9:00 - 18:00

Dushanbadan - Shanbagacha

+(99890)994-60-90

Murojaat uchun

Facebook

Instagram

 

ЯНГИ КИТОБ – ЯХШИ КИТОБ

notiq.uz > ИЖОДИЁТ  > ЯНГИ КИТОБ – ЯХШИ КИТОБ

ЯНГИ КИТОБ – ЯХШИ КИТОБ

                             Ким равшан фикрласа,

                                          у равшан баён ҳам қила олади. 

                                                                                 Н.Буало                                                                                                                                             

Истеъдод ва  иқтидор, қобилият ва салоҳият сўзларининг маъноси анча кенг, теран, шу билан бирга анча салмоқли ҳам. Биз буни баъзан қадрсизлантириб қўяётгандек бўламиз. Буни ўзига хос ва мос тоифа кишиларига нисбатан ишлатиш ўринлидир. Битта китоб ёзиб эътиборга тушиш мумкин, ҳатто битта мақола билан ҳам. Жорж Сименон сингари уч юздан зиёд китоб ёзиб, кўпчиликка номаълум бўлиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Демак, гап нима ҳақда ва қандай ёзишда экан. Нима, қачон, қаерда сингари саволларга оддий хабарлар орқали ҳам  маълумот олиш мумкин. Лекин уни қандай айта олиш, ёза олиш, аниқроғи, ўқувчи қалбига етказа олиш  — алоҳида маҳорат белгиси ҳисобланади. Бу каби истеъдод ва қобилият ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Чин истеъдодлар ҳеч қачон бирлашмайдилар, аксинча истеъдодсизлар дарров бирлашаверадилар, одатда. Истеъдоднинг қолипи йўқ, бўлмайди ҳам. Уни андозага соламан десангиз янглишасиз. Гоҳо панд-насиҳатингиз ҳам кор қилмайди. Таннинг қолипи бор, руҳники  эса йўқ. Унинг учун андозалар писанда эмас. Чунки  руҳий мувозанатнинг ўзгариши йирик кашфиётларга замин ҳозирлайди.

Одамзод табиатидаги етти нафснинг бири “нафси мулҳама” дейилади. Унга кўра инсон қалби илҳом, калом ва кашфиёт маҳзарига дўна  бошлайди. Нафснинг бу турини ишғол қилган қалб соҳиби замонлар қобиғини ёриб чиқади,  боқийликка дахлдор бўлиши ҳам мумкин. Унинг сўзи ва руҳий ҳолати, сажиясини тушуниш мушкул, тушунсангиз-да, қабул қилишингиз осон кечмайди. Имомиддин Насимийнинг:

Манга сиғар икки жаҳон, ман бу жаҳона сиғмазам,

 Гавҳари ломакон манам кавну макона сиғмазам,-

деган сатрларидан Ҳаққа интилган ошиқ қалбидаги муҳаббатнинг нақадар ёлқинли ва туғёнли эканини ҳис этиш  қийин бўлмаса керак. Адабиёт, аниқроғи, адабиётшунослик соҳасида ҳам машҳурлар кўп, лекин манзурлар кўп эмас. Айниқса, ҳозиргидек шиддат билан ривожланиб, ахборотлар оқими онгу тафаккуримизни қамраб, чирмаб, яхши-ёмонни фарқлашимиз ва англашимиз мушкул бўлган бир фурсатда мақбул китобни ёзиш ва кенг оммага манзур қилиш шунчалик мураккаб ҳодисаки, “Етти довон ҳайрати” (“Мumtoz so’z” нашр., 2015. Масъул муҳаррир проф.Ҳ.Болтабоев) деб номланган сайланма муаллифи бу юмушни аъло даражада уддасидан чиққан десак зинҳор муболаға бўлмайди. Ҳар қандай китоб муаллифнинг атроф-муҳитга, эҳтимол, абадиятга хитоби ўрнида қабул қилинсагина юксак моҳият касб этади ва севиб мутолаа қилинади. Яхши китоб юракдан юракка, бинобарин, замондан замонга ўтиб, истиқомат  қилаверади.

Чин истеъдод замонга сиғмайди, дедик юқорида. Ушбу мулоҳазаларни филология фанлари номзоди, заҳматкаш адабиётшунос олим ва мунаққид Абдураҳмон Пиримқуловга ҳам дахлдор жойлари бор. У ўзининг ўзгаларга ўхшамаган ғайрати, шижоати, тафаккури ва  тахайюл олами билан гоҳида дунёга сиғмагандай туюлади, каминага. Унинг ўзига яраша ўжарлиги, ижодий ва ижобий маънода қайсарлиги бор. Муҳими, унда ўз фикрига собит ишонч туйғуси мужассам. Худди шу хусусият унинг китобини ўқишли бўлишига боис бўлган.

Шуни таъкидламоқ керакки, Абдураҳмон Пиримқуловнинг  мазкур китоби бир думалаб юзага келмаган. У  кўп йиллик илмий изланишларнинг, ҳаётий кузатишларнинг, бедор тунларнинг, руҳий-ҳиссий тўлғонишларнинг ҳосиласи сифатида дунёга  келган. Унда олимона закийлик ва синчковлик, танқидчига хос аниқлик ва теранлик, шоирона кузатув ва нозикфаҳмлик, педагогга хос нутқий маҳорат шундоққина сезилиб туради. Китобхоннинг диди, савияси, сажияси, талаби ва маънавий эҳтиёжларини тўла-тўкис ҳис этган ҳолда, баъзан унинг дунёқарашига  хос ва мос, баъзан эса юқори даражадаги интеллект – илмий салоҳият соҳиби сифатида қалам тебратади, аниқроғи,  чуқур таҳлил ва талқинга киришади. Шайх Фаридиддин Аттор, Шайх Саъдий Шеърозий, Ҳазрат Алишер Навоий, Муҳаммад Ризо Огаҳий ва Бобораҳим Машраб сингари сиймоларнинг қалб нидоларини гўё китобхон қулоғига ва қалбига яқинлаштириш илинжи билан қайғуради. Ўзига хос ширадор услуб ва содда баён билан, ёш китобхонларнинг тушуниши осон бўлишини назарда тутган ҳолда, тасаввуфий-ахлоқий ҳикоятлар замирига жо бўлган ҳақиқатларнинг адабий-илмий изоҳига изн беради.

Китобнинг номланишида ҳам рамзий маъно бор. Гўё китобхон ҳафтанинг бир кунида бир фасл билан танишса, ҳафта давомида шу китоб завқу шавқи билан яшашига ишора қилинган. Умуман, Абдураҳмон рамз ва ишоралар тили билан сўзлашни хуш кўради. Китобдан ўттиз олти мақоланинг ўрин олиши эса олимнинг шу ёш атрофида ижодий завққа тўлгани, рисоланинг асосий қисми худди шу ёш чамасида ёзилганига ишора бор.

Абдураҳмон сарлавҳа қўйишда ҳам танқидчиларга намуна бўла олади. Профессор Ҳамиджон Ҳомидий бир суҳбатда “Мулла Абдураҳмон сарлавҳа танлашда жуда кўпчилигимиздан ўзиб кетган” деб лутф кўрсатса, профессор Бердиёр Жумаев “Бу йигитнинг сарлавҳасини ўқиган одам мақоласига ошно тутинади, ўқимай ташлаб кетолмайди” – деганди. Нуфузли олимларнинг бу таъкидларида эҳтимол бироз муболаға бордир. Бироқ бу эътирофларда чин самимият нафаси ҳам аниқ уфуриб турганидан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, Абдураҳмон Пиримқулов танқидчиликка муносабат руҳида ёзилган мақолаларидан бирига “Санъат”ми ё “иллат”ми?  деб мавзу қўйса, иккинчисига “Жим турган ким?” деган ҳукму маҳкум характеридаги мунозарали сарлавҳани қўяди. Ажабки, бу каби “соябон”ни кўрган китобхон чиндан ҳам унинг остидаги матнни ўқимасдан ташлаб кетолмайди. Ёки номзодлик ишига раҳбарлик қилган  профессор Абдурашид Абдуғафуров (китоб бутунисича шу кишининг хотирасига бағишланган) ҳақидаги хотирага “Софликка мойиллик саодати” деб ном қўйса, профессор Бегали Қосимов ҳақидаги ёдномага “Тийнати пок, фитрати тоза…” деб сарлавҳа қўяди. Ҳақиқатан ҳам, ҳар икки олимни яқиндан билган киши сарлавҳанинг ҳар икки жафокаш инсон шахсиятига узукка кўз қўйган каби хос ва мос тушганини инкор этолмайди. Бошқача айтганда, юқоридаги ҳар икки сарлавҳа фақат ўша мақола қаҳрамонларининг феълу атвори ҳамда шахсий аъмолига ғоят мос тушади. Демоқчиманки, танқидчининг нафақат маълум бир мақоласи, балки сарлавҳаси ҳам кичик бир кашфиёт даражасига кўтарилган.

Ўқувчи кўп, уқувчи кам, тингловчи  кўп, англовчи эса камроқ. Абдураҳмон Пиримқуловнинг асл мақсади мантиқий фикрлай оладиган, мушоҳадага мойил ўйланувчан ва изланувчан ёш китобхонларни адабий-эстетик жиҳатдан етук қилиб тарбиялашга қаратилган. Зеро,  бу давримизнинг педагог-олимларга қўйган юксак талабидан юзага келган ҳаётий эҳтиёждир. Ўз фикрига эга, интеллектуал билим, юксак маънавият ва салоҳиятли баркамол авлод юртимизнинг истиқболи ва истиқлолига дахлдор асосий таянч кучдир. Тадқиқотчи шуларни назарда тутган ҳолда ўйлайди, интилади, изланади ва қалам тебратади.Уни Нуҳ умри ва Айюб сабри қизиқтирмаса-да, унда холис ният ҳамда эзгу мақсад бор. Чунки холис  ният ва эзгу мақсад аслида, юксак  маънавиятнинг ибтидосидир.

 

 

 

 

 

                                                Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ

                                                “Антик дунё”  Халқаро илмий          

                                                академияси академиги.                                    

 

 

 

 

“БИЛИМДОНЛИК – АЖАБ, ЯХШИ МАТОДУР…”

Шундай жонкуяр олимлар, мунаққидлар бўладики, уларнинг илмий фаолияти ўзлари ишлаб турган ўқув маскани, шаҳар, ҳатто, вилоят чегараларини ёриб, Республика ўқувчи ёшларининг илм-фанга бўлган эҳтиёжларини аъло даражада қондириш хусусиятига эга бўлади. Филология фанлари номзоди, истеъдодли  адабиётшунос олим ва мунаққид Абдураҳмон Пиримқуловнинг “Етти довон ҳайрати» (“Мumtoz so’z” нашриёти, 2014.) номли китобини ўқисангиз, юқоридаги фикр ўз-ўзидан туғилмаганига амин бўласиз.

Китоб бир-бири билан узвий боғлиқ етти фаслдан иборат. Шу боис ҳам унга юқоридаги каби ном берилган. Ҳайрат сўзи изоҳталаб эмас. Чиндан ҳам китобни ўқиган  киши ўзи учун ундан нималарнидир олади, ҳайратга тушиши ҳам мумкин. Негаки, чин олим ўзи ёзганидан ўзи қониқмаса, асарини бизга тақдим этмайди. Китобда муаллиф ҳозирги замон ўқувчи-ёшларининг руҳий, маънавий-маърифий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда қалам тебратади. Шайх Аттор ва  Шайх Саъдий ҳазратларининг умрбоқий ҳикоятлари, Амир Темур ва темурийлар салтанатида муҳим роль ўйнаган йирик мартабали маликаларнинг салтанат равнақи ёки инқирозига сабаб бўлган баъзи бир  хизматлари, Улуғ Алишер Навоий  ижоди  ва унга ворисийлик аломатларидан тортиб то ҳозирги истиқлол даврининг етук, забардаст ва айрим навқирон авлодига мансуб вакиллари ижодининг сир-синоати, ғоявий-бадиий хусусиятларини ўқувчиларга самимий тилда тушунтиради. Санъат ва унинг ижтимоий вазифаси, шеърий санъатлар бадииятини таҳлил қилишда ҳам  олим  ўз йўли, услубидан келиб чиқиб мулоҳаза юритади.    Китобнинг “Адабий танқид минбарида” деган фаслидаги мақолалар ёшлар онгида танқидий-эстетик тафаккурнинг камол топиши учун фойда қилса, “Бир лаҳза хотира қўйнида” қисмидаги мақолалар ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш воситаларидан бир тури бўлиб хизмат қила олади. Шу тариқа ҳар бир бўлимнинг алоҳида номланиши турли хилдаги мақолалар ғоясини бир ўзанда бирлаштиради.Китобдаги ҳар бир мақолани, назаримда, ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилиги билан боғлиқ бир соатлик дарсга қиёслаш мумкин. Айниқса, Навоий, Бобур, Машраб ва Огаҳий ижодидаги ўзига хос тамсилий ифодалар, поэтик образ назокати, лирик қаҳрамоннинг шахсий дарди, нолалари, шунингдек, ҳозирги ўзбек шеъриятининг таркибий қисми бўлган ҳажвий лирика таҳлилида ҳам тадқиқотчи алоҳида маҳорат кўрсатган. Шу билан бир қаторда  Абдураҳмон миллий истиқлол шеъриятининг ўзига хос тараққиёт тамойилларини белгилашда етарли материал бера оладиган замондош шоирларнинг издошлик даъволарини қатор мухаммаслар таҳлили воситасида исботлашга ҳаракат қилган.

Китобнинг юқори илмий-назарий ҳамда маърифий-эстетик қимматини белгиловчи унсурлар ҳар ҳолда оз эмас. Аввало, олимнинг сўзларни танлаб, таъбир жоиз топилса, “чертиб”, уларнинг қойилмақом ифода тарзини таъминлай олиши алоҳида таҳсинга лойиқ. Танқидчи ҳар бир асарнинг поэтик салмоғини, ғоявий қудрати ва ибратли жиҳатларини ўзига хос закийлик билан таҳлил қилади. Олимнинг устозлари асарларига эҳтиром билан қараши, тадқиқ объектига миллий мустақиллик мафкураси тамойилларига мос адабий ва илмий манбалар танлаши, таҳлилда синчковлик, чуқур илмий мушоҳада, муаммонинг туб илдизларига назар солиши, “коса ва нимкоса”лар жозибасини барча мураккабликлари билан илғаши, таҳрир, услуб ва маҳорат муаммоларини тўлақонли ёритиши, адабий ёки илмий услуб тамойилларига зид нуқсонларни изчил ва теран англаши, холис тадқиқ этиши каби омиллар ёш мунаққид илмий салоҳиятига хос эътирофга лойиқ хусусиятлардир.

Биз одатда бадиий услуб муаммолари хусусида кўп гапирамиз. Илмий услуб ҳақида эса камроқ сўзлаймиз.  Абдураҳмон Пиримқулов бир неча адабиётшунос олимларнинг монографияларига тақриз ёзишда худди шу масалага алоҳида  эътибор қаратади. Унингча, “илмий услуб олимнинг билимини, дунёқарашини, шахсий иқтидорини бутун бўй-басти билан  намоён этувчи, кўрсатувчи ўзига хос кўзгу”дир. Шу жиҳатдан мазкур китобда муаллифнинг ўзига хос хусусий  услуби бутун назокати, ўзига хос оҳанрабоси билан ўқувчи диққатини жалб этиш хусусиятига эга. Бу рисолани ўқиган китобхон уни яна қайта мутолаа қилгиси келаверади. Бу китобнинг  оддий ёки жўнлигидан эмас, аксинча  мазмундорлигидан, мураккаб адабий ҳодисалар моҳиятини оддий тилда ифода эта олишидандир.

Хуллас, мазкур китоб асосан ёш адабиёт ҳавсмандларига мўлжалланган бўлса-да, ундан кенг китобхонлар оммаси ҳам  бемалол фойдалансалар бўлаверади. Яна бир нарсани таъкидлашни истар эдим. Баъзи ёш олимларнинг илмий фаолияти номзодлик иши ёқлагандан кейин деярли сезилмайди. Абдураҳмон эса ҳимоягача ҳам, ундан кейин ҳам ижоддан сира тўхтаган эмас. Муҳими, унинг мақолаларида маълум бир муаммо қаламга олинади ва унинг ечими илмий жиҳатдан пухта далилланади.

Абдураҳмон аслида адабиётшуногслик илмига огаҳийшунос сифатида кириб келган эди. Унинг кейинги изланишлари эса сермаҳсул тадқиқотчи эканини намоён этди. У ҳам адабий, ҳам илмий асарларни изчил таҳлил қиладиган зукко мунаққид сифатида ўзини намоён этиб келмоқда. Замонавий шеърият билан шуғулланувчи олимларнинг ҳамиша ҳам мумтоз адабиёт муаммоларига тишлари ўтавермаслиги ҳаётий тажрибада кўп кузатилади. Бироқ мумтоз адабиёт билимдони замонавий шеър таҳлилида ҳам ўрнак кўрсатиши мумкин. Мазкур рисола муаллифи худди шу хусусияти билан ҳам эътиборга лойиқ. Ҳозирги иқтисодий эврилишлар чоғида бу каби ўқимишли китобни ёзиш ва чоп эттириш Абдураҳмон каби оддий муаллим учун чинакам жасоратдир. Дарвоқе, мазкур китоб муаллифи ҳанузгача эълон қилган учта илмий рисоласи, даврий матбуот ва илмий тўпламларда  нашр этилган юздан ортиқ адабий-танқидий мақоласи билан ҳам илмий — адабий жамоатчилик эътиборини қозониб келмоқда.

Абдураҳмоннинг ушбу китобини ўқирканман, буюк озарбайжон мутафаккири Низомий Ганжавийнинг мана бу сатрлари хаёлимда қайта жаранглагандай бўлди:

                  Билимдонлик — ажаб,  яхши матодур,

                  Бу бойликсиз қолмоқ катта хатодур.

 

 

 

 

Боқижон   Тўхлиев,  филология фанлари доктори,  профессор.

 

 

 

 

 

No Comments

Sorry, the comment form is closed at this time.