмасман. Биринчидан, тилимизда сингармонизм айрим шеваларимиздагина сақланиб қолган. Шунинг учун бу унлилар талаффузида ҳам ўртача йўл тутиш учун бир ҳарф сифатида қолгани – маъқул. Иккинчидан, бу унлиларнинг айримлари талаффузи сўзда урғу ўзгариши билан ўзгаради ҳам. Масалан, “олим”, “одил”, “оқил” деган сўзларимиз мавжуд. Улар исм сифатида ҳам қўйилади. Бу сўзларни талаффуз қилганимизда “и” қисқа, яъни йўғон айтилади, бу қулоққа, ҳатто, худди русчадаги “ы”га яқин эшитилади. Лекин шу исмлар фамилияга айланганда, аҳвол ўзгаради: “Олимов”, “Одилов”, “Оқилов” дейилса, “и” чўзиқ, яъни ингичка талаффуз қилинади. Шунинг учун ҳам бу ҳарф битталигича қолгани – яхши.
Миллий клавиатура жиддий муаммо эмас
Бир масала ўртага тушади. Бунча миллий ўзига хосликлар билан алифбо қабул қилсак, бу ҳарфларни инглиз тили учун чиқарилган клавиатурадан топа олмаймиз-ку.
Шошманг, нима учун биз инглизлар учун чиқарилган клавиатурага бунча ёпишиб олишимиз керак ўзи? Ахир, немислар, французлар, португаллар ва бошқа Ғарб халқлари лотин ёзуви асосидаги ўз алифболарини яратиб, миллати учун алоҳида клавиатура ишлаб чиқаради-ку. Нега тил борасида бир давлат иккинчи давлатга бунчалар қарам бўлиб қолиши зарур? Ахир, ҳозирги техника ва технологиялар ҳадди аълосида ривожланган асрда яқин келажакда 40 миллионли халққа эга бўладиган бир мамлакат учун миллий клавиатура ишлаб чиқариш шунчалар қийинми? Керак бўлса, биргина фирма уларни мамлакат учун етарли даражада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин.
Энг қулай имконни бой бермайлик
Тил, хусусан, унинг алифбоси борасидаги ислоҳот ҳамма замон ва маконларда ҳам ўта мураккаб жараён ҳисобланади. Чунки бу дегани –миллион-миллион одамнинг ақлини ўзгартириш, дегани. Миядан эски кўникмаларни бутунлай чиқариб ташлаб, ўрнига тамоман янгисини қабул қилиш онгда осон кечадиган жараён эмас-да.
Ҳозир алифбомизни мукаммаллаштириб олиш учун энг қулай вазият юзага келди. Чунки ҳали ёппасига лотин ёзуви асосидаги янги алифбога ўтганимиз йўқ. Очиғини айтганда, ўрта ва катта ёшдаги фуқароларимизнинг аксарияти лотин ёзуви асосидаги янги алифбомизни билмайди ҳисоб. Яъни кўпчилик – 1995 йилдан буён қисман амалда бўлган алифбомиз хусусиятларидан бехабар. Шу йиллар мобайнида мактабни янги алифбо асосида битирган фуқароларимиз озми-кўпми қийинчиликка дуч келиши мумкин. Бироқ бошқа йўл йўқ. Бир қисм фуқаронинг мушкулотини ўйлаб хатони тузатмаслик тарих олдида гуноҳ бўлиб қолади.
Хуллас, келинглар, тўлиқ лотин ёзуви асосидаги янги алифбомизга ўтишдан олдин уни обдон мукаммаллаштириб олайлик. Токи тилимиздаги товушлар унда имкон даражасида тўлиқ акс этсин, ахир, келажак авлод яна бизни ёзғирмасин.
Тил шундай нарсаки, агар ҳозир бу масалаларни оқилона ҳал қилиб олмасак, юз йилдан кейин ҳам халқ олдида ечимини топиш зарур муаммо сифатида кўндаланг бўлиб тураверади.
Шу таҳлиллардан келиб чиқиб, камина лотин ёзуви асосидаги янги ўзбек алифбосида уч ҳарфнинг шаклини ўзгартиришни, уч янги ҳарф киритишни, ундош товушларни ифодалаб келган ҳарфларни бир хил шаклда номлашни, рус тили ва у орқали кириб келган сўзлардаги “о”ларни “õ”(“ў”)га айлантиришни таклиф қиламан.
Шунда ислоҳ қилинган янги алифбомиз қуйидаги 32 ҳарфдан иборат бўлади:
Лотинча Номи Кирилл ёзувидаги
босма ҳарфлар (талаффузи) ифодаси
- A a а а
- B b be б
- C c ce ч
- D d de д
- E e e э
- F f fe ф
- Ӻӻ ӻe (qõӻiz) нғ
- G g ge г
- Ğ ğ ğe ғ
- H h he ҳ
- I i i и
- J j je (jõja) ж (жўжа)
- K k ke к
- L l le л
- M m me м
- N n ne н
- Ñ ñ ñe (keñ) нг
- O o o о
- Õ õ õ (õrdak) ў
- P p pe п
- Q q qe қ
- R r re р
- S s se с
- Š š še (šamol) ш
- T t te т
- U u u у
- V v ve (vanna) в (ванна)
- W w we (waqt) в (вақт)
- X x xe х
- Y y y й
- Z z ze з
- Ȥ ȥ ȥe (ȥandarm) ж (жандарм)
Қозоқ биродарларимизнинг кирилл ёзуви асосидаги алифбосида 42 та ҳарф мавжуд. Лотин ёзуви асосидаги янги қозоқ алифбосида 37 та ҳарф қабул қилинди. Бу уларга тилдаги товушларни максимал даражада қамраб олиб, ҳарфда акс эттириш имконини берган. Бундан, алифбода ҳарфларнинг кўпайиб кетишидан унчалар қўрқмаслик керак, деган хулоса келиб чиқади.
Яна бир мулоҳаза. Таклиф этилаётган ҳарфларнинг айнан ўзини қабул қилиш-қилмаслик бирламчи масала эмас. Асосийси – шу товушлар учун алоҳида ва биттадан тугмачани босиш орқали ёзиладиган ҳарф қабул қилиш.
Тил, хусусан, унинг товушлари – объектив ҳодиса. Объективлигича қолаверади ҳам. Яъни у бирон-бир шахснинг истак-иродасига бўйсундирилмаслиги лозим. Мукаммал алифбо тилимизда объектив ҳодиса сифатида мавжуд барча товушларни тўғри ва тўлиқ акс эттириши – шарт.
Тил ақлни ўстиради, пешлайди, ўткирлаштиради.
Ақл эса жамият тараққиётини таъминлашнинг бирламчи омили ҳисобланади. Алифбомизни мукаммаллаштириш амалда халқимизнинг онг-тафаккурини ўстиришга хизмат қилади. Чунки ҳар қандай фикр тил орқали ифодаланади. Ҳар бир халқ лисонидаги товушлар шу миллат ёзувида қанча мукаммал акс этса, бу тил шунча кучли бўлади.
[1]О л и м С. Биз нега лотин ёзувига ўтяпмиз? // Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 2000, 20 октябрь.
[2]Қонун сифатида тасдиқланган шундай мўътабар ҳужжатда бир саводсизликка йўл қўйилганини айтмай ўтишнинг ҳеч иложи йўқ. “Жандарм” сўзига кетадиган “ж”га мисол тариқасида алифбода “аждод” калимаси берилган. Ҳолбуки, “аждод” – келиб чиқиши жиҳатидан арабча сўз. Араб тилида эса “жандарм”га кетадиган “ж” товуши мутлақо йўқ. У – “отанинг отаси”, яъни “ота тарафдан бобо” маъносида келадиган “жадд” сўзининг кўплик шакли. “Жадди аъло” дейилса, “ота тарафдан бобонинг отаси” тушунилган. Шунинг учун “аждод” бизда умумийроқ маънода “ота-боболар” маъносида қўлланади ва “жўжа”га кетадиган жарангли “ж” билан ёзилади, албатта.
[3]Алишер Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 11. – Тошкент: Фан, 1993. – Б. 401.
[4]Алишер Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 8. – Тошкент: Фан, 1991. – Б. 109. Бундан кейин шу нашрдан олинган парчаларнинг саҳифаси қавсда кўрсатилади.
[5]Л у т ф и й. Девон – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи, 2012. – Б. 31, 59, 60.
[6]Қаранг: Алишер Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 16. – Тошкент: Фан, 2000. – Б. 21.
[9]Маҳмуд К о ш ғ а р и й. Девону луғат ит-турк. 3 томлик. Т. 1. – Тошкент: Фанлар академияси, 1960. – Б. 50.
[10]Алишер Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 16. – Тошкент: Фан, 2000. – Б. 62.
[11]М у ҳ а м м а д ж о н о в А. Тарих фалсафаси – маънавият кўзгуси – Тошкент: Ўзбекистон, 2015. – Б. 222 – 223.
[12]Алишер Н а в о и й. Фарҳод ва Ширин. Танқидий матн (араб ёзувида) – Тошкент: Фанлар академияси, 1963. – Б. 151.
[13]Ж у л қ у н б о й. Оғзингга қараб гапир! // XXI аср, 2017 йил, 20 июль.
[14]Ўзбек тилининг имло луғати –Тошкент: Академнашр, 2013. – Б. 349.
[15]В о ҳ и д о в Э. Муҳаббат. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1976. – Б. 336.
[16]Алишер Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 3. – Тошкент: Фан, 1988. – Б. 31.